03.07.2024

Аҳли қиблани кофирга чиқармаслик лозим

Такфир тушунчаси араб тилидаги “куфр” сўзи ўзагидан олинган.  Луғатда “инкор қилиш”, “ёпиш”, “каффорат бериш” каби маъноларни англатади. Истилоҳда эса мўмин кишини асоссиз сабаблар билан кофирга чиқариш демакдир.

Шуни таъкидлаш лозимки, Қуръонда “куфр” сўзи бир қанча ўринларда мавжуд. Бир жойда кофирликни билдирса, бошқа жойда ношукрликни ифода этади. Шу жумладан Аллоҳ таоло киши изтирорий ҳолатда, яъни мажбурланган пайтда “куфр” сўзини айтиб қўйса, уни азобламаслигини ҳам баён қилган. 

Бу борада Савбон розияллоҳу анҳудан Набийнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Менинг умматимнинг хато қилган, эсдан чиқарган ва мажбурланган ҳолатда қилган ишидан қалам кўтарилди”, – деган машҳур ҳадиси ривоят қилинади. Шариатимизда мусулмон кишини аниқ ҳужжат бўлмасдан туриб, “кофир” деб ҳукм қилиш жуда хатарли иш бўлиб, асло мумкин эмасдир! Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Нисо сураси 94 оятида шундай марҳамат қилган:

لا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلامَ لَسْتَ مُؤْمِناً

 “Сизга салом берган кимсага, мўмин эмассан, деманглар”.

Маълум бўладики, Аллоҳ таоло ушбу ояти карима билан шошқалоқлик билан бошқа бировнинг мўмин эмаслигига ҳукм чиқариб, иш кўришдан қайтармоқда. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ” деб турган кишига нисбатан такфир тушунчасини бериш жуда ҳам хатарли эканлиги борасида бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

‏ "‏ثَلاَثَةٌ مِنْ أَصْلِ الإِيمَانِ:‏ الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَلاَ نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ وَلاَ نُخْرِجُهُ مِنَ الإِسْلاَمِ بِعَمَلٍ"

(رَواهُ الإمامُ مسلم عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رضي الله عنه)

“Уч нарса имоннинг аслидандир: “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаслик, амали туфайли Исломдан чиқармаслик”. (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа мусулмон кишига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни, ҳақиқий мўмин бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, уни қилган амали сабабли унга “мўмин эмас” деган сўзни айтмаслиги лозимлиги уқтирилмоқда. Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мусулмон кишига нисбатан такфир атамасини ишлатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уларга эргашган уламоларимиз гуноҳкор мусулмонларни муртад ёки кофирга чиқармаганлар. Шундай экан, мусулмон шахс суннатга ҳамда салафи солиҳлар йўлига эргашишини даъво қилар экан, ушбу қоидани маҳкам тутиши лозимдир.

Аббосхон Абдуллаев – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

 

Izoh qoldirish