ЧАҒОНИЙЛАР АДАБИЙ МАКТАБИДА ҲАДИС ИЛМИНИНГ РИВОЖИ ВА ТАЪСИРИ
Аннотaция. Ушбу мақолада Чағониён илмий-адабий муҳитида ижодий фаолият юритган Хожа Алоуддин Аттор, Хожа Ҳасан Аттор, Хожа Муҳаммад Зоҳид Вахшуворий, Сўфи Аллоҳёр, Собир Сайқалий Ҳисорий, Мавлавий Жунуний каби буюк сиймоларнинг ҳаёти ва меросидаги ҳадис илмининг таъсири каби маълумотлар ёритилган.
Калит сўзлар. Қуръон, суннат, ҳадис, шеърият, илмий муҳит, адабий мактаб, Мовароуннаҳр, Чағониён, Термиз, Денов.
Мовароуннаҳр замини дунё тамаддуни учун азалдан кўплаб олимларни тарбиялашга табаррук маскан бўлган. Бу заминда тарбия топган улуғ мутафаккирларимиз барча фан соҳаларида кенг шуҳрат қозонганлиги ва дунё илм бешигини тебратганлиги муҳим аҳамиятга молик. Мисол учун риёзиёт ва жуғрофия, ҳандаса ва фалакиёт илмида Аҳмад Ал-Фарғоний, Абу Наср Форобий, Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек, калом, мантиқ ва ақоид илмларида Имом Мотуридий, Имом Абул Муин Насафий, Ҳаким Самарқандий, Абу Бакр Даббусий, Имом Сарахсий, Бадриддин Шоший, Аллома Тафтазоний, ҳадис илмида Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳумайд Кеший, тасаввуф илмларида Ҳаким Термизий, Абу Бакр Варроқ Термизий, Мустамлий Бухорий, Саййид Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизий, Бухоронинг етти пирлари, Хожа Муҳаммад Порсо, тафсир илмларида Маҳмуд аз-Замахшарий, Имом Насафий, Мавлоно Яъқуб Чархий, фиқҳ илмида Абу Ҳафс Кабир Бухорий, Абу Ҳафс Сағир Бухорий, Имом Бурҳониддин Марғиноний, Убайдуллоҳ Масъуд Бухорий, Абулайс Фақиҳ Самарқандий, тиббиёт илмида Абу Али Ибн Сино, Зиёуддин Нахшабий, Номий Термизий, мумтоз адабиёт илмида Рудакий Самарқандий, Низомий Арузий Самарқандий, Имло Бухорий, Шавкат Бухорий, Риёзий, Хаёлий, Хожа Аҳмад Яссавий, Мавлоно Лутфий, Алишер Навоий, Саййидо Насафий, Бадр Шоший, Амир Хусрав, Бедил, Машраб, Ҳувайдо каби зотлар дунё илму фанида такрор-такрор тилга олинади.
Юқорида номи санаб ўтилган зотлар шу юрт фарзандларининг улуғ мутафаккирларининг бир қисмидир холос. Биз тадқиқот объекти сифатида олинган мавзуда Чағонийлар адабий мактабида вояга етган ва ижодий фаолияти билан шу заминда шуҳрат қозонган баъзи мутафаккирлар ҳақида сўз юритамиз.
Маълумки, Мовароуннаҳрнинг бошқа илм масканлари қатори Чағониён замини ҳам азалдан савдо-сотиқ, маданият ва санъатнинг ривожланишида манбаларда кўп бор тилга олинади. Фаррухий, Унсурий, Мунжик Термизий, Амир Муиззий, Тоҳир Чағоний каби зотлар X асрданоқ Чағоний адабий муҳитида девон тартиб берган шоирлардир[1].
Бу мактабнинг самараси ўлароқ XIV-XVI асрларда бу заминга тариқат пирларидан Хожа Алоуддин Аттор, Хожа Ҳасан Атттор, Муҳаммад Зоҳид Вахшуворий ҳамда улуғ мутафаккирлардан, Мавлоно Яъқуб Чархий, Сўфи Аллоҳёр, Собир Сайқалий Ҳисорий ва Саййид Қаландаршоҳ Мавлавий Жунуний каби зотлар яшаб самарали ижод қилганлар. Ушбу мутафаккирларнинг ижодий фаолияти йўналишини таҳлил этишдан олдин уларнинг асарлари рўйхати ва мухтасар мазмуни билан танишиш, мантиқан мавзунинг мақсадини очиб беришга замин яратади.
Хожа Алоуддин Аттор (ваф. 1400 й.)
Унинг тўлиқ исми Алоуддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад Аттор Бухорий бўлиб, “Аттор” номидан унинг оиласи хушбўйликлар билан савдо қилганлигини билиш мумкин. Ушбу олим тариқат илмининг пешвоси бўлган Баҳоуддин Нақшбанд ҳазрталарининг хос шогирди, куёви ва у зотдан кейинги тариқат пешвосидир. Устози Шоҳ Нақшбанд ҳазратлари уни доимо “Ало” (Юксак) деб чақирган. У шариат ва тариқат илмларида пешво саналувчи ориф, шайх ва олим зот бўлган ҳамда Нақшбандия тариқатининг 17-шайхи ҳисобланади[2].
Тариқат пешвосига айланган Алоуддин Аттор 1390 йилдан бошлаб ўз фаолиятини Чағониён ҳудудида давом эттирди. Манбаларда Чағониён деганда ҳозирги Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон, Шўрчи, Денов каби туманлари назарда тутилган. Алоуддин Аттор эса ҳозирги Денов шаҳрига келган ва то вафотига қадар шу ерда ҳаёт кечирган. Алоуддин Аттор фаолиятининг яна бир муҳим жиҳат шуки, у Баҳоуддин Нақшбанд ҳақида битилган асарларнинг сабабчиси ва тартибга солувчиси бўлди. Жумладан, Муҳаммад Порсонинг машҳур “Рисолаи қудсия” (Пок калималарни ўз ичига олган рисола) асари Аттор илтимоси билан битилган бўлса, Муҳаммад Боқирнинг “Мақомоти Хожа Нақшбанд” (Хожа Нақшбанд мақомлари) асари ҳам Порсо ва Аттор нақллари ва тавсияси орқали ёзилгани қайд этилган. Мавлоно Яъқуб Чархий эса Нақшбанд томонидан унинг тарбияси Атторга топширилган шахсдир ва у ҳам “Рисолаи унсия” (Илоҳий меҳр-муҳаббат ҳақида рисола) асарини битган. Яна бир муҳим асар – “Анис ат-толибин ва уддатус соликин” (Ҳақ йўл толибининг севимлиси ва бу йўлда юрувчининг тайёргарлиги) китоби муаллифи бухоролик Салоҳ ибн Муборак ҳам Аттор воситасида Нақшбанд суҳбатига сазовор бўлган ва китобини Аттор ёрдамида ёзиб тугатган.
Хожа Ҳасан Аттор
(вафоти 1423 йил)
У зот Хожа Алоуддин Аттор ҳазратларининг фарзандлари бўлиб. Асл исми Ҳасан, манбаларда эса Хожа Ҳасан Аттор деб келтирилган. Алишер Навоий Хожа Ҳасан Атторнинг тавсифи ҳақида шундай дейди: “Хожа Ҳасан Аттор ҳазратларининг кучли жазбалари, яъни таъсир қувватлари бор эди. Жазба тариқи билан ҳар қачон бирор кишини хоҳласалар, тасарруф қилар эдилар, уни ҳузур ва шуур мақомидан маъно оламига ўтказиб, бехудлик ва бешуурлик оламига етказар эдилар. Уни йўқлик ва фано жомини тутар, уни маънан сархуш қилар эдилар. Баъзи сулук ва мужоҳада аҳли учун бук фано ва йўқлик йўлини адо қилиш камдан-кам ҳолда содир бўладиган нодир воқеадир”[3].
Муҳаммад Зоҳид Вахшиворий (тахминан 1450 - 1530 йй.)
Мавлоно Муҳаммад Зоҳид Вахшиворий, Бадахший Порсо номи билан ҳам машҳур бўлган. Нақшбандия тариқати силсиласининг 20-вакили, тасаввуф намояндаси, аллома Мавлоно Муҳаммад Зоҳид Нақшбандия тариқатининг буюк шайхларидан, ўз асрнинг уламолари ичида энг улуғларидан биридир. Илоҳий сирлардан воқиф, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Вали ҳазратларининг шогирдлари ва халифаларидан бўлиб, тариқат иршодномасини у зотдан олганлар. Манбаларда Мавлоно Муҳаммад Зоҳид заиф вужудли, оппоқ рангли ва сийрак соқолли ҳамда ўз замонларида тақво ва илмда тенги йўқ шахс сифатида таърифланади[4].
Кимки, оламни Ҳақ субҳонаҳу таолони таниш воситаси деб билса, у ўз йўлида бу дунёга йўлиқади. У махлуқотга Тангрини танитиши биланоқ уларнинг ҳар бири уни дўст тутарлар.
«Ибодат ва бандалик орасидаги фарқ; ибодат қилиш, дин буюрган вазифаларни бажариш. Бандалик эса шуки, қалбни ғафлатдан пок тутиб, доим Парвардигорига шукр қилувчи мақомда бўлмоқдир».
Мавлоно Яъқуб Чархий (1359-1447 йй.)
Мавлоно Яъқуб Чархийнинг тўлиқ исми Яъқуб бин Усмон бин Муҳаммад ал-Ғазнавий суммал-Чархийдир. Ғазнавий нисбасини Ғазнада туғилганлиги учун олган бўлса, Чархий Ғазна шаҳрида жойлашган Чарх қишлоғидан олинган. Чархий ўзининг “Рисолаи абдолийя” асарида ўз исмини қуйидагича келтиради: “Яъқуб ибн Усмон ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Ғазнавий суммал-Чархий сумма-с-Саразий”. Бошқа рисолаларда бундай тўлиқ ҳолда муаллиф ўз исмини зикр қилмаган. Бу зотни халқ кўпроқ Мавлоно Яъқуб Чархий номи билан танийди.
Мавлоно Чархий Баҳоуддин Нақшбанддан сўнг 58 йил яшаган. У киши бутун умрини илм-маърифатга, эзгуликка бағишлаб, 1447 йилда вафот этади. Чархийдан қуйидаги асарлар мерос қолган.
- “Тафсири Чархий” (“Чархийнинг Қуръонга қилган тафсири”).
- “Рисолаи унсия» (“Дўстлик ҳақида рисола”).
- “Рисолаи қудсия” (Қудсий калималар рисоласи”).
- “Ар-рисолат ул-абдолия” (“Абдоллар ҳақида рисола”).
- “Рисола дар сийрати Мустафавия ва тариқаи мустақимия” (“Мустафонинг сийратлари ва тўғри йўллар ҳақида рисола”).
- “Рисола дар илми фаройиз” (“Фарз нарсалар ҳақида рисола”).
- “Рисола дар ақоид” (“Ақоид илми ҳақида рисола”).
- “Рисола фи-л-ҳисоб ва-л-фаройиз” (“Ҳисоб ва мерос тақсими ҳақида рисола”).
- “Мухтасар дар баёни силсилаи Наҳшбандия” (“Нақшбандия сулуки ҳақида қисқача рисола”).
- “Шарҳи асмоуллоҳ” (“Аллоҳ исмларининг шарҳи ҳақида рисола”).
- “Шарҳи нуваду нуҳ ном” (“Аллоҳнинг тўқсон тўққиз исмининг шарҳи”).
- “Фароизи манзума” (“Назмий фарз нарсалар ҳақида”).
- “Мажмуаи ғазалиёт” (“Ғазаллар мажмуи”).
Эй, фарзанди нуридийда, барча ҳимматингни Ҳақ субҳонаҳу ва таолодан бегона нарсалардан покла. Ҳар қандай бегона нарса кўнглингни машғул қилса, “Ла илаҳа иллаллоҳ” билан уни ўзингдан узоқлаштир. Мукаммал таҳорат қил. Хилватга кириб намоз ўқи, бошингни саждага қўй ва Худодан Ўзининг хос бандалари кўнглига йўл беришини сўра[5].
Бу борада ҳадиси шарифда шундай келади: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон бир банда ихлос билан “Лаа илааҳа иллаллоҳ»ни айтса, албатта, бунга (унинг айтган сўзига) токи Аршга етиб боргунча осмон эшиклари очилур, модомики гуноҳи кабиралардан четланилган бўлса”, дедилар”.
Бундан зокир зикрнинг фойдасидан баҳраманд бўлиши учун гуноҳи кабираларни қилмаган бўлиши кераклиги келиб чиқади. Ана шунда унинг зикри Аршгача етиб боради ва дуолари ҳам қабул бўлади. Бу ҳадиси шарифда “Лаа илааҳа иллаллоҳ” нинг фазли қанчалар улуғ экани баён қилинмоқда. Демак мутафаккир зикр ҳақида илгари сурилган фикрларни бевосита ҳадисдан олингани янада юқоридаги ҳадисдан ойдинлашади.
Сўфи Аллоҳёр (1644-1721 йй.)
Сўфи Аллоҳёр биргина тасаввуф ва соғлом эътиқод йўналишида ёзилган “Муродул орифин” асарида 95 та ҳадис матнидан иқтибос келтирилган. Бундан ташқари “Маслакул муттақин”, “Саботул ожизин”, “Ҳажнома”, “Махзанул мутиъийн” каби асарларининг асл таянчи Қуръони карим суннати набавия бўлганлиги барчамизга маълум. Сўфи Аллоҳёр бошқа уламолардан фарқли ўлароқ Аллоҳ таолонинг муборак каломи ва Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадис шарифларини кенг китобхонларга ҳиссий таъсир ўтказиш учун шеърият услубида келтирилган. “Маслакул муттақин”, “Саботул ожизин” каби асарлари тили маҳаллий халқ тилига яқин ёзилганининг асл сабаби одамларнинг зеҳнияти ва тушуниш қобилиятига қараб эътиборга олинган.
Сўфи Аллоҳёр “Муродул орифин” асарида “Муҳаббат мақомига етиш сабаблари”ини бевосита шукр айтиш ва илоҳий зикрни тилдан канда қилмаслик билан боғлайди. Зероки, бизни Аллоҳ таоло инсон фарзанди қилиб яратгани ҳамда гўзал сурат қоматни инъом этгани бизни доимо шукрона келтиришга ундайди. Имон неъматини мусулмон бандаларига берилиши Аллоҳнинг бизга қилинган инояти, лутфу марҳамати ва меҳрибонлигидир.
دلا شکر خدا آور دمادم
تورا کرد او از فرزندان آدم
مصوّر کرد با این قدّ و بالا
نگرد از جنس مورو مار و کالا
تن و جان داد تصدیقی چنان داد
هدایت کرد اقرار زبان داد
به غایت مهروبانی ها به ما کرد
حبیب خویشتن را رهنما کرد
به الطاف قدم خوف و رجا داد
به هر کس این چنین دولت کجا داد
سواد اهل سنّت را در این راه
مرا بنموده است الحمد الله[6]
Мазмуни: Эй улуғ қалб соҳиби, Аллоҳга шукр айтишни канда қилма, зеро, сени У Зот Одам алайҳиссалом фарзандларидан дунёга келтирди. Сени ҳашарот, судралиб юрувчи илон ва бир мато жинсидан қилиб яратмади, балки гўзал қомат ва жисм соҳиби “инсон” қилиб яратди. Жисму жон билан биргаликда тасдиқни (иймон) берди, сени ҳидоят этиб имонни иқрор қилишни тилингга айлантирди. Бизга ҳисобсиз марҳамат кўрсатганининг яна бир белгиси – ўз ҳабиби Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламни Пайғамбар қилиб юборди. Баъзи кишиларга берилмаган улуғ икки бойлик – хавфу (гуноҳ қилишдан қўрқмоқ) ражони (Аллоҳнинг раҳматидан умидворлик) азалий лутфу карами билан бизга насиб этди. Аҳли суннат йўлига бизни эргаштирганлиги учун Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Ислом таълимотида неъматларга шукр қилиш улуғ фазилат ва юқори даража деб алоҳида қайд қилинган. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Аббос (р.з.) шундай деган экан:
“Шукр қилишлик имоннинг яримидир”.
Бошқа бир ривоятда эса “Имон – сабр ва шукрдан иборат” деб ҳам айтилган.
Толиби илмни кўпроқ шайтон кибрга берилиши ва фитналарга тушириш билан йўлдан оздиради. Аллоҳ бу ҳоллардан сақласин. Бунга йўлиқмаслик учун илм ўрганишда устознинг тарбияси муҳимдир. Тарбия одобли ва тиришқоқ толиби илмга комил устознинг дарси орқали ўтади. Сўфи Аллоҳёр ушбу мавзу давомида айтадики,
ای عزیز آنها که دعوای محبّت میکنند نیشان محبّت متابعت مصتفی علیه السلام است و متابعت او پاس داشتن شریعت است و دلیل صحّتی محبّت باطن درمتابعت ظاهر نهاد پس صحّتی باطن نباشد مگر به صحّتی ظاهر[7]
“Эй азизим, муҳаббат даъвосини қилувчи кишилар шуни билсинки, муҳаббатнинг нишони Мустафо алайҳиссаломга эргашишдир, унга эргашишнинг нишони эса шариатни азиз тутишдир, муҳаббатнинг туғри бўлишининг далили ботиннинг зоҳирга эргашишидир, ботиннинг тўғрилиги зоҳирнинг тўғрилигисиз бўлиши мумкин эмас”.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ўзи ва Расулига итоат қилиш билан биргаликда олимларга ва тўғри йўлдаги раҳбарларга итоат қилишни шундай баён этади:
[8] يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ وَأُولِي الْأَمْرِ مِنْكُمْ ۖ
(Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг).
Сўфи Аллоҳёр айтади: “Мустафо саллаллоҳу алайҳи ва салламни одамларнинг руҳиятидаги эътиқоди билан биргаликда зоҳирий амалларини ислоҳ этиш учун элчи қилиб юборди. Чунки инсоннинг ҳаёти жисм ва руҳдан таркиб топган. Агар фақатгина ботинни поклашни буюрилганида эди, нимага шариатда баъзи азобларни дунёнинг ўзида берилади ва баъзиларини охиратда қолдиради. Солиҳ амалнинг мукофотини Жаннат ва Ўзининг мислсиз жамолини кўриш билан тақдирлайди. Аллоҳнинг бу борадаги қавли шундай:
إِنَّ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ لَهُمْ جَنَّاتٌ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ ۚ ذَٰلِكَ الْفَوْزُ الْكَبِير[9]ُ
(Албатта, иймон келтирган ва солиҳ амал қилганларга, уларга, остидан анҳорлар оқиб турган жаннат бор. Бу эса ниҳоятда улкан ютуқдир).
[10] فَمَنْ كَانَ يَرْجُو لِقَاءَ رَبِّهِ فَلْيَعْمَلْ عَمَلًا صَالِحًا وَلَا يُشْرِكْ بِعِبَادَةِ رَبِّهِ أَحَدًا
(Бас, ким Роббига рўбарў келишни умид қилса, яхши амал қилсин ва Робби ибодатига биронтани шерик қилмасин», дегин).[11]
عبادت هست خرمن، ریا نار
ز هر سو، زد شرر، سوزد به یکبار[12]
Мазмуни: Ибодат бир хирмонга ўхшайди, риё эса ҳар томондан аланга олган оловдирки, бирдан (амалларни) кулга айлантиради.
Ҳадиси шарифларда ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гуноҳдан қайтаргани, хавфсираганини кўрамиз. Ибн Лубайд (р.а) дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в) “Сизлардан енг хавфсирайдиган нарсам махфий ширкдир”, дедилар. Шунда саҳобалар “Эй Аллоҳнинг Расули, махфий ширк нима?” деб сўрашди. У зот: “Бу риёдир”, деб жавоб бердилар. Юқоридаги байтни ҳам мутафаккир бевосита ширк ва риё мавзусига боғлиқ ҳадислардан олгани аниқ кўриниб турибди.
Сайқалий Ҳисорий (1798 – 1730 йй.)
Манбалардаги маълумотларга қараганда, Собир Сайқалий 1730-йили Ҳисорда туғилиб, 1798-йили шу ерда вафот этган. У ўз даврининг фозил кишиларидан бўлган. Собир Сайқалийнинг, айниқса, диний илмларни пухта эгаллаганлиги асарлари моҳиятидан ҳам яққол кўзга ташланиб туради. Бой шеърий мероси Собир Сайқалийнинг тараққийпарвар ва илғор ғояларни куйлаган ижодкор эканлигини кўрсатади. У яшаган даврда Мовароуннаҳр хонликларининг ўзаро курашлари натижасида халқ қашшоқлашган, жаҳолат кучайган, диний мутассиблик оқибатида тараққиёт ўз ўрнини таназзулга бўшатиб берган эди. Сайқалийнинг ижодида маърифат ғояларининг етакчи ўрин тутиши сабаби ҳам шунда эди. Бинобарин, давр ижодкор зиммасига улкан вазифаларни юклаган, бу вазифани бажариш эҳтиёж даражасига кўтарилган эди. «Қуруқ зоҳид каби бекор ўткарма, ки ишқ ўтиға куйгандан дам урма» сингари мисралари Сайқалийнинг ижодкор сифатидаги тутумини акс эттиргани билан ҳам аҳамиятлидир.
Маълумки, ҳар бир ижодкор ўз асарларини маълум бир мазҳаб ва қарашлар таъсирида ёзади. Ижодкор қарашлари ёзган ўз асарларида акс топиши табиий ҳол. Сайқалийнинг аҳли суннат вал жамоат эътиқодида мустаҳкам бўлгани, Ислом дини кўрсатмаларига қаттиқ риоя қилгани, тариқат йўлида собитқадам эканлиги достондаги ҳар бир воқеага бўлган муносабатидан, айрим байтлар маъносидан сезилиб туради. Шунинг учун ҳам у суннатга амал қилишда собит бўлишликни доимо таъкидлаб ўтади:[13]
Муҳаммад Мустафонинг пайрави бўл,
Бошинг кетса агарчи йўлида ўл.
Бу байт сиёқида шоир инсон фарзандини Аллоҳ таолога итоат қилиш билан бирга Муҳаммад (с.а.в)нинг суннатига эргашишни ва у зотнинг соф йўлидан боришликни муҳим эканлигини таъкидлайди. Бутун бошли ҳадисларнинг мазмун-моҳияти заминида Расулуллоҳга пайравлик ва у зотни жондан азиз тутишлик ғоялари яширин. Бундан келиб чиқадики, Собир Сайқалий Ҳисорий бу зот учун жонни фидо қилишга ҳам тайёр экан.
Собир Сайқалий Ҳисорий XVIII асрнинг иккинчи ярмида Чағониён ҳудудида жойлашган Ҳисор деган жойда яшаб ижод этган талантли қиссанавис шоирдир. Ҳисорий тахаллусини ҳам жой номидан олган. Унинг ҳаёти ҳақида ҳозиргача етарли маълумот учратмадик. У лирик шеърлар ёзган бўлса ҳам, ўзбек мумтоз адабиётига асосан достон ва қиссалари билан ҳисса қўшди. Ундан бизгача қуйдаги асарлар етиб келган:
- “Қиссаи Иброҳим ибни Муҳаммад”;
- “Қиссаи Шаҳзода Баҳром ва Гуландом”;
- “Қиссаи Ҳамроҳ ва Ҳурлиқо”;
- “Равзат уш-шуҳадо”;
- “Аҳтамнома”;
- “Вайсул Қаран”;
- “Зайн ул-араб”[14]
Собир Сайқалий Ҳисорий ўз асарларида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халқ тилида кўп такрорланадиган ҳадисларидан кенг фойдаланган. Мисол учун “Увайс Қараний” ҳақидаги Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари кўпчиликка машҳур.
Увайс Қараний розияллоҳу анҳу Яманлик солиҳ киши бўлганлар. У киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга у зотнинг ҳаётликларида иймон келтирганлар. Аммо ўзларига мулоқот бўлиб у зотни кўра олмаганлар. Шунинг учун саҳобий бўла олмай тобеъин бўлиб қолганлар. Умар ибн Хаттобдан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Албатта, тобеъинларнинг яхшиси Увайс деб аталадиган кишидир. Унинг волидаси бор. Унда оқлиқ бор эди.
Унга амр қилинглар. Сизларга дуо қилсин”, дедилар. Муслим ривоят қилган.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари кўрмаган одам ҳақида ахборотлар беришлари мўъжизадир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларга Увайс Қораний розияллоҳу анҳунинг дуоларини олишга тарғиб қилишлари у кишининг фазлларига далолат қилади. Усайр ибн Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Аҳли Куфа Умарнинг олдига ҳайъат бўлиб келдилар. Уларнинг ичида Увайсни масхара қиладиган бир киши бор эди. Бас, Умар:
“Бу ерда қаранийлардан бирорта борми?” деди.Ҳалиги одам келди. Бас, Умар унга: “Батаҳқиқ, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам, сизга Ямандан бир одам келади. Уни Увайс дейдилар. Яманда биттагина онасидан бошқани қолдирмаган бўлади. Унда оқлик бор эди. Бас, Аллоҳга дуо қилган эди. Ундан ўшани кетказди. Фақат бир динорча ёки дирҳамча жой қолди, холос. Сиздан ким унга йўлиқса, бас у сизларга истиғфор айтишини сўрасин, дедилар”, деди. Муслим ривоят қилган. Увайс Қараний мартабаси не қадар улуғ эканлигини ушбу ҳадисдан англаш қийин эмас. Бу зотни Пайғамбаримиз ўз ҳадисларда тавсфилагани бутун инсоният учун ибрат олишга арзийди. Шу сабабли Собир Сайқалий Ҳисорий бошқа ижодкорлардан фарқли ўлароқ “Вайсул Қаран” (“Увайс Қароний”) номли асар ёзгани диққатга сазовор. Бу асар юзага келишда Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг зикр қилинган ҳадиси ҳиссий таъсир ўтказгани аниқ.
Мавлавий Жунуний (1800 -1877)
Асл исми Саййид Қаландар бўлиб Мавлавий Жунуний шеъриятидаги тахаллусидир. Отасининг исми Шоҳсоҳиб Қандаҳорийдир. Мавлавий Жунуний деган унвон у зотнинг руҳоният оламидаги маратабаларига ишорадир ва шеъриятидаги тахаллусидир. Баъзи манбаларда Нодирий тахаллуси билан ҳам ижод қилгани борасида далиллар бор.
Ба бедардон Ҷунунӣ дурри ишқашро чаро сўфтӣ,
Куҷо ҳар танпарасте қадри ин дурдона медонад.
Мазмуни: Эй Жунуний, қалбида илоҳий муҳаббат ва дарди бўлмаган кишига нега дардингни айтасан, нафсини семиртирадиган киши бу дардни қайдан билсин.
Мавлавий Жунуний насаб жиҳатидан Қандаҳор саййидлари авлодидандир. Отаси Шоҳсоҳиб тақволи, маърифатпарвар ва зоҳид киши бўлган. Саййидлар авлодидан бўлганлигини навбатдаги маснавийда баён этади:
Аз сайидоти Пушунги Қандаҳор,
Шуд ватан маҷрои умраш дар Ҳисор.
Мазмуни: У Қандаҳордаги Пушунг қабиласига мансуб саййидларидандир. Умри (ярми) Ҳисорда ўтди.
Мавлавий Жунуний Саййид Шоҳсоҳиб Қандаҳорий оиласида 1216/1800 йил Афғонистоннинг Қандаҳор вилояти Пушунг қишлоғида таваллуд топади. Ижтимоий-сиёсий вазият тақозоси билан кўп ўтмай Қандаҳорни тарк этиб, ҳозирги Денов туманига келади. Бу ерда кўп яшамасдан Тожикистон ҳудудида жойлашган Рудакий ноҳиясининг Роҳатий қишлоғига кўчиб боради ва умрининг охиригача шу ерда яшайди. У 1295/1877 йили Роҳатий қишлоғида вафот этади.
Мавлавий Жунунийдан қуйидаги асарлар мерос қолган.
- “Девони Жунуний”;
- “Маснавиёт”;
- “Завқ ул-муҳиб”.
- “Мухаммасот”;
- “Ганж ул-ошиқин”;
- “Маъдан ул-ҳол”
- “Васиятнома”.
Мавлавий Жунуний ўз асарларида поклик, ҳалол луқма, кибрнинг мазаммати, мурувват, ният, дўст танлаш, олимлар суҳбати, саховат, илоҳий лутфга сазовор бўлиш йўллари, муҳаббат, садоқат, саодат, комил инсон ахлоқи, муножот, зикрнинг фазилати, ҳасаднинг зарарлари, инсонлар молига хиёнат қилмаслик каби юзлаб ахлоқий мавзулар борасида шеърий назмий асарлар ёзган.
Бировларга озор бермаслик ҳақида шоир айтади:
Жаҳон вайрона аз вайрони дил шуд,
Сарову боғҳо аз сар сабил шуд.
Мазмуни: Дунё, қасру саройлар, боғу роғлар қалбларнинг вайрон бўлишидан хароб бўлди.
Дилозордан Худо безор деган мақол бор. Бировни кўнгилини оғритиш осон иш, лекин бировни кўнглини овлаш қийин ишлардан. Шунинг учун шоир таъкидлайдики, бировга озор берма, бу ёмон иллатдан парҳез қил.
Бикун парҳез аз озори мардон,
Дуойи нек гир аз аҳли дардон.
Мазмуни: Буюк зотларни озор беришдан ўзингни асра, қалби дардга гирифтор зотлардан дуо ол.
Бировнинг ҳаққига хиёнат қилиш, халқнинг мол-мулкини ўз фойдаси йўлида ишлатиш ёмон амал. Жамият ҳаққини ноҳақ йўл билан ўзлаштирган киши дунё ва охиратда хор бўлиши аниқ.
Гулугир аст, охир ҳаққи мардум,
Ба жони хеш кун инжо тараҳҳум.
Ба фардо нест пул ё молу гандум,
Диҳий, ёби халос аз ҳаққи мардум.
Мазмуни: Халқнинг ҳаққи (моли) сени томоғингга тиқилиб қолади. Бу дунёда ўз жонингга раҳм қил. Индин сени молинг ёки буғдойинг бўлмайдики, бу ҳақлардан (қарзлар) қутулишга имкон топа олсанг.
Мутафаккирнинг ушбу шеърий парчаларига диққат қаратмоқчи бўлсак, унинг негизида Пайғамбаримизнинг гўзал ахлоқи ва ҳадисларининг мазмуни сингдирилган. Мисол учун бировнинг ҳаққига зулм қилиш оғир гуноҳ бўлиши билан бирга қиёмат кунида ҳақдор ўз ҳаққини олиши айни ҳақиқат эканлиги баён этилган. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам мол-дунёни гўзал йўл билан талаб қилиш ҳақида шундай марҳамат қилганлар: Ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом шундай дедилар: “Муфлис (ҳеч вақоси йўқ ночор) ким биласизларми?” Саҳобалар: “Бизнинг орамизда бирор нарсаси, бирор дирҳами ҳам бўлмаган киши муфлисдир”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ: “Менинг умматимдан ҳақиқий ночорлар шундай кишиларки, қиёмат кунида намоз, рўза, закотлари билан келишади, шу билан бирга, дунё ҳаётида мана буни сўккан, яна бирини айблаган, бошқа бирининг молини еган ва яна бошқасининг қонини оқизган, яна бирини ноҳақ урган. Бас ундай кишининг яхши амаллари қиёмат кунида ана у ҳақдорига олиб берилади агар ҳақдорининг ҳар бирига ҳақлари олиб берилгунга қадар яхши амаллари тугаб қолса, уларнинг хатолари олиниб бунга юкланади, сўнгра дўзахга улоқтирилади”, – дедилар.
Чағониён адабий мактабида яшаб, қизғин ижод қилган Сўфи Аллоҳёр, Собир Сайқалий Ҳисорий, Мавлавий Жунуний ва бошқа улуғ зотлар таржимаи ҳолига назар ташлайдиган бўлсак, ҳаётлари Пайғамбар (с.а.в)нинг суннатларига мувофиқ кечганига гувоҳ бўламиз. Бундан ташқари асарлари мазмун-моҳияти ҳам бевосита ҳадис шариф мавзуларидан шаклланган. Ахлоқий, ижтимоий ва тариқат маслагига хос мавзулар ҳадиси шариф билан чамбарчас боғлиқлигини Хожа Аллоуддин Аттор, Ҳасан Аттор, Хожа Муҳаммад Зоҳид Вахшуворий ҳаётида уйғунлашганини кўриш билан бирга, Мавлоно Яъқуб Чархий, Сўфи Аллоҳёр, Сайқалий Ҳисорий, Мавлавий Жунуний каби йирик тариқат арбоблари асарларида кенг фойдаланилганлигини мушоҳада этиш мумкин. Бинобарин, Чағониён адабий муҳити мактабида тарбия топиб, тасаввуф йўналиши бўйича қалам тебратган мутафаккир зотларнинг асарлари суннати набивиядан баҳраманд бўлгани ва халқ тилида баъзи ҳадисларнинг машҳур бўлишига замин яратгани, бу мавзунинг ушбу адабий мактаб вакиллари ижодига таъсири ва ривожидан далолат беради.
ЖАМАҲМАТОВ КАРОМИДДИН,
Имом Термизий халқаро-илмий тадқиқот маркази директори ўринбосари, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
[1] Мирзо Кенжабек. Буюк Термизийлар: Термиз тазкираси. – Тошкент: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2017. – Б. 391.
[2] Жўрабек Чўтматов. Хожа Алоуддин Аттор. – Тошкент: Шамсиддин Бобохонов, 2021. – Б. 7.
[3] Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат/ Насрий табдил муаллифи: Олимжон Давлатов. – Тошкент: Янги аср авлоди, 2018. – Б. 139.
[4] М. Жониев. Муҳаммад Зоҳид Вахшуворий. – Тошкент: Kitobnashr, 2022. – Б. 7.
[5] Ш. Умаров., К. Жамаҳматов. Мавлоно Яъқуб Чархий. – Тошкент: Kitobnashr, 2022. – Б. 27-28-29.
[6] Сўфи Аллоҳёр ибни Темур. Муродул орифин/муқаддима ва тасҳиҳу таълиқи Аббосали Вафоий. – Теҳрон: Интишороти сухан, 1387. – С. 274.
[7] Сўфи Аллоҳёр ибни Темур. Муродул орифин/муқаддима ва тасҳиҳу таълиқи Аббосали Вафоий. – Теҳрон: Интишороти сухан, 1387. – С. 60
[8] Нисо сураси, 59 оятдан.
[9] Буруж сураси, 11 оят.
[10] Каҳф сураси, 110 оятдан.
[11] Сўфи Аллоҳёр ибни Темур. Муродул орифин/муқаддима ва тасҳиҳу таълиқи Аббосали Вафоий. – Теҳрон: Интишороти сухан, 1387. – С. 60.
[12] Сўфи Аллоҳёр ибни Темур. Муродул орифин/муқаддима ва тасҳиҳу таълиқи Аббосали Вафоий. – Теҳрон: Интишороти сухан, 1387. – С 223.
[13] Собир Сайқалий Ҳисорий. Равзат уш-шуҳадо. (Нашрга тайёрловчи, сўзбоши ва луғат муаллифлари: Сайфиддин Сайфуллоҳ, Довуд Хунзикер). – Тошкент: Мовароуннаҳр, 2004. – Б. 10.
[14] Сайқалий. Баҳром ва Гуландом. – Т:. 1960. – Б. 9.
Izoh qoldirish