ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙНИНГ ҲАДИС ИЛМИДАГИ ЎРНИ
Ҳаким Термизий яшаб ижод этган давр ҳадис илмининг тараққий этган замони бўлиб, бу пайтда ҳадис илмининг йирик намояндалари Имом Бухорий, Имом Муслим, Абу Исо Термизий, Имом Доримий ва бошқа машҳур муҳаддислар етишиб чиқдилар. III/IX аср ҳадис илми тарихида “олтин аср” ҳисобланиб, бу даврда Пайғамбар (а.с.) суннатларини тартибга келтириш, ҳадис илми атамаларини белгилаш, энг муҳими, саҳиҳ ҳадисларни ўзида жам қилган қимматли манбалар тузиш каби улкан ишлар амалга оширилди.
Мазкур даврда яшаган машҳур аллома Ҳаким Термизий ҳам анъанавий тарзда ҳадис илми билан шуғулланган. Ўзининг “Бад’ аш-ша’н” асарида болалигиданоқ илмий муҳитда ўсганини ёзиб ўтган. Хатиб Бағдодийнинг “Тарихи Бағдод” асарида Ҳаким Термизийнинг отаси муҳаддис бўлгани ва ҳадис ривоят қилгани қайд этилган. Жумладан, “Наводир ал-усул” асарида отасидан 80 дан ортиқ ҳадис ривоят қилган. Отасининг 52 ровийсини келтирган. Уларнинг аксарияти “ишончли” деб топилган[1]. У Ҳаким ат-Термизий ўзининг “ар-Радд ала-л-муаттила” асарида ўз онасидан ҳам ҳадис ривоят қилади. Шунингдек, унинг ота ва она томонидан боболари ҳам ҳадис ривоят қилганлари ҳақида маълумотлар келтирилган. Унинг ўзи ҳам ўз давридаги кўплаб муҳаддислардан ҳадис ўрганган. Мисрлик олим Муҳаммад Иброҳим Жуюший Ҳаким Термизийнинг ҳадис илмидаги 170 га яқин устозини номма-ном келтирган. Бошқа бир араб тадқиқотчиси Нуруддин Бурдурий “Наводир ал-усул” даги 223 нафар ровийни қайд этган[2]. Шунинг учун ҳам табақот асарларида унинг исми ёнида “ал-ҳаким” билан бир қаторда ҳадис илмидаги юқори мартабага далолат қилувчи “ал-ҳофиз” номи ҳам келтирилади.
Ҳаким Термизий ўз асарларини таълиф этишда қуйидаги манбаларга мурожаат этган:
– Қуръони Карим;
– қудсий ҳадислар;
– набавий ҳадислар;
– бошқа пайғамбарларнинг қавллари;
– саҳобийлар сўзлари;
– тобеъин ва табаъ тобеъинлар сўзлари;
– зоҳидлар сўзлари;
– ўша давр машҳур шахслари сўзлари;
– исроилиётлар;
– шеърий намуналар;
– “хабарларда келтирилишича”, “тафсир аҳлининг айтишича”, “салафларнинг баъзиларидан сўралганда”, “менга етиб келган хабарларда”, “баъзи тобеъинлар дедилар” тарзида келтирилган маълумотлар;
– Ҳаким Термизийнинг шахсий қарашлари.
Лекин Ҳаким Термизийнинг ҳадисларга бўлган ёндашуви юқорида зикр этилган муҳаддисларнинг ҳадисларни жамлаш, саралаш, бобларга ажратиш каби услубларидан тубдан фарқ қилади. Унинг илмий меросини ўрганган олимлар Ҳаким Термизийнинг ҳадисга ёндашувида асосий уч услубни ажратиб кўрсатадилар:
- тасаввуфий мазмунга далолат қилувчи ҳадисларни жамлаш, улардаги валоят, авлиёлар, илҳом ва фаросат каби тушунчаларнинг моҳиятини шарҳлаш;
- бир мавзуга оид ҳадисларни шарҳламай тўплаш; (бу услубни ат-Термизий “ар-Радд ала-л-муаттила” китобида қўллаб, унда мўътазилийларнинг қарашларини пучга чиқарувчи ҳадисларни бир ерга жамлаган);
- ҳадисларни жамлаш ва уларни шарҳлаш асосида йўриқлар бериш (“ал-Манҳиёт” асарида “қайтариқ, тақиқлаш” мазмунидаги ҳадисларни жамлаб, тақиқ нима сабабдан қўйилганининг ҳикмати ҳақида баҳс юритилади).
Ҳаким Термизий ҳадисларни саралаб олиш масаласида ҳам ўзига хос тарзда ёндошади. “Наводир ал-усул” асарида ҳадис саралашнинг санад орқали эмас, балки матн маъносини чуқур мушоҳада этиш, туб моҳиятини англаб етиш орқали ҳадис ҳолатини аниқлаш услубини муфассал баён қилади. Бу албатта аҳл ал-ҳадиснинг ҳадисларнинг ишончли эканини аниқлашдаги асосий талабларидан тубдан фарқ қилади.
Ҳаким Термизий “Наводир ал-усул”да 44-бобни қуйидаги ҳадисни далил қилиб келтириш билан бошлайди:
عن أبي هريرة رضي الله عنه قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: إذا حدثتم عني بحديث تعرفونه ولا تنكرونه قلته أو لم أقله فصدفوا به وإني أقول ما يعرف ولا ينكر وإذا حدثتم عني بحديث تنكرونه ولا تعرفونه فكذبوا به فإني لا أقول ما ينكر ولا يعرف[3].
Маъноси: Агар мендан (яъни Расулуллоҳ с.а.в.дан) деб ривоят қилинган, ўзингиз билган ҳамда мен айтган ёки айтмаганлигимни инкор қилмайдиган ҳадисни эшитсангиз уни тасдиқланглар. Зеро, мен маъруф бўлган ва инкор қилинмаган нарсаларни айтаман. Агар, мендан деб, сизлар инкор этадиган ва билмаган ҳадисни сизларга ривоят қилсалар, уни (ҳадисни) ёлғонга чиқаринглар, зеро, мен инкор этиладиган ва маъруф бўлмаган нарсани айтмайман.
Ушбу ҳадис талқинида Ҳаким Термизий дейди: “Кимки, Расулуллоҳ (с.а.в.) дан айтилиши мумкин бўлган ҳадисни бошқа лафзлар билан келтирса ҳам жоиздир. Зеро, Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳадисларнинг усул (ўзаги, илдиз) ини айтганлар, саҳобий ва тобеъинлар улардан кейин ўша усулдан фар‘(шаҳобча-тармоқ) ларини сўзлаганлар. Агар бу фар‘ Расулуллоҳ (с.а.в.) томонларидан айтилиши мумкин бўлган бўлса-ю, лекин у зот айтмаган бўлсалар ҳам биз уни (ҳадис сифатида) тасдиқлашимиз лозим[4]. Демак, алломага кўра, усул ҳадислар бу Расулуллоҳ с.а.в. айтган ўзак ҳадис бўлиб, саҳобий ва тобеъинлар ундан бошқа ҳадислар чиқариб олишлари мумкиндир. Лекин асосий шарт шуки, ушбу ҳадисни “сизлар ўзингиз билган ҳамда мен айтган ёки айтмаганлигимни инкор қилмайдиган” бўлиши керак. Ҳадисдаги “сизлар” эса Расулуллоҳ с.а.в. дан сўнг Ҳақ йўлида ва ҳидоятга бошлаш мақсадида сўзлайдиган ақл ва басират эгаларидир (أولوا الألباب والبصائر). Улар эса – ҳакимлардир[5]. Демак, ҳакимлар ҳадиснинг тўғри ёки нотўғри эканлигини ажратиб бера оладилар. Бу ўринда биз ҳадисларни саралаб олишнинг санад орқали эмас, балки ҳакимлар ёрдамида унинг чуқур, ботиний маъноларини англаш орқали ҳадислар ҳолатини аниқлаш услубига дуч келдик. Бу албатта аҳл ал-ҳадиснинг ҳадисларнинг ишончли эканини аниқлашдаги асосий талабларидан тубдан фарқ қилади.
Ҳаким Термизийнинг “Наводир ал-усул фи ма‘рифат аҳодис ар-Расул”, “ал-Амсал мин ал-Китаб ва-с-сунна”, “ал-Манҳиёт ва кулл ма жа’а мин ҳадис би-н-наҳий”, “Баён ал-касб” каби асарларида юқорида зикр қилинган тўпламлардан фарқли ўлароқ, фақат ҳадисларни жамлаб, уларни ривоят қилишни мақсад қилмайди. Чунки у ўз асаридаги ҳар бир ҳадисни тўлиқ-муфассал шарҳлаб, унинг ботиний ва зоҳирий маъноларини кўрсатиб, ҳадиснинг мазмун-моҳияти, ҳар томонлама маъноларини таҳлил қилади. Унинг ҳар бир шарҳида тасаввуфий талқин сезилиб туради. Ҳаким Термизийинг ҳадисга бундай ёндашуви кўплаб бошқа ҳадис ровийларининг ёндашувларидан фарқ қилади. Зеро, у ҳадисларга аҳл ал-ҳадис нуқтаи назаридан эмас, балки аҳл ар-ра’й нуқтаи назаридан мурожаат этади. Чунончи, у аҳл ал-ҳадис ровийлари каби фақат ҳадисни ривоят қилиш билан чекланмасдан, ҳадиснинг асл мағзига етиб боришга, уни тўла идрок этишга ҳаракат қилади. Ҳаким Термизий ҳадис ривоят қилиш икки босқичдан иборат дейди:
Ҳаким Термизийнинг “ал-Фуруқ” асарига кўра истимо‘ ва таҳаммулдан мурод нафсни енгиш ва оқибатда нажот топишдир. Истимо‘ қилган (ҳадис эшитган) одам эшитганининг маъносини таҳлил қилади, уни таъвил қилиб маъноларини англаб етади, ҳадисларни диққат билан ўрганади, мағзига етишга ҳаракат қилади, носих билан мансухини ажратади, маъносини тўғри англаш учун сўзларини тадқиқ этади, чунки бир дона ҳарф билан маъно мутлақ ўзгариб кетиши мумкин.
Ҳаким Термизий ривоя ва нақлдан мурод умматнинг динини сақлаш эканини таъкидлаб, динни сақлаш учун ҳадис таҳаммул қилишда дуч келган ровийдан ривоят қилишни қоралайди. У: “ҳидоят йўлида пешқадам бўлган сидқи ва омонатдорлиги билан танилган ва ўзи таҳаммул қилганини яхши етказиб бера оладиган инсонларнинг ривоятларини олиш керак”, - дейди. Лекин шу билан бирга таҳаммул қилаётган шахс ўзи ҳам ҳадисларни таҳлил қила билиши даркор. Жумладан, Ҳаким Термизий иснодларини ёдлаш билан чекланиб, маънога эътибор бермайдиганлар ҳақида: “Улар иснодларини, ривоят йўлларини ёдлайдилар, ровийларни таҳлил қилиш, уларнинг иллатларини топишга зўр берадилар. Лекин ҳадисларнинг маънолари, лафзлари уларнинг диққат эътиборидан четда қолади. Қанчалаб ҳадисларнинг сўзлари ўзгариб кетиши оқибатида уларнинг асосий маъноси ҳам ўзгариб кетган. Улар бунга эътибор бермадилар, улар буни тадқиқ этишдан кўра ровийларнинг танқиди билан овора бўлдилар”, – деб ёзади. Бу гапларни Ҳаким Термизий замондош аҳл ал-ҳадис вакилларига қаратган бўлса керак. Зеро, аҳл ал-ҳадиснинг ҳадис ишончлилигига қўйган шартларининг асосий қисми иснодга тааллуқли.
Шунингдек, Ҳаким Термизий “Шифо’ ал-‘илал” асарида ҳадис ровийларининг ўз ривоятларида иснодларини безаш учун таниқли куфалик, басралик ёки шомлик ровийларни келтиришга зўраки интилишларини қоралаб, жумладан, шундай дейди: “Булар бир ҳадисни аввал ўз юртдошидан эшитадилар, лекин кейинроқ айнан шу ҳадисни куфалик, басралик ёки шомликдан эшитсалар улардан ривоят қилиб, ўз юртдошини тарк этадилар. Улар бу ишлари билан халқни ҳайрон қолдирдилар”. Бу билан Ҳаким Термизий фақат исноддаги ровийлар танқидига урғу бериб, матн мазмун-моҳиятини эътибордан четда қолдиришни танқид қилган. Ваҳоланки, аҳли ҳадис ўз услубларига кўра, олий иснод талабида шу йўлни тутганлар.
“Наводир ал-усул” да Ҳаким Термизий ҳадисларни бир шахсдан эшитиб, сўнгра уни бошқа шахсга ривоят қилиш билан чекланмайди, балки эшитган ҳадисларини чуқур таҳлил қилади, уларнинг ботиний маъноларини англашга ҳаракат қилади, ҳадисларни руҳиятда ва маиший ҳаётда қандай татбиқ қилиш мумкинлигини кўрсатиб беради.
Ҳаким Термизий ҳадисларни фақат ривоят қилиш билан чекланмасликка чақириб, ҳадисларини талқин қилиш, уларнинг яширин маъноларини топиб шарҳлаш ва уни ҳаётга татбиқ қилишга ундайди.
Ҳадисларга бўлган бу икки хил муносабат – минтақадаги аҳл ар-ра’й ва аҳл ал-ҳадис ўртасидаги ҳадислардан фойдаланиш услубиятидаги ихтилофларнинг ёрқин ифодасидир, дейиш мумкин. Чунончи, Марказий Осиёдан аҳл ал-ҳадиснинг Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Доримий ва бошқа бир қанча энг таниқли вакиллари етишиб чиққанига қарамасдан, бу ерда аҳл ар-ра’йнинг мавқеи анча баланд эди. Буни минтақадаги ҳанафий мазҳаби олимларининг самарали фаолиятининг натижаси, деб баҳолаш мумкин.
Ҳадисларнинг тасаввуфий шарҳига бағишланган “Наводир ал-усул” асарида аксар ровийлар ироқлик ва хуросонликлардир. Мовароуннаҳрлик ва ҳижозлик ровийлар эса камчиликни ташкил этади. Ҳаким Термизийнинг “Наводир ал-усул” даги аксарият ровийлар “жарҳ ва таъдил” (“ровийларнинг ишончлилик даражасини кўрсатувчи”) китобларда “ишончли” деб эътироф этилган. Уларнинг баъзиларидан энг ишончли ҳисобланган олти ҳадис тўплами муаллифлари ҳам ривоят қилганлар.
Ҳаким Термизий ўзи яшаган минтақадан етишиб чиққан ҳамда деярли замондош бўлган буюк муҳаддислар, аҳл ал-ҳадиснинг энг кўзга кўринган вакиллари Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Исо Термизий, Абу Довуд, Имом Насоийларнинг ҳадис тўпламларидан хабардор бўлган бўлса керак. Сабаби, биринчидан бу муҳаддисларнинг китоблари ўз даврида танилган. Иккинчидан, “сиҳоҳ ситта” номи билан танилган олти мўътабар ҳадис тўплами муаллифларининг барчаси (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Аҳмад ибн Ҳанбал, Насоий ва Имом Термизий) га устозлик қилган машҳур муҳаддис Қутайба ибн Саид Сақафий Балхий (ваф. 888 й.) дан Ҳаким Термизий ҳадис ўрганган. Учинчидан, Ҳаким Термизийнинг энг яқин шогирди Абу Бакр Варроқнинг тоғаси Абу Исо Термизий бўлгани манбаларда қайд этилган[8]. Лекин шунга қарамай, Ҳаким Термизий уларнинг ҳадис тўпламларидан ҳадис ривоят қилмайди.
Термизий аҳли ҳадис методикасини ҳам танқид қилади. Ҳадисларга ёндашувда Термизий кўпроқ фақиҳлар услубига яқин бўлади. Ҳаким Термизий муҳаддисларни 3 турга ажратади: 1) рувот (ровийлар) – уларни Термизий ҳадисларнинг санади, ровийлар билангина овора бўлиб, носих ва мансух ҳамда ом ва хосни ажратмай, маъноси очиқ бўлмаган (ғомид) ларни фарқламасликлари, мақсадлари фақат ёзиш ва ёд олиш бўлиб қолгани, фикрлари боблар, санадлар ровийлар йўллари билан чекланиб қолганини танқид қилиб, илмнинг фақат пўстлоғини қўлга киритганлар, дейди; 2) вуот (англаб етганлар) – Термизий уларни ҳадисларнинг мағзини англаб етишини мақтайди: “Вуот (англаб етганлар) Расулуллоҳ (а.с.) ҳадисларини диндаги ишончли, рози бўлинган имомлардан олиб, риоясини қилганлар. Риоясини қилишлари истинбот қиладилар, ҳадиснинг маъноларини очиб берадилар, таъвил жиҳатларини ўрганиб зоҳирини ботинга ўгирадилар. Вуот мудом (ҳадиснинг) маънолардаги пардаларни очиб бориш ва ҳусни таъвил талабидалар; 3) наққолун – улар рувотдан ҳам пастроқ даражада бўлиб, уларнинг санадларни териб чиқишларини, ҳадис ривоят йўлларини ўрганишга ўта машғул бўлиб, ҳадис маъноларини назардан четда қолдиришини танқид қилади[9].
Термизий ҳам ҳадиснинг саҳиҳлигини унинг санади ва ровийларини текширишга катта эътибор қаратиш билан эмас, балки унинг матнини текшириш орқали амалга оширилиши кераклигини таъкидлайди. Ҳаким Термизий иснодларини ёдлаш билан чекланиб, маънога эътибор бермайдиганлар ҳақида “Шифо’ ал-‘илал” асарида: “Улар иснодларини, ривоят йўлларини ёдлайдилар, ровийларни таҳлил қилиш, уларнинг иллатларини топишга зўр берадилар. Лекин ҳадисларнинг маънолари, лафзлари уларнинг диққат-эътиборидан четда қолди. Қанчалаб ҳадисларнинг бир сўзи ўзгариб кетиши оқибатида уларнинг асосий маъноси ҳам ўзгариб кетди. Улар бунга эътибор бермадилар, улар буни тадқиқ этишдан кўра ровийларнинг танқиди билан овора бўлдилар. Фалончи фалончидан ғариб, деб, улар сохталаштирган ривоятни келтирадилар. Сўнгра уни инкор қиладилар. Буларнинг бари ўзларини кўрсатиш, дунёдан еб қолиш учун. Ҳасад ва таъна олови ўрталарида бот-бот алангаланади. Улар Аллоҳ учун қилмадилар буларни”[10], – деб ёзади. Яна бир ўринда фақиҳ ва муҳаддисларни “тергаб” ўтади: “Фиқҳ илми билан “безаниб” олган киши бутун вақтини қиёс қилиш, мунозарада товушини кўтариш билан ўтказади. Агар ўзи учун фикр қилса, мунозарада ҳақиқатга етишишни мақсад қилганми ёки рақибини енгишними?”[11]. Шундан сўнг, Термизий айрим муҳаддисларни “санадлар билан безанганлар” деб атаб, давом этади: “Санадлар билан безанганлар бор вақтини бобларга таснифлаш, санадларни тартиблаш, ровийларни сохталаштириш (ёки жарҳ қилиш), (ўзи тўплаган ҳадислардаги машҳур) муҳаддислар исмларидан сархуш бўлиш билан ўтказадилар”. Шунингдек, Ҳаким Термизий мазкур асарида ҳадис ровийларининг ўз ривоятларида иснодларини безаш учун таниқли куфалик, басралик ёки шомлик ровийларни келтиришга интилишларини қоралайди. Жумладан шундай дейди: “Булар бир ҳадисни аввал ўз юртдошидан эшитадилар, лекин кейинроқ айнан шу ҳадисни куфалик, басралик ёки шомликдан эшитсалар улардан ривоят қилиб, ўз юртдошини тарк этадилар... Улар бу амаллари, ахлоқлари, шамойиллари билан одамларни довдиратдилар. Одамларни ибодат йўлидан тўсдилар, ўзлари эса ўта адашган ва ибодатдан йироқдирлар. Рухсатларни сотадилар ҳамда уламоларнинг хатоларини тўплаб, лаҳвга бериладилар. Султонлар ситам ўтказишлари ва разил ичимликларни истеъмол қилишлари, дунё матоҳларига берилишларига йўл очиб берадилар”[12].
Яна бир бошқа ўринда: “Илм талабида юртларни кезадилар. Ўз юрт уламоларини қўйиб, эртасига “бизга буни фалончи фалоний ривоят қилган” деб оммага кўз-кўз қилиш учун бошқа диёр уламолари номларини келтириш билан ажралиб турмоқчи бўладилар”, – деб норозилик билдиради. Ҳаким Термизий “Наводир ал-усул” асарида ҳадисларнинг саҳиҳини ажратиб беришни ҳакимлар амалга ошира олишини айтиб, уларнинг услуби ҳадиснинг маъносини тафсилотларигача ўрганиш, сўзларнинг зоҳирий ва ботиний мазмунини таҳлил қилиш, Қуръон ва суннатга мувофиқлигини текшириш орқали тўғри хулосага келишдир[13]. Бу услубда матн танқидига катта эътибор қаратилади. Шу ўринда айтиш ўринлики, аҳли ҳадис муҳаддислар ҳадис матни танқидидан кўра кўпроқ санад танқиди, ровийларни саралаш масаласига кўпроқ эътибор қаратганлар. Бунга бир неча сабаблар бор, жумладан: муҳаддисларнинг мақсади санаднинг ўзи эмас, балки уни ўрганиш орқали матн саҳиҳлигини аниқлаш бўлган, зеро ишончли ровийлардан қилинган ривоят саҳиҳлиги келиб чиқади; ҳадисга ҳукм чиқаришнинг энг мухтасар йўли ҳам санад танқиди орқали амалга ошади; матн танқиди эса машаққатли йўл, унга катта салоҳият талаб этилади[14].
Термизий “ал-Фуруқ ва манъ ат-Тародуф” асарида муҳаддисларни бир неча тоифага ажратиб, уларни ўзаро қиёслайди. Жумладан, асарнинг “Хабарларни ривоят қилувчи муаддий (адо этувчи) ва ноқил (етказувчи) фарқи” номли бўлимида, “муаддий ихлос ва омонатдорликка танилган, ўзи амал қиладиган ҳидоятдаги имомлардан Пайғамбар (а.с.) хабарларини, суннатларини, шариат шарҳини эшитади, (санад) ровийларини саралайди, матнни тадқиқ қилади”, - деб мақтайди. “Наққолун эса, санадларни келтирадилар, ривоят йўлларини ёдлайдилар, бор вақти шу билан банд бўлиб ҳадисларнинг маъноларига қарамайдилар. Уларнинг эътибори санад ва ривоят йўлларида”[15], - деб танқид қилади.
Мазкур асарнинг “Риоя қилувчилар ва ровийлар фарқи” номли бўлимида эса ҳидоятдаги ишончли имомлардан ҳадисларни эшитиб, унинг риоясини қилганларни мақтайди. Унинг риояси эса маъноларини кашф этиш, зоҳирини ботинига айлантириб, таъвил маъноларини излаш эканини айтади. Ровийларни эса санад, ҳадисларни қайд этиш ва ёдлаш билан чекланиб қолиб, ҳадисларнинг маъноси, носих ва мансухи, ом ва хоси, таъвил қилиш ўринларини четда қолдиришларини танқид қилади[16].
ИБРОҲИМ УСМОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси
Абу Райҳон Беруний номидаги
Шарқшунослик институти докторанти,
тарих фанлари номзоди, доцент
[1] Нуруддин Бурдурий. Ҳаким Термизийнинг “Наводир ал-усул” асарининг ношир муқаддимаси. – Байрут: Дар ал-минҳаж, 2015. – Б. 26.
[2] Нуруддин Бурдурий. Ҳаким Термизийнинг “Наводир ал-усул” асарининг ношир муқаддимаси. – Байрут: Дар ал-минҳаж, 2015. – Б. 57.
[3]Мазкур ҳадис «сиҳоҳ тис‘а»га кирмаган.
[4] Ҳаким Термизий. Наводир ал-усул. Т. I. Б. 361.
[5] Ҳаким Термизий. Наводир ал-усул. Т. I. Б. 357-365.
[6] Эшитиш ва ўзлаштириш.
[7] Ривоят ва нақл қилиш.
[8] Қаранг: Алишер Навоий. Насойим ал-муҳаббат; Муҳаммад Сиддиқ Рушдий. Тазкират ал-авлиё ат-туркий.
[9]Ҳусайний А. Ал-Маърифа инда ал-Ҳаким ат-Тирмизий. – Қоҳира: Дор ал-кутуб ал-арабийя, 1963. – Б. 79-80.
[10] Ҳаким Термизий. Шифо’ ал-‘илал. Қўлёзма. Валиюддин, №770. 7б варақ.
[11] Ҳаким Термизий. Шифо’ ал-‘илал. Қўлёзма. Валиюддин, №770. 7б варақ.
[12] Ҳаким Термизий. Шифо’ ал-‘илал. Қўлёзма. Валиюддин, №770. 8а варақ.
[13] Ҳаким Термизий. Наводир ал-усул. – Жидда: Дар ал-минҳаж, 2015. Т.4. –Б.536-537.
[14] Жузжоний А. Қоваид фи улум ал-ҳадис ан-набавий ала манҳаж ас-сада ал-ҳанафийя. – Девбанд, 2018. – Б. 16-17.
[15] Ал-Ҳаким ат-Термизий. Ал-Фуруқ ва манъ ат-тародуф. – Ажуза: Мактаба ал-Иман, 2005. –Б.212.
[16] Ал-Ҳаким ат-Термизий. Ал-Фуруқ ва манъ ат-тародуф. – Ажуза: Мактаба ал-Иман, 2005. –Б.158.
Izoh qoldirish