05.09.2024

“ИШОРОТУЛ МАРОМ” АСАРИ ҲАНАФИЙЛИК МАЗҲАБИДАГИ МУҲИМ МАНБА

Шайх олим, аллома Камолиддин Аҳмад ибн Ҳасан ибн Синониддин Байзовийзода Румий Ҳанафий усмонийлар давлати қозиси эди. У киши Румнинг улуғ фузалоларидан бўлиб, барча илмларни жамлаган ва матнларнинг мусаннифи, ҳужжатнинг фақиҳи, ўз замонасининг далил ва ҳужжат кўрсатувчиси бўлган. У зот 1044/1634 йил Рум шаҳрида таваллуд топган. У шариат илмларининг пешвоси, салобатли, келишган киши бўлиб, юзида илм нури чақнаб турар ва унда фазилатнинг ҳайбати бор эди. Унинг фазилат соҳиби экани шаҳарларга тарқалди, эзгуликлари азизлар (инсонлар) орасида ёйилди.

У илмни дастлаб отаси қози Аллома Минқорийдан, Маккада эса Аллома Шамс Бобилийдан олди. Шунингдек, тарихда Мулло Чалабий номи билан машҳур шайх Муҳаммад ибн Али Ҳомидий унга ҳадис ривоят қилишга ижоза берди.

У киши 1077/1666 йилда Ҳалабнинг Шаҳбо шаҳрида қозилик мансабига тайинланди, бироз вақтдан кейин Бурса шаҳрида қозилик вазифасини бажарди, 1083/1672 йилдан Маккада қози сифатида фаолият юрита бошлади.

“Хулосатул асар” (1/181) муаллифи Муҳаммад ибн Фазлуллоҳ Муҳиббий у киши ҳақида шундай деди: “Мен у кишини Румда учратдим ва у кишидан кўп фойда олдим”.

У ушбу асарида: “У киши билан бирга бўлдим ва уни собитқадам ҳамда илм тоғларидан бир тоғ, деб билдим” деган.

Ушбу эътироф Муҳиббийга ўхшаш олим, фозил ва ишончли тарихчи томонидан айтилар экан, у катта гувоҳлик беришдир.

Унинг қозилик даврида Қустантинияда бир воқеа бўлди. Бир аёл зино қилади ва бу масала тошбўрон қилишни тақозо қиладиган тўртта гувоҳ билан биргаликда қозига тақдим қилинади. Шунда аёлни тошбўрон қилишларига ҳукм қилади.

Ўша вақт вазиятдан хабар топган ҳоким ва қўшин қозилари уни бу ишдан қайтармоқчи бўлишади ва шундай маслаҳат беришади: Бу нарса шариат ҳукми бўлса-да, ҳозирги асрда тан олинмайди, шунинг учун бир ҳийла ишлатиб зоҳирда шаръий қилиб кўрсатиб, вазиятдан чиқиш лозим. У киши бу маслаҳатга унамайди ва ўзининг гапида қаттиқ туриб, шаръий ҳукмни ижро этиш ва амалга оширишга буюради.

Хуллас мансабдор кишилар бу кишига нисбатан фикрини ўзгартиришига ўша нарса сабаб бўлди ва шу воқеъадан қисқа муддатдан сўнг қозиликдан кетди. Лекин улар ютқазишди ва бу киши фойда кўрди, улар мағлуб бўлишди ва бу ғолиб бўлди. Шу жиҳатдан Аллоҳ таолонинг ҳузурида энг олий, улуғ ва боқий нарсалар бор.

Аллоҳ Азза ва Жалла уни кенг раҳмати билан ўраб олсин ва нома аъмолини савобдан тўлдирсин (амин).

Боснавийнинг қаламига мансуб асарлар:

“Ишоратул маром мин иборотил имом”

“Ал-усулул мунифа лил имом Абу Ҳанифа”

“Рисолатун фил лавойиҳ ало важҳил баҳс вас суол”

“Савониҳул мутораҳот ва лавоиҳуз зокирот фил улум”

“Шарҳу китобил Васоё вал Фиқҳил абсат лил имомил Аъзам”

Шайх роҳимаҳуллоҳу таоло 1097/1686 йилда вафот этган.

Бу асар ақида илми борасида ёзилган китоблар ичида аъло, қадри баланд, баҳоси юксак, фойдаси кўп, чиройли тартибда ва пок ҳамда соф китобдир. Китобнинг тўлиқ номи “Ишоратул маром мин иборотил Имом” деб аталиб улуғ доно, моҳир, илмлар денгизи, аллома Камолиддин Байзовий қаламига мансубдир.

Бу китобни ёзиш билан у “Ал-усулул мунифа лил имом Аби Ҳанифа”, деб номлаган мухтасарни шарҳлади. Уни имом Аъзам қоддаса сирраҳу китобларининг иборасидан олди. Дарҳақиқат, Имом ушбу китобларни шогирдлари учун ёзган эди. Шунингдек, “Ал-фиқҳул акбар” китобини ўғли Ҳаммод[1] ривоят қилган. “Ал-фиқҳул абсат” ўғлининг Абу Муъин Ҳакам ибн Абдуллоҳ Балхийга қилган ривоятидир. “Ал-васийя ва Ар-рисола” ал-Иржода Абу Усмон Албутийга ёзиб берилган. Иккала китобни ҳам имомнинг мужтаҳид шогирди имом Абу Юсуф ривоят қилган. “Ал-олим ва-л-мутааллим” бу иккаласини Абу Муқотил Ҳафс ибн Салам Самарқандий ривоят қилган.

Китобнинг нусхалари ҳақида сўз юритар эканмиз шуни таъкидлаш лозимки, асарнинг асл нусхаси “Мактабатуз Зуҳрийя” кутубхонасида икки нусхада, Мисрдаги “Дор-ул-кутуб-ил-Мисрийя”да уч нусхада, Туркиядаги “Равзат-ул-Хайр Пошшо”да бир нусхада сақланиб келинади. Шунингдек, Шайхул ислом Кавсарий тақдим этган Мисрда чоп этилган қадимий нусха ҳам мавжуд.

Китоб эътиқоддан ишонарли далилларга муҳим манба эканлиги учун биз уни Имом Термизий номидаги халқаро илмий тадқиқот марказида таржима ишларини тугатдик, эндиликда нашрга тайёрлаш ишларини олиб боряпмиз.

 

Аббосхон АБДУЛЛАЕВ,

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

 

 

Фойдаланган адабиётлар:

  1. Исмоил Пошшо Бағдодий. Ийзоҳ Ал-Макнун. – Байрут: “Дор иҳяу-т-турос ал-аробий”. 2008.
  2. Исмоил Пошшо Бағдодий. Ҳадотул орифин Асмоал муаллифин ва осорал мусаннифин. – Байрут: “Дор иҳяу-т-турос ал-аробий”. 2008.
  3. Муҳаммад Амин ибн Фазлуллоҳ ибн Муҳиббиддин ибн Муҳаммад Муҳиббий Ҳамавиййил. Хулосатул асар фий аъёни қарнил ҳоди ашар. – Қоҳира: “Дор-ул-Байрут”. 2012.
  4. Умар Ризо Каҳҳола. “Мўъжамул-муааллифин”. – Байрут: “Дор иҳяу-т-турос ал-аробий”. 2008.

 


 

[1] Ҳаммод: имом Аъзамнинг ўғли. (176/792) да вафот этган.

Izoh qoldirish