13.01.2025

ТЕРМИЗИЙЛАР БЕДОР ЁТГАН ҚЎРҒОНИМ, ВАТАН

Бугунги кунда мамлакатимизда юрт мудофааси каби муҳим ишга ўзининг ҳаётини бахшида этган ҳарбий йигитларимиз кўплаб ҳурмат ва эҳтиром билан тақдирланиб, ҳар йили “14 январь – Ватан ҳимоячилари куни” сифатида катта байрам ва улуғ тантана билан нишонланади. 1993 йил 29 декабрдаги “Ватан ҳимоячилари кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига кўра “14 январь — Ватан ҳимоячилари куни” деб эълон қилинди.

Юртни қўриқлаш, асраб-авайлаш барчанинг зиммасидаги муқаддас бурч саналади. Ушбу мажбуриятни адо этишда юртимизнинг ҳимоячилари ҳисобланган миллий армиямиз ва барча ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлар тарафидан халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларни муносиб баҳолаш ҳамда уларга зарур шарт-шароит яратиш масалалари ҳам давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан ҳисобланади.

Юртбошимизнинг: “Армия ва халқ – бир тану бир жон!”, – деган олижаноб ғоя ва амалий ҳаракат барча бўғиндаги ҳокимият ва бошқарув идоралари, маҳалла, ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар ташкилотлари, таълим-тарбия муассасалари фаолиятини, кенг жамоатчилик ҳаётини қамраб олмоқда. Бу эса Ватан ҳимояси чиндан ҳам барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки шарафли бурчимизга айланиб бораётганидан яққол далолат беради”, – деб айтган сўзларидан ҳам Қуролли Кучларимизнинг халқ билан ҳар қачонгидан ҳам яқинлигини англашимиз мумкин бўлади.

Бугунги кунда дунёнинг турли минтақаларида кечаётган кескин ҳодисалар, халқаро терроризм, экстремизм ва радикализм хавф-хатарлари барчамизни огоҳ бўлишга чақиради ва Қуролли кучларимиздан эса юқори даражадаги жанговар қобилиятни мустаҳкамлашни талаб этади. Сўнгги вақтларда мамлакатимизда ҳарбий-сиёсий масалаларда ҳам катта ислоҳотлар амалга оширилиб, миллий армиямизнинг ҳар қандай таҳдидларга муносиб зарба берадиган жанговар қудрати ошиб бормоқда.

Шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг билими, малакаси ҳамда руҳий тайёргарлиги оширилиб борилмоқда. Уларнинг оилаларига муносиб шароитлар яратиш мақсадида имтиёзли кредитлар асосида кўп қаватли уйлар, фарзандларини олий таълим муассасаларига давлат гранди асосида ўқишга қабул қилиш, ҳарбий шаҳарчаларни обод қилиш ҳамда замонавий инфратузилма барпо этиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири  – Аллоҳнинг азобидан қўрқиб йиғлаган кўз, иккинчиси – Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб бедор бўлган кўз”, – деб ривоят қилинган ҳадисларидан ҳам шуни англаш мумкинки, Ватан ҳимояси йўлида олиб борилаётган ҳар қандай хизмат савобли амаллар қаторига киради.

Шоирлар наздида Ватан она каби муқаддас даргоҳ бўлиб, уни мудофаа қилиш ҳар бир инсоннинг шарафли бурчи ҳисобланади: 

Валилардан ибрат сўйлар қадим саҳролар,

Сўнди қанча салтанатлар, қанча туғролар.

Мақбаралар айцин лекин, айцин Зуҳролар:

Ер остидан суҳбат айлар ҳануз Кубролар,

Термизийлар бедор ётган қўрғоним, Ватан.

 

Маҳмуд Нормуродов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

 

Izoh qoldirish