ТАШҚИ КЎРИНИШ СИЗНИ АЛДАБ ҚЎЙМАСИН!
Ҳидоят Аллоҳдандир! Илм аҳли бўлиш, ўзини тақводорлардек тутиб узун соқол, салла-чопонлик бўлиш, ёки ҳижобли мастура бўлиш ва ниҳоят Қуръон қориси ва ҳофизи бўлиш, профессор ёки академик бўлиш ҳидоятли инсон дегани эмас, комил мўъмин-мусулмон дегани эмас. Қайсидир маънода илм ва Қуръон инсонларни ҳидоят қилади. Лекин уни ёд олиш ва унинг маъно-мазмунидан хабардор бўлиш, Қуръондан иқтибослар келтириб нутқлар ийрод қилиш, маъруза ва мавъизалар қилиш ҳамиша ҳам ҳидоятли дегани бўлавермайди. Аллоҳ таолонинг ўзи Қуръон оятлари кимларнидир тўғри йўлга солса, кимларнидир адаштириши ҳам мумкинлиги тўғрисида бундай дейди:
يُضِلُّ بِهِ كَثِيرًا وَيَهْدِي بِهِ كَثِيرًا وَمَا يُضِلُّ بِهِ إِلَّا الْفَاسِقِينَ
“...У (масал) билан Аллоҳ кўпларни адаштиради ва у билан кўпларни (тўғри йўлга) ҳидоят қилади. Лекин (Аллоҳ) у билан фақат (аслида бетавфиқ бўлиши муқаррар) фосиқларнигина адаштиради” (Бақара, 26).
Мазкур оятда Аллоҳ таоло ўз каломида зарбулмасал қилиб келтирган айрим оятларга чин дилдан ишонувчилар ва унга шубҳа қилувчилар борлигини айтиб, улар ана шу зарбулмасаллар сабабли адашишлари ёки ҳидоят топишлари мумкинлигини айтади. Бундай оятлар фақат фосиқларнигина адаштиради. Фосиқлар, яъни дилида ва хилқатида фисқу фасод бор кишилар кимлар? Аллоҳнинг ўзи кейинги оятда уларнинг кимлигини ва оқибатини айтиб қўйган:
الَّذِينَ يَنْقُضُونَ عَهْدَ اللَّهِ مِنْ بَعْدِ مِيثَاقِهِ وَيَقْطَعُونَ مَا أَمَرَاللَّهُ بِهِ أَنْ يُوصَلَ وَيُفْسِدُونَ فِي الْأَرْضِ أُولَئِكَ هُمُ الْخَاسِرُونَ
“Қайсики, (улар) Аллоҳ аҳдини, унинг битимидан кейин бузадиган, Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни узадиган ва Ер (юзи)да бузғунчилик қиладиган кимсалардир. Улар, албатта, зиён кўрувчилардир” (Бақара, 27).
Бузғунчиликни севадиган, қалбида фисқу фасод бор кишилар Қуръон оятларини ўқиб туриб ҳам, Қуръон қориси бўлиб туриб ҳам, сизга оят ва ҳадислардан маъруза қилиб туриб ҳам ҳидоятга эриша олмайдилар. Бунинг бир энг ёққол исботларидан бири АБДУРАҲМОН ИБН МУЛЖАМ деган касдир.
Эсингиздан чиқмасин, у бадбахт Пайғамбаримиз алайҳиссолату ва-с-саломнинг севимли саҳобалари, қариндош амакиваччалари, куёвлари, жаннат башорати берилган ўн нафар мўъминлардан биттаси, Пайғамбар халифаси, мусулмон умматининг энг афзал тўрт нафар саодатманд кишиларидан бири – Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг қотилидир.
Шу билан бирга, Абдураҳмон ибн Мулжам Қуръони каримни тўла ёд олган қорийи мураттаб, ҳофизи Каломуллоҳ, олим ва, манбаларда айтилишича, кўп сажда қилганлиги пешонасида ярқираб турган тақводор киши эди!!! Қорилар қурроси, саҳоба Муоз ибн Жабал разийлалоҳу анҳудан Қуръонни тўлиқ таълим олган эди.
Лекин, қорилиги ва олимлиги уни ҳидоятли қила олмади, уни тўғри йўлда ушлаб тура олмади, уни комил мўъмин-мусулмон қилмади, нормал инсон қилгани йўқ!
Абдураҳмон ибн Мулжам Мадинаи мунавварада яшаган пайтида ўзининг тақводорлиги билан танилган эди, солиҳ инсон сифатида намоён бўлганди, қорийи мураттаблиги билан шуҳрат қозонган эди. Миср волийси Амр ибн ал-Осс разийаллоҳу анҳу мусулмонлар халифаси Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳуга: “Миср аҳолиси учун бир қори жўнатсангиз, у Қуръон ўргатиб, ўзининг тақвоси ва солиҳлиги билан мисрликларга ўрнак бўлса”, деб ёзиб юборганди. Шунда Ҳазрати Умар разийлалоҳу анҳу уларга муаллим қилиб мана шу Абдураҳмон ибн Мулжамни юборганди ва “Мен сенга Қуръон аҳлидан бўлган бир кишини юбораяпман, уни ўзимдан ҳам устун қўйдим. У борганида унга масжид яқинидан бир кенг ҳовли қилиб бер, у ерда у одамларга фиқҳ ва Қуръон ўргатсин”, деганди.
Ҳа, Ҳазрати Умар разийлалоҳу анҳудек зот ҳам унинг ташқи кўриниши-ю, чиройли қироатларига ишониб қолганди.
Унга қорилиги-ю, тақводорлиги фойда бермади. Унинг асли ҳидоятли бўлмагани билан бирга исломда илк ажралиб чиққан хаворижлар тоифасига эргашгани, ўша пайтдаги фосиқ ёшлар билан дўстлашиб, шуҳрат ва юлдузлиги билан ўзидан кетиб қолгани бош сабаблардандир. Ҳамма нарса ҳам кўринганидек бўлавермайди, зоҳирий кўриниш одамларни алдаб қўйиши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг гапларига қаранг:
إِنَّ الرَّجُلَ لَيَعْمَلُ عَمَلَ أَهْلِ الْجَنَّةِ فِيمَا يَبْدُو لِلنَّاسِ وَهُوَ مِنْ أَهْلِ النَّارِ وَإِنَّ الرَّجُلَ لَيَعْمَلُ عَمَلَ أَهْلِ النَّارِ فِيمَا يَبْدُو لِلنَّاسِ وَهُوَ مِنْ أَهْلِ الْجَنَّةِ
“Бир киши одамларга ташқи кўринишда жаннат аҳлининг ишини қилади, лекин ўзи дўзах аҳлидан бўлади. Яна бир киши одамларнинг кўз-ўнгида дўзах аҳлининг ишини қилади, лекин аслида у жаннат аҳлидан бўлади” (Бухорий, 4/2898).
Ҳа, мана шу ерда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: وَإِنَّمَا الْأَعْمَالُ بِخَوَاتِيمِهَا – “Амаллар хотимасига – оқибатига қараб бўалди”, деганлар (Бухорий, 8/6493; 6607).
Унинг хотимаси ва оқибати нима бўлди?
Абдураҳмон ибн Мулжам деган ифлос шу даражада адашгандики, шу даражада залолатга кетгандики, ўзининг бу ишини, яъни Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳуни ўлдирганини дунёдаги энг савобли иш деб ўйлаб қолганди, ўзининг бу ишини ибодат ва қурбат деб билиб қолганди. Уни ўлдираётган жаллодга: “Сен мени бирданига калламни олиб ўлдирма, аъзоларимни бирма-бир чопиб-чопиб, сўйиб-сўйиб ўлдир. Токи ҳар бир аъзом Аллоҳ йўлида чопилаётгани ва сўйилаётганини билиб, ҳис қилиб ўлайин”, деганди ва қасос учун кўзлари ўйиларкан, “Иқро!” сурасини тиловат қиларди. Ҳатто у бадбахт муборак рамазон ойининг муборак қадр кечаларининг бирида, жумъа оқшоми, жамоат намозидан имом бўлиб турганида, масжид меҳробида Ҳазрати Али разийаллоҳу анҳуни ўлдираётганида, ўз ишининг “савоб”ли эканини мана бу оятни ўқиб билдирган эди:
وَمِنَ النَّاسِ مَنْ يَشْرِي نَفْسَهُ ابْتِغَاءَ مَرْضَاةِ اللَّهِ وَاللَّهُ رَءُوفٌ بِالْعِبَادِ
“Одамлар орасида Аллоҳнинг розилигини истаб, жонини берадигани ҳам бор. Аллоҳ бандаларга меҳрибон зотдир” (Бақара, 207).
Залолат ва адашувнинг бундан-да тубан, бундан-да пасткаш, бундан-да ифлослиги бормикин?!
Шунинг учун ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бекорга бундай деб огоҳлантирмаганлар:
يَخْرُجُ فِيكُمْ قَوْمٌ تَحْقِرُونَ صَلَاتَكُمْ مَعَ صَلَاتِهِمْ، وَصِيَامَكُمْ مَعَ صِيَامِهِمْ، وَعَمَلَكُمْ مَعَ عَمَلِهِمْ، وَيَقْرَءُونَ الْقُرْآنَ لَا يُجَاوِزُ حَنَاجِرَهُمْ، يَمْرُقُونَ مِنَ الدِّينِ كَمَا يَمْرُقُ السَّهْمُ مِنَ الرَّمِيَّةِ...
"Орангизда бир қавм чиқиб, сизларнинг намозларингизни ўз "намоз"лари, рўзаларингизни эса ўз "рўза"лари, амалларингизни эса ўз "амал"лари билан паст санайдилар. Улар Қуръон ўқийдилар, лекин ўқиганлари ҳалқумларидан нарига ўтмайди. Улар диндан ўқнинг камондан чиққани каби чиқиб кетурлар..." (Бухорий, 6/5058; Насоий, 5/8089; Аҳмад, 3/11596).
Демак, тўртта нарсага эътибор бериш лозим:
1)Ҳидоятнинг асли Аллоҳдандир. Доим Аллоҳ таолодан ҳидоят сўраш лозим. Устозимиз ҳамиша “Аллоҳумма-жъали-т-тавфиқо рофиқонаа, ва-с-сирот ал-мустақийма ториқана!”, деб дуо қилардилар. Устозларимиз ҳамиша “Роббана, ла тузиғ қулубана баъда из ҳадайтана, ва ҳаб лана мин ладунка роҳматан, иннака анта-л-ваҳҳоб!” деб дуо қилиб юрардилар.
2)Доим ва ҳамиша яхшилар билан бирга бўлиш керак. Салгина чалғидингизми, шайтон йўлдан оздиради. Саҳобалар ва тобеъинлар даврида яшаган, улар билан бирга ҳамсуҳбат бўлиб юрган Абдураҳмон ибн Мулжамдек кимса ёмонларга қўшилиб йўлдан адашди. Ёмонларга қўшилди, бир аёлга уйланиш учун унинг маҳрига Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг бошини ваъда қилиб, фаҳшга берилди. Ўша аёл ким эди, биласизларми? Гуноҳни савоб деб ваъда қилдирган ўша хотин Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу намозга чиққан масжидда мудом эътикоф ўтирган обида ва солиҳа кўринишидаги ҳижобли ва мастура “мўъмина” эди. Ташқи кўринишлар сизни алдаб қўймасин!
3)Ҳамиша фитналардан огоҳ бўлиб яшаш керак. Инсон ўз амалининг оқибатини ўйлаб, унинг оқибатидан қўрқиб яшамоғи лозим. Амалга суянмаймиз, мағрур бўлмаймиз, Аллоҳга суянамиз! Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан ҳам бизни огоҳ қилганлар:
فَإِنَّ أَحَدَكُمْ لَيَعْمَلُ بِعَمَلِ أَهْلِ الْجَنَّةِ حَتَّى لَا يَكُونَ بَيْنَهَا وَبَيْنَهُ إِلَّا ذِرَاعٌ، فَيَسْبِقُ عَلَيْهِ الْكِتَابُ فَيَعْمَلُ بِعَمَلِ أَهْلِ النَّارِ فَيَدْخُلُ النَّارَ. وَإِنَّ أَحَدَكُمْ لَيَعْمَلُ بِعَمَلِ أَهْلِ النَّارِ، حَتَّى مَا يَكُونُ بَيْنَهَا وَبَيْنَهُ إِلَّا ذِرَاعٌ، فَيَسْبِقُ عَلَيْهِ الْكِتَابُ، فَيَعْمَلُ عَمَلَ أَهْلِ الْجَنَّةِ فَيَدْخُلُهَا
“Сизлардан бирларингиз жаннат аҳлининг ишини қилиб юради. Токи у билан жаннат ораси бир энлик қолганида тақдири ундан ўтиб кетиб, у дўзах аҳлининг ишини қилиб қўяди-да, дўзахга киради. Яна бирларингиз эса дўзах аҳлининг ишини қилиб юради-да, у билан дўзах ораси бир энлик қолганида тақдири ундан ўтиб кетиб, жаннат аҳлининг ишини қилади-ю жаннатга киради” (Бухорий, 9/7454).
4)Яхшилик ва ҳидоят ҳамиша кўпчилик томонда бўлади. Аҳли суннат ва жамоат кўпчилик томондадир, мусулмон умматининг мутлақ аксарияти ҳидоятда бўлган суннат аҳлидир. Шунинг учун, мусулмонлар оммаси ва уламолари тан олган илм аҳлига эргашиш даркор. Оят ва ҳадисдан гапирган ҳар бир одам ҳидоятда бўлавермайди. Қори ёки олим кўриниш яхши инсон дегани эмас. Бир латифада: “Ўғрини ўғри дейилади, каззобни каззоб дейилади, зинокорни зинокор деймиз, фирибгарни фирибгар деймиз, қорини қори, домлани домла, яхшини яхши, ёмонни ёмон деймиз. Буларнинг ҳаммасини қилувчини нима деб атаймиз?” дейилганда, “Ундайларни Ҳожи ака дейилади”, деб жавоб берилган экан. Ҳидоятда экани унинг зоҳирий кўриниши, ибодати ва амалларининг яхшилиги қалбининг гўзаллиги, дилининг софлиги ва холислиги билан бир хил бўлишда намоён бўлади. Хуллас, тили бошқа, дили бошқа одамлардан эҳтиёт бўлмоқ лозим!
Аллоҳ таоло ҳар биримизни ўзининг тавфиқи ва ҳидоятида бардавом айласин, Яратган Эгам ҳеч кимни адаштирмасин! Омийн!
Ҳамидуллоҳ Беруний – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Izoh qoldirish