09.09.2024

БУЮК ТЕРМИЗИЙЛАР ПЕШВОСИ

Мустақиллик йилларида бугунги Ўзбекистон жаҳон харитасида эндигина пайдо бўлган тасодифий мамлакат эмаслигини, унинг илдизлари ниҳоятда чуқур ва қадимий эканлигини эътироф этиш, ўзлигимизни англаш ва уни дунёга намоён этиш  борасида кенг кўламдаги имкониятлар эшиги очилди. Улардан фойдаланиб, тараққиётимиз хусусиятларини теран англаб етиш учун бутун  меросимизни ўрганиш ва тўғри талқинда ўзлаштириш лозим. 

Кейинги йилларда алломаларимизнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасига муносиб баҳо бериш борасида изланишлар олиб бориш бўйича Янги Ўзбекистон янгидан янги имкониятлар эшигини очиб берди, десак муболоға бўлмайди. Хусусан, давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев томонидан диний соҳада олиб борилган туб ислоҳатлар натижасида халқаро доирада эътироф этилган Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси мареази, соҳадаги турли халқаро илмий-тадқиқот марказлари кабилар ташкил этилганлиги, шунингдек Имом Термизийнинг таваллудининг 1200 йиллигини нишонлаши тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори қабул қилинганлиги изчиллик билан амалга оширилаётган тарихимизни қайта тиклаш, уни илмий, тарихий ва ҳаётий ҳақиқат нуқтаи назаридан туриб янгитдан талқин этиш жараёнининг мантиқий давомидир.

Табиийки, улардан унумли фойдаланиш  халқимизга маънавий куч-қудрат бахш этади, ғурурини уйғотади.  Шунинг учун тарихимиз саҳифаларини қайта  “ғалвирдан ўтказиш”имиз, маданиятимиз ва маърифатимизни муназзам ҳодиса сифатида ўзимиз ёрқин тасаввур қилишимиз, унинг жаҳон миқёсида тутган ўрни ва мавқеини аниқ ифодалаб беришимиз лозим.

Шулар ҳақида сўз юритилар экан, аввало, Ислом динининг мазмун-моҳияти хусусида тўхталиб ўтишимиз мақсадга мувофиқ. Маълумки, маънавий меросимизнинг асосий қисми Ислом дини билан боғлиқ. Унинг шаклланиши ва  ёйилиши инсоният ҳаётидаги улуғ маънавий янгиланишни юзага келтирди. Барча илоҳий китобларда олға сурилган Яратувчининг ягоналиги ва барча мавжудод манбаи эканлиги, яъни Тавҳид (бирлаштириш) ғояси исломда ўзининг олий даражасига кўтарилади. Аммо Тавҳид эътиқодининг теран мазмун ва моҳиятини мукаммал англаб етиш, унинг асосларини мусулмон жамоаси кундалик турмушига татбиқ этиш аждодларимиздан асрлар давомида изланишни талаб қилди.

Ислом маънавияти тараққиётининг дастлабки даврида, Пайғамбаримиз ва у кишининг яқинлари ҳаёти давомида мусулмон жамоаси Қуръони Карим асосида яшаганлар. Ўша даврда юзага келган қадриятлар исломдаги Сунна, яъни одатлар, анъаналар тизимининг асосини ташкил этади. Сунна биринчи навбатда ибрат асосига қурилган бўлиб, Пайғамбаримиз хаёт тарзига тақлид этиш унинг асосидир. VIII аср бошларида халифа Умар ибн Абдулазиз (717-720)  ҳадисларни жамлаш борасида фармон беради. Натижада ҳадис илми ривож топиб, ҳадислар тўпланиб, муҳаддислар томонидан муайян тизимда баён этилди. 

Мусулмон жамоасини Ислом рукнлари асосида тартибга олиш учун Шариат, яъни ислом ҳуқуқий тизимига эҳтиёж пайдо бўлади. Унда мусулмон жамоасида пайдо бўлаётган ҳуқуқий масалалар ечимига, аҳлоқий талабларга қонун туси берилади. Ислом тафаккуридаги эркинлик, маънавий ҳаётдаги хилма-хиллик қонунчиликда ҳам турли оқим вакилларининг алоҳида мазҳаблари, яъни ҳуқуқий масалаларни ҳал қилишнинг турли йўлларининг шаклланишига олиб келади.  Мазкур жараён ислом дунёсидаги сиёсий ва иқтисодий шарт-шароит билан чамбарчас боғланган бўлиб, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари билан фарқланади. 

Ислом тафаккуридаги йўналишларнинг, ғоявий қарашларнинг турли туман оқимлари қанчалик кўп бўлмасин, ислом маънавиятининг асосий устунларидан бири сифатида ҳадис илми ривожланиб борди. Милодий IX аср ҳадис илмининг олтин асри бўлиб қолди. Чунки бу пайтга келиб ҳадисларни тўплаш жараёнидан уларни манбашунослик ва матншунослик қоидаларига мувофиқ таҳлил ва тадқиқ этиш, маълум тизимларда тартиб беришга киришилди. Натижада тўлиқ ишончли ҳадис тўпламлари вужудга келади. Олти буюк муҳаддис Имом Бухорий (810-869), Муслим ибн Ҳажжож (819-874),  Насоий (830-915), Абу Довуд Сулаймон (817-888), Абу Исо Термизий (824-892), ибн Можжа (834-886) ўзларининг тўпламларини юзага келтириб, ислом дунёсида машҳур бўлган олти китобли тўпламни шакллантирдилар.

Исломда ҳадислар Қуръони Каримдан кейин мўътабарликда иккинчи ўринда турувчи манба бўлиб қолди. Уларнинг матни ва исноди - етказувчилар силсиласи масаласи нихоятда жиддий ва нозик муносабат талаб қилди. Бу масалаларда арзимаган янглишиш тор илмий мунозарага эмас, балки ҳар мусулмоннинг эътиқоди ва амалида муаммо пайдо бўлишига олиб келиш хавфи бўлганлиги учун ҳам мухаддисдан қатъий қоидаларга риоя этишни талаб қилар эди. Ушбу вазифани шараф билан бажарганлар орасида Абу Исо Термизий етакчилардан биридир. Шубҳасизки, Термизда ҳукм сурган ғоялар, уларнинг юртдошларимиз ҳаётига таъсири Абу Исо Термизий каби алломанинг шаклланишига муҳим таъсир этган.

Бизгача етиб келган тарихий манбалардан чекланган малумотларга эга бўлсак-да, ўша давр маънавий муҳити ҳақида умумий тасаввурлар ҳосил қилишимиз мумкин. 

Ислом ақидалари Мовароуннаҳрда янги шакл шамоиллар билан бойитилиб, кучли мафкурага айланади. Бу жараёнда юртимиз вакиллари илмий маърифий фаолияти билан бутун Ислом дунёсининг етакчилари сифатида мухим рол ўйнайди. Мовароуннаҳрда исломни биринчи бўлиб қабул қилган шаҳар - Термиздаги диний баҳслар овозаси VIII асрнинг биринчи ярмидаёқ бутун мусулмон оламига тарқалади. Бутун ислом дунёсида бўлганидай Термизда ҳам турли оқимлар курашини кузатиш мумкин. Лекин шаҳарда   келажакда  кенг тарқалган ҳанифийлар мазҳабининг  тарафдорлари устивор бўлганлар. Хусусан, манбаларда 748 йилдаёқ Абу Ҳанифа (вафоти 767) билан Термизнинг бўлажак қозиси Ҳолид ибн Зиййод  мулоқотда бўлганлиги қайд этилади.  У юз ёшида Термиз қозиси лавозимида вафот этгач, унинг ўғли Абдулазиз ибн Ҳолид отасининг ишини давом эттиради. 796 йилда сиёсий-ғоявий кураш оқибатида, минтақада жаҳимийлар вақтинчалик хукмронлик ўрнатишганида, Абдулазиз Фарғонага бадарға қилинади. Манбаларга кўра Фарғона ва Тошкентда ислом динининг маҳаллий аҳоли ўртасида кенг ёйилишида Абдулазиз ибн Ҳолид Термизийнинг ҳиссаси катта бўлган. Кейинчалик у Марв шаҳрининг бош қозиси бўлган. Умуман, шу даврда Термизлик уламолар ислом тафаккурининг турли йўналишларида етакчилик қилишади. Кўплаб Термизийлар ҳадис илмида Али ибн Ҳасан Термизий,   Солиҳ ибн Абдуллоҳ Термизий, Солиҳ ибн Муҳаммад Термизий, Муҳаммад ибн Исмоил Термизий ханбалийлар оқимида, Муҳаммад ибн Аҳмад Термизий шофиъийлар мазҳаби йўналишида диққатга молик фаолият кўрсатганлар. Натижада Термизда шундай ижодий ва ғоявий муҳит шаклландики, у улкан салоҳиятли алломалар етишиб чиқадиган масканга айланади. Жумладан, Имом Термизий ва Муҳаммад Ҳаким Термизий, Саййид Бурҳониддин Термизий, Саййид Али Шоҳ Термизий каби алломалар бутун мусулмон дунёсида ном қозониб, ислом маънавиятининг ривожланишига катта ҳисса қўшдилар. Ўзининг муҳим мафкуравий марказ аҳамиятини Термиз ўрта асрлар давомида ҳам сақлаб қолди. Термиз саййидлари хонадонининг вакиллари салоҳияти бутун ислом дунёсида эъзозланиб келинди. Термизга берилган “Ҳазрати Термиз”, “Мадинат ар-рижол” таҳаллуси унинг турмуш тарзидан, мавқеъидан келиб чиқиб, шаҳар ислом дунёсининг илмий ғоявий марказларидан бирига айланади.

Бинобарин, Абу Исо Термизий ҳаёти ва ижоди Ислом тафаккурининг турли йўналишлари вакиллари орасида авж олаётган қизғин баҳслар даврига тўғри келади, унинг  дунёқараши тақдовор ва илмий муҳитда шаклланган. 

Имом Термизийнинг исм-шарифи манбаларда турли шаклларда келади. Алломанинг манбаларда келган энг машҳур тўлиқ исми-шарифи Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳок Суламий Буғий Термизий Зарирдир.  Куняси Абу Исо, исми Муҳаммад, отасининг исми Исо, бобосининг исми Савра бўлиб, уни “ўткир” маъносида тушуниш устиворлик қилади. Зарир - кўзи ожиз маъносини билдиради. “Буғий” Термиз тарихий вилояти ҳудудида жойлашган Буғ қишлоғи номи билан боғлиқ бўлиб, Термиз шаҳридан тахминан эллик километр масофада жойлашган. “Суламий” нисбаси араб қабиласи бани Сулайм билан боғлиқ. 

Имом Термизийнинг таваллуд санаси манбаларда аниқ келтирилмайди. Заҳабий(673-728/1274-1348) алломанинг 210/825 йиллар атрофида туғилганини ва 279/892 йилда вафот этганида 70 ёшда бўлганини қайд этган.  Аксариат олимлар алломанинг икки юз тўққизинчи санада (209/824) туғилганлигини таъкидлашган. Юсуф ибн Аҳмад Бағдодий далолатича Абу Исонинг  бобоси Марвдан Термизга кўчган.  Унинг болалиги ва илк таҳсили ҳақидаги маълумотлар манбаларда учрамайди. Фақат Имом Термизийнинг дастлаб Термиз ва Хуросон олимларидан таълим олгани маълумлиги айтилади. 

         Имом Термизий илм излаш борасидаги сафарларини тахминан 235/849 йиллардан бошлаган. Чунки у ўзи борган жойлардаги ушбу санагача вафот этган машҳур шайхлардан билвосита ривоят қилади. Аллома илк нақл қилган шайхлардан  Муҳаммад ибн Амр Саввоқ Балхий (ваф. 236/850), Маҳмуд ибн Ғайлон Марвазий (ваф. 239/853) ва Қутайба ибн Саъид Балхий (ваф. 240/855) каби олимлардир. Имом Термизий Ироқ ва Ҳижозга сафар қилгани маълум, аммо Миср ва Шомга боргани ҳақида маълумот йўқ, лекин у мазкур икки диёр олимларидан ҳам ривоят қилади.  Ибн Нуқта (579-629/1183-1231) Имом Термизийнинг  Бағдодда ҳам ҳадис эшитганлиги тўғрисида маълумот беради. Шунингдек, манбалардан маълум бўладики, Термизий Мовароуннаҳр ва Хуросонда Бухоро, Насаф, Самарқанд, Бухоро, Рай, Марв ва бошқа шаҳарларда, Ироқда Кўфа, Басра ва Воситда ҳам бўлган. Имом Термизий тахминан 250/864 йилдан олдин ўз юртига қайтган ва машҳур асарлари устида ишлаган. 

Муаррих Самъоний Имом Термизийнинг 275/888-889 йилда Буғ қишлоғида вафот этганини қайд этади. Аммо манбаларда устивор маълумот Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Сулаймон (337-412/948-1028) томонидан келтирилган:   Абу Исо Муҳаммад ибн Исо икки юз етмиш тўққизинчи йил ражаб ойидан ўн учинчи кун ўтиб, иккинчи куни (душанба) кечасида (892 йилнинг 8 октябрида) Термизда вафот этади. 

Имом Термизий Қутайба ибн Саъид Балхий (150-240/767-855), Абу Мусъаб Зуҳрий Маданий (ваф. 242/857), Иброҳим ибн Абдуллоҳ Ҳаравий (ваф. 244/858), Исмоил ибн Мусо Суддий Кўфий (245/859), Солиҳ ибн Абдуллоҳ Термизий (ваф. 239/853), Абдуллоҳ ибн Муъовия Басрий (ваф. 243/857), Ҳумайд ибн Масъада Басрий (244/858), Сувайд ибн Наср Марвазий (ваф. 240/854), Али ибн Ҳужр Саъдий Марвазий (ваф. 244/858), Муҳаммад ибн Ҳумайд Розий (ваф. 248/862), Муҳаммад ибн Абдулазиз ибн Абу Ризма Марвазий (ваф. 241/855), Муҳаммад ибн Абу Маъшар Синдий Маданий (ваф. 247/861), Муҳаммад ибн Абдулмалик ибн Абу Шавориб Басрий (ваф. 244/858), Муҳаммад ибн Ало Абу Курайб Кўфий (ваф. 247/861), Маҳмуд ибн Ғайлон Марвазий ( ваф. 239/853), Ҳаннод ибн Сарий Кўфий (ваф. 243/857) ва бошқа кўплаб олимлардан билим олган. Умуман олганда, Имом Термизий “Ал-Жомеъ” асарида 210 шайхдан ривоят қилади. Баъзи тадқиқотчилар Имом Термизий устозларини 221 тага етказган. 

Имом Термизий “Ал-Жомеъ”да “Муснад” муаллифи Имом Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримий Самарқандийдан (181-255/797-869) 61 ривоят келтирган ва “Ал-Илал” асарида у билан мулоқотини ҳам қайд этган. Имом Термизийнинг асосий устозларидан бири  Имом Бухорийдир. Имом Термизий “Ал-Жомеъ” асарида ҳам ундан 41 ривоят келтиради.  Термизийнинг фикрича, у Ироқ ва Хуросонда ҳадислар соҳасида Имом Бухорийдан билимдонроқ кишини кўрмаган. 

 Имом Термизий ва Имом Бухорий ўртасидаги давомий мулоқатлар Имом Бухорийнинг Нишопурда яшаган 250-255/864-869 йилларига тўғри келади. Имом Термизий Имом Бухорийнинг салоҳиятини эътироф этганидек, Имом Бухорий ҳам Имом Термизийнинг билимига катта баҳо беради: “Менинг сендан олган фойдам, сенинг мендан олган фойдангдан кўпроқдир”. Маълумотларга кўра, Имом Термизий устози вафотидан сўнг шунчалик йиғлаганки, ҳатто кўзи ожиз бўлиб қолади. Шу билан бирга, алломанинг  туғма кўзи ожиз бўлганлиги борасида ҳам маълумотлар бор. Аммо бу борадаги устивор фикр Заҳабий ва Ибн Ҳажар таъкидлаганидек, Имом Термизийнинг умри охирида кўзи ожиз бўлгани ҳақиқатга яқиндир. Баъзи китобларда аллома умрининг охирги икки йилида кўзи ожиз бўлгани қайд этилади. 

Абу Исо Термизий ҳаётида Термиз шаҳри ва Термизийлар билан алоқалари  алоҳида аҳамият касб этади. Имом Термизий ўзининг “Ал-Жомеъ” асарида бевосита саккиз Термизийдан: 1. Абу Абдуллоҳ Солиҳ ибн Абдуллоҳ ибн Заквон Боҳилий Термизий. 2. Абулҳасан Аҳмад ибн Ҳасан ибн Жунайдиб Термизий. 3. Абу Абдураҳмон Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Маддувайҳ Қураший Термизий. 4.Абу Довуд ёки Абу Муъоз Жоруд ибн Муъоз Суламий Термизий.  5.Абу Имрон Мусо ибн Ҳизом. 6.Абу Исмоил Муҳаммад ибн Исмоил ибн Юсуф Суламий Термизий. 7.Абу Абдуллоҳ Ҳурайм ибн Мисъар Аздий Термизий. 8.Абулфазл Мактум ибн Аббос Марвазий Термизий; шунингдек, уч Термизийдан: 1. Абу Абдураҳмон Холид ибн Зиёд ибн Жарв Аздий Термизий. 2.  Абу Муҳаммад Ҳажжож ибн Муҳаммад Аъвар Миссисий Термизий. 3. Абуҳасан Али ибн Исҳоқ Марвазийдан  билвосита ривоят қилган. 

Абу Исо Термизийдан кўплаб олимлар ривоят қилишган: Абу Муҳаммад Ҳаммод ибн Шокир, Аҳмад ибн Юсуф, Абулҳорис Асад ибн Ҳамдавайҳ, Абд ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд, Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Аҳмад, Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Суфён ибн Назр, Абулфазл Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Анбар, Муҳаммад ибн Маккий ибн Нуҳ, Маҳмуд ибн Анбар, Абу Мутийъ Макҳул ибн Фазл, Маккий ибн Нуҳ Муқриъ, Абулфазл Мусаббиҳ ибн Абу Мусо Кожурий, Абу Мутиъ Макҳул ибн Фазл, Маҳмуд ибн Анбар каби кўплаб Насафийлар ҳам ривоят қилишган.

Имом Термизийдан Мовароуннаҳр аҳлидан яна Ҳайсам ибн Кулайб Шоший, Абу Бакр Аҳмад ибн Исмоил ибн Омир Самарқандий, Абулҳасан Али ибн Умар ибн Тақий ибн Кулсум Самарқандий Вазорий, Баздавийлардан Довуд ибн Назр ибн Суҳайл ва Абдуллоҳ ибн Наср ибн Суҳайллар, Наср ибн Муҳаммад ибн Сабра Ширкасийлар ривоят қилишган.  Самарқанд аҳлидан бўлган Абу Назр Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Рашод ибн Бавр ибн Убайдуллоҳ Рашодий Самарқандий (ваф. 339/950) ҳам Имом Термизийдан ривоят қилган. Шунингдек, манбаларда ушбу асарни Ҳаммод ибн Шокир ҳам муаллифидан ривоят қилганлиги айтилади. Ибн Нуқта, Исъардий (622-692/1223-1293) ва Ибн Касир (701-774/1302-1373) Абу Исо Термизий Бухорога борганлигини ва унда ҳадис айтганлигини хабар беришади. 

Аллома асарларининг сони, улардан айримларининг номи ҳам ҳамон илмий баҳслар мавзуси бўлиб қолсада, манбаларга таяниб Имом Термизийнинг  қуйидаги асарлари борасида бир тўхтамга келиш мумкин.

 1. ”Ал-Жомеъ ал-кабир” (Катта тўплам) ёки “Сунан ат-Термизий” (Термизийнинг суннатларга оид китоби). “Ал-Жомеъ” ислом оламида ҳадислар борасида танланган олти саҳиҳ китобнинг тўртинчисидир. 

2. “Шамоил ун-набавийя ва хасосис ул-мустафавийя” (Пайғамбарлик сийратлари ва танланган шахс хусусиятлари). Термизийнинг мазкур китоби бизгача етиб келган шу йўналишдаги энг қадимги ва энг яхши асардир. 

3. “Ал-Илал ул-кабир” (Ҳадис иллатларига тегишли катта китоб) ёки “Ал-Илал ул-муфрад”  (Иллатларнинг нозик жиҳатлари). Асарда Имом Бухорий билан бўлган мулоқатлар алоҳида ўрин тутади.  Ҳадис иллатларини англаш, улар борасида асар битиш ҳадис илмларида юксак даражага етган олимларгагина муяссар бўлади. 

4. “Ал-Илал ус-сағир” (Ҳадис иллатларига тегишли кичик китоб) ёки “Китоб ул-илал”. Баъзи олимларга кўра эса, у ҳадис илми қоидалари борасида бизгача етиб келган илк китобдир. 

5. “Аз-Зуҳд” (Зуҳд). Муҳаддис олимларнинг бу турдаги китобларда ушбу соҳага далолат қилувчи ҳадислар ва ривоятлар жамланиши маълум.

6. “Ал-Асмо ва-л-куна” (Исмлар ва кунялар). Бу ва “Зуҳд” китоби ҳақида Ибн Ҳажар маълумот берган ва уларни учратмаганини айтган. Бу тур китобларда ривоятларнинг санадларида келган ровийларнинг исмларига тегишли жиҳатларга аниқлик киритилади. 

7. “Ат-Тарих” (Тарих) китоби. Унинг номини Ғунжор, Ибн Надим, Самъоний, Ибн Ҳажар, Суютий ва бошқалар келтирган. Лекин бизгача етиб келмаган.

8.“Ас-Саҳоба” (Саҳоба) китоби. Асар бизга “Тасмийяту асҳабу Расулиллоҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам” (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларининг номланиши) номи билан етиб келган. Унда саҳобаларнинг номлари, кунялари ва нисбаларига алоҳида эътибор қаратилади. 

9. “Ал-Мавқуф” (Мавқуф ривоятлар ҳақидаги китоб). Асар ҳақида Абу Исо Термизий “Ал-Илал ус-сағир”ида шундай дейди : “Буни батафсил тарзда унда мавқуф (ривоят)лар бўлган китобда баён қилганмиз”.

10. Шунингдек, Ибн Ҳажар (773-852/1372-1449) Имом Термизийни “Ал-Жомеъ” ва “Ат-Тафсир” муаллифи сифатида қайд этади. 

 Имом Термизий меросининг аҳамиятини Имом Ансорий шундай баҳолаган: “Унинг китоби Бухорий ва Муслимнинг китобидан фойдалироқ. Уларнинг китобларидан фақат чуқур илмли олимгина фойда олиши мумкин. Абу Исонинг китобидан эса кишиларнинг бари фойда олишлари мумкин”. Гарчи ҳадисга нисбатан “саҳиҳ”дан қуйи даражада турувчи “ҳасан” атамасини биринчи бор Али ибн Мадиний, кейин Имом Бухорийлар ҳам ишлатишган бўлишса-да, уни маълум шартларга эга истилоҳ даражасига кўтарган ва асарида ишлатган шахс Имом Термизийдир. Унинг ишлари эса “ҳасан ҳадис” борасида дарслик ўрнида бўлиб, ҳадис атамашунослигига қўшилган муносиб ҳиссадир. Шу жиҳатдан Имом Термизий ривоятлари саҳиҳ, ҳасан ва заифга бўлинган энг аввалги китобдир. Шунингдек, турли  ҳадисларни келтириш ва иллатларини баён қилиш хусусиятига кўра, “Ал-Жомеъ” асари ҳадис истилоҳлари борасида битилган китобларни тушуниш учун   услубий аҳамиятга ҳам эга. Кейинчалик бу услубга бошқа олимлар эргашган. Имом Термизийнинг “Ал-Жомеъ”си Имом Бухорий ва Муслимлар услубини маълум даражада бирлаштирган. Ушбу асар ҳадиснинг фиқҳий таҳлили, бобларни  фиқҳий йўналишда ташкил этиш борасида умумий маънода Имом Бухорий услубига, турли санадлар билан ривоят қилинган, аммо маъноси бир ҳадисларни турли ўринларда эмас, бир жойда жамлаб келтириш бўйича эса Имом Муслим услубига тўғри келади.

Ҳозирги Сурхондарёнинг катта қисмини ўзининг ичига олган Термиз қадим замонлардан алоҳида тарихий-маданий вилояти бўлиб, ушбу ҳудуд улкан салоҳиятли алломалар етишиб чиққан масканга айланди. Шунинг учун ҳам, Сурхондарё ҳудудидан етишиб чиққан минглаб алломалар Термизийлар нисбаси билан юритилади. Уларнинг пешвоси асрлар давомида Имом Исо Муҳаммад Термизий бўлиб келди ва бўлиб қолаверади.

         Абу Исо Термизийнинг ҳаёти ва мероси  дунёнинг турли бурчакларида яшовчи, дини ва миллатидан қатъий назар, кўплаб олимларнинг илмий изланишлари мавзусига айланди. Араб давлатларида,  Туркия, АҚШ,  Буюк Британия,  Россия, Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларда мутафаккир ҳаёти ва фаолиятига бағишланган илмий тадқиқотларнинг сони ва салмоғи ошиб бормоқда. 

      Аллома мероси, нафақат ислом тафаккури ва тарихи саҳифаларини ёритишда, балки, бутун инсониятни доимий равишда безовта қилиб келган саволларга жавоб излашда долзарб бўлиб қолмоқда. Чунки тараққиёт қанчалик жамият ҳаётини ўзгартирмасин, инсон табиатини ўртаган қувончу ташвишлар минг йиллар аввал қандай бўлса, шундайлигича қолмоқда.  Ўз даври маънавиятининг мураккаб муаммоларини таҳлил қилар экан, Абу Исо Термизий, уларнинг ҳал қилиниши авваламбор, инсон табиатининг такомиллашуви, тинимсиз меҳнат ва камолатга интилиш эканлигини исботлайди. Унинг инсонларни аҳлоқий баркамоликка чақириғи ўз аҳамиятини асрлар ўтса ҳам, йуқотмаганлиги бежиз эмас. 

 

 

Жалолиддин Мирзаев

тарих фанлари номзоди,

Термиз давлат университети доценти, 

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот

 маркази катта илмий ходими.

 

Izoh qoldirish