08.06.2024

Оқибатини ўйламаслик гуноҳга етаклайди

   Ҳар бир қилинадиган ишимиз охиратда азоб ёки роҳат келтиришини инобатга олган ҳолда бажарилиши лозим. Озгина лоқайдлик туфайли қиладиган амалимиз зое кетиши мумкин.

Олимларимиз бу ҳақида шундай фикрларни илгари сурганлар:

   “Азобланишнинг энг қаттиғи бу азобланувчи келгусида азобланишини сезмаслигидир. Ундан ҳам ёмонроғи уқубати бор нарсани хурсанчилик билан бажариш, ҳаромдан топган молга, гуноҳ қилишга қодир бўлганига  суюнишдир. Тоатга қодир бўлмаслик ҳолати ҳам шундандир. Мен олим ва зоҳидлар аҳволини кузатдим, улар кўпи азобда эканини ўзлари сезмасликларини билдим, ушбу азобланишнинг кўпи мансабга талабгорликдандир. Бу каби тоифаларнинг олимлари хатоси учун рад қилинса, ғазабланади, воизлари сохта ваъз ўқийди, зоҳидлари эса мунофиқлик ёки хўжа кўрсинга амал қилади. 

Уларнинг азобланишига биринчи сабаб бу Ҳақдан юз ўгириб, халқ билан машғул бўлиб қолишларидир. Яширин азобланишлари эса бу улардан муножотнинг ҳаловати ва ибодатнинг лаззати кетиб қолганлигидир”.

Дарҳақиқат барча айтилган соҳа вакиллари ўзлари  сезмаган ҳолларида шу куйга кириб қоганларини ташқаридан кузатган одам ҳис қилади. Бу билан ҳамма шундай деган фикрга бормаслигимиз керак, чунки муножот ҳаловати ҳамда ибодатнинг лаззатини тотадиган, амалларини Аллоҳ таоло учун холис киладиган олим, воиз ва зоҳидлар борлигини ҳам алоҳида қайд этиб ўтиш лозим.

Бу каби ҳақиқий илм соҳибларига алломаларимиз шундай таъриф берадилар:

Шудай мўмин ва мўминалар борки, улар сабабли Аллоҳ ерни сақлайди, уларнинг ички оламлари ташқи дунёлари билан бирдек, балки унданда ёруғроқ, қалблари юзаларидек, балки унданда ширинроқдир, ҳимматлари эса Сурайёда, балки унданда баландроқдир. Агар улар танилиб қолсалар, ўзларини нотанишга соладилар, улардан каромат содир бўлса, инкор этадилар. Шундай бўлгач, одамлар улардан хабарсиздирлар. Улар ўз юртларида узилиб қолишган, уларни ер аҳолиси яхши кўришади, улар борлиги учун осмон фаришталари хурсанд бўлишади. Аллоҳ таолодан уларга эргашишимиз учун муваффақ қилишини ва уларга эргашувчилардан бўлишимизни сўраймиз. 

Уламоларимизнинг ушбу ўгитларидан “Камтарга камол” мақоли ўз тасдиғини топган, деган хулосага келиш мумкин.

 

Аббосхон Абдуллаев - Имом Темизий халқаро илмий тадқиқот маркази илмий ходими.

Izoh qoldirish