13.05.2024

“ФИҚҲУЛ АКБАР” АСАРИ ИМОМ АБУ ҲАНИФАГА ОИД ЭМАСМИ?

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳулоҳнинг “ал-Фиқҳ ал-акбар” номли асари бўлганига Мусулмон Шарқи шак-шубҳа билдирган эмас. Уни ҳанафий олимлари ҳам, бошқа мазҳаб вакиллари ҳам Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳулоҳнинг ўзи ёзган асар сифатида қайд қилиб келганлар. 

Бироқ, айрим шарқшунослар ва тадқиқотчилар орасида “ал-Фиқҳ ал-акбар”ни Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳулоҳга тегишлилиги борасида гап-сўз қўзғалиб, уларнинг баъзи бировлари мансубликни инкор қилишгача ва шубҳа остига олишгача борганлар. Жумладан, A.J.Wensinck илк бор “ал-Фиқҳ ал-акбар”ни муаллиф ўзи ёзмаган, деган фикрларни илгари сурган. У “ал-Фиқҳ ал-акбар”нинг икки варианти борлигини, муаллифнинг шогирди Абу Мутеъ Ҳакам ибн Абдуллоҳ ал-Балхий (117-199 ҳ./735-814 м.) раҳимаҳуллоҳ ривоятини “ал-Фиқҳ ал-акбар” I, муаллифнинг ўғли Ҳаммод ибн Абу Ҳанифа (ваф. 176 ҳ./792 м.) раҳимаҳуллоҳ томонидан ривоят қилинганини эса “ал-Фиқҳ ал-акбар” II шаклида бериб, биринчиси муаллифнинг вафотидан кейиноқ қаламга олинганини, иккинчиси эса анча кеч, тақрибан Х асрларда яратилганини айтади[1]. У “ал-Фиқҳ ал-акбар” I деганда ислом оламида “ал-Фиқҳ ал-абсат” номи билан шуҳрат қозонган асарни, “ал-Фиқҳ ал-акбар” II деганда эса, бизнинг ҳозирги қўлимиздаги, асрлар давомида мадрасаларда калом бўйича ўқитилиб келинган ақидавий матнни назарда тутган. Givony Jozeph, Joseph Schacht, Brannon M. Wheeler, Ulrich Rudolph ва бошқа шарқшунослар эса унинг фикрини такрорлаганлар, холос[2]. Шарқ олимларидан Аҳмад Амин, Шиблий Нўъмоний, Муҳаммад Абу Заҳра, Али Самий Нашшор кабиларнинг ҳам айрим эътирозлари мавжуд[3].   

“Феҳрист” асарида Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг фақат “ал-Фиқҳ ал-акбар” асари тилга олинган, “ал-Фиқҳ ал-абсат”нинг номи эса зикр қилинмаган. Бироқ, ундан олдин ёзилган “ал-Фарқ байн ал-фирақ”да “ал-Фиқҳ ал-акбар” билан бирга яна бир рисола тилга олинган. Уни: “Имоми Аъзам Абу Ҳанифанинг аҳли суннатнинг: “Иститоат (куч-қудрат) феъл билан бирга бўлади”, деган гапини қўллаб-қувватлаш мақсадида имло қилдирган яна бир рисоласи бор”, деб таърифланган[4]. “Иститоат (куч-қудрат) феъл билан бирга бўлади”, деган масала “ал-Фиқҳ ал-акбар”да кўриб чиқилмаган, балки у ҳақида “ал-Фиқҳ ал-абсат”да батафсил сўз юритилган. “Демак, “ал-Фарқ байн ал-фирақ” ёзилган даврларда ҳанафий олимлардан бошқаларга ҳам Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг гарчи номи маълум бўлмаса-да “ал-Фиқҳ ал-абсат” асарининг мазмуни маълум бўлган ва у “ал-Фиқҳ ал-акбар”дан бошқа бир рисоласи экани ҳам аён бўлган. 

Мазкур “ал-Фиқҳ ал-абсат” асари “Имоми Аъзам Абу Ҳанифадан фиқҳи акбар ҳақида сўрадим”, деб бошлангани учун “Иккинчи “ал-Фиқҳ ал-акбар” ҳам дейилади. Шунинг учун, табақот ва таржимаи ҳолга бағишланган асарларда Абу Мутеъ ал-Балхий раҳимаҳуллоҳни “ал-Фиқҳ ал-акбар”нинг ровийси сифатида кўрсатилган бўлиши мумкин. Айтганимиздек, у зот айнан “ал-Фиқҳ ал-акбар”нинг ровийси эмас, балки унинг иккинчи варианти деб қаралаётган “ал-Фиқҳ ал-абсат”нинг ровийсидир.

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ақидавий манбалари орасида энг ишончлиси “ал-Фиқҳ ал-акбар” бўлиб, унда ҳанафийлик ва мотуридийликнинг энг асосий ақидалари ёритилган. Шунинг учун, ҳанафийлар ва мотуридийлар кўпроқ яшайдиган қадим Мовароуннаҳр, Онадўли, Ҳинд-Синд ўлкаларида, Сурия томонлардаги ҳанафийлар орасида ҳозиргача мазкур асар тўлиғича мукаммал ва муфассал равишда ўқитилади, мадрасаларнинг асосий ўқув қўлланмалари қаторида туради, талабалар уни бошдан-оёқ ёд оладилар. Бироқ, бу юртларда Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг бошқа ақидавий асарлари оммалашмаган, ҳатто айрим аҳли илмлар уларнинг борлиги ҳақида маълумотларга ҳам эга эмаслар. У зотнинг васиятномалари тўғрисида билганлар ҳам, унинг “ал-Фиқҳ ал-абсат” асари борлигини айтмайдилар. Мазкур “ал-Фиқҳ ал-абсат” асарининг бирорта, биргина ҳам қўлёзма нусхасининг Ўзбекистонда, ва айтиш ўринлики, бутун Марказий Осиё қўлёзмалар жамғармаларида йўқлиги ҳам буни тасдиқлайди. Шу билан бирга, асрлар давомида “ал-Фиқҳ ал-акбар” ўнлаб шарҳлар битилгани ҳолда “ал-Фиқҳ ал-абсат”га фақат битта шарҳ ёзилгани маълум. Унинг ҳам бўлса, асл муаллифи баҳсли ҳисобланади[5]. Мазкур маълумот ҳам “ал-Фиқҳ ал-акбар”нинг Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга тегишли эканлигини қўшимча тасдиқлай олади.

“ал-Фиқҳ ал-акбар”нинг Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга тегишли эмас деган шубҳани билдирувчилар китоб услуби ва тилининг ўша давр услуб ва тилига тўғри келмаслигини айтишади. Бу фикр Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг араб бўлмасдан ажам халқларидан етишиб чиққанлигини кўра олмайдиганлар томонидан ўйлаб чиқарилган фикр ҳисобланади. Рисолада оят ва ҳадисларнинг келтирилмаганини ҳам шубҳа деб қарайдиганлар бор. Ҳолбуки, бу ўринсиз бўлиб, рисола оят ва ҳадисларни эмас, улардан чиқарилган ақидавий қарашларни ўқувчиларга пухта ва лўнда тарзда етказишга қаратилган. “ал-Ақоид ан-насафия” матнида ҳам оят ва ҳадислар йўқ. Шунинг учун, уни Абу Ҳафс ан-Насафий (462-537 ҳ./1068-1142 м.) раҳимаҳуллоҳга тегишли асар эмас, дея оламизми?!

Учинчи бир шубҳа “ал-Фиқҳ ал-акбар”да ақидаги тааллуқли бўлмаган мавзулар, фиқҳий масалалар ҳам тилга олингани, дейилади. Ихтилофларга барҳам бериш мақсадида қадим замонлардан бери айрим фиқҳий мавзулар, жумладан, маҳсига масҳ тортиш, таровеҳ намозининг йигирма ракъат бўлиши кабилар ҳам ақидавий манбалар ичидан ўрин олиб келган. Буни Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ бошлаб берган бўлсалар, уни муаллифлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш адолатсизлик бўлган бўларди.

Шарқшунослар фикрига кўра, “ал-Фиқҳ ал-акбар”да келтирилган айрим калом илмига оид мавзулар ва жавҳар (модда, материя, атом, эссенция) ёки араз (аксиденция, симптом) сингари юнон ва араб бўлмаган бошқа файласуфлар асарларидан ўтиб келган фалсафий истилоҳлар Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг даврида кенг тарқалмагани унинг муаллиф томонидан ёзилганлигини шубҳа остига қўяди. Бироқ, Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳни мазкур атамаларни билмаган, дейиш асосли эмас. Чунки, юнон ва араб бўлмаган файласуфларнинг асарларини таржима қилиш унинг замонида ҳали кенг оммавий тус олмаган бўлса-да, лекин, бир қанча фалсафий асарлар тўлиқ таржима қилиш ва улар билан танишиш бошланган эди[6]. Шу билан бирга, Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу давридан бери ислом сарҳадлари фатҳлар ҳисобига кенгайиб борарди. Араблар ажамларнинг илми билан танишар, ислом уламолари бошқа дин олимлари билан тез-тез баҳс-мунозара қилиб туришарди. Ана шундай баҳс-мунозараларда бу хилдаги атама ва истилоҳлар ишлатилар, улардан кенг омма халқ хабардор бўлмаса ҳам, лекин ислом уламолари хабардор эдилар[7]. Айнан фалсафий атамалар бўлмиш жавҳар, жисм ва араз кабилар Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳгача бўлган ислом олимлари томонидан ҳам қўлланилгани бир қанча манбалардан маълум. Жумладан, мўътазилийлар раисларидан бири Амр ибн Убайд (80-144 ҳ./699-761 м.) ҳам ўз асарларида бу атамаларни ишлатган[8].   

Шунингдек, айрим шарқшунослар имоннинг тасдиқ ва иқрордан иборат экани, мўъминларнинг маърифатда тенглиги-ю, бошқа жиҳатлардан фарқли бўлиши, мўъмин кимсанинг ҳар қандай гуноҳи сабабли такфир қилинмаслиги ҳақидаги фикрларни ҳам Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга тегишли эмас, деб топишган[9].

Ақидалар мавзуси билан шуғулланувчи, “ал-Фиқҳ ал-акбар”ни батафсил шарҳ қилган мутахассис Муҳаммад ибн Абдурраҳмон Хаммис эса Аллоҳнинг Мусо алайҳиссаломга тил ва ҳарфлар воситасисиз гапиргани, “Қуръон”ни талаффуз қилиш масаласи, жаннатда Аллоҳни жиҳат (бирор томон) ва масофасиз кўриш ҳақидаги мавзулар Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ давридан кейин вужудга келгани ҳақида ёзади[10]. Шу билан бирга Муҳаммад ибн Абдураҳмон ал-Хаммис Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳулоҳнинг ўғли Ҳаммод томонидан ривоят қилинган “ал-Фиқҳ ал-акбар”ни муаллифнинг энг ишончли асари деб билади. Чунки, унинг шуҳрати донг таратгани, ҳанафий уламолари ҳам, бошқа мазҳаб уламолари ҳам уни муаллифнинг асари сифатида эътироф қилганлари, муҳаққиқ олимлар эса унинг мазкур асаридан кўплаб иқтибослар келтирганлари, шу билан бирга ундаги ақидавий масалалар Имом ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳ қарор қилган ақидалар мажмуига мутлақо мувофиқлиги бунга сабаб, деб кўрсатади[11]. Абу Жаъфар Аҳмад ат-Таҳовий (239-321 ҳ./853-933 м.) раҳимаҳуллоҳ ҳанафий мазҳаби олими бўлиб, у ўзининг “ал-Ақидат ат-таҳовия” деган ном билан шуҳрат қозонган “Баён ас-суннат” асарида Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳулоҳ ҳамда унинг икки шогирди Абу Юсуф (113-182 ҳ./731-798 м.) раҳимаҳулоҳ ва Муҳаммад аш-Шайбоний (131-189 ҳ./748-804 м.) раҳимаҳулоҳ ақидавий қарашларини акс этирган ва буни шу асарининг ўзида алоҳида қайд қилган[12]. Шунингдек, Соъид ан-Найсобурий (343-432 ҳ./954-1040 м.) раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Эътиқод” асарида ҳам Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ақидавий қарашлари акс эттирилган. 

Аслини олганда, мазкур мавзулар кўтарилгани ва баҳс-мунозараларга сабаб бўлгани унинг даврида ва ундан олдинги битилган манбаларда, шу жумладан, оят ва ҳадисларда ҳам мавжудлиги “ал-Фиқҳ ал-акбар”га ушбу мавзулар ҳам киритилганини асослаб бера олади. Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга бағишланган қарийб барча маноқибий асарларда у зотнинг ўз давридаги хаворижлар, мўътазилийлар, қадарийлар ва муржиийлар сингари бир қанча оқимлар билан баҳслар олиб боргани бирма-бир қайд қилинган. Жумладан, имоннинг тасдиқ ва иқрордан иборат эканлиги ҳақидаги фикр Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ мўътазилийлар раҳнамоларидан Жаҳм ибн Сафвон (78-128 ҳ./696-746 м.) билан учрашганида айтилган эди. Шунда, у зот инсоннинг қалби билан Аллоҳни таниб қўявериши то шуни тилга олмагунча мўъминликка кифоя қилмаслигини айтганлар[13]. Бу маълумот эса “ал-Фиқҳ ал-акбар” унга мансублигини ҳам тасдиқлайди. 

Мўъмин кимсанинг ҳар қандай гуноҳи сабабли кофирга чиқарилмаслиги ҳақидаги масала эса саҳобалар давридан бери бор эди. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ “ал-Фиқҳ ал-акбар”даги бу борадаги қатъий қоидаларга эса хаворижлар билан олиб борган бир нечта баҳс-мунозаралар натижасида келгани аниқ.

“Қуръон”нинг “махлуқ” (“яратилган”) экани ва уни талаффуз қилиш масаласи эса Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ даврида кўтарилгани борасида маноқибларда бир қанча далиллар келтирилган[14]. Муҳаммад ибн Абдураҳмон ал-Хаммиснинг “Қуръон”ни талаффуз қилиш масаласи Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ давридан кейин вужудга келган, деган гапи нотўғри. Бу ақида Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ даврида ҳам кўтарилган, лекин у зотнинг қатъий саъй-ҳаракатлари туфайли бу масала оммавийлашмасдан ёпиқлигича қолган эди. Ибн Қутайба (213-276 ҳ./828-889 м.) раҳимаҳуллоҳ “ал-Ихтилоф фи-л-лафз” асарида у зотнинг бу ишини миннатдорчилик билан эслаган[15]. Мўътазилийлардан чиққан ушбу ақида сабабли Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ раддия сифатида илк бор “ал-Фиқҳ ал-акбар” асарида бу масалага қайта-қайта тўхтаб ўтишга мажбур бўлганлар. “ал-Интиқо”да Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ Макка сафари пайтида Кўфага бир киши келиб, давраларга бирма-бир бориб, Қуръон тўғрисидаги шубҳали савол-жавоблари билан ҳамманинг бошини қотиргани келтирилган[16]. Абу Муқотил (ваф. 208 ҳ./823 м.) раҳимаҳуллоҳ: “Қуръон Аллоҳнинг каломи, у махлуқ эмас. Ким бундан бошқани айтса, у кофирдир”, деганида унинг ўғли: “Бу устозингиз Абу Ҳанифанинг ҳам гапими?”, деб сўраган. Шунда, у: “Ҳа, бу унинг ҳам гапи. Агар ундай бўлмаганда, унга шогирд бўлмасдим”, деган[17]. Бу маълумотлардан унинг давридаёқ мазкур масала кўтарилиб бўлганини билдиради.   

Мўъжиза, каромат ва истидрож борасидаги мавзуларни ҳам “ал-Фиқҳ ал-акбар” ёзилган даврида оммалашмагани, тасаввуф Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан кейин кенг тус олгани сабабли асарни муаллифга нисбатини шубҳага қўювчиларга буюк олимнинг зуҳд ва руҳий тарбия билан ҳаёт кечирганини айтиш ўринлидир. Унинг даврида Жаъфари Содиқ (80-148 ҳ./699-765 м.) ва айни Кўфада яшаган Абу Ҳошим ас-Сўфий (ваф. 150 ҳ./767 м.) раҳимаҳумаллоҳ кабилар тасаввуф билан ҳаёт кечиргани маълум. У зот Жаъфари Содиқ раҳимаҳуллоҳ билан учрашиб, суҳбатлашган, умрининг охирги икки йилини тасаввуф ҳаёти билан яшаганига ишора қилиб, لَوْ لَا السَّنَتَانِ لَهَلَكَ النُّعْمَانُ – “Агар икки йил бўлмаганда, Нўъмон ҳалок бўларди!” деган машҳур гаплари мўъжиза, каромат ва истидрож ҳақида сўз юритишига кифоя қилса керак[18].     

Умуман олганда, “ал-Фиқҳ ал-акбар”га киритилган мавзуларнинг барчаси давр тақозоси билан ёзилганига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Шу билан бирга калом илмининг мукаммал шаклланишида Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг алоҳида хизматлари борки, буни инкор қилиб бўлмайди. Бинобарин, у ўзидан кейинги даврларда оммалашган ақидавий мавзулар бўйича анча илгари ёзиб кетган бўлсалар, бу унинг буюк олим бўлганини тасдиқлайди, холос.         

Аслида, “ал-Фиқҳ ал-акбар” Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳулоҳга тегишли эмас, деган шубҳа ўрта асрлардаёқ тарқалган эди. Унинг келиб-чиқишига мўътазилийлар сабабчи бўлишган. Мўътазилийлар “ал-Фиқҳ ал-акбар”ни Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳулоҳники эмас, балки Абу Ҳанифа Муҳаммад ибн Юсуф ал-Бухорий деган шахсга мансуб, деб чиқишган эди. Бу борада Бурҳониддин ал-Марғиноний раҳимаҳуллоҳнинг шогирди Шамс ал-аимма ал-Кардарий (559-642 ҳ./1164-1244 м.) раҳимаҳуллоҳ хабар бериб, бу мўътазилийлардан чиққан асоссиз гап, деган ва шу пайтгача аҳли суннат ва жамоатнинг барча машойихлари “ал-Фиқҳ ал-акбар”ни Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳулоҳга тегишли эканлигини айтиб келишганини ёзган[19]. Нажмулғани Ромпурий (1276-1351 ҳ./1860-1932 м.) раҳимаҳуллоҳ эса “Таълим ал-имон” шарҳида бу мавзуга тўхталиб, “ал-Фиқҳ ал-акбар” бизларгача очиқ-ойдин ва машҳур санадлар билан етиб келган. Уни Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ёзганлиги аниқ. Муҳаммад ибн Юсуф ал-Бухорий ёзган деган гап эса аниқ хато ва шармандали туҳматдир”, деган гапни келтириб ўтади[20].

Муфтий Азизурраҳмон Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алаҳйи ҳаёти ва ижоди ҳақида ёзган китобида Шиблий Нўъмонийнинг “Сийрати Нўъмон” асаридаги “ал-Фиқҳ ал-акбар” умуман буюк имомга тегишли эмас, деган гапига таажжубланади ва унинг асоссиз гап эканини қайд қилади. Шу билан бирга, унинг шубҳаларига бирма-бир тўхталиб, қониқарли жавоблар тақдим қилади. Бироқ, Муфтий Азизурраҳмон ҳам Абу Мутеъ ал-Балхий раҳимаҳуллоҳ ривоятидаги “ал-Фиқҳ ал-акбар”нинг “ал-Фиқҳ ал-абсат” деб аталаётган асарини муаллифга тегишли деб билади. “ал-Фиқҳ ал-акбар”нинг Ҳаммод ибн Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ривоятидаги машҳур вариантини эса Муҳаммад ибн Юсуф ал-Бухорий ёзган, деган гумонга келади[21].

“Абу Ҳанифа” куниясига эга Муҳаммад ибн Юсуф ал-Бухорий “Фиқҳ ал-акбар”ни ёзган, деган гап қуруқ гумондан бошқа нарса эмас. Ҳанафийлар табақотига оид “ал-Жавоҳир ал-музия”да айтилишича, “Абу Ҳанифа” кунияси билан танилган Муҳаммад ибн Юсуф кароматни инкор қилган[22]. “ал-Фиқҳ ал-акбар”нинг ўзида эса “Авлиёлар учун кароматлар ҳақдир”, деб келтирилган. Шу биргина далилнинг ўзи ҳам “Фиқҳ ал-акбар”ни у ёзмаганлигини тасдиқлай олади. 

Мўътазилийлар “Фиқҳ ал-акбар”ни Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ёзмаган, деган гапни тарқатишларининг сабаби эса ушбу асарда уларга бир қанча раддия фикрлар мавжуд. Жумладан, Аллоҳнинг сифатлари ва уларнинг қадимий ва азалий деб берилиши, “муташобеҳ” деб аталган сифатларни таъвил қилмаслик масаласи, қиёматда Аллоҳни кўриш масаласи, қабр азобининг ҳақлиги, жаннат ва дўзахнинг ҳозирда ҳам мавжудлиги, авлиёларнинг каромати кабилар мўътазилийларга раддия ҳисобланади. Шунинг учун, мўътазилийлар мазкур китоб уларга буюк имом, улуғ мазҳаббоши томонидан раддия ўлароқ ёзилмаган, дейишдан тап тортишмаган.

Умуман олганда, “ал-Фиқҳ ал-акбар” ва унинг муаллифлиги масаласида билдирилган эътирозларнинг кўпчилиги қуруқ шубҳа ва гумондангина иборатдир. Улар бирор бир ишончли ва мантиқли далил-ҳужжатга суянилмагани боис эътиборга арзимайди, дея оламиз.

 

Ҳамидулла Аминов – Имом Термизий халқаро 

илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

 

 

[1] Wensinck A.J. The Muslim Creed. Its genesis and histirical development. – London: Cambridge at the University Press, 1932. – P. 102-124; 188-247; 264. 

[2] Givony Jozeph. The Murji'a and the theological school of Abū Ḥanīfa. A historical and ideological study. – Edinburgh: University Press, 1977. – P. 120; Joseph Schacht. Abu Hanifa al-Nu’man b. Thabit // The Encyclopedia of Islam. New edition. Yolume I. – Leiden: Brill, 1986. – S. 124; Brannon M. Wheeler. Abu Hanifa // Encyclopedia of Islam and the Muslim World. Volum I. – USA: Macmillan Reference, 2004. – S. 8-9; Рудольф У. Ал-Матуриди исуннитская теология вСамарканде. – Алматы: Фонд «XXI век», 1999. – С. 20 и 39. Улрих Рудолф. Ал-Мотуридия ва Самарқанд суннийлик илоҳиёти (Қисқартирилган нашр). – Тошкент: Имом ал-Бухорий халқаро жамғармаси, 2002. – Б. 25-26. 

[3] İlyas Çelebi. Risaleleri ve İtikadî Görüşleri ile İmam-ı Azam Ebû Hanîfe // “İslâmî Araştırmalar” Dergisi. Cilt: 15. Sayi: 1-2. – Ankara: Türkiye Ekonomik ve Kültürel Dayanışma Vakfı (TEK-DAV), 2002. – S. 66; İlyas Çelebi. Ebû Hanîfe’nin Kelâmcılığı, İtikada Dair Risaleleri ve bunların Otantik olup olmadıkları meselesi // “İmâm-ı A’zam Ebû Hanîfe ve Düşünce Sistemi” (Sempozyum Tebliğ ve müzakereleri). Cilt II. – Bursa: Kur’an Araştırmaları Vakfı – KURAV, 2005. – S. 190; Ramazan Altintaş. Ebû Hanîfe’nin Kelam Metodu ve “el-Fıkhu’l-Ekber” adlı Eserine Yöneltilen Bazı İtirazlar // “İslâmî Araştırmalar” Dergisi. Cilt: 15. Sayi: 1-2. – Ankara: Türkiye Ekonomik ve Kültürel Dayanışma Vakfı (TEK-DAV), 2002. – S. 196.

[4] Абдулқоҳир ал-Бағдодий аш-Шофеъий. Ал-Фарқ байн ал-фирақ. – Қоҳира: Мактаба Ибн Сино, 1988. – Б. 314.

[5] Мазкур “ал-Фиқҳ ал-абсат”га битилган шарҳ Абу Мансур ал-Мотуридий раҳимаҳуллоҳга янглиш равишда нисбат қилиниб, Ҳайдарободда 1325, 1365 ҳ. саналарда ва Байрутда 1983 йилларда нашр қилинган. Бироқ, кейинчалик мазкур шарҳ бир қанча тадқиқотчилар томонидан Абуллайс ас-Самарқандий раҳимаҳуллоҳга нисбат қилинган ва 1995 йили Токиода Hans Daiber томонидан нашр ҳам қилинган. Шарҳ айрим қўлёзма нусхаларида Исмоил ибн Исҳоқ ал-Ҳатирий раҳимаҳуллоҳга нисбат қилинган. Бироқ, унинг Ато ибн Али ал-Жузжоний раҳимаҳуллоҳга мансублиги тўғрироқ экани ўз исботини топди. Қаранг: Züleyha Birinci. Abû Mutî’ Rivâyetli el-Fɪkhü’l-ekber Şerhi’nin Müellifi meselesi // M.Ü. İlâhiyat Fakültesi Dergisi. 35 (2008/2). İstanbul, 2008. – S. 57-72.   

[6] Умавийлар ва аббосийларнинг илк даврларидаги таржима ишлари бўйича тадқиқотларга қаранг: Абдулҳалим Маҳмуд. Ат-Тафкир ал-фалсафий фи-л-ислом. – Байрут: Мактаба ал-Маориф, 1989. – 311 б.; Марям Салома Кор. Ат-Таржима фи-л-асри-л-Аббосий. – Дамашқ: Маншурот визора ас-сақофа, 1998. – 108 б.; Khalid Y. Salih. The Movement of Translation in Al Sham in tne Umayyad Period 41-132 a.h./661-750 a.d. // College of Basic Education Researches Journal 2011, Volum 11, Issue 1, Pages 234-249; 

[7] Ҳаммод Ризо Нурий. Китоби Фиқҳи акбар. Таҳқиқ ва тадқиқ. – Лоҳур: Зовия, 2013. – Б. 50.

[8] Адильбаев А., Адильбаева Ш. Абу Ханифа и ханафитский мазхаб. – Алматы: Кокжиек, 2014. – С. 409.

[9] Şerafettin Göljük, Adil Bebek. el-Fikhü’l-ekber // Turkiye Diyanet Vakfi Islam ansiklopedisi. 12 cilt. – Turkiye: Turkiye Diyanet Vakfi Yayinlari, 1995. – S. 545.

[10] Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ал-Хаммис. Усул ад-дин инда ал-Имом Аби Ҳанифа. – Риёз: Дор ас-Сумайъий, 1996. – Б. 142; Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ал-Хаммис. Аш-шарҳ ал-муяссар ъала ал-фиқҳайн ал-Абсат ва-л-Акбар ал-мансубайн ли-Аби Ҳанифа. Ажмон: Мактаба ал-Фурқон, 2000. – Б. 3; Ал-Фиқҳ ал-акбар ли-л-Имом Аби Ҳанифа / Шарҳан ва диросатан, таълиф: Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ал-Хаммис. 2 жилд. – Риёз: Мактаба ар-рушд, 2015. – Б. 8.

[11] Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ал-Хаммис. Усул ад-дин инда ал-Имом Аби Ҳанифа. – Риёз: Дор ас-Сумайъий, 1996. – Б. 142; Ал-Фиқҳ ал-акбар ли-л-Имом Аби Ҳанифа / Шарҳан ва диросатан, таълиф: Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ал-Хаммис. 2 жилд. – Риёз: Мактаба ар-рушд, 2015. – Б. 8.

[12] Абу Жаъфар ат-Таҳовий. Баён ас-Суннат. – Қозон: Маориф кутубхонаси, 1910. – Б. 2.

[13] Соъид ал-Устувоий ан-Найсобурий. Китоб ал-Эътиқод. Ақида марвийя ъан ал-Имом ал-Аъзам Аби Ҳанифа. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2005. – Б. 102.

[14] Жумладан, қаранг: Соъид ал-Устувоий ан-Найсобурий. Китоб ал-Эътиқод. Ақида марвийя ъан ал-Имом ал-Аъзам Аби Ҳанифа. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2005. – Б. 135-142.

[15] Ибн Қутайба ад-Динаварий. Ал-Ихтилоф фил-л-лафз. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1985. – Б. 47-50.

[16] Ибн Абдулбарр. Ал-Интиқо фи фазоил ал-аимма ас-салоса ал-фуқаҳо. – Байрут: Дор ал-башоир ал-исломия, 1997. – Б. 317.

[17] Ибн Абдулбарр. Ал-Интиқо фи фазоил ал-аимма ас-салоса ал-фуқаҳо. – Байрут: Дор ал-башоир ал-исломия, 1997. – Б. 319.

[18] Ramazan Altintaş. Ebû Hanîfe’nin Kelam Metodu ve “el-Fıkhu’l-Ekber” adlı Eserine Yöneltilen Bazı İtirazlar // “İslâmî Araştırmalar” Dergisi. Cilt: 15. Sayi: 1-2. – Ankara: Türkiye Ekonomik ve Kültürel Dayanışma Vakfı (TEK-DAV), 2002. – S. 197.

[19] Маълумот бундан: Али ал-қори. Ал-Асмор ал-жания. – Патна: Худобахш, 2002. – Б. 53-54.

[20] Нажмулғани Ромпурий. Таълим ал-имон. – Карочи: Оромбоғ, 1970. – Б. 4-5.

[21] Муфтий Азизурраҳмон. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа. Ҳолоти зиндагий, қонунсозий ўр фиқҳ. – Лоҳур: Раҳмония, 1979. – Б. 360-368.

[22] Абдулқодир ал-Қураший. Ал-Жавоҳир ал-музия. 3-жилд. – Ҳажар: Дор ат-Тибоъа ва-н-нашр, 1993. – Б. 412.

Izoh qoldirish