Малайзияда Марказ илмий фаолиятининг тақдимоти ўтказилди
2025 йил 4 февраль куни Куала-Лумпур шаҳридаги Малайзия Ислом санъати музейида “Маданий мерос: Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги кўприк” мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. Ушбу тадбир Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги маданий алоқаларни янада ривожлантириш, Малайзия жамоатчилигини Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданий мероси билан яқиндан таништириш мақсадида ташкил этилди.
Давра суҳбати Малайзия ислом санъати музейи, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ислом тушунчаси ва цивилизацияси халқаро институти, Малайзия халқаро ислом университети, Малайзия Ислом илмлари университети, шунингдек, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбир доирасида Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги маданий алоқаларнинг бугунги ҳолати, Ўзбекистоннинг қадимий ва бой тарихи ҳамда ислом цивилизациясига қўшган ҳиссаси юзасидан маърузалар тингланди. Давра суҳбати кириш нутқлари билан бошланди. Ислом санъати музейи директори Сайид Муҳаммад Бухорий, Музей директори ўринбосари Рашида Салим ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ф.Абдухаликов тадбирнинг аҳамияти ҳақида сўз юритишди.
Тадбирда Ўзбекистон олимларининг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси, Мовароуннаҳр мутафаккирларининг илмий мероси ва диний-маърифий ҳамкорликнинг истиқболлари ҳақида фикрлар билдирилди.
Тадбир давомида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Музаффархон Жониев ўз маърузаси билан иштирок этиб, Марказ фаолияти ҳақида ҳам маълумот берди.
Шунингдек, тадбирда Марказ томонидан нашр этилган китоблар тақдимоти ҳам ўтказилди.
Izoh qoldirish