04.01.2025

ИСЛОМ ДИНИ: МОВАРОУННАҲР ВА ТЕРМИЗГА ИЛК ҚАДАМ

Аннотatsiя: Ушбу мақолада Муовароуннаҳр ва Термиз шаҳрига Ислом динининг кириб келиши ҳамда мазкур ҳудудларга илк қадамини қўйган мусулмон қўмондонлар ҳақида сўз боради. Шунингдек, мақолада Мовароуннаҳр атамасининг келиб чиқиш тарихи, Усмон (р.а.) нинг Мовароуннаҳр ўлкасига юриши билан боғлиқ айрим тарихий ҳодисалар кенг ёритилган.

Abstract: This article tells about the penetration of Islam in Muowarunnahr and Termez, as well as about the muslim commanders who took their first steps in these territories. The article also presents the history of the origin of the term Mawarannahr, widely covers some historical events related to the campaign in the country of Mawarannahr.

Аннотatsiя: В этой статье рассказывается о проникновении ислама в Муоваруннах и Термезе, а также о мусульманских полководцах, сделавших первые шаги на этих территориях. Также в статье представлена история происхождения термина Мавераннахр, широко освещаются некоторые исторические события, связанные с походом в страну Мавараннахр.

 

Калит сўзлар: Мовароуннаҳр, Термиз, Усмон (р.а.), “Усмон ороли”, қўмондон, Абдуллоҳ ибн Омир, Аҳнаф, Мусо ибн Абдуллоҳ, Абу Муслим, Хуросон, Жайҳун.

Keywords: Mawarannahr, Termez, Usman (r.a.), “The Island of Usman”, commander, Abdullah ibn Amir, Anaf, Musa ibn Abdullah, Abu Muslim, Khorasan, Jayhun.

Ключевые слова: Мавараннахр, Термез, Усман (р.а.), “Остров Усмана”, полководец, Абдулла ибн Амир, Анаф, Муса ибн Абдулла, Абу Муслим, Хорасан, Джайхун.

 

Тарихий манбаларда ҳозирги Ўзбекистон ҳудудлари VII асрдан бошлаб Мовароуннаҳр номи билан тилга олинади. Мазкур атаманинг келиб чиқиши бевосита ислом динининг бу ўлкага кириб келиши билан боғлиқ. Мовароуннаҳр атамаси “Дарёнинг нариги томони” маъносини англатади. Дарёдан мурод ўша даврдаги Жайҳун, яъни ҳозирги Амударё назарда тутилади. Мовароуннаҳр атамасига бўлган ишора илк бор Умар (р.а.) нинг Аҳнаф[1]га йўллаган мактубида учрайди. Ҳижрий 22, милодий 642 йилда Аҳнаф ибн Қайс Марв ва Балхни эгаллагач, халифа Умар ибн Хаттоб (р.а.) унга шундай мактуб йўллаган: “Аммо баъд! Дарёдан ўтманглар. Дарёнинг бу тарафи билан чекланинглар. Хуросонга нима мақсадда кирганингизни яхши биласизлар. Хуросонга нима мақсадда кирган бўлсангиз, шу ниятда бардавом бўлинглар. Шунда ғалабангиз ҳам бардавом бўлади. Дарёнинг у тарафига ўтишдан сақланинглар”. Умар (р.а.) мазкур мактубида дарё ортидаги юртларга ишора қилиб, мактубда “النهر”(“ан-наҳр” – дарё) сўзи ва“دون النهر” (“дун ан-наҳр” – дарёнинг олди тарафи) иборасини ишлатади. Бу сўз ва ибора ўша вақтда “Мовароуннаҳр”, яъни “дарёнинг орқа тарафи” атамаси мавжуд бўлган деган асосли эҳтимолга далолат бўла олади[2].

Араб мусулмонларининг бевосита Мовароуннаҳр аҳолиси билан алоқага киришиши халифа Усмон ибн Аффон (р.а.) давридан бошланади. Абу Бакр Балозурий[3] нинг Муҳаммад ибн Сийриндан ривоят қилиб айтишича, Усмон ибн Аффон (р.а.) мовароуннаҳликлар билан шартнома тузган. Шунингдек, машҳур тарихчи Муҳаммад ибн Жарир ат-Табирий Усмон (р.а.) нинг қўшин билан Термизга кириб келгани ҳақида қуйидагиларни ёзади: “85-ҳижрий (милодий 704) йилда Муфаззал ибн Муҳаллаб Хуросон волийси бўлгач, Балх ҳокими Мудрика билан бирга Мусо ибн Абдуллоҳни таъқиб қилиб, Жайҳунни кечиб, Термиздаги бир оролда қўниб топди. Бу орол ҳозирда “Усмон ороли” деб аталади. Чунки бу оролга Усмон (р.а.)[4] ўн беш минг қўшин билан келган эди. Лекин бошқа тарихий манбаларда Усмон (р.а.) нинг Хуросон ва Мовароуннаҳрга сафар қилгани ҳақида маълумотлар учрамайди. Эҳтимол, Усмон (р.а.) шахсан ўзи эмас, балки бирор вакилини Мовароуннаҳрга юборган бўлиши мумкин. Чунки тарихчи Балозурийнинг сўзларига кўра, араб-мусулмон қўмондони илк марта Мовароуннаҳрга 29-ҳижрий (милодий 649) йилда келган”. Абу Убайданинг айтишича, “Хуросон волийси Абдуллоҳ ибн Омир[5]Хуросонни эгаллаб, Жайҳун дарёсигача етиб келади. Дарёнинг у ёғидаги аҳоли Абдуллоҳ ибн Омирдан сулҳ сўрайди ва томонлар ўзаро сулҳга келишиб оладилар. Айтишларича, Абдуллоҳ ибн Омир Жайҳунни кечиб, Мовароуннаҳр ҳудудига кириб келган. Лекин бу ҳақда ҳеч кимга оғиз очмаган”. Демак, Мовароуннаҳр аҳолиси билан араб мусулмонлар орасидаги илк муносабатларни Усмон ибн Аффон (р.а.) йўлга қўйган.

Араб мусулмонларининг Мовароуннаҳрдаги туркий халқлар билан биринчи марта тўқнаш келиши, манбаларнинг гувоҳлик беришича, 22-ҳижрий (милодий 642) йилда рўй берган. Аҳнаф ибн Қайс Куфа ва Басра аҳолисидан иборат ўн минг аскар билан Эрон шоҳи Яздажирд ибн Шаҳриёр ибн Кисрони таъқиб қилиб, туркий халқлар билан тўқнаш келади. Икки томон юзма-юз бўлиб, жанг учун ҳозирланадилар. Аҳнаф яккама-якка жангда учта туркни ҳалок қилади. Шундан сўнг турклар ортларига қайтиб кетадилар.

Кейинчалик 31-ҳижрий (милодий 651) йилда Абдуллоҳ ибн Омир Аҳнаф бошлик аскарлари билан Хуросоннинг Қўҳистон шаҳрида Ҳайталлар билан жанг қилгани тарихчилар солномаларида ёдга олинади. Ҳайталлар кўҳистонликлар билан ҳамкорлик қилиб туришар эди. “Ҳайтал” атамаси Мовароуннаҳрдаги Бухоро, Самарқанд ва Хўжанд ҳамда улар орасидаги ҳудудларда истиқомат қиладиган аҳолига нисбатан қўлланилган. Бу жойлар Ҳайтал ибн Олим ибн Сом ибн Нуҳ (а.с.) нинг исми билан аталган бўлиб, Ҳайтал Бобилдаги тиллар ўзгариши ҳодисасидан сўнг шу жойларга келиб қолган ва бу маконларни обод қилган, деган қараш мавжуд. Ҳайтал Хуросон ибн Олимнинг акаси ҳисобланади. Демак, юқоридаги маълумотларга суяниб, шуни айтиш мумкинки, Аҳнаф ибн Қайс Мовароуннаҳр туркий қабилалари билан тўқнаш келган илк мусулмон саналади. Аҳнафнинг бу фаолиятлари мусулмон арабларнинг Мовароуннаҳрга илк юришларини жадаллаштирган.

Тарихчи Шамсиддин Заҳабийнинг фикрича, мусулмонлар ва турклар орасидаги 47-ҳижрий (милодий 667) йилда ҳам тўқнашув бўлиб ўтган. Турклар қўшин йиғиб, жангга чиқишган ва Абдуллоҳ ибн Саввор Абдий бошлик мусулмонлар устидан ғалаба қозонганлар.

Шуни таъкидлаш жоизки, бу жанглар Мовароуннаҳр ҳудудидан ташқарида, яъни Хуросон ўлкасида бўлиб ўтган. Бу икки ўлка қадимдан ҳар соҳада, шу жумладан, ҳарбий соҳада ҳам ўзаро ҳамкорлик қилиб келганлар. Туронлик туркий халқлар ўз қўшниларига душман ҳужумини бартараф этишда доим ёрдам қўлини чўзиб келган. Шунингдек, араб мусулмонлари билан бўлган жангларда хуросонлик шоҳлар ва мансабдор шахслар ҳамда оддий фуқаролар ҳам Жайҳун дарёсини кечиб, Мовароуннаҳрга омонлик излаб борганлари тарихий манбаларда кўп бор тилга олинади. Араблар Жайҳуннинг нариги томонига ўтишга ботина олмаганлар. Бунинг сабаби шу эдики, Мовароуннаҳр халқининг ҳарбий тайёргарлиги юқори даражада бўлиб, арабларда уларни енгиш учун етарли маблағ, куч ва имконият бўлмаган. Бунинг учун араб мусулмонларига вақт керак эди. Шу боис Умар (р.а.) нинг Аҳнафга юборган мактубида дарёнинг нариги қирғоғига ўтмаслик уқтирилган бўлса, ажаб эмас.

Жайҳун дарёсини кечиб, Мовароуннаҳрга қадам қўйган илк араб-мусулмон қўмондон ҳақида тарихчилар турлича фикр билдирганлар. Уларнинг бири, яъни Усмон (р.а.) ва Абдуллоҳ ибн Омир билан боғлиқ ҳодисалар билан юқорида танишиб чиқдик. Шунингдек, Ибн Жарир Табарийнинг фикрича, бу вазифани биринчи бўлиб Хуросон волийси Ҳакам ибн Амр[6] бажарган: “51-ҳижрий (милодий 671) йилда Рабиъ ибн Зиёд Ҳорисий Хуросон волийси этиб тайинлангач, Қўҳистонни фатҳ этади. У пайтда Қўҳистон атрофида туркий қабилалар ҳам бор эди. Рабиъ Фарух исмли қули ва Шарифа исмли жорияси билан Жайҳун дарёсини кечиб ўтади. Ундан олдинги Хуросон волийси Ҳакам ибн Амр ал-Ғифорий ҳам 50-ҳижрий ва милодий 670 йилда дарёни кечиб ўтган эди. Лекин у ерларни фатҳ қилиш Ҳакамга насиб этмаган. Дарё (Амударё) дан биринчи бўлиб сув ичган одам Ҳакамнинг мавлоси (озод қилинган қули) бўлган. У қалқонида сув олиб ичган, сўнг Ҳакамга узатган. Ҳакам Мовароуннаҳрда таҳорат олиб, икки ракаат намоз ўқиган. Унгача бу ишни ҳеч ким қилмаган эди. Сўнг Ҳакам ортига қайтиб кетган”. Ҳакам ибн Амр Хуросонга 44-ҳижрий (милодий 664) йилда ташриф буюриб, 51-ҳижрий (милодий 671) йилда вафот этган.

Лекин тарихчи Шамсиддин Заҳабий Хуросон волийси, 25 ёшлик Убайдуллоҳ ибн Зиёдни Мовароуннаҳрга келган илк қўмондон сифатида эсга олади: “54-ҳижрий (милодий 673) йилда Убайдуллоҳ ибн Зиёд Жайҳунни кечиб ўтиб, туя минган ҳолда Бухорога кириб келади. У Жайҳунни кечиб ўтган энг биринчи араб сифатида тарихда қолган. Убайдуллоҳ Бухоронинг бир нечта шаҳарларини фатҳ қилади”[7].

Аслида Табарий ва Заҳабийнинг ривоятлари орасида қарама-қаршилик ва зиддият йўқ. Буни Ибн Жарир Табарийнинг қуйидаги сўзларидан ҳам билиб олса бўлади: “Убайдуллоҳ дарёни кечиб, туя минган ҳолда Бухоро тоғига келди. У дарёни кечиб, қўшин билан Бухоро тоғига келган илк кишидир. Убайдуллоҳ Бухоронинг Ромитан, Насаф ва Байканд шаҳарларини фатҳ қилди”. Демак, Убайдуллоҳ ибн Зиёд Муовиянинг буйруғи билан расмий равишда қўшин тортиб, Мовароуннаҳрга келган илк араб-мусулмон қўмондон саналади. Ҳакам ибн Амр ва Рабиъ ибн Зиёдларни эса, Мовароуннаҳрга норасмий тарзда қўшинсиз кириб келган илк араб-мусулон қўмондонлар, дейиш мумкин. Шунингдек, Ҳакам ибн Амр Мовароуннаҳрда намоз ўқиган илк мусулмон ҳисобланади. Лекин бу шахслар тарихчи Балозурийнинг фикрига кўра, Абдуллоҳ ибн Омирдан сўнг Мовароуннаҳрга қадам босганлар.

Термиз Мовароуннаҳрнинг қадимий шаҳарларидан бўлиб, ислом тамаддунига катта ҳисса қўшган улуғ алломалар ватани саналади. Самъоний бу шаҳар ҳақида шундай ёзади: “Термиз Мовароуннаҳр таркибига кирувчи Жайҳуннинг бир тарафида жойлашган қадимий шаҳардир”[8]. Термиз Хуросон ва Мовароуннаҳр ўртасидаги асосий ўтиш жойи – кўприк вазифасини ўтаган. Шу боис, араб мусулмонлари Термизни эгаллашга алоҳида эътибор қаратганлар. Термиз шаҳрида жойлашган оролга илк марта Усмон ибн Аффон бошлик ўн беш минг мусулмон аскарлар билан ташриф буюрганлигини олдин зикр қилиб ўтдик. Бу ташриф нима билан юкунланганлиги бизга қоронғу. Кейинчалик 56-ҳижрий (милодий 675) йилда Хуросон волийси Саъид ибн Усмон ибн Аффон Термизни сулҳ билан фатҳ этади[9].

Термизда ислом динининг ёйилиши ҳақида сўз борар экан, Мусо ибн Абдуллоҳ ибн Ҳозим[10] нинг Мовароуннаҳрдаги фаолиятлари ҳақида тўхталиб ўтмаслик хато бўлади. 73-ҳижрий (милодий 692) йилда Мусо ибн Абдуллоҳ отаси Ибн Ҳозим[11] вафотидан сўнг Мовароуннаҳрга йўл олади. Бухорода бир муддат тургач, Термизга йўл келади ва Термиз яқинидаги бир деҳқоннинг уйида қўниб топади. Бу даврда Термиз ҳокими қудратли эмас эди. Шу боис, Термиз ҳокими Мусо ибн Абдуллоҳни сулҳга чақириб, унга совға-саломлар йўллаб турди. Ҳатто улар биргаликда ов ҳам қилишар эди. Сўнг Термиз ҳокимининг хаёлига бир фикр келди ва махсус зиёфат уюштириб, Мусо ибн Абдуллоҳга одам юборади ва юз киши бўлиб, меҳмонга ташриф буюришини айтади. Мусо ибн Абдуллоҳ шижоатли аскарларидан юз нафарини танлаб олиб, Термизга келади. Зиёфатдан сўнг Мусо ибн Абдуллоҳ Термиз ҳокимининг қасрида ёнбошлаб ётар экан, хаёлидан шундай сўзларни ўтказади: “Аллоҳга қасамки, ўрнимдан турганимда бу жой менинг қароргоҳим ёки қабрим бўлиши тайин”. Шу онда қаср аҳли ғалаён кўтариб, Мусо ибн Абдуллоҳни аскарларидан ажратиб олишади. Орада қаттиқ жанг бошланади. Термизликлардан кўпчилиги ҳалок бўлиб, омон қолганлари эса қочиб кетади. Мусо ибн Абдуллоҳ қочган термизликларни чақириб, омонлик бершини айтади ва шу тарзда Термизни эгаллаб олади. Термиз ҳокими бошқа қабилалардан қўшин тўплаб, Термизни қамал қилади. Лекин Умар Хузоъий етиб келиб, Термиз ҳокимига қаттиқ қаршилик кўрсатади. Орада қаттиқ жанг борар, кучлар тенг эди. Шунда Мусо ибн Абдуллоҳ кечаси ҳужум қилиб, икки тарафни ҳам саросимага солиб қўйяди ва Термизни яна ўз ҳукми остига олади. 85-ҳижрий (милодий 704) йилда Мусо ибн Абдуллоҳ Термизда вафот этади ва унинг тарафдорлари тарқалиб кетди. Ибн Жарир Табарийнинг ёзишича, Мудрик Тархун ва Сабл билан биргаликда Мусо ибн Абудуллоҳни қамал қилиб, сўнг уни ўлдиришади”[12]. Сўнг Термиз маҳаллий аҳоли бошқарувига ўтади[13].

Ниҳоят 86-ҳижрий (милодий 705) йилда Қутайба ибн Муслим Термизни эгаллаб, Наср ибн Сайёрни Термиз волийси этиб тайинлайди[14].

 

АБДУЛЛОҲ МАЛЛАБАЕВ АБДУМАЖИДОВИЧ,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Манбалар хазинаси мудири ўринбосари

 

[1] Абу Баҳр ат-Тамимий Аҳнаф ибн Қайс ибн Муовия ибн Ҳусойн (в. 67, 71 ёки 72/686, 690 ёки 691). Асли исми Заҳҳок бўлган. Оёғи оқсоқ бўлгани учун Аҳнаф (оқсоқ) деб ном олган. Расулуллоҳ (с.а.в.) даврида мусулмон бўлган ва Умар (р.а.) томонидан Хуросонга жўнатилган. Сиффин жангида Али (р.а.)нинг лашкарбошиси бўлган.

[2] Мазкур ҳудудлар қадимда Сўғдиёна деб юритилган. Бу номни Искандар Македонский қўйганлиги тарихий манбаларда қайд этилади. Кейинчалик ислом дини кириб келгунга қадар Турон деб аталган. Араблар кириб келгач, Мовароуннаҳр атамаси пайдо бўлган. Улар Мовароуннаҳр деганда Ўрта Осиёнинг Амударё ва Сирдарё оралиғидаги ҳудудларни назарда тутганлар. XIX асрга келиб, мазкур ҳудудлар Туркистон деб атала бошлаган.

[3] Аллома ва адиб Абу Бакр ёки Аблу Ҳасан Аҳмад ибн Яҳё ибн Жобир ибн Довуд ал-Бағдодий ал-Балозурий(в.279/892) балоғатли котиб ва шоир ҳамда ҳижрий II аср охирларида таваллуд топган машҳур мусулмон тарихчи бўлиб, “Ат-тарих ал-кабир” номли асар муаллифи саналади. У илк таълимни Бағдоднинг машҳур муҳаддис, фақиҳ ва адибларидан олади. У келтирган маълумотлар ростлиги ва холислиги билан ажралиб туради. Балозурий фақат ишончли хабарларни келтириш билан чекланиб қолмаган, балки бу хабарларни текшириш мақсадида ровийлар ҳузурига сафар ҳам қилган.

[4] Учинчи халифа Усмон ибн Аффон (р.а.) ҳижрий 24-35 (милодий 644-655) йилларда халифалик қилган.

[5] Абу Абдураҳмон Абдуллоҳ ибн Омир ибн Курайз ибн Рабиъа ибн Ҳабиб ибн Абдушшамс ибн Абдуманоф ибн Қусай ал-Қураший ал-Абшамий (в. 59/678) Расулуллоҳ (с.а.в.) ни кўрган саҳобийлар ва Хуросонни фатҳ этган саркардалардан саналади. Абдуллоҳ ибн Омир Маккада туғилган. Отаси Омир Расулуллоҳ (с.а.в.) нинг аммаси Байзо бинт Абдулмутталибнинг ўғли бўлади. Шунингдек, Омир Усмон (р.а.) тоғасининг ўғли ҳамдир. Абдуллоҳ ибн Омир Усмон (р.а.) даври (29/649 йил) да Басра волийси бўлган. Бу даврда Абдуллоҳ ибн Омир Сижистон, Довар, Сарахс, Тус, Тохаристон, Нисобур, Балх, Толқон, Ҳирот, Қобул ва Фарёб каби бир қатор Хуросон шаҳарларини фатҳ этади. Усмон (р.а.) вафот этганда Басра волийси эди. Абдуллоҳ ибн Омир Оиша (р.ҳ.) билан бирга Жамал воқеасига гувоҳ бўлган. Сиффин воқеасида иштирок этмаган. Муовия даврида уч йил Басра волийси бўлади. Кейинчалик Муовиянинг қизига уйланиб, Дамашқда яшаган. Сўнг бу ловозимдан олиниб, Мадинада яшайди ва Маккада вафот этади. Қабри Арафотда жойлашган. Абдуллоҳ ибн Омир шижоатли, сахий ва ўз қавмига меҳрибон, ободончиликни хуш кўрадиган инсон бўлган. У Басрадаги кўпгина уйларни сотиб олади ва уларни бузиб, кўчаларни ташкил қилади. Абдуллоҳ ибн Омир биринчилардан бўлиб, Ҳижозда – Арафотда ҳовузлар қазиб, турли булоқлардан сув олиб келган ва аҳолини ичимлик суви билан таъминлаган. Али (р.а.) у ҳақда шундай деган: “Абдуллоҳ ибн Омир Қурайш йигитларининг саййиди!” Муовия унинг вафотини эшитганда шундай деган экан: “Аллоҳ Абу Абдураҳмонни раҳматига олсин! У бизнинг фахр-ифтихоримиз эди!”.

[6] Ҳакам ибн Амр ибн Мужаддаъ ал-Ғифорий саҳобийлардан бўлиб, Расулуллоҳ (с.а.в.) вафотларига қадар У зот билан бирга бўлган. Ҳакамдан “Саҳиҳ ал-Бухорий” ва бошқа ҳадис тўпламаларида бир ривоят мавжуд. У Муовия даврида Басрага кўчиб келади. Зиёд уни Хуросонга волий сифатида жўнатади. Ҳакам солиҳ, фозил ва пешқадам инсон бўлган, бир нечта жангларда иштирок этган ва ғолиб бўлган. Асосан, Марвда истиқомат қилган ва шу ерда 50-ҳижрий (милодий 670) йилда вафот этган.

[7] Шамсуддин Заҳабий. Дувал ал-ислам. Ж.1. – Байрут: Дар содир, 2006. – 44.

[8] Ибн Арабий. Аариза ла-аҳвазий. Ж.1. – Байрут: Дар ал-кутуб ал-илмия, 1995. – Б. 8.

[9] Абул Ҳасан Балозурий. Футуҳ ал-Булдон. – Байрут: Дар ал-кутуб ал-илмия, 1991. – Б. 402.

[10] Мусо ибн Абдуллоҳ ибн Ҳозим ас-Суламий (в. 85/704) сахий ва шижоатли саркардалардан саналади. Отаси Абдуллоҳ ибн Ҳозим Хуросон волийси бўлган. Мусо дастлаб отасининг қўл остида лашкарбошилик қилади. Отаси вафотидан сўнг Мусо ибн Абдуллоҳ шаҳарма-шаҳар кўчиб, йўлидан чиққан маҳаллий аҳоли билан жанг қилиб юради. Ниҳоят Термизни эгаллаб, вафотига қадар у ерда қўним топади (Хайруддин Зириклий. Аълам. Ж.7. – Байрут: Дар ал-илм ли ал-малайин, 1998. – Б. 324).

[11] Абу Солиҳ Абдуллоҳ ибн Хозим ибн Асмо ибн ас-Султ ас-Суламий ал-Басрий (в. 72/691) саҳобийлардан бўлиб, Хуросон волийси бўлган. У қоратанли серсоч ва шижоатли инсон бўлган. Йиғин, байрам ва жангларда қора салла кийиб юрар ва: “Буни менга Расулуллоҳ (с.а.в.) кийдирганлар”, - деб фахрланар эди. Бағдодийнинг таъкидлашича, у моҳир араб мусулмон саркардалардан бўлган. уммавийлар даврида Хуросонга волий этиб тайинланади ва бу лавозимда ўн йил фаолият юритади. Абдулмалик ибн Марвон даврида хуросонликлар томонидан ўлдирилади (Хайриддин Зириклий. Аълам. Ж.4. – Байрут: Дар ал-илм ли ал-малайин, 1998. – Б. 84).

[12] Ибн Жарир ат-Табарий. Тарих ат-Табарий. – Ар-Риёд: Байт ал-афкар ад-давлия, 2005. – Б. 1226.

[13] Қаранг: Абул Ҳасан Балозурий. Футуҳ ал-Булдон. – Байрут: Дар ал-кутуб ал-илмия, 1991. – Б. 402; Ибн Жарир ат-Табарий. Тарих ат-Табарий. – Ар-Риёд: Байт ал-афкар ад-давлия, 2005. – Б. 1222, 1226.

[14] Шамсуддин Заҳабий. Дувал ал-ислам. Ж.1. – Байрут: Дар содир, 2006. – 74-75; Ибн Жарир ат-Табарий. Тарих ат-Табарий. – Ар-Риёд: Байт ал-афкар ад-давлия, 2005. – Б. 1231-1232.

Izoh qoldirish