03.01.2025

БУХОРОЛИК ҲАМДА ТЕРМИЗЛИК ХАТТОТЛАР ФАОЛИЯТИ ВА КЎЧИРГАН ҲАДИСЛАРИ ТАРИХИ

Аннотaция: мазкур мақолада Имом ал-Бухорий, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али Ҳаким Термизий, Доримийнинг қаламига мансуб асарларининг қўлёзмаларини кўчирган, хаттотларнинг ҳаётий фаолияти ва тарихи ҳақида илмий мушоҳада маълумотлар келтирилган. Истанбул шаҳридаги “Ошир Афанди” номли кутубхона, Ҳиндистоннинг Калкутта шаҳридаги “Ал-жамъийя ал-Асиявийя” номли кутубхоналарда сақланаётган қўлёзма нусхалари тадқиқ этилиб, уларнинг қайси асрга мансублиги, қайси хаттот томонидан кўчирилгани, хат турлари, уларнинг ўзаро фарқли жиҳатлари ёритиб берилган.

Abstract: this article presents information about the life and history of calligraphers who copied the manuscripts of Imam al-Bukhari, Abu Abdullah Muhammad ibn Ali Hakim Termizi, Dorimi, as well as the history of calligraphers. Copies of manuscripts kept in the libraries of Oshir Efandi in Istanbul, Al-Jamiyya al-Asiawiya in Kolkata, India, and their centuries, copies through which calligraphy, types of letters and their various aspects are explained.

Аннотaция: в данной статье представлены сведения о жизни и истории каллиграфов, копировавших рукописи Имама аль-Бухари, Абу Абдуллы Мухаммада ибн Али Хакима Термизи, Дорими, а также история каллиграфов. Копии рукописей, хранящиеся в библиотеках Ошир Эфанди в Стамбуле, Аль-Джамийя аль-Асиавия в Калькутте, Индия, и их век, копии, с помощью которых объясняются каллиграф, типы букв и их различные аспекты.

 

Калит сўзлар: хаттот, асар, қўлёзма, ҳадис, Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, нусха, тарих, кўчирма, хат тури.

Key words: calligrapher, work, manuscript, hadith, Imam al-Bukhari, Imam at-Tirmizi, copy, history, extract, type of writing.

Ключевые слова: каллиграф, произведение, рукопись, хадис, Имам аль-Бухари, Имам ат-Тирмизи, копия, история, выписка, тип письма.

 

Хаттотлик ва китобат санъати Машриқзамин аҳолисининг узоқ асрлик маданий-тарихий меросида алоҳида ўрин эгаллайди. Марказий Осиё халқлари томонидан ислом динининг қабул қилиниши араб ёзувининг ҳам кириб келишига сабаб бўлади. Натижада, араб ёзуви VII асрдан бу халқлар учун илм-фан ва давлат ишларида расмий ягона ёзув сифатида ўрин олади. Тарихда ҳар бир муаллиф қўлёзма асарлари ҳуснихат соҳиблари бўлмиш хаттотлар, котиб ва мирзамуншийлар томонидан чиройли кўчириб борилган. Жумладан, “Шарқ ҳуснихати эстетикаси” деб номланган қўлёзма асарлар шу тарихий жараёнга мурожаат қилар экан, Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Доримий, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳмад Яссавий, ал-Хоразмий, ал-Беруний, Ибн Сино сингари буюк шахслар бу ёзувда битган асарлари, эзгу амаллари билан жаҳон тамаддунига муносиб ҳисса қўшганларини таъкидлайди.

Имом ал-Бухорий асарининг ушбу кўплаб нусхалари турли шаҳарларда тарқалган. Ҳатто ўрта асрларда яшаган баъзи адиб ва хаттотлар учун бу асар нусхаларини кўчириш тирикчилик манбаи ҳам бўлган. Жумладан, таниқли адиб ва тарихчи ан-Нувайрий (1332 йилда вафот этган) ал-Бухорийнинг ушбу асаридан саккиз нусха кўчириб, ҳар бирини минг дирҳамдан сотган. 1325 йилда кўчирилган саккиз жилддан иборат гўзал бир нусхаси ҳозир Истанбулда сақланмоқда. “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” га кўпдан-кўп шарҳлар битилган бўлиб, муҳим манба сифатида у қайта-қайта нашр ҳам қилинган.

Имом ал-Бухорийнинг ушбу йирик асари даврдан бошлаб токи шу вақтгача у ислом таълимотида Қуръондан кейинги иккинчи ўринда турадиган муҳим манба сифатида юқори баҳоланиб келинмоқда. Имом Бухорийнинг ушбу асарининг хаттотлар томонидан кўчирилган кўплаб нусхалари турли шаҳарларда тарқалган.

Ўз даврида бухоролик хаттот ва котиблар қаторида моҳир хаттот Мавлавий Соқий Муҳаммад Балхий-Бухорий 1671 йилда кўчирган Саъдиддан Тафтазонийнинг “Шарҳи ақоид” ва 1683 йилда кўчирган Насафийнинг “Ақоид” асари қўлёзмалари кўчирилган.

Ислом дунёси тарихида Термизийлар маърифати, илму урфондаги истеъдодлари билан алоҳида ажралиб туради. Улар орасида саййидлар хонадони вакиллари ҳам бор: Муҳаммад Маъсум ибн Саййид ал-Хасаний ат-Термизий, “Муноқиби Муртозавий” тарихий асарини ёзган Мир Муҳаммад Солиҳ Термизий, “Дастур ал-Мулк” асарининг муаллифи Хожа Самандар Термизий  шулар жумласидандир. Термиз саййидлари хонадонидан етишиб чиққан машҳур наққош-хаттот Мир Саййид Али Ҳиндистонда Ҳумоюн саройида хизмат қилган шулар жумласидандир.

Термиз адабий мактабининг энг етук намояндалари Адиб Собир Термизий билан Мунжик Термизийдир. Бу икки зотнинг издошлари Абу Сайид Термизий, Абу Бакр Умар ат-Термизий, Адиб Исмоил Термизий (Адиб Собир Термизийнинг отаси), Қатрон ибн Мансур Ажалий Термизий, Али ибн Адиб Собир ибн Адиб Исмоил Термизий (Адиб Собирнинг фарзанди), Жамолиддин Абу Бакр Хол ат-Термизий, Нажибуддин Абу Бакр ат-Термизий ал-Хаттот ҳамда Муҳаммад ибн Аҳмад Термизий каби зотлар яшаб ўтган ёки Термизий нисбаси билан Афғонистон, Эрон, Покистон ва Ҳиндистонга бориб ижод қилганлар. Мана шу Термиз адабий мактабининг ривожлангани, қолаверса, дунё адабиётига таъсир кўрсатганидан далолат беради. Кашфий Термизий каби етук шоир, моҳир хаттот ва олимни Термиз ўлкаси етиштиришда ҳар томонлама замин яратганди. Албатта, бир олим ёки бир шоир етишиб чиқиши учун ушбу заминда шундай муҳит бўлиш шарт. Ҳар бир натижанинг боши бўлгани каби Кашфий Термизийдек юзлаб Термизий ва Чағонийлар етишиб чиқишига бош сабаб – маънавий муҳит ва унинг намояндаларининг роли катта бўлган.

Термизлик хаттотлар томонидан 1510 ҳамда 1533 йилларда кўчирилган улуғ муҳаддис Абу Исо Термизий “Аш шамоил ун-набавия” асарининг қўлёзмалари ва асарда “Шамоил” сўзи ишлатилганда инсоннинг хислатлари, сифатлари, ўзига хос хусусиятлари, ахлоқу одоблари ҳамда шунга ўхшаш маънолар назарда тутилади. “Фалончи гўзал шамоил эгаси” дейилганда гўзал ахлоқ эгаси деган маъно тушунилади. “Олийжаноб шамоил эгаси” дейилганда олийжаноб ахлоқ эгаси деган маъно тушунилади. Шунинг учун, Имом Термизий ва у зотдан бошқа аҳли илмлар Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сифатлари, ахлоқи ҳамидалари, одоблари ҳамда шунга тегишли бўлган бошқа хислатларини “Шамоил” деб номлаганлар.

Имом ат-Термизийнинг “Шамоил” асари турли номлар билан нашр қилинган. Нусха кўчирувчи хаттотлар, китобни ривоят қилувчилар ва олимлар унга турли номларни ишлатганлар. Бу номлардан энг машҳурлари “Шамоили Набавийя” ёки “Шамоил Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам” бўлиб, бу исмлар кўп ишлатилган. Баъзан, мазкур асар “Шамоили Муҳаммадия”, “Шамоили Мустафо” номлари билан ҳам ишлатиб келинган. Муҳаддисшунослар асар муаллифига нисбат бериб, “Шамоил Термизий” ёки “Шамоил Термизийя” деган атамаларни фойдаланиб келишнган[1].

Жумладан, термизлик хаттотлардан Муҳаммад Солиҳ Кашфий Термизий ҳаёти ҳақида қуйидаги маъулмотларни бериб ўтади: “Шоир хаттот Муҳаммад Солиҳ ибн Амир Абдуллоҳ XVI асрнинг сўнгги чорагида Термизда туғилган, илк таълимни шу ерда олган. 1605 йилда отаси билан Ҳиндистонга, бобурий подшоҳлари ҳузурига кетган. Унинг отаси – ажойиб ижоди учун “Мушкинқалам” унвонини олган[2].

Имом ат-Термизийнинг “Сунан Термизий” асарига Аллоҳ таоло мақбуллик бағишлаган бўлиб, у кейинги давр олимлари, аҳли илмлари томонидан қайта-қайта ўрганилган, тадқиқ ва таҳлил қилинган. Ҳозиргача бу муқаддас анъана давом этиб келаётгани қувонарлидир. Асрлар давомида “Сунан Термизий” қўлёзмалари дунёнинг турли томонларига тарқаб кетган. Машҳур ва моҳир хаттотлар уни қайта-қайта китобат қилганлар. Жумладан, Қуддусда яшаган Абу Наср ал-Мўътаман ас-Сожий (ҳиж. 445 – 507 йиллар ва мил. 1053 – 1113 йй.) муҳаддис бобомизнинг мазкур тўпламини олти марта тўлиқ кўчириб чиққанлиги нақл қилинган[3].

Амир Темур девонида мавлоно шайх Муҳаммад ибн хожа Бандкор Термизий, Йўл Қутлуғ, Амир Муҳаммад Бадриддин, Хожа Абдулло Кеший каби ажойиб хаттотлар ҳам фаолият кўрсатишган. Буюк саркарда китоблар хазинасининг айримларини сафар ва юриш вақтларида ўзи билан бирга олиб юрган, яъни кўчма кутубхона ташкил этган. У ҳукмронлиги даврида Самарқанд шаҳридан китоб олиб чиқишни қатъий ман этган, чунки китоблар тенгсиз бойлик сифатида қўриқланган.

Бухоро хаттотлик мактабида тарбияланган термизлик хаттот ва шоир Абубакр хаттот Термизий (X-XI аср) Мир Абдуллоҳ Термизий Неъматуллоҳ авлодидандир.

Абубакр хаттот Термизий хатти настаълиқни сўнг даража гўзал ёзар эди. Шунинг учун, Шоҳ Жаҳон ва Аврангзеб томонидан “Мушкин қалам” деган фахрли унвон берилган. Шеърда тахаллуси “Васфий” бўлиб, бир қанча манзумалар, ошиқона ғазаллар ёзган. Яна бешта маснавий ва бир девон кўчириб қолдирган. У 1615 йилда вафот этган[4].

Мир Солиҳ Мир Абдуллоҳ Термизийнинг ўғлидир. Настаълиқ хатини гўзал ёзувчи, моҳир хаттот “Кашфий” тахаллуси билан шеър ҳам ёзар эди. Авваллари фақир ва дарвишона яшаб, ҳаётининг охирида Шоҳ Жаҳоннинг илтифотига сазовор бўлган. Унинг “Маноқиби Муртазавий” номли асари машҳурдир. 1651 йилда вафот этган.

Мир Муъмин Мир Абдуллоҳ Термизийнинг ўғли, Мир Солиҳнинг укаси, ашъорда тахаллуси “Арший” дир. Китобларни тайёрлаш ишларига, шеърда ва хатда маҳоратли эди. Шеърларини тўплаб девон тартиб берган. 90 ёшида, яъни 1680 йилда вафот этган[5].

Абу Бакр Муҳаммад бин Умар ал-Варроқ ат-Термизий замонасининг шайх, зоҳид, ҳаким ва авлиё сингари юксак унвонларига ҳақли равишда сазовор бўлган. Мазкур алломаи давроннинг тахаллуси - “Варроқ”, бу атама одатда, хаттот, адиб ва китоб муқовалаш билан машғул бўлган кишиларга нисбатан кўлланган.

Нажибиддин Абу Бакр ат-Термизий ал-Хаттот — XII асрда яшаб ўтган, замонасининг етук шоири ва уста хушнависларидан бири. “Лубоб ул-албоб” да ижодидан келтирилган уч рубоийсидан иккитаси чала, мисралари ўчиб кетган, биттаси тўлиқ ҳолда (Муҳаммад Авфий. Ўша манба. — С. 903 — 904; Муртазоев Б. Хаттот ва Ҳолати ат-Термизий).

Муҳаммад бин Мўмин ат-Термизий — XIV асрда яшаб ижод килган. Моҳир хаттот, етук Қуръонхон бўлгани бош Ҳисом кори тахаллусини олган экан. У Куръони каримни ёддан билган ва уни етти хил оҳангда қироат қила олган. Абу Муҳаммад ал-Ҳусайн бин Масъул ал-Фарраал Марварудий ал-Бағовийнинг “Маҳиийи ас-сунна” асарини кўчирган.

Асар ҳижрий 736, милодий 1335 – 1336 йилларда кўчирилган ва ЎзРФАШИ да 3261 рақами остида сақланади. Бағовий 1116 йилда вафот этган[6].

Мавлоно Шайх Муҳаммад ибн Хожа Бандкор Термизий — Амир Темур (1336-1405 йй.) саройида муншийлик қилган, тўғрироғи, Амир Темурнинг котиби, моҳир хаттот, у тўғрисида Мирхонд (1433-1498 йй.) нинг “Равзат ус-сафо” асарида маълумот мавжуд[7].

Мир Абдуллоҳ Термизий — хатти настаълиқда устод, Шоҳжаҳон (1592-1666 йй.); ҳукмронлиги (1628 – 1658 йй.) ва Аврангзеб (1618 – 1707 йй.); ҳукмронлиги (1658 – 1707 йй.) лар томонидан “Мушкин қалам” унвонига ноил этилган. Шеъриятда тахаллуси “Васфий” бўлиб, бир қанча манзума ва ғазаллар муаллифи, бешта маснавий ва бир девон кўчириб қолдирган, 1615 йилда вафот этган[8]. Ҳиндистон Бобурийлари хаттотлик санъатининг етук намояндаси, хаттотлик санъати ривожига баракали улуш қўшган, қабри Аграда, вафоти 1625 йилда дейишади[9]. Аммо вафот йиллари 1615 ёки 1625 йилда бўлган тақдирда ҳам, унинг яшаган вақти Шоҳжаҳон ва Аврангзеб ҳукмронлиги даврига мос келмайди.

Муҳаммад Солиҳ бин Амир Абдуллоҳ Ҳусайний Термизий — Мир Абдуллоҳ Васфийнинг фарзанди, Шоҳжаҳон (1628-1666 йй.) хаттотларидан, адабий тахаллуси “Кашфий” дир. Умрининг аксар кисмини фақирлик ва дарвишликда ўтказган, вафоти 1651 йилда[10].

Форс тилида ёзилган “Маноқиби Муртазавий” достонининг муаллифи, асарнинг учта қўлёзма нусхаси Эрон Ислом Республикасининг Қум шаҳридаги Ҳазрат Оятуллоҳ ал-Азимий Маръаший Нажафий номидаги кутубхонада №1318, №3008 ва №7704 рақамлари остида сакланади. №7704 рақамли қўлёзмада муаллиф исми шарифи Амир Муҳаммад Солиҳ деб бошланади.

Мир Муҳаммадмўмин ал-Ҳусайиий ал-Арший ибн Мир Абдуллоҳ Мушкинқалам Термизий – Мир Солиҳ Кашфийнинг, Шоҳжаҳоннинг билан Сулаймоншукухга муаллимлик қилган машҳур хаттот. Шоир, тахаллуси номаълум. Вафоти 1580 – 1581 йиллар[11].

Мир Муҳаммадмуқим Термизий – Бобурийлар саройида хизмат қилган, машҳур хаттот Мир Имом ал-Ҳасан Сайфий (1565-1616 йй.) нинг шогирди[12].

Мир Саййидали Жавоҳиррақам Термизий — Термизда таваллуд топади, хаттотлик сирларини падари бузургвори Мир Муҳаммадмуқим Термизийдан ўрганади, Исфахонда нашъу намо топади.

Настаълиқда отасининг устози Мир Имод ал-Ҳасан Сайфий (1565-1616 йй.) усулига эргашади ва ушбу усул ривожига катта ҳисса қўшади. Ёшлигида отаси билан Ҳиндистонга боради, оқибатда Бобурийлар хаттотлик мактабининг йирик вакилига айланади, 1683 йилда Шоҳжаҳонободда вафот этади[13].

Ҳаким Термизийнинг “Ал-амсол минал китоб вас сунна” асарининг қўлёзма асарда колофон мазмунидаги хотима қисм мавжуд бўлиб, “А” ва “Б” нусхаларнинг охирги саҳифасида қуйидаги бир хил иборалар, яъни “Аллоҳга ҳамд бўлсинки, бу китоб унинг кўмаги ва фазли карами билан ниҳоясига етди. Аллоҳнинг Набийси Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга, унинг аёллари, зурриёт ва саҳобаларига Аллоҳнинг саловоти – раҳмату мағфирати бўлсин. Бизни ҳам ўз фазли карами билан улар қаторида қилсин”, - деган дуо бор. Сўнг хаттот ўзи ҳақида қуйидагиларни ёзган: “Бу китобни кўчириш Аллоҳнинг раҳматига муҳтож банда Али ибн Сулаймон ибн Аҳмад ибн Сулаймон Муродий Андалусийнинг қўли билан адоғига етказилди. Аллоҳ унга буни манфаатли қилсин, ундаги илмларни юқтирсин ва Ўз фазли ва раҳмати билан Ўзининг Набийсига эргашувчилардан айласин. Уни ва ота-онасини ҳамда Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг барча умматларини мағфират қилсин!”[14]

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ҳадис илмининг ривожи ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратларини кенг оммага етиб боришида улуғ ватандошимизнинг хизматлари буюкдир. Зеро, юқорида келтирилган уламоларнинг мақтовлари ҳам сўзимизни тасдиқлайди. Хусусан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хат ва ҳуснихат бобида айтиб ўтган ҳадисларидан мисол кетирамиз.

Расуллулоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинади: “Одам алайҳиссаломдан кейин қалам билан ёзган биринчи шахс Идрис алайҳиссаломдир. У китоб ўргангани учун ҳам Идрис деб номланган. (Ҳаким Термизий ривоят қилган)[15].

Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Биринчи расул Одам алайҳиссалом ва энг сўнггиси Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламдир. Бани Исроилнинг биринчи набийси Мусо ва охиргиси Ийсо алайҳимуссаломдир. Илк бор қалам билан хат ёзган Идрис алайҳис саломдир” (Ҳаким Термизий ривояти). Сўнгра Идрис алайҳиссалом Нуҳ алайҳиссаломга ёзишни ўргатган  ва у кемасининг тархини чизган”, - деганлар.

 

ҲУСЕН ХАЙРУЛЛОЕВИЧ ДЖУРАЕВ,

Бухоро давлат университети

“Ислом тарихи ва манбашунослиги, фалсафа” кафедраси доценти,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

 

 

Фойдаланилган адабиётлар

 

  1. Азамов Б.Б. Ҳаким Термизийнинг “Ал-амсол минал-китоб вас-сунна” асари муҳим адабий манба / Б.Б. Азамов. — Текст: непосредственный // Молодой ученый. — 2020. — № 15 (305). — С. 446-449. — URL: https://moluch.ru/archive/305/68656/ (дата обращения: 08.10.2023).
  2. Ал-амсол минал китоб вас сунна. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али Ҳаким Термизий. Али Муҳаммад Бажовий тадқиқоти – тадқиқотчи муқаддимаси. Мактабату дорит турос. – Қоҳира. 1975 йил. – Б 352
  3. Бахтовархон, Хаттотлар ҳақида рисола, ЎзФАШИ, инв. № 202, 88-89-бетлар.
  4. Мирзо Кенжабек. Термиз тазкираси. – Тошкент: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2017 – Б. 355.
  5. Муродов А. Ўрта Осиё хаттотлик санъати тарихидан. — Т.: Фан. 1971. — Б. 73.
  6. Муртазоев Б. Хаттот ва Хол ат-Термизий // Термиз окшоми. — 2008 йил, 20 март.
  7. Мухторов Аҳрор. Дурдонахои маданияти тоҷикои дар ганчинахои Ҳиндустон. — Душанбе: Ирфон.
  8. Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан АбуАбдуллоҳ Ҳаким ат-Тирмизий. Наводир ул-усул фи аҳодис ар-росул. Байрут: Дорун нашр, 1992. Муҳаммад Шарифжон Садр-и Зиё. “Тазкиратул хаттотийн”.// Қўлёзма. Ўз ФАШИ. – .№1304.
  9. ЎзСЭ. 1-том. — Б. 29.
  10. Ҳаким Термизий, Солномаи Термизий, 1865, ЎзФАШИ. № 591.
  11. Ҳассон Ҳолий. Шуруҳ Мағрибийя. – Работ, Манбаату Абу Рақроқ, 2012. – Б.30.
  12. Ҳожи Халифа. Кашф аз-зунун ан асмомил кутуб вал-фунун. – Истанбул: Дорус-салом.1941- 43. Ж. 1, 2. –Б.122.
  13. Шаҳобиддин Али Термизий, Дажвиёт, 1930, ЎзФАШИ. № 3286.
  14. Энциклопедияи адабиёт ва санъати тоҷик. — С. 268.

 

 

 

 

 


 

[1] Ҳассон Ҳолий. Шуруҳ Мағрибийя. – Работ, Манбаату Абу Рақроқ, 2012. – Б.30.

[2] Мирзо Кенжабек. Термиз тазкираси. – Тошкент: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2017 - Б. 355.

[3] Ҳожи Халифа. Кашф аз-зунун ан асмомил кутуб вал-фунун. – Истанбул: Дорус-салом.1941- 43. Ж. 1, 2. –Б.122.

[4] Бахтовархон. Хаттотлар ҳақида рисола. ЎзФАШИ, инв. № 202. – Б. 88-89.

[5] Муродов А. Ўрта Осиё хаттотлик санъати тарихидан. – Т.: Фан. 1971. – Б 73.

[6] Азамов Б.Б. Ҳаким Термизийнинг “Ал-амсол минал-китоб вас-сунна” асари муҳим адабий манба / Б.Б. Азамов. – Текст: непосредственный // Молодой ученый. – 2020. - № 15 (305). – С. 446-449.

[7] Азамов Б.Б. Ҳаким Термизийнинг “Ал-амсол минал-китоб вас-сунна” асари муҳим адабий манба / Б.Б. Азамов. – Текст: непосредственный // Молодой ученый. – 2020. - № 15 (305). – С. 446-449.

[8] Муродов А. Ўрта Осиё хаттотлик санъати тарихидан. — Т.: Фан. 1971. — Б. 73.

[9] ЎзСЭ. 1-том. — Б. 29.

[10] Муродов А. Ўрта Осиё хаттотлик санъати тарихидан. — Т.: Фан. 1971. — Б. 73.

[11] Мухторов Аҳрор. Дурдонахои маданияти тоҷикои дар ганчинахои Ҳиндустон. — Душанбе: Ирфон,

1984. – С. 36.

[12] Энциклопедияи адабиёт ва санъати тоҷик. — С. 268.

[13] Энциклопедияи адабиёт ва санъати тоҷик. — С. 268.

[14] Ал-амсол минал китоб вас сунна. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али Ҳаким Термизий. Али Муҳаммад Бажовий тадқиқоти – тадқиқотчи муқаддимаси. Мактабату дорит турос. – Қоҳира. 1975 йил. – Б 352

[15] Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан АбуАбдуллоҳ Ҳаким ат-Тирмизий.  Наводир ул-усул фи аҳодис ар-росул. Байрут: Дорун нашр, 1992. Муҳаммад Шарифжон Садр-и Зиё. “Тазкиратул хаттотийн”.// Қўлёзма. Ўз ФАШИ. – .№1304

Izoh qoldirish