30.08.2024

МУСТАҚИЛЛИК УЛУҒ НЕЪМАТ

Аллоҳ таоло инсонларга ато этган неъматлар ичида энг улуғи бу имон сўнгра тинчлик неъматидир. Ҳар бир неъматнинг ўзига яраша қадр қиймати бор, аммо бу неъматлар ичида бебаҳо бир неъмат борки, қолган барча неъматлар ушбу неъматсиз тотимайди. У сиҳат-саломатлик, тинчлик неъматидир.

Дунёнинг айрим нуқталарида ҳозирда бу неъмат топилмай ундаги инсонлар тинч-тотув юртлардаги бу неъматга орзу ҳавас қилиб юрибдилар. Шунинг учун ҳам бу неъматларни қадрига ета билсак янада зиёда бўлиб бораверади. Қайси бир юртда тинчлик ва осойишталик ҳукм сурса, ана шу юртда тараққиёт бўлади. Азизлар агар истиқлолнинг ўтган йилларига назар солсак, деярли барча соҳаларда катта ўзгаришлар рўй берганига гувоҳ бўламиз. Шундай бир пайтда айрим юртларда нотинчликлар оқибатида бегуноҳ одамларнинг ноҳақ қони тўкилмоқда. 

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато қилса (яъни уни ўлдиришдан бош тортса) демак, гўё барча одамларга ҳаёт берибди” (Моида сураси 32-оят)

Юртбошимиз айтганларидек: “Бугунги кунда дунёнинг турли минтақаларида, хусусан, араб мамлакатларида содир бўлаётган нохуш воқеалар ҳар қандай соғлом фикрли инсонни чқур ташвишга солади. Турли можаролар, ўзаро қарама-қаршиликлар, қон тўкишлар жаҳоннинг қайси мамлакатида рўй бермасин, бундан кўнглимиз ғаш бўлади. Дилни ҳира қиладиган бундай воқеалар биздан узоқда деб, унга лоқайд бўлиш ношукурлик бўлади. Нега деганда бундай бало бир мамлакат ёки минтақа доирасида чегараланиб қолмайди, вақтида бартараф этилмаса, тобора кучайиб бошқа мамлакат ва минтақаларга ҳам ёйилиши мумкин. Шунинг учун дунёда бўлаётган воқеа ва ҳодисалардан огоҳ бўлиш она Ватанимиздаги тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш, шу фаровон осуда ҳаётни янада мустаҳкамлаш учун ҳар бир инсон ўз ҳиссасини қўшмоғи, эл юрт тақдири, келажаги учун даҳлдорлик туйғусини дилига жо қилмоғи даркор” деб айтганлар.

Азизлар ҳар бир инсон буларни қадрласа келажаги янада фаровон бўлади. Аллоҳ таоло юртимизни тинч улуғ неъмат бўлган тинчлик неъматини бардавом қилсин.

 

У Улжаев Имом Термизий халқаро  илмий-тадқиқот маркази илмий ходими 

Izoh qoldirish