11.11.2021

Мир Араб мадрасаси ташкил этилганига 500 йил: ўтмиш ва бугун

1

Бугун, Мир Араб мадрасаси ташкил этилганининг 500 йиллигига бағишланган халқаро онлайн конференция бўлиб ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита, Бухоро вилояти ҳокимлиги, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, шунингдек, Ўзбекистон халқаро ислом академияси билан ҳамкорликда ташкил этилган он-лайн конференцияда Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Тожикистон давлатларидан 50 га яқин таниқли уламолар, исломшунос-диншунос олимлар, турли илмий-тадқиқот марказлари раҳбарлари ҳамда диний соҳа вакиллари, жумладан, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси илмий ходимлари ҳам иштирок этишди.

  Қуръон тиловати ҳамда эзгу дуолардан сўнг, Мир Араб мадрасасининг ўтмиши ва бугуни акс этган ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Анжуманда сўз олганлар мазкур илм даргоҳининг барпо этилиш тарихи, унинг ривожи учун ҳисса қўшган тарихий шахслар, шунингдек, мадрасада таҳсил олган аҳли илмнинг аксарияти дин ва жамоат пешволари бўлганлигини таъкидлаб ўтишди.

Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров  ҳам конференцияда нутқ сўзлар экан, аввало муфтийлик лавозимига тайинланганлиги муносабати билан табрик йўллаган хорижий ҳамкор ташкилот раҳбарлари ва масъулларига ўз миннатдорчилигини изҳор этди.

Шунингдек, Мир Араб мадрасасининг ташкил этилиши, таълим даргоҳининг шонли ўтмиши ва фаолияти, бу ердан етишиб чиққан етук уламолар ҳақида ҳам атрофлича маълумотлар бериб ўтилди.

Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, Бухородаги “Мир Араб” мадрасаси биносини милодий 1530–1536 (ҳижрий 936–942) йиллари шайх Мир Араб қурдирган. Халқ орасида “Мир Араб” номи билан машҳур бўлган бу олимнинг асл исми Саййид Абдуллоҳ Яманийдир. У йигирма икки ёшида илм излаб Самарқандга келади ва Хожа Аҳрор Валийга шогирд тушади. Хожа Аҳрор Валий вафотидан сўнг унинг ўғли Муҳаммад Бакр Саййид Абдуллоҳни Бухоро амири Убайдуллоҳхон билан таништиради. Тез орада у илм-маърифати билан эл орасида танилади, ҳурмат қозонади. Мадраса қарийб беш асрдан буён Шарқу Ғарбга илм нурини таратиб келаётган мазкур илм даргоҳида Ўрта Осиё, Россия, Афғонистон каби ўлкаларнинг кўпгина диний арбоблари ва таниқли уламолари таҳсил кўришган. Дастлабки йиллари мадрасада Абдураҳим қори, Мубин қори, Исмоил Махдум, Муҳаммад Амин домла, Шаҳобиддин қори, Муҳаммаджон махсум (Махжурий) каби устозлар дарс беришган.

Ҳозиргача 1000 дан зиёд киши мадрасани битириб чиққан бўлса, шундан 720 нафари мустақиллик йилларида таълим олган. ХIХ аср нақшбандия тариқати етакчи намояндаси Қози Асқар, Шаҳобиддин ал-Маржоний, Сиддиқ Ҳасанхон, таниқли муфассир ва муҳаддис Миён Малик, ёзувчи Садриддин Айний, ўлканинг деярли барча муфтийлари мазкур мадраса талабалари бўлишган.

Он-лайн конференция давомида сўз олганлар "Мир Араб" мадрасасининг сал кам беш асрлик фаолияти борасидаги муҳим маълумотларни келтириш баробарида, бугунги кундаги илмий жараён ҳақида ҳам фикр билдиришиб, айни дамда фаолият юритаётган устозлар ва илмий ходимлар, шунингдек, толиби илмларнинг эзгу ишларига муваффақиятлар тилашди.

  Имом Термизий халқаро   илмий-тадқиқот

маркази матбуот хизмати

Izoh qoldirish