![](https://termiziy.uz/storage/3c/c5/78/4032/conversions/56156-large.jpg)
“ТАРОШИЙ САРА ҲИКОЯТЛАР ВА ГЎЗАЛ ИБРАТЛАР”
Бутун дунёга машҳур дин уламоси, муҳаддис ва фақиҳ Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ томонидан тузилган “Тароший” деб номланган китобда тарихнинг турли даврларида содир бўлган воқеа‑ҳодисалар қисқа‑қисқа ҳикоятлар ва нақллар тарзида берилган бўлиб, улар ишончли манбалар – тафсир, ҳадис, тарих, тазкира ва табақот жанридаги асарлар, матбуот саҳифаларидан танлаб олинган. Ҳар бир маълумотнинг манбаси ўз ўрнида кўрсатиб борилган. Асарга юздан ортиқ ана шундай манбаси ишончли ҳикоят ва ривоятлар киритилган. “Тароший” сўзи ўзбек тилида тарошламоқ ва сартарош сўзларидан учрайди. У тарошлаб, текисланган маъносига эга. Демак, олим мазкур рисоласида терилган са сараланган ҳамда таҳрир қилиб, гўзал услубда етказилган ҳикоят ва ривоятларни тўплаган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “(Эй, Муҳаммад!) Раббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват этинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг! Албатта, Парвардигорингизнинг ўзи Унинг йўлидан чалғиган кимсаларни яхши билувчи ва ҳидоят топганларни ҳам У билувчироқдир” (Наҳл, 125-оят), деган. Яъни, одамларни даъват қилишнинг энг яхши усули ҳикматли гаплар, чиройли насиҳатлар, ибратли ҳикоятлар, қизиқарли нақллар билан бўлишидир. Қуръони каримнинг ўзида ҳам бунга тўлиқ амал қилинган бўлиб, унда ҳикматли иборалар, гўзал маъно-мазмунга эга оятлар, ибратли қисса ва ҳикоятлар кўп келтирилган. Ҳатто, Қуръоннинг учдан бири тўлиқ ҳикоят ва қиссалардан иборат, десак хато қилмаган бўламиз. Шу жиҳатдан мўъмин-мусулмонлар ҳамиша қисса ва ҳикоятларга қизиқиб келишган. Ҳатто қуръоний қисса ва ҳикоятлар асосида мумтоз бадиий адабиётларини шакллантиришган. Араб, форс, урду ва туркий тилларида яратилган “Юсуф ва Зулайхо” қисса ва достонлари бунга ёққол мисол бўла олади.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам ҳикоятлар ва қиссалар гапириб бериб, саҳобаларга қизғин суҳбатларга жалб қила олганлар. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: أَدَّبَنِى رَبِّى فَأَحْسَنَ تَأْدِيبِى – “Раббим менга одоб бериб, одобимни гўзал қилди”, деган гаплари бор. Араб тилидаги “одоб” сўзидан “адабиёт” сўзи ҳам олингани кўпчиликка маълум. Яъни, ҳикматли ҳадислар соҳиби бўлмиш Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз даврининг адабиёти ва тилини ҳам яхши ва мукаммал билар эдилар. Шунинг учун, бу гапни: “Раббим менга адабиётни ўргатди ва адиблигимни гўзал қилди”, деб тушуниш ҳам мумкин. Буни биз ҳадиси шарифларни ўрганганимизда билиб оламиз. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларга айтиб берган Бани Исроиллик қарздор киши ҳикояти, Журайж қиссаси; зинокор маймун ҳақидаги ривоят; ғорда қолиб кетган уч киши ҳақидаги қисса; пес, кўр ва кал ҳикояси; 99 нафар одамни ўлдириб, тавба қилмоқчи бўлган одам ҳақидаги ҳикоя кабиларни мисол келтиришимиз мумкин. Ушбу қиссаларнинг айримлари мазкур китобдан ҳам жой олганини айтиб ўтишимиз ўринли.
Тарих ибратли ҳикоятлар ва гўзал қиссаларга бойдир. Ана шу бойликдан унумли истифода қилиб, инсон ўз ҳаётини гўзал ва сермазмун қилиб яшаши нақадар ажойиб! Шу маънода замонамизнинг кўзга кўринган улуғ олими, муҳаддис ва фақиҳ, юртимизга ҳам бир неча марта ташриф буюрган мусулмонларнинг шайхулисломи, ажойиб асарларининг айримлари ўзбек тилида ҳам нашр қилиниб, китобхонларга етиб борган машҳур уламо – Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари томонидан тартиб берилган ушбу китоб жуда муҳим ва керакли асардир. Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари ушбу китобни тадқиқотлари ва китобларни мутолаа қилиш жараёнларида энг сара ва энг ибратли деб топган маълумотларини бир жойга йиғиб бориши натижасида вужудга келтирганлар. Уларни ҳар қандай инсон ўзгача завқ-шавқ ва ҳаёжон билан ўқиши шубҳасиздир.
Инсон тарихда бўлиб ўтган воқеа ва ҳодисалардан ибрат ва ўрнак олиб яшаса, ҳаёти янада гўзал ва сермазмун бўлади. Шу маънода ушбу китоб доимий равишда ўқиб туриладиган китоблар жумласидан бўлиб қолади, деб умид қила оламиз.
Ҳикматуллоҳ Абиев,
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходими
Izoh qoldirish