02.02.2024

ИМОМ ТЕРМИЗИЙНИНГ “ШАМОИЛ” КИТОБЛАРИГА МУҲАДДИС МИРАКШОҲНИНГ ШАРҲИ ВА УСЛУБИ

Буюк Ватандошимиз Имом Термизийнинг “Шамоил” асарларига,кўплаб шарҳлар битилган. Мулла Алиюл қори, Миракшоҳ каби бир қанча муҳаддислар бу бобда самарали тадқиқотлар ўтказиб, “Шамоил” асарига шарҳлар ёзганлар. Муҳаддислар томонидан, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ҳақида таълиф этилган асарлар, ҳали ҳам талабалар томонидан севиб ўқилиб ва тадқиқ этиш давом этмоқда. 

Ушбу мақоладан мақсад, муҳаддис Насимиддин Миракшоҳнинг услубини тушунтириш ва унинг ҳадисларга муносабати, араб тили грамматикасида билими, уламолардан нақл қилиш усули ва унинг тузатишларини кўрсатишдир. Унинг билими ва маданиятига далолат берувчи манбалар, шунингдек, уламоларининг ўша тарихий даврдаги сиёсий ва эътиқодий шароитларга қарамай, пайғамбаримиз ҳадисларини тушунтиришдаги саъй-ҳаракатларини кўрсатишдан иборат.Тадқиқотдан мақсад, муҳаддисларнинг тадқиқотларининг аҳамиятини тушуниш имконини беради. Айниқса, Имом Термизийнинг “Шамоил” китобининг тадқиқ этишда, уларнинг шарҳи аҳамиятли ҳисобланади.

Миракшоҳ - Насимиддин Муҳаммад ибн Мирзо Жамолдир.Бошқа манбада: Жалолиддин Атоуллоҳ ибн Амир Ғиёсиддин Фазлуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Абдулатиф ибн Жалолиддин Яҳё Ҳусайний Ҳасаний Даштаки Шерозий Ҳиравий, Миракшоҳ номи билан машҳур деб келган. Баъзи манбада, Жамолиддин Атоуллоҳ ибн Маҳмуд ибн Ғиёсиддин Фазлуллаҳ келган.[8:1:664] Сайид Ҳофиз Муҳаддис.[12:41/б], [4:27:330], [13:3:1555], [7:4:422], [8:1:664], [3:5:181].

Манбаларда, унинг туғилган санаси ҳақида, аниқ маълумотлар келтирилмаган, аммо Броккелман “Араб адабиёти тарихи”да, тахминан 8 - аср ўрталари деб, эслатиб ўтган.[9:3:195] Миракшоҳ Афғонистон давлатида жойлашган Ҳирот шаҳрига оиласи билан, кўчиб келганидан сўнг, илм ва одобдан яхши тарбия олди. Бу тарбия Миракшоҳнинг руҳига катта таъсир кўрсатди. Унга ҳадис ва унинг аҳлига меҳр қўйиш, ҳадисларни тадқиқ қилишга, бўлган қизиқиш отасидан ўтган.Миракшоҳ раҳимаҳуллоҳ Ҳирот шаҳрини Сафавийлар томонидан, қаттиқ назорат қилинишига қарамай, аҳли суннат ва жамоъат эътиқодида эди. Миракшоҳ ва унинг отаси Жамолиддин суннийлик эътиқодида собит қадам кишилардан эдилар. [10:3]

У дастлабки илмни, ҳадис илмида беназир, диний илмларнинг барча соҳаларида моҳир бўлган отаси Саййид Жамолиддин раҳимаҳуллоҳдан олди.Оталари Саййид Жамолиддин раҳимаҳуллоҳ Қуббадаги “Султония” мадрасасида дарс берар эдилар. Ўзларидан кейин устозликга Миракшоҳни таъйинлаб, кетганлар.[3:5:182] Ҳафтада бир марта Ҳирот шаҳридаги Катта Масжидга бориб, умматни насиҳат қилиб қайтардилар.У зотнинг энг машҳур асарларидан “Равзатул аҳбоб фий сийратин набий ва ол ва асҳоб” (Пайғамбар, оилалари ва саҳобалар таржимаи ҳоллари ҳақида дўстларга гулдаста) асаридир. Шу боис Миракшоҳ отасининг таъсирида вояга етиб, ҳадис ва шариъат илмларини тадқиқ этишда, унинг услубига эргашган.

Миракшоҳдан кўп сонли талабалар таълим олганлар, улар орасида:

1.Фазилатли шайх Саййид Муртазо ибн Али ибн Муҳаммад ибн Саййид Шерозий Шариф Журжоний, машҳур асарлар муаллифи бўлиб, у кўп фанларда, хусусан, мантиқ, ҳикмат, математика санъати, бастакорлик ва шеърият билан шуғулланиб, ўша фанлардан моҳир устоз эди. У Миракшоҳдан ҳадис илмини ўрганди.Исмоил Шоҳ Сафавий давридаги Хуросондаги етакчи уламолардан ҳисобланарди, у ерда бир муддат қолиб, сўнг Ҳижозга ҳаж зиёрати  учун отланган. Кейин Ҳиндистонга келиб, Дакканда бир муддат истиқомат қилди, сўнгра 972-ҳижрий йили Акрага кирди.Ҳижрий 972-йилда Деҳлида вафот этди. [4:27:330]

2.Муҳаддис олим, Мирикалон номи билан машҳур, Шайх Муҳаммад Саид ибн Мавлона Хожа Ҳанафий, Хуросоний, у киши замоналарининг буюк олимлардан бири бўлган.Ҳадис илмини Саййид Насимдан олди. Бир мунча вақт унга эргашди.Кейин Макка шаҳрига сафар қилди, ҳаж қилди, бир муддат муборак Маккани зиёрат қилди ва бир муддат яшади. Шайх Али ибн Султон Алиюл-қори Ҳаравий ундан ҳадис илмини ўрганди. Ҳижрий 981 йилда, саксон ёшида Агра шаҳрида вафот этди. [14:4:422]

Олимлар Миракшоҳ раҳимаҳуллоҳнинг китобларига,катта аҳамият қаратиб, ундан кўп нусхалар кўчириб, унинг қимматли тадқиқотларини олқишлаганлар.Алиюл Қорий уни “Тадқиқотчиларнинг қаймоғи” деб таърифлаган. [7:1:703] Ва у ҳадисни тахриж қилаётганда: “Бу ҳадиснинг санадининг кўплиги нотўғри, чунки шарҳловчилар буни эслатишмаган, айниқса жаноб Саййид Миракшоҳ” дейди. [6:1:83] Хонсорий: “Насимиддин ҳадис илмида ўз даврининг ягона ва тенгдошлари орасида беназир эди” дейди. [3:5:182]

Миракшоҳ раҳимаҳуллоҳ биз учун бир қанча гўзал ва қимматли асарлар қолдирди. Жумладан: Абу Исо Термизийнинг “Шарҳуш - шамоил” ва Ибн Жазарийнинг “Ҳошиятул ҳиснул ҳиснин” (Қалъанинг қалъасига изоҳлар) асарлари.Манбаларда Миракшоҳ раҳимаҳуллоҳнинг ўлимининг аниқ санаси қайд этилмаган. Лекин Фуод Сезгин унинг отаси 930-ҳижрийда вафот этгани ҳақида эслатиб ўтган. Миракшоҳ раҳимаҳуллоҳ Х асрнинг ўрталаригача яшаган деб, тахмин қилинади. Чунки унинг шогирдлари ҳижрий Х асрнинг охиригача, ХI асрнинг бошларига қадар вафот этганлар. [5:1:308]

Миракшоҳнинг “Шамоил” китобини шарҳлашдаги услуби:

а) Қуръон оятларидан иқтибос келтириши:

Муаллиф, раҳимаҳуллоҳ, Қуръон оятларидан, фақат керак бўлган жойларда, иқтибос келтиради. Масалан, 8-боб. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам либослари ҳақида келган ривоятлар”да, “Эй Одам болалари, ҳар бир ибодат чоғида ўз зийнатингизни олинг. Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У зот исроф қилувчиларни севмас” (7:31) оятини иқтибос келтирган. [1:32]

б) Ҳадисга забт, шарҳ, тахриж ва ҳукм билан эътибор бериши:

Муаллиф раҳимаҳуллоҳ ҳадисларга диққат билан эътибор берган. Шу сабаб, у ҳадисларни ҳар томонлама, тушунтиришга иштиёқманд бўлган. Муаллиф ўз даврининг буюк муҳаддисларидан бири бўлганлигини яна бир бор исботлайди.Буни қуйидаги шарҳларидан англаш мумкин бўлади:

1.“Шамоил” китобининг жумлаларини тадқиқ қилишда жуда эҳтиёткорлик билан иш тутган ва унинг ибораларининг фарқини шайхларига ўқиган ва эшитган манбаларига асосланиб айтган ва бу унинг қанчалик диққат билан “Шамоил” китобини тадқиқ этгани ва бу лафзлар ривоятдан эканлигини кўрсатади. Мисол: “Абу Исо айтдики” жумласини тадқиқ этиб, “Тузатилган ва шайхлардан эшитилган нусхаларда, шундай суратда келган”дейди. [6:1:97]

2.Ҳадиснинг асл нусхасининг шарҳида бўлгани каби ривоятлар санадини зикр қилиш билан кифояланмаган, балки санади саҳоба ёки тобеъин бўлган олий ҳадис ровийини зикр қилишни афзал деб билган. Масалан: “Абу Римса ҳадиси”. Ҳадис Аҳмад ибн Манеъ Ҳушаймдан,у Абдулмалик ибн Умайрдан,у Иёод ибн Лақитдан, у Абу Римсадан ривоят қилинган. Миракшоҳ Имом Аҳмадни йўлидан ва Собит ибн Мунқиз йўлидан, ибн Абу Римсадан ривоят қилади. [6:1:132],[11:148]

3.“Шамоил” китобининг ровийлари ҳақида, муаммоли ўринларни шарҳлаган. Масалан: “Суфёндан” деб ровийнинг исми эслатилганда, “У Сўфён Саврийдир, Сўфён ибн Уяйна эмас. Чунки у Холид Ҳаззойидан ҳадис ривоят қилмаган” деган. [6:1:129]

4.Ҳадисларни шарҳлаганда, ҳадис ровийи, саҳоба ёки тобеъинни зикр қилиш билан кифояланган.

5.Ҳадисни изоҳлаш усули, ҳадисдаги сўз ёки жумлани келтириб, сўнгра изоҳ ва шарҳлашга ўтади, масалан:Ҳадисдаги “мусанно” иборасини шарҳлаб, “Тафъил” бобининг, исми мафъулидир ” дейди.

6.Китобдаги ҳадисларни изоҳлашда саҳиҳ ва ҳасан, марфўъ ва мақтўъ ҳадислар билан ҳужжат келтиришга таянган ва бу ҳақда батафсил тўхталиб ўтган, бу унинг илмининг кенглигидан далолат беради. Масалан: Миракшоҳ: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг ёки ўзларининг болдирлари мушагини ушлаб туриб, “Мана шу изорнинг ўрни.Агар буни инкор этсанг, ундан бир оз пастроқ (қил). Агар уни ҳам инкор этсанг, изорнинг икки тўпиққача тушишга ҳаққи йўқ”, дедилар” ҳадисини шарҳлаб: “Баъзи ҳадисларнинг зоҳирий маъносидан, Имом Бухорийда Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Манманлик билан кийимини судраб юрган кишига Аллоҳ назар солмайди”, дедилар”. [2:77:5783] Ва Aбy Ҳypaйpa poзияллоҳy анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Аллоҳ қиёмат куни кеккайиб, изорини судраган кимсага назар солмайди”, дедилар” [2:77:5788] ҳадислариларида келганидек, изорни узун қилиб кийишнинг ҳаромлиги уни манманлик билан судраб юришга хос эканлигини билдиради.Баъзи уламолар унинг ҳаромлиги манманликдан бошқа сабабларга асосланган дейишади.Имом Бухорийда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келганидек, “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Изорнинг икки тўпиқдан пастга тушгани дўзахдадир”, дедилар”.[2:77:5787] Абу Ҳурайра ва ибн Умарнинг ҳадисларида кибр ва манманликни келишида,танбеҳдан мақсад, бу ерда ушбу амаллар хосланган экани назарда тутилган. Изорни узун кийиш кибрдан холи бўлса, тақиқланган эмас.Бу қарашни Имом Бухорийда Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан бошқа йўллар билан ривоят қилинган ҳадисда келган матн:“Абу Бакр: “Эй Аллоҳнинг Расули, кийимимнинг бир тарафини тутиб турмасам, бўшаб, осилиб қолаверади”, деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Сен буни манманлик билан қиладиганлардан эмассан-ку”, дедилар” қувватлайди.[2:77:5784] Кўйлак, бўйинбоғ ва шунга ўхшаш нарсаларнинг енгларини чўзиш, кийимни судраб юришнинг тақиқига киради” дейди. [6:1:175]

7.У кўпинча ҳадис тахрижини китобларни афзаллигига асосланиб, “Саҳиҳ”дан бошлаб, кейин тўртта “Сунан”, кейин эса “Муснад” га кўра тартибга солган.Бунинг мисоли: Абу Зардан ривоят қилинган: “Қариликни ўзгартирган энг яхши нарса - хина ва катам” ҳадисидир.Ҳадисни тўртта “Суннан” муаллифлари ва Имом Аҳмад, Ибн Ҳиббонлар ривоят қилишган.Баъзида тартибга риоя қилмасдан, ҳам ҳадисларни келтирган. Масалан: Муоз ибн Анасдан марфўъ ривоят қилинган: “Ким кийим кийиб: “Менга бу кийимни кийгизган ва мендан ҳеч қандай куч ва қувватсиз уни менга берган, Аллоҳга ҳамдлар бўлсин”, деса олдин қилган гуноҳларини Аллоҳ кечиради” ҳадисни Имом Аҳмад,Имом Термизий “Жомеъ” китобларида ривоят қилиб, ҳасан ҳадис деб айтган, Имом Абу Довуд ривоят қилган, Ҳоким саҳиҳ ҳадисга чиқарган,Ибн Можа ривоят қилган.

8.Баъзида ҳадисни ривоят қилган ровийнинг китобини эслатмасдан ,”Уни Имом Ҳоким ривоят қилди” деб, ровийнинг исми билан кифояланган. Гоҳида ровий ва китобининг исмини, ”Имом Ҳоким “Мустадрак” китобида” деб биргаликда эслатиб ўтган.Гоҳида ё ровийнинг исми ё китобининг исми қолиб кетган.

9.Шоҳид ҳадисга эътибор берган. “Бу ҳадисга, Қатодани Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисидан шоҳид ҳадис бор, бу китобнинг охирида кўрсатилади.Яшамоқ бобида келган” деб айтган. У шунингдек, мутобеотларга ҳам ишора қилган. “Кейин Ҳокимнинг “Мустадрак” китобида бу ҳадисга мутобеъ ҳадис топдим” дейди.Бу фақат битта жойда. Бундан ташқари, у зиёдотларни эслатиб ўтган. Мисол учун: “Имом Ҳоким бу иборани қўшиб қўйди: “У зотнинг сочлари, қизил хина билан бўялган” дейди.

10.Баъзан ҳадиснинг ҳукми зикр қилади, бунга мисол қилиб у : “Табароний “Авсат”да ва Байҳақий “Даъватул кабир”да , саҳиҳ санад билан ривоят қилганлар” дейди. Гоҳида ҳадиснинг ҳукмини эслатиб ўтмайди. “Абу Довуд ва муаллиф “Жомиъ” китобида Сулаймон ибн Харбуз йўлидан ривоят қилганлар.Бизга Мадиналик бир шайх айтди: “Абдураҳмон ибн Авфнинг айтганини эшитдим” сўзлари далилдир.Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам менга салла кийгиздилар,саллани печини олдимга ва орқамга ташлаб қўйдилар” ҳадисини ривоят қилганда ҳадиснинг ҳукми айтиб ўтилмаган.

11. Жумла ҳадис шарифда қандай келган бўлса, шундай айтишга ҳаракат қилган. “Юқоридаги ҳадисни аввалги лафзи билан”, “Жомеъ” китобининг,фалон бобининг бошида ривоят қилган” дейди. “Ибн Аббоснинг ҳадиси ҳасан ҳадис бўлиб,унинг матни Аббод ибн Мансур ҳадисидан билинади” дейди.

12.Ровийни таржимасига ҳадисдан далил келтиради. Соиб ибн Язиднинг ҳадиси каби, унда “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. Уҳуд жанги куни, иккита қалқонда ёки иккита қалқон кийган эдилар” деб исми қолдирилган бир кишидан ривоят қилинади. Миракшоҳ:”Абу Довуд ривоятидаги номаълум киши, балки Зубайр ибн Аввом бўлгандир.Чунки у ҳадиснинг маъносини ривоят қилган” дейди.

в) Ҳадисда келган номаълум сўзлар ва унинг маъносини тушунтиришга ва грамматик тузилишига эътибор бергани.

1.Миракшоҳ номаълум сўзларни,забт этиш ва маъносини аниқлаш учун,ўзининг тилшунослиги ва Жавҳарийнинг “Сиҳоҳ”,Замахшарийнинг “Фоиқ”, Мажд ибн Асирнинг “Ниҳоя”, Ҳиравийнинг “Ғарибийн”, Матарзийнинг “Муғраб” луғат китобларидан фойдаланган.

2.Китобни шарҳлашда, ибораларни грамматик тузилиши афзаллигини эътиборга олган. Ҳадисни шарҳлаганда, “Бу бани тамим луғатида келган,улар алиф ҳарфини ўрнига айн ҳарфини алмаштириб ўқишади” дейди.

г) Ҳадислар матни ва сўзларига эътибори,таҳрирлаши ва тасдиқлаши.

Миракшоҳ ривоятларни забт этишда ўзининг эҳтиёткорлиги билан ажралиб турарди.Уни қуйида кўриб чиқамиз:

1.Ривоятни эшитган манбалари ва бошқа нусхалари билан солиштиради. ”Эшитган манбаларимиз ва кўп нусхаларда шу суратда келган” дейди.

2.Сўзнинг ҳарфларини грамматик белгилари билан мослаштиради,фарқ бўлса, тузатади. Санадда “Абу Жанноб” сўзи ташдидли келган,бу ҳақида Миракшоҳ: “Баъзи нусхаларда, нун ҳарфи ташдидли келган,бу ғалатдир. Тўғриси ровийлар исмининг олимлари тадқиқ этганидек, ташдидсиз келади” дейди.

д) Ровий, ровийнинг ватани, қабиласини билиш билан шуғуллангани.

1.Агар ровийнинг таржимайи ҳолини келтирмоқчи бўлса, қисқача қилиб: ”Суддий, сод ҳарфи заммали, дол ҳарфи ташдидли ўқилади. Суддага нисбат берилган.У Кўфа жомеъ масжиди ёнидаги суффанинг номидир. Суддий ўша маҳаллада яшаган. Унинг исми Исмоил ибн Абдураҳмон, машҳур муфассир, баъзи муҳаддислар уни сиққа ва баъзилари заифга чиқарган” дейди.

2.Кўпинча ровийнинг таржимайи ҳолини қисқа баён қилади,фақат Муайқибнинг таржимайи ҳолини кенг шарҳлаган.

3. Ровийларга таъриф бермасдан, аҳли илм сўзларини эслатиб ўтишнинг ўзи билан кифояланган. Масалан: Миракшоҳ ровий Абдуллоҳ ибн Маъмун ҳақида, Имом Бухорий: “Зоҳибул ҳадис”,Абу Зараъа: “Ҳадиси заиф”, Муаллиф: “Мункарул ҳадис”, Абу Ҳотим: “Матрукул ҳадис”, Ибн Ҳиббон: “Ҳужжат келтиришга яроқсиз” деб айтишган” дейди.

е)Уламоларни хатоларини тузатиши.

Миракшоҳнинг кенг билими, мулоҳазакорлиги, алломалар сўзларига мурожаат қилиши, уламоларнинг гапларига амал қилиш ва уларга жавоб бериш имконини берди.Юқорида,Абу жаноб исми,баъзи нусхаларда Абу жанноб келганида хатони тузатгани ўтди. 

ж) Китобини тартибга солиш услуби.

1.У ҳар бир бобга кириш сўзини ёзиб, бобнинг номини кенг тушунтирган.

2.Ҳар-бир бобда келган ҳадисларнинг сонига ишора этган.

“Сийрат” ва “Шамоил” ҳақида китоблар ёзган муҳаддисларнинг асарларини тадқиқ этиш. Аждодларимизнинг ҳадис илмига бўлган муҳаббатларини акс этади. Пайғамбаримиз ҳадисларини замонлар ўтиши билан, уларга хато сўзлар кириши, нотўғри талқин этилиши каби иллатлардан сақлайди. Бу бебаҳо меросимизни тўлиқлигича ёшларимиз қалбига, етиб боришига хизмат қилади. Аждодларимизнинг бу йўлда чеккан заҳматлари яна бир бор, кўзимиз олдида намоён бўлади. Турли миллат ва мамлакат вакилларининг , ”Шамоил” китобини шарҳ этишидан, Имом Термизийнинг бу асарлари жаҳон маданиятига қўшган, ноёб асар эканига амин бўламиз. Ёшларимизни ватанга ,аждодларимизга бўлган муҳаббати яна ҳам ортади.

 

Фаҳриддин Худойназаров,

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Абдулҳай ибн Фахриддин ибн Абдулаъло Толибий.Нузҳатул хавотир ва баҳжатул масомеъ ва навозир. Дору ибн Ҳизам. Байрут, 1999.
  2. Абу Исо Муҳаммад ибн Савра Термизий. Шамоилун набавия. Дорул ҳадис. Байрут, 1988.
  3. Абу Тийб Муҳаммад Сиддиқхон ибн Ҳасан Қанужий.Абжадул улум.Дорул ибн Ҳизам, Байрут, 2002.
  4. Абул Файз Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Абдурраззоқ Забийдий.Тожул арус мин жавоҳирил қомус.Вазоратул иршод вал анбо, Қувайт, 1965.
  5. Абулҳасан Али ибн Муҳаммад Қорий.Жамъул васоил фий шарҳи шамоил. Дорул кутубил илмияти, Байрут, 2017.
  6. Исмоил ибн Муҳаммад амин ибн Мир Салим Бағдодий.Ҳадиятул орифийн Асмоал муаллифийн ва осорил мусаннифийн.Ваколатул маорифил жалила. Истанбул, 1951
  7. Карл Броккелман.Тарихул адабил араби. Дорул маориф.Қоҳира, 1977.
  8. Муҳаммад Будайрий. Жавоҳирул аволий фий зикрил асонидил аволий. Мактабатут дорул кутубиз зоҳирияти. Қўлёзма.
  9. Муҳаммад ибн Али ибн Муҳаммад Шавконий.Фатҳур-раббоний мин Фатово Имом Шавконий.Мактабатут жийли жадид. Яман, 2008.
  10. Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий.Саҳиҳ Бухорий. Дорул ибн Касир. Байрут,2018.
  11. Муҳамммад Боқир ибн Зайнулобидин Хонсорий.Равзотул жаннот фий аҳволил уламо ва содот. Дорул исломияти, Байрут, 1991.
  12. Насимуддин Миракшоҳ. Шарҳуш шамоил. Оммул жомеъ, Саудия.2017.
  13. Фуод Сезгин.Тарихут туросил арабий.Жомеъатул имом Муҳаммад Сауд исломияти, 1991.
  14. Ҳодий ибн Қоид Ҳодий Ҳабрадий.Миракшоҳнинг Имом Термизийнинг “Шамоил” китобига шарҳи илмий иши. Мажалатул улумил инсонияти. 2017.

Izoh qoldirish