БУЮК МУТАФАККИРЛАР БИЛАН – БОЙ ЗАМИН
Ҳар бир мамлакат ўз тарихи, диний ва миллий қадриятлари борлиги барчамизга маълум. Бизнинг она юртимиз – Ўзбекистон замини ҳам азалдан ўзининг бебаҳо қадриятлари бўлган маънавий ва моддий бойликлари билан дунё халқлари турмуш тарзига ва маданиятига ижобий таъсир кўрсатган. Бу борада дунё олимлари ҳамон бизнинг аждодларимизга, бой маданий меросимизга алоҳида ҳурмат ва эҳтиром билан қарашади. Юртимизнинг ҳар бир гўшасида улуғ зотларнинг қўним топган масканлари борлиги бизнинг улуғ зотлари авлоди бўлганимиздан далолат беради. Самарқандийлардан – Имом Мотуридий Самарқандий, Абу Лайс Фақиҳ Самарқандий, Ҳаким Самарқандий, Ашраф Самарқандий, Фитрат Самарқандий, Низомий Арузий Самарқандий, Давлатшоҳ Самарқандий, Баёзий Самарқандий, Мутрибий Самарқандий, Бухороийлардан – Имом Бухорий, Абу Ҳафс Кабир Бухорий, Абу Ҳафс Сағир Бухорий, Убайдуллоҳ Масъуд Бухорий, Имло Бухорий, Хаёлий Бухорий, Шавкат Бухорий, Саййид Муҳаммад Бухорий, Шошийлардан (ҳозирги Тошкент шаҳри), Бадриддин Шоший, Бадр Шоший, Қаффол Шоший, Андиждондан – Бурҳониддин Марғилоний, Заҳириддин Муҳаммад Бобур Андижоний, Авҳадуддин Ахсикатий, Хоразмийлардан – Ал-Хоразмий, Маҳмуд Замахшарий, Нажмиддин Кубро Насафийлардан – Имом Насафий, Нажмиддин Умар Насафий, Қалонсавий Насафий, Зиёуддин Насафий, Азизиддин Насафий, Саййидо Насафий, Кешийлардан – Абд ибн Ҳумайд Кеший, Абу Шакур ас-Солимий ал-Кеший, Фарғонийлардан – Аҳмад ал-Фарғоний, Чағонийлардан (ҳозирги Деҳнов, Сариосиё, Узун, Шўрчи, Олтинсой ҳудудлари) Тоҳир Чағоний, Розиюддин Чағоний, Ҳасан Чағоний, Хожа Алоуддин Аттор, Хожа Ҳасан Аттор, Мавлоно Яъқуб Чархий, Муҳаммад Зоҳид Вахшуворий, Сўфи Оллоёр, Сайқалий Ҳисорий, Мавлавий Жунуний, Термизийлардан – Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Бакр Варроқ Термизий, Адиб Собир Термизий, Абу Жаъфар Термизий, Умар Термизий, Саййид Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизий, Хожа Самандар Термизий, Мирсафо Термизий, Мушкинқалам Термизий, Жудоий Термизий, Саййид Али Термизий (Пирбобо), Фатҳий Термизий, Кашфий Термизий, Арший Термизий каби юртимизнинг юзлаб алломаларни номини тилга олиш мумкин.
Тарихда юқорида санаб ўтилган улуғ зотлар номи нафақат юртимиз ичида машҳур, балки дунёнинг аксар мамлакатларида бу зотларнинг илмий-маънавий мероси яқиндан танишдир. Афсуски, биз ёшлар бугунги кунда ўзимизнинг ота-боболаримизнинг на шахсияти ва на илмий меросидан хабардормиз, бу борада муҳтарам Юртбошимиз ҳам дунёнинг машҳур минбарларидан туриб, ёшларни аждодларимизнинг меросини ўрганишга чорлаб келмоқда. Дунёда авж олаётган оммавий маданиятлар, носоғлом ғоялар, турли хил фитналарни фақатгина аждодларимиз маънавий мероси билан муолажа қилишни кўп бора таъкидлагани бежиз эмас. Давлатимиз раҳбари 2023 йил 16 ноябр куни Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида уламолар билан суҳбатда бугун дунёда турли низо ва урушлар бўлаётгани, бегуноҳ инсонлар қони тўкилаётгани афсус билан қайд этилди. Бу юртимиздаги тинчлик-осойишталик қадрини янада теран англатиб, инсонда шукроналик руҳини уйғотади. Бу неъматлар аҳамиятини, Термизий каби боболаримиз илм-маърифатини ёшларга етказиш муҳимлиги таъкидланди.
Таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда Ўзбекистонда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар жадаллик билан амалга ошириб келинмоқда. Юртбошимизнинг саъй-ҳаракати билан иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар билан бирга маънавий-маърифий соҳада кўплаб ишлар амалга оширилгани халқимиз қалбига маънавий малҳам бўлди. Юртимизда аждодларимиз номи билан ташкил этилган табаррук илмий-тадқиқот марказларининг айнан мақсади – буюк ислом олимларининг дунё илму фан ва маданиятига қўшган улушини баҳам кўриш, дунёда авж олаётган турли ихтилофларга барҳам бериш, ёшларни илму маърифатга чорлаш, соғлом эътиқодни соф ҳолда сақлаш, ислом динининг асл ғояси бўлган инсонппарварлик, маърифатпарварлик ва ватанпарварликни кенг дунё оммасига тарғиб этишдан иборат. Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Ўзбекистондаги ислом цвилизацияси маркази улуғ аждодларимизнинг бой илмий-маънавий меросини фундаменталь ўрганишда, ватан тарихини янада теранроқ ёшларга тушунтиришда, юрт истиқболи учун муҳим истиқболли кашфиёт ва ғояларни халқимизга тақдим этишда бугунги кунда етакчилик қилишмоқда.
Юртбошимиз ташаббуси билан аждодлар меросини ўрганишда йил сайин кенг имкониятлар эшиги халқимиза очилмоқда. Шу йил Термизда Имом Термизий номидаги ислом институти ташкил этилди. Шунингдек, 2024 йил 15 август куни “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш” тўғрисида Ўзбекистон Републикаси Президенти ПҚ-292-сонли Қарори қабул қилинда. Ушбу Қарор тарихий хотирамизни тиклаш, аждодларга бўлган юксак эҳтиромни абадийлаштириш, маънавий қадриятларимизни соф ҳолда асраб-авайлаш муҳим таянч бўлиб хизмат қилади. Мазкур Қарорда Муқаддас ислом дини илмлари ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк олим, ватандошимиз Имом Абу Исо Муҳаммад Термизийнинг улкан илмий меросини янада чуқур ўрганиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш, ушбу йўналишда олиб борилаётган тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, ёш авлоднинг маънавий-руҳий оламини бойитиш, уларнинг қалбида миллий ифтихор, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш муҳимлиги биринчи планда турганлигини айтиб ўтиш лозим.
Имом Термизий қаламига мансуб «Аш-Шамоил ал-Муҳаммадийя» ва «Сунани Термизий» асарларини мотуридийлик ақидаси ва ҳанафийлик мазҳабига таянган кўп жилдлик академик таржима ва шарҳини тайёрлаш ҳамда уларни нашр этиш бугунги кун учун сув ва ҳаводек зарур. Ислом номидан нохолислик билан ёндашаётган ташқи кучлар Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ҳадисларини нотўғри талқин қилиши оқибатида юзага келмоқда.
Мовароунннаҳр тарих давомида дунё учун биринчи ва иккинчи Ренессансни тўҳфа қилган бўлса, айни дамда эса Учинчи Ренессанс пойдевори учун илдам қадам ташламоқда. Мана шундай хайрли ишларда бири сифатида “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш” тўғрисидаги Қарорда 2024 йил октябрь ойида Термиз шаҳрида «Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни» мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ҳамда «Термизий алломаларнинг илмий-маънавий мероси: ўтмиш ва бугун» мавзусида республика илмий-амалий конференциясини юқори савияда ўтказиш режалаштирилган. Албатта, аждодлар меросини дунё олимлари билан биргаликда ўрганиш, нафақат халқимизга маънавий озиқа бўлади, балки шу билан биргаликда жаҳон оммаси ҳам фойдаланишга кенг имкониятлар очилади.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, бугун ўтмишни билмасдан, янги тарих, янги ғоя, янги кашфиёт, янги ҳаётга қадам қўйиш амримаҳол. Ўтмиш тарихи орқали ёшлар ўз она ватанига муносабати ўзгаради. Юртнинг истиқболи, халқнинг фаровонлиги иқтисодиёт ва маънавиятнинг юксаклишидадир. Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридийдек улуғ алломалар ҳаёти ва меросини ўрганиш орқали соф азалий маънавиятимизни сақлаб қоламиз.
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) – Жамаҳматов Каромиддин
Izoh qoldirish