21.12.2021

Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида

Термиз Археология музейида “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” китоб-албомлар кўргазмаси ташкил этилди.  

Тадбирда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий  ўрта махсус ислом таълим муассасаси, Термиз давлат университети ҳамда тегишли ташкилот ва муассасалар ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда талабалар, илмий тадқиқотчилар ва кенг жамоатчилик иштирок этди.

Тадбирда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, ҳадисшунослик ихтисослиги бўйича фалсафа доктори, (PhD) Шукурилло Умаров "Ислом маданияти дурдоналари"  мавзусида сўз юритар экан, ҳозиргача етиб келган тарихий ёдгорликлар ва ёзма манбалар диёримизда узоқ мозийда, айниқса, ўрта асрларда илм-фан, маданият гуллаб-яшнаганидан дарак бериши билан бир қаторда, қадим тарихдаги маданий ҳаёт, аждодларимиз турмуш тарзини ўрганишда беқиёс аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб ўтди.

Буюк Ипак йўлида жойлашган, Шарқ ва Ғарбни мустаҳкам боғлаб турган, қадим ва бетакрор юртимиз азалдан таниқли илм-фан намояндалари билан довруқ қозонган. Уларнинг турли соҳалардаги илмий мерослари нафақат халқимизнинг, балки бутун инсониятнинг бебаҳо бойлигидир. Устоз Ш.Умаров ўз нутқида бу борада тўхталар экан, буюк аждодларимизнинг илмий меросини чуқур ўрганиб, уни келажак авлодга мукаммал ҳолда етказиш учун Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказининг илмий ходимлари томонидан сўнгги пайтларда амалга оширилган ишларга атрофлича тўхталиб ўтди. Жумладан, илк бор нашр этилган “Сунани термизий шарҳи” (дастлабки 3 жилди нашр этилди) асари ҳамда "Буюк термизийлар" рукни остида нашр этилган 10 та халқчил рисолалар ҳақида иштирокчиларга атрофлича маълумотлар берилди.

Шунингдек, буюк аждодларимизнинг шонли ўтмишидан гувоҳлик берувчи обидаларни ўрганиш пировардида воҳа зиёрат туризмини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгуси режалар хусусида ҳам сўз юритилди.

Кўргазма давомида Имом Термизий  ўрта махсус ислом таълим муассасасининг талабалари учун музейда эксурсия ташкил қилиниб, экспонталар ва топилмалар яқиндан таништирилди.


 

Izoh qoldirish