09.09.2024

"КИМНИНГ УЙИДА ШУ КИТОБ БЎЛСА..."

Учинчи Ренессанс томон илдам ҳаракатланаётган Янги Ўзбекистонда барча соҳалар қаторида диний-маърифий соҳа ривожига ҳам алоҳида аҳамият қаратиб келинмоқда. Айниқса сўнгги йилларда юртимиздан етишиб чиққан аллома ва мутафаккирларнинг ибратга тўла ҳаёти, бой илмий-маънавий меросини ўрганиш ва ушбу маънавий меросдан баркамол ва юксак маънавиятли ёшларни тарбиялашда фойдаланиш масаласи устувор аҳамият касб эта бошлади. Шу мақсадда юртбошимиз ташаббуси билан даставвал Шеробод туманидаги Абу Исо Термизий мақбараси обод қилинган бўлса, 2017 йил 14 февралда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинди. Ушбу чора-тадбирларни амалга оширишдан асосий мақсад юртимизда ва минтақада ижод қилган мутафаккирларнинг илмий-маънавий меросини ҳар томонлама тадқиқ этиш ва уларни халқимизнинг маънавий мулкига айлантиришдан иборатдир. Айни вақтда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида ислом дини, жумладан, ҳадис илми, Абу Исо Термизий ҳамда Термизий алломалар мероси чуқур ўрганилади. Таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланишга қаратилган ўқув қўлланмалари, оммабоп нашрлар, илмий-амалий тавсиялар тайёрланади.

Ислом дунёсида Имом Термизийнинг хадис илмидаги фаолиятини ҳар бир мўмин-мусулмон яхши билади. Имом Исо ат-Термизий етук олим, Имом Бухорийдек улуғ муҳаддисдан сабоқ олган, унинг эътирофига сазовор бўлган муҳаддисдир. Унинг «Сунани Термизий» асарида ҳадислар илк бор туркумларга ажратилиб, уларнинг даражаси белгилаб берилди. Алломалар Имом  Термизийнинг «Сунани Термизий»  китобини сифатлаб: «Кимнинг уйида мана шу китоб бўлса, гўёки унинг уйида Пайғамбаримиз гапираётгандек бўладилар», деб айтадилар. Мана шундай буюк алломанинг бой маънавий меросини ўрганиш бугунги глобаллашув даврида янада долзарб аҳамият касб эта бошлади.

Юртбошимиз томонидан яқинда қабул қилинган “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарор Марказ фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, илмий тадқиқот ишларини янги босқичга олиб чиқиш, Имом Термизий меросини ўрганиш борасида мустаҳкам ҳуқуқий асос вазифасини бажаришига шубҳа йўқ. Мазкур қарор асосида муқаддас ислом дини, унинг асосий манбаларидан ҳисобланган ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк олим, ватандошимиз Имом Абу Исо Муҳаммад Термизийнинг  улкан илмий-маънавий меросини янада чуқур ўрганиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш, ушбу йўналишда олиб борилаётган тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, ёш авлоднинг маънавий-руҳий оламини бойитиш, уларнинг қалбида миллий ифтихор, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш мақсад қилиб олинган. Шу билан бир қаторда, ушбу қарор асосида Имом Термизийнинг Пайғамбаримиз сийратларига бағишланган “Аш-Шамоил ал-Муҳаммадийя” ва ҳадис илмига оид олти мўтабар китобдан бири ҳисобланган “Сунани Термизий” каби асарларини мотуридийлик ақидаси ва ҳанафийлик мазҳабига таянган кўп жилдлик академик таржима ва шарҳини тайёрлаш ҳамда уларни нашр этиш, Имом Термизий ҳаёти ва илмий меросининг моҳиятини ва бугунги кундаги аҳамиятини очиб берувчи илмий-оммабоп ҳужжатли филм яратиш, Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигига бағишланган эсдалик сувенирларини муомалага чиқариш ҳамда почта маркалари, тақвимлар, унинг ҳаёти ва илмий меросини ёритиб берувчи бошқа кўргазмали ахборот воситалари туркумини яратиш, 2024 йил октябр ойида Тошкент шаҳрида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ҳамда конференция доирасида Термиз шаҳрида “Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказиш, Имом Термизий зиёратгоҳига олиб борувчи йўл инфратузилмаларини яхшилаш, жумладан, ёдгорлик мажмуаси ва унга туташ ҳудудларни ободонлаштириш ҳам кўзда тутилган. Шунингдек, ушбу қарор доирасида бир қатор маҳаллий ва хорижий тадқиқотчилар жалб қилиниб, Имом Термизийнинг асарлари каталогини ишлаб чиқиш, хориждаги қўлёзма марказларидан аллома қаламига мансуб асарларнинг нусхаларини мамлакатимизга келтириш ва уларни ҳар томонлама чуқур тадқиқ этиш, жаҳоннинг нуфузли таълим даргоҳлари, илмий-тадқиқот муассасаларида Имом Термизийнинг “Сунани Термизий”, “Аш-Шамоил ал-Муҳаммадийя” каби ислом тарихида муҳим аҳамият касб этувчи асарларининг тақдимотларини ўтказиш ҳам режалаштирилган.

Шу ўринда айтиш лозимки, мазкур қарор Имом Термизий меросини ўрганиш бўйича олиб борилаётган ишларни янги босқичга кўтариб, бу бўйича тадқиқотчиларга янгидан янги имкониятларни тақдим этади. Бу эса ўз навбатида жамиятда диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик муҳитининг мустаҳкамланишига, маърифий ислом тамойилларининг қарор топишига хизмат қилади. 

 

Сарвар Саидов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Илмий тадқиқот бўлими бошлиғи, 

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

Холназаров Умид – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази нашриёт бўлими бўшлиғи

Зокир Номозов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази иш юритувчиси

 

Izoh qoldirish