10.10.2024

Профессор доктор Меҳмет Гўрмез

Аввал, шу йил 17-18 октябрь кунлари Термиз шаҳрида “Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни” мавзусидаги халқаро илмий анжумани бўлиб ўтиши ҳақида хабар берган эдик.  Ижтимоий тармоқлар орқали мазкур анжуманга ташриф буюрадиган мўътабар уламолар ҳақида маълумот бериб борамиз.

Профессор доктор Меҳмет Гўрмез (1959 йилда туғилган) – ҳадис фанлари доктори ва профессори. 

1987 йилда Анқара университетининг илоҳиёт факультетини тамомлаган ва магистрлик даражасини олган. 1994 йилда “Ҳадис ва суннатни тушуниш ва шарҳлашда услубий муаммо” мавзусидаги диссертацияси учун докторлик илмий даражасини олган. Унинг диссертацияси 1995 йилда Вақф вазирлиги томонидан исломшунослик ва тадқиқотлар бўйича биринчи мукофотга сазовор бўлган. Кейин у Англияда бир йил давомида тадқиқот билан шуғулланган. 

Қозоғистон давлати илоҳиёт факультетида (1995-1997 йй.) ҳамда Ҳажитепе университетининг таълим факультетида (2001-2003 йй.) дарс берган. Анадолу университети қошидаги Илоҳиёт институти ўқув дастурини тайёрлашда қатнашган. 

2003-2010 йилларда Туркия диний ишлар бўйича вице-президенти лавозимига тайинланган. Сўнгра 2010 йилдан 2017 йилгача Туркия дин ишлари бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган. 

У кўплаб китоблар, жумладан, ҳадисга оид, баъзилари эса дин ва цивилизацияга оид китоблар нашр этган. Шунингдек, у араб тилидан туркийга ҳам китобларни таржима қилган ва ўз ҳиссасини қўшган. Араб ва инглиз тилларини яхши билади.

Izoh qoldirish