05.11.2021

“Сулосиётул Бухорий” (Саҳиҳ Бухорийдаги санади уч ровийли ҳадислар)

Китоб муаллифи: Али ибн Ҳижозий ибн Муҳаммад Байюмий
Нашрга тайёрловчи: Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шукурилло Умаров,  Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Нодир Қобилов
Китоб ҳажми: 76 бет.
Китобнинг қисқача мазмуни: “Саҳиҳ Бухорий”даги 3 та ровий орқали ривоят қилинган, яъни саҳиҳлар ичра саҳиҳроғи деб топилган ҳадислар ҳақида. Унда Али ибн Ҳижозий ибн Муҳаммад Байюмийнинг “Сулосиётул Бухорий” асари таржима қилинди.
Ушбу рисола “ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асаридаги энг саҳиҳларини аниқлаш йўлида олиб борилган кичик изланишлардан биридир. Унда “ал-Жомиъ ас-саҳиҳ”дан 22 та уч ровийли ҳадис танлаб олинган. Яна шартли тарзда уч ровийлилар тоифасига кирувчи (Саҳиҳ Бухорийдаги санади уч ровийли ҳадислар) 9 та ҳадиснинг таржима ва изоҳлари берилган. “Саҳиҳи Бухорий”нинг ёзилиш тарихи, услуби, саҳиҳ бўлишдаги шартлар ҳақидаги маълумотлар ҳам келтирилган. Муҳаддис олимлар ҳадисларни саҳиҳ деб эътироф этишда асосан бешта шарт бўлиши лозим дейишган:
Улар:
1. Санад (силсиласи)нинг узлуксиз боғланган бўлиши;
2. Санад (силсиласи)даги ровийнинг одиллиги;
3. Санад (силсиласи)даги ровийнинг хотираси кучли бўлиши;
4. Ҳадис ўз матни ва унинг ровийлари мартабасига зарар етказувчи сабаблардан холи бўлиши;
5. Ҳадис матни ва санади (силсиласи) тарқоқлик (шузуз)дан холи бўлиши лозим.
Аммо Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ҳадислар саҳиҳлик даражасига етиши учун ўн иккита шарт топилиши лозим, деб ҳисоблаган. Масалан, ровий мусулмон бўлиши, динсиз ва ғайридин кишилардан ҳадис қабул қилинмагай. Ровий балоғатга етган бўлиши, яъни ҳадисни ёд олиб бошқаларга етказишда масъулиятни англаб етадиган ёшда бўлиши. Ровий ақлли бўлиши, ақли заифдан ҳадис ривоят қилинмагай. Ровий фосиқ бўлмаслиги, фосиқ кишининг ҳадиси қабул қилинмагай. Ровийларнинг энг ишончлиси, ростгўйи, одамийлиги каби шартлар Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ томонидан қўйилган. Китобда ўқувчига янада тушунарлироқ бўлиши учун муаллифлар томонидан мазкур ўн икки шарт ва тўққиз муҳаддиснинг ҳадис олишдаги унга амал қилиш даражасининг қиёсий таҳлили жадвал кўринишида берилди.
Имом Бухорий ва бошқа ҳадис уламолари наздида ҳадис санадидаги табақаларда ровийларнинг оз бўлиши ҳам ҳадиснинг саҳиҳлигига далолат қилган. Масалан, санад (силсиласи)даги тобеинлар табақасида икки ровий бўлса, у ҳолда ҳадис “ҳасан” (ривоят қилиниш услуби чиройли) мартабасида бўлган. Агар бу табақада бир ровий келтирилган бўлса, у ҳадисни “саҳиҳ” деб эътироф этган. Имом Бухорийнинг бундай йўл тутишининг ўзига хос сабаби, ҳадис қанчалик кўп ровийдан ўтиб муҳаддисга етиб келса, унинг ибораларидаги хато ва адашишлар эҳтимоли шунчалик кўп бўлади.сабаби, ҳадис қанчалик кўп ровийдан ўтиб муҳаддисга етиб келса, унинг ибораларидаги хато ва адашишлар эҳтимоли шунчалик кўп бўлади.
Санад (силсиласи)даги ровийлар озлиги муҳаддисни санад (силсиласи) жиҳатидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлаштиради. Табиийки, бу ҳадиснинг мутлақо саҳиҳлигини таъминлайди. Бундай мақомдаги ҳадислар муҳаддислар томонидан “ал-ҳадис ас-сулосия”, яъни “санади уч ровийни ташкил қилган ҳадис” деб эътироф этилган. Бунда санаддаги муҳаддис билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам орасида фақат уч ровий иштирок этган бўлади. Китобда ушбудек масалалар батафсил баён этилган.

* Санад - ҳадис атамаси, силсила
* Фосиқ - шариат аҳкомларига амал қилмайдиган мўмин

Izoh qoldirish