“ШАМОИЛИ МУҲАММАДИЯ” АСАРИНИНГ ЎРГАНИЛИШИ ТАРИХИДАН
Аннотация: Ушбу мақолада Имом Термизийнинг ҳадис ва сийрат, хусусан, шамоил жанри ва илми ривожидаги ўрни ва унинг серқирра илмий даражага эга бўлгани ҳақида асосланган маълумотлар келтирилган. Шамоил илмининг илк бошланиш босқичлари, ушбу илмнинг ривожида Имом Термизийнинг “Шамоили Муҳаммадия” асари ва унинг шарҳлари, олимларнинг бу илмга қўшган ҳиссаси ва уларнинг асарларининг ўрни алоҳида кўрсатиб ўтилган. Шу билан бирга, Имом Термизийнинг ўзига хос илмий қарашлари, шамоил илмининг айнан нақлий ҳадис услубига алоҳида ёндашгани асарнинг тарихшунослик тарихи асосида очиб берилган.
Annotation: This article presents information based on Imam Tirmizi's role in the development of hadith and syrat, especially the genre and science of shama'il, and his academic degree. The first stages of Shamail science, the work of Imam Termizi "Shamaili Muhammadiya" and its comments, the contribution of scientists to this science and the role of their works in the development of this science are shown separately. At the same time, Imam Tirmizi's unique scientific views, Shamoil science's special approach to the narrative hadith style are revealed on the basis of the historiographical history of the work.
Аннотация: В данной статье представлены сведения, основанные на роли Имама Тирмизи в развитии хадисов и сырата, особенно жанра и науки шамаила, и его ученой степени. Отдельно показаны первые этапы шамаильской науки, труд Имама Термизи «Шамаили Мухаммадия» и комментарии к нему, вклад ученых в эту науку и роль их трудов в развитии этой науки. В то же время на основе историографической истории произведения раскрываются уникальные научные взгляды имама Тирмизи, особый подход шамоильской науки к стилю повествовательных хадисов.
Калит сўзлар: IX аср, Имом Термизий, ҳадис ва сийрат илми, шамоил фани, “Шамоили Муҳаммадия” асари ва унинг шарҳлари, асарнинг тарихшунослиги.
Keywords: 9th century, Imam Tirmizi, the science of hadith and syrat, the science of Shamail, the work "Shamaili Muhammadiya" and its commentaries, the historiography of the work.
Ключевые слова: IX век, Имам Тирмизи, наука хадисов и сыратов, наука Шамаила, труд «Шамаили Мухаммадия» и комментарии к нему, историография произведения.
Абу Исо Термизийнинг ҳаёти, илмий фаолияти, олимнинг ҳадисшунослик соҳасига қўшган ҳиссаси, “шамоил” жанри шаклланишидаги ролини ўрганиш юзасидан ўрта асрлар олимлари ва замонавий тадқиқотчилар томонидан эътиборга молик тадқиқотлар амалга оширилган. Жумладан, Aбдулкарим Самъоний (1113-1166 йй.), Ёқут Ҳамавий (1178-1229 йй.), Фахриддин Розий (1150-1209 йй.), Ибн Халликон (1211-1282 йй.), Шамсиддин Заҳабий (1274-1348 йй.) ва Тожиддин Субкий (1327-1370 йй.) каби ўрта аср олимларининг асарларида Абу Исо Термизийнинг ҳаёти, устоз-шогирдлари ва асарлари тўғрисида маълумотлар келтирилган[1].
Хорижий тадқиқотчилар, хусусан, Ғарб олимларидан Г.Жуинболл, Л.Эндрю, У.Бреннон, К.Босворт, Б.Донзел кабилар ўз тадқиқотларида муҳаддиснинг ҳаётини ёритиш билан бирга, асосан, “Сунани Термизий” тўғрисида кўп изланишлар олиб боришган[2]. Мустақил Ўзбекистонда ҳам бу борада салмоқли ишлар амалга оширилган[3].
Абу Исо Термизийнинг “Шамоили Муҳаммадия” асарининг бевосита турк тадқиқотчиларининг ишларига тўхталадиган бўлса, энг сўнгги чиққан тадқиқотлар сирасига 2023 йилда нашр этилган Анқара университетининг илоҳиёт факультети Ислом тарихи ва санъати бўлими доценти Кожа Фотиҳ ўзининг “Ҳазрат Муҳаммад алайҳиссаломнинг гўзал овози ҳақида ривоятлар ва бу борадаги тадқиқотлар” номли мақоласи бўлиб, унда Имом Термизий асаридан “Аллоҳ таоло юзи гўзал, овози гўзал бўлмаган пайғамбарни юбормаган” деган ривоятни нақл қилиб, шарҳлаб берган[4].
Истанбул университети Адабиёт факультети Турк тили ва адабиёти бўлими профессори Азми Билгиннинг “Ҳазрат Муҳаммад алайҳиссаломнинг “Мухтасар шамоили шариф” таржимасида келган гўзал хислатлари” мавзусидаги мақоласидир. Унда “шамоил" сўзининг қўлланилиши бўйича турли таърифлар ва талқинлари берилган. Шунингдек, Абу Исо Термизийнинг асарида келган Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўтирганлари, тик турганлари, овқат еган идишлари, овқатланишлари, гапириш одоблари, намозларини қандай адо этишлари ҳақидаги ҳадисларни “аш-Шамоил ан-набавия ва ал-хасоил ал-Мустафавия” номли машҳур китобига таъриф бериб, ундаги ҳадисларга мурожаат қилиб шарҳланган[5].
Шунингдек, Абу Исо Термизийнинг “Шамоили Муҳаммадия” асарининг ўрганилиши билвосита шамоил жанрида ёзилган тадқиқот ва диссертatsiя ишларида ҳам қўлланилган ҳамда шарҳланган. Жумладан, 2011 йилда Бурса шаҳридаги Улудағ университети Ижтимоий фанлар институти ислом фанлари кафедраси ҳамда Ҳадис фани кафeдрасида Руқия Ўғизой томонидан бажарилган “Шамоил жанрида ёзилган адабиётларнинг таркибий қисми ва ўзаро фарқлари” номли магистрлик ишида ҳам умумий тавсиф бериб ўтилган[6]. Тадқиқотчи ишида шамоил жанрида ёзилган асарларда, одатда, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг инсоний жиҳатлари ҳақида сўз боришига урғу берган. Ҳадис асарлари таснифида шамоил иборасининг қўлланилиши, бу маънода ўша даврдан бошлаб кенг қўлланилгани, мусулмон тадқиқотчиларнинг бу соҳада асрлар давомида турли асарлар ёзганлари, бироқ бугунги кунда ҳам ислом оламида, ҳам Ғарбда шамоил адабиёти мавжуд бўлиб келаётгани ҳақида янги тадқиқотлар вужудга келаётганига урғу берилган. Шунинг учун янада самарали ишлаш учун кенг адабиётга эга бўлган ушбу мавзу бўйича чекловлар ва мавзуни янада аниқроқ қилиб олиш зарурлиги ҳақида алоҳида тўхталган. Шунга асосланиб, Имом Термизийнинг ёзган “Шамоили Муҳаммадия” асари бу мавзудаги ижодлар ичида илк пешқадамлардан ҳисоблангани алоҳида эътироф этилган.
Мазкур тадқиқот ишида муаллиф томонидан 1000 йилларга мансуб асарлар алоҳида тадқиқот объекти сифатида танлаб олинган бўлиб, асосан, бешта китобга урғу берилган. Улар: 1) Имом Термизийнинг “Шамоили Муҳаммадия” асари; 2) Абу Шайх Абдуллоҳнинг “Ахлоқун-Набий ва одобуҳу” асари; 3) Абу Муҳаммад Бағавийнинг “ан-Анвор фи шамоилин-Набий ал-мухтор” асари; 4) Абул Фазл Жалолиддин Суютийнинг “Авсофун-Набий” асари ва Абул Аббос Шиҳобиддин Ҳайтамийнинг “Ашрофул васоил ила фаҳмиш шамоил” асаридир. Мазкур асарларда Пайғамбар алайҳиссаломнинг жисмоний хусусиятлари, кийимлари, хулқ-атворлари, хатти-ҳаракатлари, кундалик ҳаётлари, еб-ичишлари, уруш анжомлари, ибодат ва ахлоқ каби кўплаб мавзулар ёритилган. Айтиш мумкинки, бундан ташқари, пайғамбарлик билан боғлиқ масалаларга ҳам тўхталиб ўтилган. Диссертatsiяда шамоил жанрида ёзилган асарларнинг луғавий шарҳ ва изоҳлари ва адабий хусусиятларига ҳам алоҳида эътибор бериб ўтилган[7].
Шунингдек, 2015 йилда Туркия Жумҳурияти Фотиҳ университети қошидаги Ижтимоий билимлар институти асосий исломий фанлари йўналишида амалга оширилган тадқиқотчи Фатма Кесернинг “Имом Термизийнинг “Шамоили Муҳаммадия” асарига ёзилган туркча шарҳлари (Ҳусомиддин Нақшбандийнинг қўшган ҳиссаси мисолида)” номли диссертatsiя иши ҳам аҳамиятлидир[8].
Мазкур диссертatsiя иши кириш ва иккита бобдан иборат. Кириш қисмида ишнинг мазмуни, уни тайёрлашда ва тадқиқотни амалга оширишда танланган усул ҳақида маълумот берилган. Тадқиқот ишининг биринчи қисмида Имом Термизий ҳаёти ва сийрат ҳамда шамоил фанига қўшган ҳиссасига таъриф берилган. Шунингдек, Имомнинг шахсияти, устозлари, ижоди ҳақида сўз юритилган. Сўнг тадқиқот ишлари доирасида амалга оширилган асосий диаграммага эътибор қаратилган ҳолда ишни компиляция қилиш ва таснифлаш, унинг мазмуни, қўлёзма ва босма нусхалари, систематикаси ва ундаги ҳадислар ҳақида батафсил тўхталган. Тадқиқотнинг иккинчи қисмида Ҳусомиддин Нақшбандийнинг “Шарҳи шамоил” асари таркибий ва мазмуний жиҳатдан таҳлил қилинган. Шу нуқтаи назардан, биринчи навбатда, шарҳнинг умумий кириш қисми берилган. Асарда ишлатилган манбалари айтиб ўтилган. Кейин шарҳловчининг шарҳи унинг усули, ҳадислар таржимасида кузатилган тамойиллари ва айрим масалаларга эътибор берилган. Жозибадор фикр-мулоҳазаларга алоҳида эътибор бериб таҳлил қилинган. Иловалар қисмида Ҳусомиддин Нақшбандий асарининг дастлабки уч боби келтирилган ва транскрипция қилинган.
Имом Абу Исо Термизийнинг “Шамоили Муҳаммадия” асарининг яна бир шарҳи турк олими Исмоил Муфид Афанди томонидан амалга оширилган бўлиб, мазкур шарҳнинг тўлиқ тавсифи туркиялик тадқиқотчи Муҳаммад Яман Диёрбакрий томонидан 2023 йилда амалга оширилган. У ўзининг магистрлик ишини бевосита Исмоил Муфид Афандининг мазкур “Шамоил шарҳи” асарига бағишлаган. Диссертatsiя иши Туркия Жумҳурияти Мармара университети қошидаги Ижтимоий билимлар институти асосий исломий фанлари йўналишида амалга оширилган бўлиб, мавзуси “Исмоил Муфид Афандининг “Шарҳу шамоил ан-набавия” номли асари ва унинг таҳқиқи ва таҳлили” деб номланган[9].
Тадқиқотчи Муҳаммад Яман Диёрбакрий ўзининг ишида шамоил ҳадис илмининг муҳим мавзуларидан бири экани, чунки шамоил Пайғамбар алайҳиссаломнинг феъл-атворлари, хулқлари ва жисмоний шакл-шамоиллари хусусиятлари ҳақида сўз бориши, Имом Термизийнинг “ал-Шамоил ан-Набавия” номли асари қисқа ва ихчам бўлса-да, бу соҳада ёзилган энг муҳим асарлардан бири эканига урғу берган. Шунингдек, бу энг муҳим асарлар қаторига кириши, зеро, бу китобда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳаётларига доир 400 та ҳадисни ўз ичига олишини таъкидлаган. Ҳар бир даврда ислом уламоларида қизиқиш уйғотган асарни айрим олимлар кўриб алоҳида тадқиқ қилганлари, унга изоҳ берганлари, баъзилари уни мухтасар равишда шарҳлаган бўлсалар, бошқалари эса эътибордан четда қолдирганлари хусусида сўз юритган.
Муҳаммад Яман Диёрбакрийнинг таъкидлашича, гарчи бу “Шамоили Муҳаммадия” асарига ёзилган шарҳлар сони 100 дан ортиқ бўлса-да, аммо мазкур шарҳларнинг устида тадқиқот олиб борганлар сони 10 дан ҳам ошмайди. Имом Термизийнинг ушбу машҳур асарига ёзилган яна бир шарҳни аниқлаган тадқиқотчи Исмоил Муфид Афандига тегишли экани ва ушбу диссертatsiя иши ҳам шунга бағишланган. Ушбу Исмоил Муфид Афандининг шарҳи ва унинг ўзига хослиги шундаки, “Шамоили Муҳаммадия” асарига ёзилган шарҳлар ичида қисқа ва мазмунан шомиллиги ва услуби нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эгадир. Бу асар ҳали илмий истеъмолга киритилмаган ягона асардир. Бу асар Исмоил Муфид Афандининг ўз дастхати экани ҳам унинг илмий қийматини оширади. Ушбу шарҳнинг ягона нусхаси бор ва у 1203 ҳижрий (1789 йил) да ёзилган ҳамда жами 143 варақдан иборатдир.
Мазкур диссертatsiя ишида, биринчи навбатда, шамоил илми тавсифи, унинг предмети ва бу соҳага оид адабиётлар ҳақида сўз боради. Китоблар, сўнгра Имом Термизий ҳаёти, илмий шахсияти ва ижоди ҳақида маълумотлар берилган. Сўнгра, асосий мавзу бўлган Исмоил Муфид Афанди ҳаёти ва тарихи, унинг асарлари ва шарҳлари билан яқиндан таништириб ўтилган.
Умуман олганда, Имом Термизийнинг сийрат ва шамоил илми ривожидаги ўрнини, унинг шамоил илмини мустaқил ва алоҳида фан сифатида aжрaтиш анъанасини бошлaб бергaни билан асосланган. Имом билaн бир дaврдa яшaгaн ва алломадан кейин келган олимларнинг буни эътироф этгани алоҳида аҳамиятлидир. Шу жиҳатдан, ҳозирги кунда Имом Термизийнинг “Шамоили Муҳаммадия” асари ва унинг шарҳларига бағишланган тадқиқотларни яхлит ўрганиб, илмий қарашлар ва ёндашувларини аниқлаш Имомнинг шамоил жанридаги назарияларини тадқиқ қилишда долзарб назарий масалалар сирасига киради.
САИДАҲМЕДОВ АБДУЛ АЗИМ ЗИЁУДДИН ЎҒЛИ,
Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси,
мустақил тадқиқотчи
[1] Аbdulkarim Samʼoniy. Аt-Tahbir fi mo‘jam al-kabir. – Bayrut: Dor al-kutub al-ilmiyya, 1417/1998. – J. 2. – 658 b.; Yoqut Hamaviy. Mo‘jam al-buldon. – Bayrut: Dor as-sаdr, 2006. – J. 3. – 946 b.; Ibn Xallikon. Vafayot al-aʼyon. – Bayrut: Dor as-sаdr, 2007. – J. 4. – 524 b.; Shamsiddin Zahabiy. Siyar aʼlam an-nubalo. – Bayrut: Muassasa ar-risala, 1996. – J. 20. – 690 b.; Tojiddin Subkiy. Tabaqot ash-shofeʼiya al-kubro. – Bayrut. Dor al-maʼorif: 2015. – J. 4. – 600 b.
[2] Джуинболл, Г.Х.А., “ат-Тирмидхи”, в: Энциклопедия ислама, Второе издание, под редакцией: П. Бирмана, Т. Бьянки, К.Э. Босуорта, Э. ван Донзела, У.П. Хейнрихса. Онлайн-консультация 20 ноября 2023 года; Брэннон Уилер. Пророки в Коране: введение в Коран и толкование мусульман. Лондон: A&C Black, 2002. – С. 391.; Бирман, Бьянки, Босворт, Донзел, Хейнригз, П. Дж. , Т. Х., К. Э. н., Э. ВАН И У. П. (2000). Энциклопедия ислама: новое издание, том X. Koninklijke Brill, Лейден, Нидерланды: Brill. стр. 544.
[3] Ат-Термизий. Шамоили Муҳаммадия / Саййид Маҳмуд Тарозий таржимаси. – Т.: “Меҳнат” нашриёти, 1991; Абу Исо Муҳаммад Термизий. Аш-Шамоил ан-Набавия / Арабчадан У.Уватов таржимаси. – Тошкент: Чўлпон, 1993. -112б.; Абу Исо ат-Термизий. Саҳиҳи Термизий. Танланган ҳадислар / Араб тилидан Абдуғани Абдуллоҳ таржимаси. – Т.: Ғ. Ғулом номли Адабиёт ва санъат нашриёти, 1993. – 208 б.: Абу Исо Муҳаммад Термизий. Сунани Термизий. Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ. I жилд / Таржимон, шарҳ ва изоҳлар муаллифи: Мирзо Кенжабек. – Т.: Шарқ, 2010. – 463б.; Абу Исо Муҳаммад Термизий. Сунани Термизий. Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ. Тўлдирилган қайта нашри. I жилд / Таржимон, шарҳ ва изоҳлар муаллифи: Мирзо Кенжабек. – Т.: Шарқ, 2012. – 528б. Абу Исо Муҳаммад Термизий. “Сунани Термизий”. II жилд / Таржимон, шарҳ ва изоҳлар: Мирзо Кенжабек, Рухшона Мирзо қизи. Тошкент: “Мовароуннаҳр” нашриёти, 2017.; Абу Исо Муҳаммад Термизий. “ал-Жомеъ ас-Сунан” (сайланма). Таржима ва изоҳлар муаллифлари Ҳ.Аминов, М.Исмоилов, Б. Абдуллаев. Масъул муҳаррир О.Қориев. – Т.: “Наврўз”нашриёти, 2017.; Абу Исо Муҳаммад Термизий. Расулуллоҳ сафдошлари. Таржимонлар ва нашрга тайёрловчилар Ҳ.Аминов, М.Исмоилов, Б.Абдуллаев. Масъул муҳаррир О.Қориев. – Т.: “Наврўз”нашриёти, 2017.
[4] Koca, Fatih. “Hz. Muhammed’in Sesinin Güzelliğine Dair Rivâyetler Üzerine Bir İnceleme”. Dini Araştırmalar 26/64 (Haziran 2023). – S. 13.
[5] Azmi Bilgin. Hz. Muhammed’in Muhtasar şemâil-i şerif tercümesi'inde geçen vasiflari. Türkiyat Mecmuası, c. 26/1, 2016, s. 81-88.
[6] Rukiye OĞUZAY. Şemâil Literatürünün Muhtevasi Ve Değişimi. Yüksek lisans tezi. – Bursa, 2011. – 110 s.
[7] Rukiye OĞUZAY. Şemâil Literatürünün Muhtevasi Ve Değişimi. Yüksek lisans tezi. – Bursa, 2011. – 110 s.
[8] Fatma Keser. Tirmizî'nin (Ö.892) Şemâilü'l-Muhammediyye Adli Eseri Üzerine Yazilmiş Türkçe Şerhlere Hüsamü'd-Din En Nakşibendî'nin (Ö.1865) Katkisi. Yüksek lisans tezi. Istanbul, 2015. – 114 s.
[9] Mohamad Yaman Diar Bakerly. İsmâil Müfîd Efendi’nin Şerhu’ş-Şemâʾili’n-nebeviyye İsimli Eserinin Tahkik ve Tahlili. Fatma Keser. Yüksek lisans tezi. Istanbul, 2023. – 616 s.
Izoh qoldirish