БУЮК МУҲАДДИСГА ЭҲТИРОМ
Музаффархон Жониев,
Имом Термизий халқаро илмий-
тадқиқот маркази директори в.в.б.,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Янги Ўзбекистон ўз тараққиёт йўлини маънавий мезонлар, маърифий юксалишлар асосида қураётганлиги давлат ва жамият ривожида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилаётганлигини ўзгариш ва янгиланишлар жараёни кўрсатмоқда. Маърифий такомил йўлида ислом илмларидан озиқланган муҳаддис, фақиҳ, мутасаввуф, калом олимлари меросига таяниш, илмий ўрганиш ва кенг тарғиб этиш борасидаги саъй ҳаракатлар юксак ғояларни илгари суришда мустаҳкам асос вазифасини ўтамоқда. Инчунин, жамият, давлат ҳаётида ислом маърифатини англаш ва англатиш туйғуси юксак цивилизацияларни юзага келтирганлигини тарихан юзага келган тамаддунлардан билиш мумкин. Ислом маърифатини англаш йўлидаги саъй ҳаракатлар эса, инсонларни олиму фозил даражасига кўтарган.
Минтақамиз ана шундай олиму фозилларни етиштирган ва жаҳон тамаддуни ривожига ҳисса қўшган табаррук замин ҳисобланади. Шу жиҳатдан, ислом илмлари ривожига ҳисса қўшган буюк муҳаддису фақиҳлар, мутасаввуф олимлар мероси бугун дунё фондларини бойитиб турганлиги, фахр туйғусини беради. Мазкур меросни ўрганиш, маъно-мазмунини кенг жамоатчиликка етказиш, тарғиб этиш ва халқаро даражадаги маърифий аҳамиятини кўрсатиш бугунги долзарб ва муҳим вазифалардан саналади. Бу хусусда давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек: “Бундай маънавий хазина бошқа ҳеч қаерда йўқ. Бу хазинани мукаммал ўрганиш, одамларга, ёшларга осон тилда етказиш керак. Мақсадимиз – ёшларимиз ўзимизнинг алломаларга эргашсин, меросини билсин, улар билан фахрлансин”. Шу жиҳатдан, ислом тамаддунига ҳадис, калом, тафсир, фиқҳ, тасаввуф каби илмлар бўйича бой асарлар қолдирган алломаларнинг кўплиги ва мазкур меросни бугунги авлод томонидан ўрганилиши, тадқиқ этилиши ҳамда давлат томонидан эътибор ва шароит яратилиши жамият маънавий такомилида муҳим омил бўлаётганлигини таъкидлаш мумкин.
Шарқ оламидаги иккинчи Ренессанс асосчиси сифатида эътироф этилувчи соҳибқирон Амир Темур илм-фанга бўлган эътибори, олим ва шоирларни юксак даражада қадрлаши орқали мамлакат тараққиётига асос яратди. Унинг даврида Мовароуннаҳр ва Хуросон замини ўзининг энг ёрқин даврларини бошдан кечирди. Темур ва темурийлар давридаги олимларга қаратилган ғамхўрлик, қулай шарт-шароит натижасида барча соҳалардаги илмлар ривожланиб, Мирзо Улуғбек, Қозизода Румий, Али Қушчи, Саъдиддин Тафтазоний, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий каби олим ва шоирлар Уйғониш даврининг асосий намояндалари сифатида майдонга чиқдилар.
Таъкидлаш лозимки, ислом тамаддуни бешиги бўлган Мовароуннаҳрда шаклланган турли фан соҳалари ривожи, уни дунё цивилизациясига таъсирини илмий ўрганиш ҳамда тадқиқ этган ҳолда Учинчи ренессанс босқичига олиб чиқишда илмий масканлар муҳим ўрин тутган. Бугун, мазкур тарихий тамаддун жараёни тўғри англанган ҳолда юртимизда илмий-тадқиқот марказлар фаолиятининг йўлга қўйилиши халқимизнинг кўп асрлик илмий-маънавий меросини кенг ўрганиш, тадқиқ этиш, маърифий жиҳатларини кўрсатиш ҳамда миллий ва халқаро миқёсида кенг тарғиб қилиш йўлидаги муҳим амалий ишлардан бўлди. Хусусан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази фаолият юритиши ислом илмларини ўрганиш, тадқиқ этиш, қўлёзма манбаларни илмий ўрганган ҳолда нашрларини яратиш борасида илмий-маърифий фаолият олиб бориши, ислом маърифатига ташна халқимиз учун юксак маънавий аҳамият касб этди. Жумладан, бундан 7 йил олдин – 2017 йилда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан ташкил этилган Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази қисқа вақт мобайнида, нафақат Ўзбекистонда балки жаҳон илмий жамоатчилиги орасида ҳам ўзининг муносиб ўрнига эга бўлди. Хусусан, 2023 йилнинг ноябрь ойида Термиз шаҳрида ташкил этилган «Имом Бухорий, Доримий ва Термизий: муҳаддисликнинг Мовароуннаҳр мактаби» мавзусидаги халқаро илмий конференция иштирокчиларидан бири, БАА уламолар кенгаши аъзоси, Шаржа университети профессори Шайх Абдулҳаким Ал-Аниснинг: “Имом Термизийнинг ибратли ҳаётининг ўзи бутун мусулмон олами учун бебеаҳо бир асардир. Айниқса, олимнинг ватанида унинг номидаги илмий марказининг ташкил этилиши нафақат буюк муҳаддис илмий меросига эҳтиром, балки Пайғамбар ҳадисларига бўлган чексиз ҳурматнинг амалий ифодасидир”, дея таъкидлаган эди.
Бугун Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида амалга оширилаётган изланишлар натижасида ўрта асрларда Термизда кўплаб илмий мактабларнинг вужудга келганлиги ўз даврида ислом цивилизациясининг бешиги бўлганлигини кўрсатади. Жумладан, тафсир, ҳадис, тасаввуф, ақийда ва адабиёт соҳасига оид мактабларда Ҳаким Термизий, Абу Жафар Муҳаммад Термизий, Имом Абу Исо Термизий, Абу Бакр Варроқ Термизий каби 100 дан ортиқ термизий нисбаси билан ижод қилган алломалар фаолияти ҳақида юртимиз ва жаҳон илмий жамоатчилигига янгидан янги маълумотлар тақдим этилди. Улар томонидан ҳар бир давр учун аҳамиятли ва долзарб бўлган илғор ғоялар илгари сурилган. Масалан, IХ-X асрларда жаҳолат, турли бузуқ ақида ва қарашларнинг жамият маънавий ҳаётига салбий таъсири кучайган бир даврда, Ҳаким Термизий ҳам ўз асарлари орқали мутаассиб ва радикал оқимлар бўлган хорижийлик, жаҳмийлик, муаттила, рофизийлик каби мутаассиб ва радикал оқимларга қарши кескин раддиялар берган бўлса, XII асрда Термиз саййидларининг йирик вакили Мажидуддин Жаъфар ибн Али Мусавий астрономик. тадқиқотлар учун Мовароуннаҳрдаги илк расадхоналардан бирига асос солган. ХIV-XVI асрларда эса, Мушкинқалам Термизий, Кашфий Термизий ва Мир Мусаввир Термизий каби ижодкорлар Хуросон ҳамда Ҳиндистонда адабиёт ва рассомчилик санъати мактабларини яратганлар. Алломаларимизнинг турли ёт ғоя ва ақидаларга қарши фикрлари ҳам ҳар бир давр учун аҳамиятлидир. Чунончи, IX асрда Имом Термизий “Сунани Термизий” асари орқали Термиз ҳадис мактабини дунёга танитди.
Маърифий ислоҳотларнинг амалий давоми сифатида юртимиз алломалари ҳамда буюк мутафаккирлари номини абадийлаштириш, уларнинг илмий-ижодий меросини англаган ҳолда тарғиб этиш мақсадида таваллуд саналари кенг нишонлашнинг ўзига хос анъанаси йўлга қўйилди. Хусусан, 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллигини ва Бахоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида”ги Фармойиши, 2020 йилда “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги 2022 йилда “Буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини халқаро миқёсда кенг нишонлаш тўғрисида”ги ҳамда 2023 йилда “Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорларнинг қабул қилинганлиги ва тантанали нишонланганлиги юртимизда аллома-ижодкорлар шахси ва улар меросига бўлган юксак эътирофнинг амалий ифодаси бўлди. Албатта, бу каби эътирофлар замирида илм маърифатга ташналик, комиллик, бунёдкорлик, эзгуликка қаратилган интилиш ва тарихий шахслар сиймосига бўлган бугунги авлоднинг ҳурмати ётади. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 15 августда Муқаддас ислом дини илмлари ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк олим, ватандошимиз Имом Абу Исо Муҳаммад Термизийнинг улкан илмий меросини янада чуқур ўрганиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш, ушбу йўналишда олиб борилаётган тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, ёш авлоднинг маънавий-руҳий оламини бойитиш, уларнинг қалбида миллий ифтихор, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш мақсадида “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги Қарорининг қабул қилиниши халқимиз ва бутун мусулмон олами учун жуда катта воқелик бўлди.
Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш асносида давлат ва жамият маънавий ҳаётини янада ривожлантиришга доир қатор маърифий ишларни амалга оширилиши Янги Ўзбекистон такомили йўлидаги муҳим вазифалардан бўлганлигини таъкидлаш мумкин. Жорий йилнинг октябрь ойида ўтказилиши белгиланган Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллиги тадбирларига тайёргарлик кўриш ишлари аллақачон бошлаб юборилди.
Гап шундаки, юқорида қайд этиб ўтилган мақсад ортида, аввало, ислом динига ва унинг ривожига ҳисса қўшган буюк алломаларимизга бўлган ҳурмат, юрт истиқболи ва халқ фаровонлиги йўлида жамиятда соғлом ижтимоий муҳитни шакллантириш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги нуфузини янада кенгайтириш каби юксак марралар ётибди.
Қарорда алломанинг “Аш-Шамоил ал-Муҳаммадийя” ва “Сунани Термизий” асарларининг мотуридийлик ақидаси ва ҳанафийлик мазҳабига таянган кўп жилдлик академик таржима ва шарҳини тайёрлаш ҳамда уларни нашр этишга алоҳида урғу берилгани бугунги кундаги ақида ва мазҳаб ёки мазҳабсизлик борасидаги кўпгина саволларга жавоб топиш самарадорлиги нуқтаи назаридан ушбу Қарорнинг моҳиятини янада очиб беради.
Пайғамбаримизнинг шахсий ҳаётлари, у зотнинг сийратлари, ажойиб фазилат ва одатларига оид 424 та ҳадиси шарифни ўзида жамлаган қимматли “Аш-Шамоил ал-Муҳаммадийя” асари мусулмон оламида энг кўп нашр этилган асарлар сирасига киради.
Дарҳақиқат, бугун маълум бир даражада соф исломий таълимотларга эҳтиёж мавжуд. Шундай экан, кўплаб мусулмон мамлакатларда турли тилларда нашр этилган буюк бобокалонимиз қаламига мансуб бу икки асар асрлар синовидан ўтиб, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини энг ишонарли ва ҳеч қандай муболағасиз очиб берган асарлардан саналади.
Мазкур бой меросни ўрганиш ва кенг тарғиб этиш мақсадида “Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс” тамойили асосида янгича руҳда маърифий мезонлардан туриб ёндашилаётганини Президентимизнинг БМТнинг 2023 йил 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида нутқи мазмунида ўз ифодасини топганини кўриш, англаш мумкин: “Диёримиз жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган, исломни илм-маърифат ва тинчлик дини сифатида намоён этган Ал-Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий сингари улуғ аллома ва мутафаккирлар ватани экани билан ҳақли равишда фахрланамиз. Шундай буюк олимларнинг бой меросини ўрганиш, исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида 2024 йил Ўзбекистонда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция ўтказиш ташаббусини илгари сурамиз”.
Ислом тинчлик ва эзгулик дини сифатида ҳамиша инсоният ва жамият тамаддуни, маънавий ривожига ҳисса қўшиб келган. “ аср цивилизацияси”, “Темурийлар даври цивилизацияси” каби номлар билан тарих зарварақларидан ўрин олган тамаддунларнинг юзага келишига ислом дини, унинг бунёдкорлик, эзгуликка қаратилган ғоялари тўғри англаниши асос бўлган. Хусусан, Хоразмий, Беруний, Улуғбекнинг илмий кашфиётлари, Имом Бухорий, Имом Термизий кабиларнинг ҳадис илми ривожидаги хизматлари, умуман, минтақамиз алломаларининг математика, геология-минералогия, астрономия, тафсир, фиқҳ, адабиёт илми ривожи йўлидаги саъй-ҳаракатлари мисли кўрилмаган маърифий тамаддунни юзага келтирди.
Қарорда қайд этилганидек 2024 йил октябрь ойида Тошкент шаҳрида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ҳамда конференция доирасида Термиз шаҳрида “Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказишда ҳам қадимдан кўплаб маданиятларга бешик бўлган ва диний бағрикенглик борасида катта тажрибага эга юртимизда ушбу конференция ўтказилишининг муҳим тарихий аҳамияти бор.
Бугун қадим ва кўҳна Термизга буюк муҳаддислар яшаган кўркамли давр қайта ато этилаётгандек. Биргина Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ёнида ўрта махсус ислом таълим муассасаси ҳамда аллома номи билан аталувчи Ислом институтининг ташкил этилгани навқирон шаҳарда катта таълим ва тадқиқот мажмуасини вужудга келтирди. Яна энг эътиборлиси имом-хатиблар ва диний таълим муассасалари талабалари ўртасида “Имом Термизий асарлари бўйича ҳадислар билимдони” танловини ўтказилиши аллома меросига бўлган чексиз эътиборнинг намунаси дейиш мумкин.
Шунингдек, муҳаддис аллома меросига мансуб қўлёзма асарларни реставрация қилиниши, уларни лозим даражада сақланишини таъминланиши, шу билан бирга, хорижий мамлакатларда сақланаётган Имом Термизийнинг ҳаёти, илмий мероси ҳамда у яшаган даврга оид ноёб қўлёзма асарлар ва бошқа маданий бойликларни аниқлаш, уларнинг нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш ва тадқиқ қилишни тизимли равишда ташкил этиш ишларини белгиланиши ҳам муҳим ва долзарб саналади. Бундан ташқари, ахборотлашган даврда аллома ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишланган юқори сифатли медиа маҳсулотлари ҳамда аудиовизуал асарларни яратиш, уларни маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш, Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб этиш чораларини кўришга доир вазифаларни белгиланиши глобаллашув даврида амалий аҳамиятга эгадир.
Бундан кўринадики, буюк аллома Имом Термизий меросини кенг ўрганиш борасидаги ислоҳотлар замирида ҳадис илми, унинг мазмун моҳиятини жамият маънавий ҳаётида англатиш, инсон тафаккур оламига чуқур сингдириш йўлидаги саъй ҳаракатлар ташкил этади. Ислом илмлари юксак тафаккур ила англанган жамиятда ўсиш, ривожланиш жараёнлари бўлади. Шу жиҳатдан, бугун юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли диний маърифий ислоҳотлар асосида халқ тафаккур оламини бойитиш, ёш авлодни алломаларнинг юксак ғоялари воситасида тарбиялаш ташкил этади. Бугун янги Ўзбекистон пойдеворини барпо этишда алломлар меросини ўрганиш, тадқиқ этиш, илмий-маърифий жиҳатларини ёритиб бериш борасидаги илмий фаолиятни кенг йўлга қўйиш ҳамда жамият маънавий такомилига қаратилган амалий ишларни давомли амалга ошириш Давлатни Учинчи ренессанс даражасига олиб чиқишда муҳим асос бўлиб хизмат қилади. Зеро, янги Ўзбекистоннинг маърифий пойдеворини маънавий мезонлар асосида биргаликда, ҳамжиҳатликда қуриш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир.
Умуман олганда, ҳозирги кунда глобал хавф-хатарлар чуқур илдиз отиб бораётган бир даврда миллий ўзликни англаш, аждодлар меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва уни халққа етказиш долзарб аҳамият касб этиб бормоқда. Ёшларимиз илмий марказлар томонидан чоп этилаётган бой маънавий асарлардан хабардор бўлиб боришлари ғоят муҳим. Чунончи, улар аждодларимизнинг илмий салоҳиятига муносиб баҳо бера олиш баробарида, улар қолдирган ноёб асарларнинг мазмун-моҳиятини ҳам чуқур англаши керак. Бунинг учун алломалар меросини илмий жиҳатдан ўрганиш баробарида содда ва халқчил тарзда ёш авлодга етказиш лозим. Зеро, аждодларимиз мероси асрлар давомида ҳамиша маърифат, эзгулик, тинчликсеварлик, бунёдкорликка чорловчи муҳим асос бўлиб хизмат қилиб келган. Чунончи, буюк муҳаддис олим Имом Абу Исо Термизий илмий меросига бўлган эътибор тарихан илм-маърифат маркази бўлган юртимизнинг асрий қудратини янада намоён этади. Ўз навбатида Имом Термизий илмий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш билан бир қаторда бутун дунё илмий жамоатчилиги билан баҳам кўриш имконини ҳам беради.
Izoh qoldirish