25.11.2021

Халқаро анжуман ўтказилмоқда (фотолавҳа)

Бугун, 25 ноябрь куни Қозоғистоннинг Нур-Султон шаҳрида Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси томонидан мамлакат мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган “Мустақил Қозоғистон ва ислом қадриятлари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бошланди.

Анжуманда Қозоғистоннинг мустақиллик йилларида маънавий соҳада эришган ютуқлари, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг Ислом дини ривожи ва динлараро тотувликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси ҳамда Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Токаев ташаббуси билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинмоқда.

Шунингдек, қўшни ва хориж мамлакатлар билан дўстона алоқалар, мўмин-мусулмонларнинг иттифоқлиги йўлида диний пешволар томонидан амалга оширилаётган ишлар ва ҳамкорлик алоқаларининг янги босқичи тўғрисида сўз бормоқда.

Ушбу нуфузли тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари, Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий Шайх Равил Гайнутдин, Россия мусулмонлари Марказий диний идораси раиси, Шайх-ул Ислом, муфтий Талгат Сафо Тажуддин, Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Замир ҳожи Ракиев, Тожикистон ислом маркази раиси, муфтий Саидмукаррам Абдуқодирзода ҳазратлари, Мўғилистон мусулмон ташкилотлари иттифоқи раиси Ҳадис Ботирбек ҳожи, Қозоғистондаги “Нур-Муборак” Миср ислом маданияти университети ректори Муҳаммад аш-Шаҳҳат ал-Жиндий, Россия Олтой Республикаси мусулмонлари диний бошқармаси муфтийси, Осиё мусулмонлари диний бошқармаси раиси Жанболат Охтаубаев, Омск ва Омск вилояти раиси Бота Бакулин сингари Ислом оламининг мартабали уламолари, муфтийлари, экспертлари ва маҳаллий йирик дин пешволари қатнашмоқда.

Шунингдек, халқаро анжуманда давлат ва жамоат арбоблари, зиёлилар, тарихчилар, хорижий давлатлар элчилари, вилоятлар бош имом-хатиблари ҳам иштирок этмоқда.

Халқаро анжуман фаолиятини сайт ва ижтимоий тармоқларимиз орқали кузатиб боринг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Izoh qoldirish