01.05.2024

МАЗҲАБСИЗЛИКНИНГ ЗАМОНАВИЙ КЎРИНИШЛАРИ

Динимиз аҳкомларига қизиқиш, уларга тўлиқ амал қилишга рағбат ортган бир пайтда баъзи илми саёз, бемазҳаб кишиларнинг ҳанафий мазҳабимизда минг йиллардан бери амал қилиниб келинаётган ишларга нисбатан одамларда шубҳа уйғотиш, мусулмонларнинг бирлигига шу йўл билан ҳам раҳна солиш билан машғул бўлишаётгани кўриняпти. Уларнинг бу фаолиятларининг кўлами жуда кенг ва замонга қараб ўз услубларини ўзгартириб ҳам боришади. Масалан, улар дастлаб зуҳур қилган вақтларида сочни тагидан қириб олишни суннат деган бўлсалар, ҳозирги пайтга келиб сочни узун қилишни суннат, деб эътиқод қилишади. Бир пайтлари биз мазҳабсизлик тарафдоримиз, мазҳабда юриш бидъат, пйғамбаримиз даврларида мазҳаб бўлмаган, деб жар солган кимсалар, шу бугунлик кунда биз ҳанафий мазҳабларни тан оламиз, фақат мазҳаб ичида пайдо бўлиб қолган бидъатларнигина инкор қиламиз, деб оммани алдаб иш кўришга ўтишган. Улар диннинг ҳамма йўналишларида шу услубдан фойдаланишга ўтишди.

Бу ҳатто кичик фиқҳий масалаларда ҳам кўзга ташланади. Масалан, улар истинжода фақат тош, кесак ёки ҳожатхона махсус қоғози ишлатилганидан кейин нажосат чиқиб теккан жойларни яна сув билан ювиб поклаш шарт эмас, деб иддио қилишади. Бу борадаги ҳақиқат нима ўзи? Ушбу мақоламизда шу мавзуни ёритишни истадик. 

Имом Термизий (раҳимаҳуллоҳ) ривоят қилган қуйидаги ҳадиси шарифни шарҳлаб, уларнинг мазкур даъволари ноўрин эканлигини билиб олишимиз мумкин:

معاذة عن عائشة قالت: 

«مرن أزواجكن أن يستطيبوا بالماء فإني أستحييهم فإن رسول الله صلى الله عليه وسلم كان يفعله». 

 

Муоза Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ҳадис айтиб, шундай деди:

«Эрларингизни сув билан покланишга буюринглар! Мен уларга айтишга уяламан. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай қилар эдилар».

Абу Исо ат-Термизий (раҳимаҳуллоҳ): “Бу бобда Жарир ибн Абдуллоҳ ал-Бужалий (розияллоҳу анҳу), Анас (розияллоҳу анҳу) ва Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоятлар мавжуд. Бу ҳасан-саҳиҳ ҳадисдир. Аҳли илмлар шу ҳадисга амал қилишга чақиришади. Суфён ас-Саврий, Ибн ал-Муборак, аш-Шофеъий, Аҳмад ва Исҳоқ (раҳимаҳумуллоҳ) шу фикрни таъкидлашган”,   деганлар.

Сув билан истинжо қилиш борасида саҳобаи киромлардан ҳар хил фиқҳий қарашлар мавжуд. Масалан, Абу Саид ал-Худрий (розияллоҳу анҳу) сув билан истинжо қилиш аёлларга тегишли, деб ҳисоблаганлар.

Имом Термизий (раҳимаҳуллоҳ) айтишига қараганда, илм аҳли гарчи тош билан истинжо қилиш кифоя қилса ҳам, сув билан истинжо қилиб қўйишни ихтиёр қилганлар. Сув билан истинжо қилишни яхши кўриб, афзал ҳам санаганлар.

 Аллоҳ таоло бир жамоани мақтаб, қуйидаги ояти каримани нозил қилган эди:

فِيهِ رِجَالٌ يُحِبُّونَ أَن يَتَطَهَّرُواْ وَاللّهُ يُحِبُّ الْمُطَّهِّرِينَ 

“Унда покланишни хуш кўрадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севар” (Тавба, 108).

Мазкур ояти карима “Ҳидоя”да ҳам зикр қилинган бўлиб, ўша кимсалардан покланиш ҳақида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ўзлари сўраганларида, улар тош билан истинжо қилганларидан сўнг ортидан сув билан ҳам истинжо этишларини айтганлар. Поклик юқори даражада амалга оширилгани боис улар Қуръонда мақталган.

Муоза бинти Абдуллоҳ ал-Бадавия ал-Басрия (раҳимаҳоллоҳ) Уммуссаҳбо кунияли бўлиб, ишончли тобеинлардан биридир. Кечалари ибодат қилиб чиқадиган обидалардан бўлган. Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу ва Ойша (розияллоҳу анҳо) каби саҳобалардан сабоқ олган. 83/702 йилда вафот этган.

Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо): “Эрларингизга буюринглар...” деб гапни бошлашларидан номаҳрамларга ўзларининг маҳрамлари ўргатганлари яхшироқ экани маълум бўлади.

Ҳадис матнида: أن يستطيب بالماء – “Сув билан поклик талаб қилсинлар” дейилгандаги “истийтоб” сўзи луғатда “поклик талаб қилиш, поклик исташ” маъносида бўлиб, бу ерда истинжо қилиш маъносида ишлатилган. 

Тўрт мазҳаб уламолари тош билан артиш ҳамда сув билан покланишни бирга қилиш афзал ҳисоблашади. Айрим аҳли зоҳирлар эса тош ва сувни жамлаш суннатга хилоф, дейдилар. Улар тош ва сув билан тозаланиш ҳақидаги ҳадислар саҳиҳ эмас, ёки маъноси аниқ эмас, деганлар. Бу гап нотўғрилиги ўз-ўзидан маълум. Зотан Имом Термизий бу ҳадисни “ҳасан-саҳиҳ” деганлар. Агар уларнинг бу фикри тўғри дейилган тақдирда ҳам ҳадислар якка ҳолда заиф бўлиши мумкин, лекин мажмуъи эътиборидан улар ҳасан даражага кўтарилади. Ҳасан ҳадисларнинг эса далил бўлишга албатта лаёқати бор. Иккинчидан, Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) айтган ҳадисда ва бошқа бу маънодаги ҳадисларда афзаллик баён қилинади, амалларнинг фазилати борасида эса заиф ҳадислар ҳам эътиборга олинишига барча муҳаддислар иттифоқ қилганлар. Учинчидан, уммати исломнинг кўпчилиги бу ҳадисларни қабул қилиб, улардаги ҳукмларга асрлар давомида амал қилиб келаётгани ҳам қўшимча далил бўлади. Қубо аҳли ҳақидаги ояти карима нозил бўлганида, улар тош билан бирга сувни ҳам ишлатишларини айтганларида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларнинг бу ишларини маъқуллаганлар. 

Фиқҳий манбаларда келишича, Қубо аҳли оятда мақталиш сабаби сўралганда бундай жавоб берганлар:

إنا نتبع بالحجارة بالماء           

“Албатта биз тошга сувни эргаштирамиз”. 

Бу ерда очиқдан-очиқ тош билан сувнинг жамланиши баён қилинган. Бироқ ушбу лафз ҳадис китобларида зикр қилинган эмас (Имом ан-Нававий. ал-Мажмуъ шарҳ ал-Муҳаззаб. 2-жилд. – Қоҳира: Дор ас-Салом, 1980. – Б. 115).

Ибн Абу Шайба (раҳимаҳуллоҳ) “ал-Мусаннаф” асарида келтиришича, Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу бундай деганлар:

إن من كان قبلكم كانوا يبعرون بعرا وإنكم تثلطون ثلطا فاتبعوا الحجارة بالماء       

“Сиздан олдингилар қумалоқ қилиб тезак қилардилар, сизлар эса шилта қилиб ахлат чиқарасизлар. Шунинг учун, тошнинг ортидан сув ишлатинглар” (Ибн Абу Шайба, “ал-Мусаннаф”, 1/17).

 Имом аз-Зайлаъий (раҳимаҳуллоҳ) “Насб ар-раъйа” асарида мазкур ҳадиси шарифни “жаййид” (“тоза”) санадли деб зикр қилганлар (Жамолиддин аз-Зайлаъий. Насб ар-раъйа ли-аҳодис ал-Ҳидоя. 4 жилд. – Ҳиндистон: “ал-Мажлис ал-илмий”, (йили кўрсатилмаган).  – Б. 219). 

Шунинг учун тош ва сувни жамлаб тозаланишни бидъатга чиқариш асло дуруст эмас. 

Ҳанафийлар нажосат ўз чиқадиган жойидан зиёда ортиб, дирҳам миқдоридан ҳам ортиб кетса, ювиш фарз, шу миқдорда бўлса, вожиб, агар чиқиш жойида бўлса, ювиш суннат деганлар. 

Мазҳабсизларнинг ўнлаб фиқҳий масалаларини синчиклаб текшириб чиқилса, барчасида мана шу кўриб чиқилган масаладагига ўхшаш илмсизликлари орқасидан келиб чиққан чалкашликларни кузатиш мумкин. Чунки, булар энди босиб ўтаман деган йўлларни бундан бир минг икки юз йил олдинги мужтаҳидларимиз аллақачон босиб ўтишган, барча масалалар ҳал қилингандир. Биз дунёга устоз уламоларимизнинг орқаларидан сўзсиз эргашамиз ва бемазҳабларни инсофга чақириб қоламиз. 

Ўтган мужтаҳид уламоларимизни Аллоҳ раҳматига олсин! Бизга тавфиқ берсин!

 

 

Ботиржон Абдуллаев - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

 

Izoh qoldirish