“ИМОМ ТЕРМИЗИЙ ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИДА ТУТГАН ЎРНИ” МАВЗУСИДАГИ ХАЛҚАРО ИЛМИЙ-АМАЛИЙ АНЖУМАН ИШТИРОКЧИЛАРИНИНГ МУРОЖААТИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ
ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ ЖАНОБИ ОЛИЙЛАРИГА
“Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман иштирокчиларининг
МУРОЖААТИ
Муҳтарам Президент Жаноби Олийлари,
Сизнинг “Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман иштирокчиларига йўллаган табригингизни биз барчамиз конференциямиз учун ўзига хос дастуриламал сифатида қабул қилдик.
Ўзбекистон заминида таваллуд топиб, ўзининг беназир истеъдоди, билим ва тафаккури, эзгу фазилатлари билан ислом оламида шуҳрат қозонган буюк алломаларнинг бой илмий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш борасидаги фаолиятимизга алоҳида эътибор қаратиб, камтарона меҳнатимизга юксак баҳо берганингиздан ғоят мамнунмиз ва бунинг учун Сизга самимий миннатдорлигимизни изҳор этамиз.
Ҳеч шубҳасиз, биз – исломшунос, термизийшунос олим ва тадқиқотчилар ҳақидаги илиқ ва ҳаққоний фикрларингиз бизни янада кўпроқ изланиб, янги-янги тадқиқотлар яратишга, ислом динининг Сиз таъкидлаб айтган тинчлик, эзгулик ва инсонпарварлик моҳиятини кенг очиб беришга илҳомлантиради.
Биз, Янги Ўзбекистонда Сизнинг бевосита раҳбарлигингизда барча жабҳаларда, хусусан, таълим, фан, маданият ва маърифат, диний муносабатлар йўналишида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни катта эътибор билан кузатамиз ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз.
Бу соҳалардаги ўзгаришлар Ўзбекистон халқи ўз олдига олий мақсад қилиб қўйган “Учинчи Ренессанс” пойдеворини барпо этиш йўлида чин дилдан ҳаракат қилаётгани ва бу интилиш улкан амалий жараёнга айланиб бораётганидан далолат беради.
Азал-азалдан буюк алломалар юрти, тинчлик ва дўстлик диёри сифатида ном қозонган Ўзбекистон замини бугунги кунда ўзининг тинчликпарвар сиёсати билан халқаро миқёсда тобора юксак обрў-эътибор қозонаётгани бизни беҳад мамнун этади.
Бу, ҳеч шубҳасиз, Сизнинг давлат раҳбари сифатида чуқур ўйлаб олиб бораётган оқилона сиёсатингиз, жаҳон миқёсида илгари сураётган эзгу ва хайрли ташаббусларингиз самарасидир.
Айниқса, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида баён этилган ва жаҳон ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланган “Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”, деган фикрингиз мамлакатда олиб борилаётган тинчликпарварлик сиёсатининг асл маъно-мазмунини ўзида яққол намоён этади.
Сиз илм-фанни ривожлантириш, ўзликни англаш, ёшлар тарбияси, ислом динининг асл моҳиятини идрок этиш каби масалаларни давлат сиёсати даражасига кўтариб, Биринчи ва Иккинчи Шарқ Уйғониш даврига мансуб кўплаб ёрқин намояндаларнинг жаҳон ва ислом цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини ўрганиш, уларни янги шароитда ҳаётга татбиқ этиш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширмоқдасиз.
Бунга “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорингиз ва ана шу тарихий ҳужжат асосида Термиз шаҳрида ўтказилган “Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни” каби мавзулардаги халқаро анжуман ҳам ёрқин мисол бўла олади.
Биз Сизнинг ана шу каби ташаббусларингизни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз ва Ўзбекистоннинг диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларини халқаро миқёсда тарғиб этишда фаол ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.
“Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни” мавзусидаги нуфузли халқаро илмий-амалий анжуманда Имом Термизий ва термизий алломаларнинг илмий меросига доир туркум илмий маърузалар тингланди ва анжуман якунида тегишли қарор ҳамда Термиз декларацияси қабул қилинди.
Анжуманни ташкил этишдан кўзланган мақсадга тўлақонли эришилди, деб ҳисоблаймиз.
Биз ўтмишда яшаб ўтган буюк мутафаккирларимиз қолдирган буюк ва бебаҳо меросни ўрганиш, асраб-авайлаш ва тарғиб этиш борасидаги шарафли ва масъулиятли ишга ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздан мамнунмиз.
Зеро, Ўзбекистоннинг маданий мероси бутун инсониятнинг бойлигидир.
Муҳтарам Президент жаноби олийлари,
Ўзбекистонда илм-фан ва диний соҳани қўллаб-қувватлаш, улуғ алломаларнинг илмий меросини чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш учун зарур шароитлар яратиб берилаётганини эътироф этиб, бунинг учун Сизга яна бир бор чуқур эҳтиромимиз ва ташаккуримизни изҳор этишга ижозат бергайсиз.
Ислом дини моҳиятида мужассам бўлган эзгулик ва инсонпарварлик ғояларининг туб мазмун-моҳиятини очиб берадиган буюк мутафаккирлар асарларини ўрганиш, тарғиб этиш ва келажак авлодга безавол етказишда бундан буён ҳам Сизнинг энг яқин кўмакчингиз бўлиб қолишга тайёрмиз.
Сиз, жаноби олийларига мустаҳкам саломатлик ва Янги Ўзбекистон тараққиёти йўлидаги ғоят масъулиятли ва шарафли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилаймиз.
Юксак эҳтиром билан,
“Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман иштирокчилари
Термиз шаҳри, 2024 йил 17 октябрь
Izoh qoldirish