14.09.2024

ПАЙҒАМБАРИМИЗНИНГ МУБОРАК СИЙРАТЛАРИНИ ЁШЛАРГА ЎРГАТАЙЛИК

Пайғамбаримиз Муҳаммад  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт йўллари – сийратлари нафақат мусулмонлар, балки бутун инсоният учун ибрат ва ҳидоят манбаидир. Замонавий дунёда, ёшларни турли маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилиш учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаёт тарзлари ва ўгитларини ўрганиш ва ўргатиш ғоят муҳимдир.

Дарҳақиқат, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 15 июнда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжуманда : “Бизни ҳамиша ўйлантириб келадиган яна бир муҳим масала – бу ёшларимизнинг одоб–ахлоқи, юриш–туриши, бир сўз билан айтганда, дунёқараши билан боғлиқ”, деб ёшлар одоб–ахлоқ масаласи биринчи даражали вазифаларимиздан эканини таъкидлаганлар.[1]

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Батаҳқиқ, сизлар учун–Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди”(33:21),  деб марҳамат қилади.  Оятда Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи  васаллам   ҳаётларини ўрганишнинг нақадар муҳимлиги  таъкидланади.

Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам    айтганлар: “Мен сизларга икки нарсани қолдириб кетяпман. Модомики, уларга маҳкам ёпишар экансиз, ҳеч қачон адашмайсиз. Улар – Аллоҳнинг Китоби ва Пайғамбарининг суннати”.[2] Ушбу ҳадис сийрат илмининг Қуръон билан бир қаторда муҳим эканлигини эслатиб ўтади.

“Қуръони каримда: “Эй одамлар! Сизга ўз Роббингиздан мавъиза, кўксингиздаги нарсага шифо, мўъминларга ҳидоят ва раҳмат келди” (10:57), дея марҳамат қилинган бўлиб, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам ҳаётларини ўрганиш орқали инсон қалби покланиши  ва тўғри йўлни топиши баён қилинган. 

Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам     айтганлар: “Илм ўрганинглар ва уни одамларга ўргатинглар”. [3] Ҳадиси  шариф бизни сийрат илмини ўрганиш ва уни бошқаларга, айниқса ёшларга ўргатишга ундайди. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи  васаллам    айтганлар: “Мен гўзал ахлоқни камолга етказиш учун юборилдим”.[4]  Бу ҳадис  эса сийратни ўрганишнинг асосий мақсади – ахлоқий камолотга эришиш эканлигини кўрсатади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васалламнинг муборак сийратларини ёшларга ўргатиш нафақат диний, балки ижтимоий зарурат ҳамдир. Бу орқали биз ёш авлодни маънавий баркамол, ахлоқан етук ва жамиятга фойдали инсонлар қилиб тарбиялашимиз мумкин. Сийратни замонавий усуллар ва ёндашувлар орқали ўргатиш, уни бугунги кун талабларига мослаштириш ва амалий ҳаётга татбиқ этиш бу борадаги энг муҳим вазифалардир. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам    сийратларини ўрганган ёшларда ростгўйлик, адолат, меҳр–шафқат каби фазилатлар ривожланади, жамият ҳаётида фаол иштирок этиш, ижтимоий муаммоларга бефарқ бўлмаслик, оила аъзоларига ҳурмат, эр–хотин муносабатларидаги масъулият ҳисси ортади, бошқа дин ва маданият вакилларига нисбатан ҳурмат ва тушуниш ҳисси шаклланади, илм олиш, касбий маҳоратни ошириш, доимий ўз устида ишлашга рағбат пайдо бўлади.

Сийрат илми Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилишларидан то вафотларигача бўлган ҳаётларини ўрганувчи фандир. Бу илм Қуръон оятларини тушуниш учун калит вазифасини ўтайди, чунки кўплаб оятлар Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи  васаллам    ҳаётларидаги муайян воқеалар билан боғлиқ бўлиб, сийратни ўрганиш орқали бу оятларнинг нозил бўлиш сабаблари ва чуқур маъноларини англаш мумкин. Шунингдек, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи  васаллам   ҳаётлари Ислом таълимотларининг амалдаги ифодаси бўлиб, у зотнинг сийратлари орқали қандай яшаш кераклигини ўрганамиз. Бундан ташқари, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи  васалламнинг юксак ахлоқлари ва муомалалари ҳар бир инсон учун ўрнак бўла олади, бу эса сийрат илмининг ахлоқий тарбия манбаи сифатидаги аҳамиятини кўрсатади.

Бугунги кунда ёшларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам    сийратларини ўргатиш жуда муҳим, чунки бу замонавий дунёнинг маънавий қадриятлар йўқолиши билан боғлиқ муаммоларига ечим топишда ёрдам беради. Сийрат ёшларга ҳаётда тўғри йўл танлашда йўлланма бўлиб хизмат қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг раҳбарлик, муомала ва оилавий муносабатлар каби жиҳатларини ўрганиш ёшларнинг шахсий ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади. Бундан ташқари, сийратни ўрганиш орқали ёшлар Исломнинг ҳақиқий моҳиятини англайдилар ва турли хато фикрлардан ҳимояланадилар. Шунингдек, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам    ҳаётларини ўрганиш ёшларга ўз миллий ва диний қадриятларини чуқурроқ англашга ёрдам беради.

Сийрат илмини ўрганиш ва ўргатиш жараёнида юзага келадиган қийинчиликларни енгиб ўтиш учун давлат, жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари ва оила биргаликда ҳаракат қилиши лозим. Шундагина биз Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт йўлларини келажак авлодларга тўлиқ ва тўғри етказа оламиз. Демак, сийратни ўрганиш ва ўргатиш орқали биз нафақат тарихни, балки комил инсон бўлиш йўлини ҳам ўрганамиз. Бу эса ҳар бир давр ва ҳар бир жамият учун доимий долзарб вазифа бўлиб қолаверади.

Фахриддин Худойназаров – Имом Термизий халқаро 

илмий – тадқиқот маркази  илмий ходими

 


 

[1] Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби" мавзусидаги анжуманда сўзлаган нутқи (president.uz)

[2] Имом Молик: “Муватто”,5/1323-бет, 3338-рақамли ҳадисда келтирган.

[3] Имом Дорақутний: “Сунан”, 5/ 144-бет,  4104-рақамли ҳадисда келтирган.

[4] Имом Байҳақий: “Сунан ал- Кубро”, 10/ 323-бет,  20782-рақамли ҳадисда келтирган.

Izoh qoldirish