29.01.2025

АБУ ҲАНИФА РАҲИМАҲУЛЛОҲНИНГ ОҲОД ҲАДИС ҚИЁСГА ҚАРАМА-ҚАРШИ КЕЛИШИ БОРАСИДАГИ ҚАРАШЛАРИ

Аннотaция: Мазкур мақолада оҳод ҳадис қиёсга қарама-қарши келиши борасида уламоларнинг қарашлари зикр қилинган. Шунингдек, ҳанафий мазҳаб асосчиси Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг мазкур масала борасидаги позицияси ва ёндашувлари очиб берилган. 

Аннотaция: В этой статье упоминаются взгляды ученых относительно противопоставления оход хадисов к киясу. Также, раскрыты позиция и подходы Абу Ханифы рахимахуллах основателя ханафитского мазхаба, по этому вопросу.

Annotation: This article mentions the views of scholars regarding the contrast between ohod hadith and qiyas. Also, the position and approaches of the founder of Hanafi madhhab Abu Hanifa rahimahullah on this issue are revealed.

 

Калит сўзлар: оҳод хабар, оҳод ҳадис, қиёс, ижтиҳод, мужтаҳид, раъй, мухолиф, ровий, мутақаддим, мутааххир, фатво, дия, иллат.

Ключевые слова: оход информatsiя, оход хадис, кияс, иджтихад, муджтахид, раъй, оппонент, повествователь, мутакаддим, мутаахсир, фетва, дия, иллат. 

Кey woгds: ohod information, ohod hadith, qiyas, ijtihad, mujtahid, ra’i, opponent, narrator, mutakaddim, mutaahsir, fetwa, diya, illat.

 

Мазкур мавзуга киришдaн олдин القياس الأصولي ваقياس الأصول  деган иборалар ўртасидаги фарқни билиш лозим бўлади. قياس الأصول   деган ибора баъзи мутааххир ҳанафий мазҳаб уламоларининг истилоҳидир. Аслида иккаласининг ўртасида фарқ йўқ. Ҳанафий уламолар ҳадис қиёсга зид бўлмаслик шартини ҳозирги айтиб ўтилган القياس الأصولي –  усулий қиёс, дейдилар. Хилоф келишини مخالفته الأصول  – хабарнинг усулга зид келиши, дея номлайдилар. Шунинг учун Қози Абу Зайд Даббусий раҳимаҳуллоҳ: “Оҳод хабар усулнинг ўзига хилоф келса, қабул килинмайди”, деган[1].

  Абул Ҳусайн Басрий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Қиёсгa оҳод хабар зид келганда қаралади, агар қиёснинг иллати қатъий наcc билан собит бўлган бўлса ва оҳод хабар шу иллатнинг қилган тақозо қиладиган ҳукмини инкор қиладиган бўлса, шубҳаcиз, қиёсгa aмaл қилинади. Чунки насда келган иллат насда келган ҳукм кабидир. Шундай экан, иллатга оҳод хабарнинг зид келиши тўғри эмас”.

Оҳод хабар қиёсга зид келган вақтда оҳод хабарга амал килиш борасида ҳанафий мазҳаб уламолари икки хил қарашга эга:

Биринчиси – оҳод хабар қиёсга мутлақ муқаддам қилинади, яъни ровийси фиқҳ бўлиши ва бўлмаслигининг фарқи йўқ. Худди шу гапни кўпчилик ҳанафий уламолар қўллаб-қувватлаганлар. Кўпчилик усул уламолари ҳам улар билан ҳамфикрлар.

Иккинчиси – қиёс оҳод хабарга икки шарт билан муқаддам қилинади:

1. Ровийси фақиҳ бўлса, хабар муқаддам қилинади. Агар бундай бўлмаса, қиёс оҳод хабардан олдинга қўйилади.

2. Оҳод хабар қиёсга мувофиқ келса, қабул қилинади. Агар қиёсга зид келиб, бошқа қиёсга мувофиқ келганда ҳам қабул қилинаверади. Аммо барча қиёсларга зид келса, оҳод хабар қабул қилинмайди.

Оҳод хабарнинг ровийси забт, фиқх ва ижтиҳод билан танилган бўлса, масалан, хулафои рошидинлар, тўртта Абдуллоҳ номлик саҳобалар, Муоз ибн Жабал, Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳум кабилар бўлса, буларнинг ривоят қилган оҳод хабари бир овоздан қабул қилинади. Бу ўринда оҳод хабар қиёсга мувофиқ бўлиши ёки зид келиши эътиборга олинмайди. Оҳод хабар қиёсга мувофиқ бўлганда қиёсни қўллаб-қувватлаган саналади. Қиёсга хилоф келганда эса қиёс тарк этилиб, оҳод хабарга амал қилинади[2].

Агар ровий кўп ривоят қилувчи бўлган тақдирда ҳам фиқҳ ижтиҳод ва фатво бериш билан танилмаган бўлса ва қиёсга мувофиқ бўлган бир оҳод хабарни ривоят қилса, қабул қилинади. Агap бир қиёсга хилоф бўлиб, бoшқа қиёсга тўғри келса ҳам қабул қилинавеpади. Аммо барчa қиёслаpгa зид кeлcа, қабул қилинмайди. Бу гап мутақаддим усул уламоларидан қози Исо ибн Абон ва қози Абу Зайд Даббусийга нисбатлaнгaн. Aкcap мyтaaxxиp ҳaнaфийлaр ҳам шу иккалаларига эргашганлар.

Уларнинг далиллари – Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳунинг ҳадислари бўлиб, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам у зотни Яманга қози қилиб юборганларида бундай деганлар:

 

كَيْفَ تَقْضِي إِذَا عَرَضَ لَكَ قَضَاءٌ ؟، قَالَ: أَقْضِي بِكِتَابِ اللَّهِ، قَالَ: فَإِنْ لَمْ تَجِدْ فِي كِتَابِ اللَّهِ؟، قَالَ: أَقْضِي بِسُنَّةِ رَسُولِ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم، قَالَ : فَإِنْ لَمْ تَجِدْ فِي سُنَّةِ رَسُولِ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم؟، قَالَ: أَجْتَهِدُ رَأْيِي وَلا آلُو، قَالَ: فَضَرَبَ رَسُولُ اللَّهِ بِيَدِهِ صَدْرِي، قَالَ: الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي وَفَّقَ رَسُولَ رَسُولِ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم، لِمَا يُرْضِي رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم

 

“Сенга бир масала пайдо бўлганда қандай ҳукм қиласан?” У киши айтди: “Аллоҳнинг Китоби ила ҳукм чиқараман”. Расулуллоҳ айтдилар: “Агар Аллоҳнинг Китобидан тополмасанг-чи?” У зот: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари ила”, деб айтди. Расулуллоҳ айтдилар: “Агар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатидан ҳам, Аллоҳнинг Китобидан ҳам тополмасанг-чи?” У киши айтди: “Раъйим ила ижтиҳод қиламан, қосирлик қилмайман”. Расулуллоҳ саллаллоҳу aлaйҳи васаллам унинг кўкрагига уриб қўйдилар ва: “Расулуллоҳнинг расулини Расулуллоҳ рози бўлган нарсага муваффақ қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин”, дедилар[3].

Муоз разияллоҳу анҳу юқоридаги ҳадисда қиёсни суннатдан кейинга қўйди. Суннатнинг қисмларини ривоят жиҳатдан ажратмади. Бу нарсага Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам розилик билдириб, уни тўғриликка муваффақ қилгани учун Аллоҳга ҳамд айтдилар. Бу эса суннат қиёсдан муқаддам эканлигини ва қиёс билан шуғулланиш суннатда ҳукм топилмаган вақтдагина мумкинлигига далолат қилади.

Саҳобалар оҳод хабар турганда қиёсни тарк этишга ижмо қилганлapига бир қанча далиллар мавжуд:

1. Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу бувининг мероси тўғрисида Муғийра ва Муҳаммад ибн Маслама разияллоҳу анҳумларнинг хабарларини амалга татбиқ этган.

2. Умар разияллоҳу анҳу Ҳамал ибн Молик ибн Нобиға розияллоҳу анҳунинг қориндаги болани ўлдириб қўйганда бир қул ёки чўрини товон пули қилиб тўлаш тўғрисидаги хабарига амал қилган ва: "Биз ўз раъйимиз билан ҳукм чиқаришимизга сал қолди-я, деган, (яъни Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ваcaллам иккита кундошдан бири иккинчисини уриб, қорнидаги боласини ўлдириб қўйганда, ҳукм чиқарганларига гувоҳ бўлганман”, деб ҳадис айтган. Шунда битта қул ёки чўрини товон сифатида тўлатганлар, деган. Бу зот ўзимнинг қиёсим бўйича ҳукм чиқариб қўйишимга сал қолибди, деган.)

Умар разияллоҳу анҳу мазкур воқеада бу кишининг хабари оҳод хабар, фақиҳ бўлмаган саҳобанинг ривояти, қиёсга мухолиф бўлса ҳам шунга асосланиб ҳукм чиқарди. Чунки бу масалада қиёс шу эдики, қориндаги бола агар тирик қолган такдирда, тўлиқ дия вожиб бўлади, агар ўлик бўлса, ҳеч нарса вожиб бўлмас эди. Умар разияллоҳу анҳу бу ўринда қиёсни тарк этиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари асосида фатво берди.

3. Умар разияллоҳу анҳу Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ашям Зубобийнинг хотинига эрининг диясидан меpoс ажратилиши тўғрисида Заҳҳок ибн Суфён ривоят қилган оҳод хабарига амал қилган.

4. Умар разияллоҳу анҳу бармоқларнинг дияси тўғрисидаги хабар туфайли қиёсни тарк этган[4].

5. Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу айтади: “Кирқ йил мухобара, яъни ҳосилнинг учдан бири ёки тўртдан бири эвазига деҳқончилик қилардик. Буни зарарли деб билмас эдик. Рофеъ ибн Хадиж эса бизга бунинг жоиз эмаслиги борасида хабар айтиб қолди. Биз мухобарани Рофеънинг гапини деб тарк этдик”.

6. Усмон разияллоҳу анҳу эри ўлган аёлнинг уй-жойи борасида Фарийъа бинти Молик разияллоҳу анхонинг хабарини қабул қилиб, амалга татбиқ этган.

Ибн Баттол раҳимаҳуллоҳ айтади: “Умарнинг оҳод хабар асосида ҳукм чиқариши жуда машҳур. Хотинга эрининг диясидан мерос берилиши тўғрисида Заҳҳок ибн Суфён разияллоҳу анҳунинг хабарини, шунингдек, жизя ва вабо касаллиги тўғрисида Абдурраҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳунинг хабарини қабул қилган.

Саҳобалар ўртасида бундан бошқа жуда кўп ҳар хил воқеалар бўлган. Бу ҳолат эса одатда уларнинг худди очиқ-ойдин гапларига кўра ижмо боғлаганларидек илмни келтириб чиқаради. Қиёс даражада оҳод хабардан қуйироқ эканлигига сароҳатан  гап билан ижмо қилганликларини ифода этади. Мана шу ҳолат тарихларни ва ҳар хил воқеа ҳодисаларни яхшилаб текшириб, ўрганиб чиққан одамга жуда равшан тарзда маълум бўлади.

Оҳод хабарда хато бўлишш эҳтимоли қиёсникидан кўра камроқ. Шунинг учун оҳод хабар қиёсдан муқаддам қўйилади. Негаки оҳод хабарни қабул қилиш учун уч хил босқичдан ўтиш керак:

1.Ровийнинг адолатлилигини аниқлаш; 

2. Ҳадиснинг ҳукмга далолат қилишини текшириш; 

3. Ҳадис амалга лойиқ хужжат эканини билиш.

Аммо қиёсни шаръий ҳужжат сифатида олишда олти босқични босиб ўтиш керак бўлади:

1. Мақийсун алайҳнинг ҳукми собитлигини; 

2. Мақийсун алайҳда умумий иллатни топиш; 

3. Умумий иллатнинг ичида яроқли муайян бир иллатни белгилаш; 

4. Мақийсда ўша иллат мавжудлигини аниқлаш; 

5. Мақийсун алайҳнинг ҳукми мақийсда борлигини ман этувчи монеъ йўқлиги; 

6. Шy қиёс (мақийс)га амал қилиш вожиблиги.

Юқорида айтилганидек мақийсун алайҳнинг далили оҳод хабар бўлмагандаги ҳолатга тегишли. Аммо унинг далили оҳод хабар саналганда эса тўққизта босқичдан ўтиб, ижтиҳод қилиб чиқишга зарурат туғилади. Аввалги олтитаси келтириб ўтилди, қолган учтаси оҳод хабарни қабул қилиниши учун керак бўладиган шартлар. Бирор шак-шубҳа йўқки, бир неча эҳтимоллар билан ижтиҳод қилишга эҳтиёж туғиладиган қиёсда камроқ эҳтимоллар билан ижтиҳод қилишга эҳтиёж туғиладиган оҳод хабардан кўра хато кўпроқ учрайди[5].

Оҳод хабарни қиёсдан муқаддам қўювчилар яна айтадилар: “Оҳод хабар қиёсдан кўра кучлироқ. Шунинг учун у муқаддам бўлиши тайин. Биз мана шу гапга юрдик. Чунки хабар маъсум зотнинг гапига асосланган. Қиёс эса бундай эмас. Чунки у маъсум бўлмаган мужтаҳиднинг каломига таянган. Сизга махфий эмас-ки, маъсумнинг каломи маъсум бўлмаганнинг каломидан кўракучлироқ ҳисобланади”.

Икки шарт билан қиёс оҳод хабардан муқаддам туради дейдиган уламолар қуйидагиларни далил қилишадилар:

Биринчиси, саҳобаларнинг қиёсни қабул қилиб, оҳод хабарни рад этганлар. Жумладан, Ибн Аббос разияллоҳу анҳу Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу – الوضوء مما مست النار “Олов теккан нарса сабабли таҳорат олиш” тўғрисидаги хабарини ўз раъйи ва қиёси ила рад этган ва:   لو توضأت بماء ساخن أكنت تتوضأ منه- “Иссиқ сувга таҳорат олсангиз, у сабабидан ҳам яна таҳорат оласизми?” деган.

Али разияллоҳу анҳу Бирваъ разияллоҳу анҳонинг ҳадисини қиёс ила қуйидагича рад этган: “Унга маҳр эмас, мерос ажратилади. У идда ўтиради”, деган. Чунки маҳр эваз ҳисобланади. Агар эр эваз баробарида турган нарсадан фойдаланмаган бўлса, маҳр лозим бўлмайди. Бу масалани сотилган товар пулига қиёс қилган.

Иккинчиси саҳобалардан иборат салафлар қиёснинг ҳужжат эканлигига ижмо қилганлар. Бундан ташқари оҳод хабарни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга боғланишида бир тур шубҳа бор. Шундай экан, ижмо билан собит бўлган қиёснинг ҳукми кучлироқ ва унга амал қилиш афзал бўлади.

Учинчиси қиёсдан далил келтиришади. Оҳод хабарда ровийнинг хатога йўл қўйиши ва ёлғон гaпириши эҳтимоли мавжудлиги учун қиёс ундан кўpа собит қилувчироқдир. Чунки бундай ҳолат  қиёсда содир бўлмайди. Қолавeрса, қиёсда хосланиш эҳтимоли йўқ. Аммо оҳод хабap хосланиши мумкин. Хосланиш эҳтимоли йўқ нарса устунроқ туради. Қиёс бу ҳолатлардан омонда. Демак, у оҳод хабардан кучли ҳисобланиб, унга муқаддам бўлиши вожиб.

Муxaққиқ имом Абу Бакр Жассос раҳимаҳуллоҳ айтади:“Исо ибн Абон раҳимаҳуллоҳ: “Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг ҳадисларидан хато қилиши гумон қилинмаганлари қабул қилинади. Чунки у киши адолатли бўлган”, деган (яъни хато қилиш гумони мавжуд вақтда қиёс маъқул кўрилади, деган фикрни олға сурмоқчи).

Исо ибн Абон бошқа бир ўринда айтади: “Абу Ҳурайранинг ҳадиси, модомики, қиёс уни рад этмаса ва машҳур суннатдан иборат ўзига ўхшашларининг ривоятларига хилоф келмаса, қабул қилинади. Акс ҳолда шулардан бирортаси бўлса, саҳоба ва тобеъинлар қиёсга амал қилишни маъқул кўрадилар ва уни рад этмайдилар”.

Исо ибн Абон айтади: “Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг ривояти ҳадис қабул қилишда ва ҳифзда танилган бошқа саҳобаларнинг хабари даражасига қўйилмайди. Чунки у зот ривоят қилган ҳадисларидан рад этилганлари кўп, яъни унинг бир қанча ривоятлари борасида уламолaр шубҳага борганлар"[6].

Имом Жассоснинг мазкур ибораларидан Исо ибн Абон ҳанафий мазҳаб уламоларининг ичида биринчи бўлиб, шу қоидани ўрнаттанлиги, фақиҳ ва фақиҳ бўлмаган ровийларнинг ривояти ўртасини ажратгани маълум бўлмоқда.

Эҳтимол, имом Исо ибн Абон раҳимаҳуллоҳиинг мана шу қоидани чиқаришида Ироқ фақиҳи ва ҳадисларни сараловчиси имом Иброҳим Нахаий раҳимаҳуллоҳнинг сўзи сабаб бўлса, ажаб эмас. Ҳофиз Ибн Асокир раҳимаҳуллоҳ Аъмаш раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилади: “Иброҳим ҳадис сараловчиси эди. Унга қанақанги ҳадисни айтсам, у диққат қиларди ва унга қўшимча киритар эди. Абу Солиҳ бизга Абу Ҳурайрадан “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга мана бундай деганлар” деб ҳадис айтди. Мен Иброҳимнинг олдига келдим-да, унга ушбу хабарни етказдим. Унга кўп гапирганимдан кейин менга: “Улар Абу Ҳурайранинг айрим ҳадисини олмас эдилар", деди".

Ожуррий Ашжаъийдан ривоят қилади, у Суфёндан, у Мансурдан, у Иброҳим Нахаийдан ривоят қилади: “Улар Абу Ҳурайра риовоят қилган хабарлардан кўпини мансух деб билардилар”[7].

Имом Иброҳим Нахаий раҳимаҳуллоҳ баъзи саҳобалардан таъсирланган. Уларнинг қилган ишларига эргашиб, Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ҳадисларининг баъзисини гоҳида оларди, гоҳида тарк ҳам этарди. Ундан кейин имом Исо ибн Абон раҳимаҳуллоҳ ҳам Иброҳим Нахаийнинг мазкур каломларини олиб, қоидага айлантирди.

Бу фикрни имом Жассос, қози Даббусий, Баздавий, Сарахсий ва бошқалар  ҳам ихтиёр этганлар. Ҳанафий уламолардан бир жамоаси шу фикрни илгари сурганлар. Лекин бу гап имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг тутган йўли эмас.

Бу ўринда имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳлан хабарни қиёсга муқаддам қўйиш тўғрисида нақл этилган баъзи ибораларни келтириш мумкин:

1. Ибн Маин Убайд ибн Қуррадан ривоят қилади, у киши айтади: “Яҳё ибн Зурайсдан қуйидагиларни эшитдим: “Суфённинг олдида эдим. Унинг ҳузурига бир киши келди. “Абу Ҳанифага раддия билдирмайсизми?” деди у. Суфён айтди: “Унга нима бўлди?” Бояги киши “Унинг “Аллоҳнинг Китобини оламан. Модомики, топмасам, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига мурожаат қиламан. Агap Аллоҳнинг Китоби ва Расулининг суннатида ҳам топа олмасам, саҳобаларининг гапини оламан. Улардан хоҳлаганимникини олиб, хоҳлаганимникини тарк этаман. Уларнинг гапларидан бошқа манбага ўтмайман. Агар иш Иброҳим, Шаъбий, Ибн Сирин, Ҳасан, Ато ва Саид ибн Мусайяб ва бошқаларга келса, улар ижтиҳод қиладилар. Улар сингари мен ҳам ижтиҳод киламан”, деяётганини эшитдим.

2. Ибн Абил Аввом Абу Юсуфга етган санади билан ривоят қилади: “Абу Ҳанифага бирор масала келса “Бу масала юзасидан ҳузурингизда бирор-бир осор борми”, дерди. Биз у зотга осорларни ривоят килсак, у киши ҳам ўзининг ҳузуридаги далилларни зикр этардилар-да, қарарди. Агар осорлар иккита гапнинг бир томонида кўпроқ бўлса, уни оларди. Агар баробар бўлса, кўриб чиқиб, бирини танларди”.

3. Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ Рамазонда унутиб еб-ичиб қўйган киши ҳақида гапириб туриб қуйидагиларни aйтган: “Имом Абу Ҳанифа: “Агар бу борада келган осoрлар бўлмаганда, мен рўзасини қазо қилади, деб ҳукм чиқарган бўлардим", деган".

4. Aбy Hyaйм Acбaxoний Ибн Муборакдан ривоят қилади: “Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан эшитдим: “Aгap Пайғамбар саллаллоҳу алaйҳи ва сaллaмдaн (яъни биpop xaбap) кeлca, бoш ycтигa. Aгap Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан келса, уларнинг гапларидан танлаб оламиз. Агар тобеъинлардан келса, улар ёнида туриб ҳаракат қиламиз”.

5. Вакиъ ибн Жаррох раҳимаҳуллоҳ Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилади: “Масжидда бавл қилишнинг (гуноҳи) баъзи қиёслардан яхшироқ”. Ҳофиз Хатиб буни шундай изоҳлайди: “Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ бу гапдан нассга мухолиф қиёc назapдa тутмоқда. Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ қиёсни айблаш борасида шундай сўз айтганки, уни нассга мухолиф қиёсни кўзда тутганлигига йўйилади”.

6. Хатиб Бағдодий раҳимаҳуллоҳ нақл қилади: “Халифа имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг замонасида у зотга бир масалада фатво сўраш учун одам жўнатади. Имом Абу Ҳанифа у кишига масаланинг жавобини юборади. Шунда у кишининг дарс ҳалқаларидаги айримлар ўша фатвога зид бўлган ҳадисни нақл қилишади. У киши берган фатвосидан қайтади ва халифага ҳадиснинг ҳукми мувофиқ бўлган жавобни жўнатади”.

7. Қиёсни нассга муқаддам қўйишдаги айблов имом Абу Ҳанифанинг ўзига етиб боради. Шундай кучли раддия бердики, буни хофиз Ибн Абил Аввом имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилган: “Одамларга ҳайронман, улар мени раъй билан фатво беради, дейишяпти, мен фақаттина оcоp билан фатво айтаман”.

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан бўлган бу ривоятлар яққол кўрсатиб турибдики, у зот хабарни қиёсдан муқаддам қўяди. Имомлар ҳам бунга гувоҳлик берганлар. Сиқа, обид, имом Фузайл ибн Иёз Абу Ҳанифани сифатлаб айтади: “Агар у зотга бир масала келиб, шу масала бўйича саҳиҳ ҳадис бўлса, шунга эргашарди. Агар саҳоба ва тобеъинлардан бирор гап бўлса, яхши. Акс холда, қиёсга қўл урарди ва буни жуда гўзал амалга ошиpарди”.

Имом Зуфар раҳимаҳуллоҳ айтади: “Мухолифларга эътибор берманглар. Чунки имом Абу Ҳанифа ва асҳобларимиз бир масалада фақат Қуръони карим, суннат ва саҳиҳ қавллардангина гапирардилар Сўнгра бундан кейин бу иккисига қиёс қилардилар”.

Ушбу иборалардан маълум бўладики, имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ қиёсдан хабарни мутлақ муқаддам қўярди. Ровийси фақиҳми, йўқми, деган қайдлов йўқ, эди. Имом Абу Ҳанифадан оҳод хабарни қиёсга муқаддам қўйиш борасида ровийнинг фақиҳлиги ёки фақиҳ эмаслиги орасини ажратиш ривоят қилинмаган.

Маълумки, имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ хабарни қиёсдан мутлақ муқаддам қўйган ва қайдламаган. Бир қанча шогирдлари ҳам шу йўлни тутганлар:

1. Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ саҳобаларнинг осорларини қиёсдан муқаддам қўярдилар. Демак, ҳадисни қиёсдан муқаддам қўйиши ўз ўзидан маълум бўлади.

Муҳаққиқ Жассос раҳимаҳуллоҳ айтади: “Абул Ҳасан раҳимаҳуллоҳ айтади: “Кўпинча Абу Юсуфни бир қанча масалалар устида кўрар эдим: “Қиёс мана бундоқ лекин мен осор борлиги учун қиёсни тарк этаман. Ўша осор саҳобанинг ўзига ўхшаш бошқа тенгқурларидан хилофи кузатилмаган гапидир”, дер эди”.

2. Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ қаҳқаҳа сабабли таҳорат олиш кераклиги ҳақида гапириб, мана бундай деди: “Агар бу борада бирорта осор келмаганда қиёс аҳли Мадинанинг гапига кўра бўларди. Лекин осор турганда қиёсга ўрин йўқ. Бу ерда фақат осорларга бўйинсунилади”.

3. Хатиб Бағдодий имом Зуфар раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилади: “Биз осор келмаган ўриндагина раъйни оламиз. Агар осор келса, раъйни тарк этамиз”.

Бу фикрни кўпчилик ҳанафий усул уламолари олганлар:

1. Шаъроний “Ал-Мезон” асарида Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилади: “Аллоҳга қасамки, бизни қиёсни нассдан муқаддам қўйишимизни айтганлap бизга нисбатан ёлғон тўқибдилар. Насс турганда қиёсга эҳтиёж сезилармиди?”

2. Яна у кишидан зикр этилади: “Биз кучли зарурат бўлгандагина қиёсга ўтамиз. Яъни бир масаланинг далили борасида Қуръони карим, суннат ёки саҳобаларнинг ҳукмларига қараб чиқамиз. Агap далил топмасак, ҳукми айтилмаган масалани ҳукми айтилган масалага қиёс қиламиз”.

3. Яна у кишидан зикр этилади: “Биз аввало Аллоҳнинг Китобини, сўнг суннатни, кейин саҳобаларнинг ҳукмларини оламиз ва саҳобалар иттифоқ қилганларига амал қиламиз. Ихтилоф мавжуд ўринда, икки масаланинг ўртасини боғлаб турувчи иллатини топиб, бир ҳукмни иккинчисига қиёслаймиз. Шунда маъно равшан бўлади”.

4. У кишидан яна нақл этилади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан келган хабарлар бош устига, ота-онaм y зотта фидо бўлсин. Бизда у зотга хилоф чиқиш ҳуқуқи йўқ. Саҳобалардан келганларини танлаб оламиз. Бошқалардан келганларига келсак, улар рижолдирлар, биз ҳам рижолмиз”[8].

Бу ривоятлар яққол кўрсатмоқдаки, имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ бирор масала борасида хабар мавжуд бўлиб турган вақтда қиёсни муқаддам кўймаган.

Шубҳа йўқки, баъзи ҳанафий имомлар қиёсни оҳод хабардан муқаддам қўйишни икки шарт асосида мумкин деганлар. Лекин улар ҳам бу гапга ўзларича эмас, балки шариатни ва набавий ҳадисларни хатодан ҳимоя этиш учун юрганлар. Қолаверса, ровий фақиҳ бўлмаса, гоҳида мақсадни тушуна олмайди, натижада, ундан беихтиёр хато вужудга келиши мумкин. Демак, баъзи ханафий имомлар мужтаҳид ҳисобланади ва қилган ишларига ажр оладилар. Тўғри топсалар, иккита, хато қилсалар битта ажрга эга бўладилар.

Ҳофиз Ибн Ҳиббон Бустий раҳимаҳуллоҳ “Китабул мажруҳин” асарининг муқаддимасида баъзи ҳанафий уламоларининг мана шу фикрларига юрган. У киши ҳадисларидан ҳужжат олиш жоиз бўлмайдиган сиқаларнинг ҳадисларини зикр этган пайтда қуйидагиларни айтади: “Тўртинчи тури – ҳофиз сиқа агар ёддан ҳадис айтса ва у фақиҳ саналмаса, менинг наздимда унинг хабари билан ҳужжатланиш жоиз эмас. Чунки биз кўрган ҳофизларнинг кўплари санадларни, тариқларни ёдлаган, лекин матнларни ёдламаган”.

Шуни ёдда тутиш лозимки, Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу фақиҳ эмас, деган даъво ғирт тўқима бўлиб, ҳақиқатга асло тўғри келмайди. Аслида тарожум ва сийрат аҳллари наздида у киши фақиҳлардан ҳамда фатво имомларининг катталаридандир. Чунки бу зот Усмон разияллоҳу анҳу қатл қилинганидан то ўзи вафот этгунча Мадина муфтийлардан бири бўлган. Бир қанча саҳоба ва тобеъинлар турганда йигирма уч йил мобайнида одамларга фатво айтган. Ўша замонда фатво айтувчи одамлар фақиҳ ва мужтаҳид бўлиши керак эди. Ибн Хумом, Ибн Ҳазм, Ибн Қайюм, Ибн Ҳажар, Заҳабий ва бошқалар бу кишини caҳoбaлapнинг фақиҳлари қаторида санаганлар. Тақийюддин Субкий Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг фатволари борасида бир жузлик асар жамлаган.

Ҳанафий фақиҳлари ва усул уламоларидан жуда кўпчилиги Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг фақиҳлигини тасдиқлаганлар. Масалан, ҳанафийларнинг мутааххир мухаққиқи имом Абдулазиз Бухорий айтади: “Биз Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу фақиҳ эмас, деган фикрни рад этамиз. Балки у зот фақиҳдир. Ижтиҳод шартларининг барчаси у зотда топилади. Бу зот саҳобалар замонасида фатво берарди. У даврда фатво бераётган одам фақат фақиҳ ва мужтаҳид бўлган. Бу зот Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларини улуғларидан бўлган. У кишининг ҳадисларини қиёс билан рад этиш тўғри эмас. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам бу зотга ёдлаш иқтидорини сўраб дуо қилганлар. Аллоҳ таоло эса у зотнинг бу киши ҳақидаги дуоларини ижобат қилган. Шунинг учун оламда бу зотнинг номи ва ҳадислари ёйилиб кетган”. 

Исҳоқ Ҳанзалий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бизнинг наздимизда аҳкомлар бўйича уч мингта ҳадис мавжуд. Шундан Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан бир ярим мингтаси ривоят қилинган”. Абдулазиз Бухорий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан муҳожирларнинг фарзандларидан етти юз нафари ҳадис ривоят қилган”.

Ибн Ҳумом раҳимаҳуллоҳ айтади: “Абу Ҳурайра фақиҳдиp”.

Ибн Амир Ҳож айтади: “У кишида барча ижтиҳод шартлари топилади. Саҳобалар замонасида фатво айтган. Уларнинг замонасида фақат мужтаҳид одам фатво айтар эди. Мана шy гaп тўғpи”.

Имом Муҳаммад Анваршоҳ Кашмирий раҳимаҳуллоҳ бу киши фақиҳ эмас, деган баъзиларнинг айтган гапларини келтиргандан сўнг айтади: “Ким Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳуга журъат қилса, у ғайри фақиҳдир”.

Аллома Кавсарий раҳимаҳуллоҳ, айтган қуйидагиларни айтган: “Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу тўғрисидаги гапларнинг ичида ҳақиқати шуки, у киши даставвал мужтаҳид бўлмаган ва ёзишни ҳам билмас эди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам билан уч йилгина бирга бўлган. Сўнгра ҳадис ривояти ва илм ўрганишда давом этди. Саҳобалар ўртасида шубҳасиз катта мужтаҳидга айланди. Мана шу гап у зотнинг ишлари борасида тўғрисидир. Валлоҳу аълам”.

Имом Шофеъий ва у кишининг шогирдлари, имом Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳанбал ва у кишининг шогирдларининг мазҳаби, шунингдек имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг қаpашлари қуйидагича: “Оҳод хабар ва қиёс муораза келиб қолганда хабар муқаддам қўйилади”.

Ҳижрат ватани имомининг мазҳаби эса “Қиёс оҳод хабардан кўpа муқаддам”. Лекин Қарофий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Кози Иёз “Ат-Танбиҳот”да, Ибн Рушд “Ал-Муқаддимот фи мазҳаби Молик” китобида айтади: “Қиёсни оҳод хабардан муқаддам қўйиш борасида моликий мазҳабида икки хил гап бор”..

 

СОАТМУРОД ПРИМОВ,

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти илмий ишлар ва фан бўйича проректори, 

исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD

 


 

[1] Қози Убайдуллоҳ ибн Умар ибн Исо Даббусий. Тақвимул адилла фи усулил фиқҳ. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2019. – С. 94.

[2] Шайх Аҳмад Мулла Жийван. Нурул анвор. – Карачи: Мактабатул бушро, 2018. – Ж. I. – С. 526-530.

[3] Шамсулаимма Сарахсий. Усулус Сарахсий. – Байрут: Дор ал-фикр, 2021. – Ж. I. – C. 388. 

[4] Имом Алоуддин Абдулазиз ибн Аҳмад Бухорий. Кашфул асрор ан усулил фахрил ислом ал-баздавий. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2017. – Ж. II. – С. 299.

[5] Қози Муҳиббуллоҳ Абдушшакур Боҳарий. Мусалламус субут. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2016. – Ж. II. – С. 179.

[6] Аҳмад ибн Абу Бакр Жассос розий. Ал-фусул фи усулил фиқҳ. – Байрут: Дор ал-фикр, 1994. – Ж. II. – С. 17. 

[7] Ожуррий. Суолтул Ожуррий ан Аби Довуда фи жарҳи ват-таъдил. – Байрут: Дор ал-фикр, 2014. – С. 169-170.

[8] Абдулҳодий Ғиёс. Ҳанафий фақиҳлар наздида ҳадис илми қоидалари // мусталаҳул ҳадис фанидан ўқув қўлланма. – Тошкент: Тилсим, 2023. – Б. 177-178.

Izoh qoldirish