10.07.2024

МУСУЛМОН ШАРҚИДА ФАНЛАР ТАСНИФИ ТАРИХИ

    Шарқда илмларни таснифлаш масаласи Қадимги юнон файласуфлари қарашлари асосида шаклланган. IX–XII асрларда кўпгина Марказий Осиёлик ва араб халқлари қомусий олимлари бу фанлар таснифи масаласида ўзларининг илғор фикрлари билан ўша давр ва кейинги давр Шарқ халқларининг илмий тафаккури тараққиётига самарали таъсир кўрсатган. Бу даврда яшаб ижод этган олимларнинг фанлар таснифи соҳасидаги илғор қарашлари асосида мусулмон Шарқида етишиб чиққан кўплаб олимларнинг дунёқарашлари ривожланиб борган. Фанлар таснифи масаласига мурожаат қилар эканмиз, дастлабки фанлар классификatsiясини Қадимги юнон файласуфлари ишлаб чиққан. Бу борада машҳур юнон файласуфи Аристотель (эр. авв. 384–322 йиллар)нинг илмларни таснифлашдаги ишлари алоҳида аҳамиятга эга бўлган. У фанлар таснифини қуйидаги тартибда ишлаб чиққан: 

I. Мантиқ – фалсафага кириш (тафаккур шакллари ва қонунлари).

II. Назарий фалсафа.

а) Метафизика – биринчи фалсафа (абадий ғайриҳиссий шакллар –номоддий ибтидо ва бутун мавжудликнинг сабабияти).

б) Физика – иккинчи фалсафа (табиат).

III. Амалий фалсафа.

а) Ахлоқ (инсоний хулқ-атвор ва унинг меъёрлари).

б) Сиёсат (ижтимоий-сиёсий фаолият).

с) Иқтисод (иқтисодий фаолият).

IV. Ижодий фалсафа.

а) Эстетика (санъат).

б) Риторика (нотиқлик).

Аристотельнинг “Метафизика” деб номланган 14 китобдан иборат тўпламида тузган фанлар таснифида ўзининг аҳамияти, қадр-қиммати жиҳатдан биринчи ўринни борлиқ ҳақидаги фан эгаллайди. Аристотель уни “биринчи фалсафа” ёки теология (Худо ҳақидаги таълимот) деб атайди. Бу фалсафа “иккинчи фалсафа” (яъни физика)дан шу билан фарқ қиладики, физикада бевосита сезгилар орқали сезиладиган аниқ объектлар тадқиқ қилинса, “биринчи фалсафа”да борлиқнинг материя ва шаклнинг аниқ боғланишига боғлиқ бўлмаган жиҳати, асл илдизи тадқиқ қилинади[1].

Ҳанафийлик мазҳаби асосчиси Абу Ҳанифа Нўъмон (Имоми Аъзам) ибн Собит ал-Куфий (699–767) ислом уламолари орасида энг етук олимлардан эди. У одамларга қулай, толибларга енгил бўлиши учун шаръий илмни биринчи бўлиб таснифлаб, уни бобларга ажратиб, тартибга солган ва китоб шаклига келтирган. Лекин Шарқда фанлар таснифи соҳасидаги биринчи ҳақиқий тадқиқот Абу Юсуф ибн Исҳоқ ал-Киндий (800-879)га тегишли бўлиб, унинг 300 га яқин асарлари орасида фанлар таснифига оид баъзи рисолалари бор. “Китоб ақсом ал-илм ал-илаҳи” ва “Китоб-у моҳият ал-илм ва ақсомиҳи” асарлари шулар жумласидан. Ал-Киндийнинг таснифида риёзиёт илмлари тўртга бўлинган: Ҳисоб илми, талиф илми, геометрия, нужум илми. Унинг фикрича, файласуф бўлишнинг шарти биринчи галда риёзий илмларни билишдир. Кейин эса мантиқий, табиий, метафизик ва ахлоқий каби илмларни билиш зарур[2].

Абу Наср ибн Муҳаммад ал-Форобий (873–950) ижодида ҳам фанлар таснифи масаласи катта ўрин эгаллайди. Ал-Форобийнинг фанлар таснифи соҳасига оид “Иҳса ал-улум” номли асаридан ташқари “Мақола фи аград-и ма баъд ат-табиа” ва “Китоб ат-танбиҳ ала сабил ас-саада” номли рисолалари ҳам мавжуд. Ал-Форобий “Мақола фи аград-и ма баъд ат-табиа” рисоласида мавжуд илмларни икки гуруҳга: “жузъий” ва “куллий” илмларга бўлган. Жузъий илмлар мавжуд ва мавҳум нарсаларни ўз ичига олади. Табиат, ҳисоб, ҳандаса ва тиббиёт илмлари жузъий илмларга доирдир. Унинг “Китоб ат-танбиҳ ала сабил ас-саада” рисоласидаги таснифи Аристотелнинг таснифига жуда ўхшаш. Муаллиф бунда илмларни назарий илмлар, амалий ва маданий илмлар сифатида иккига бўлган. Назарий илмларни учга бўлади: риёзиёт илмлари, табиий илмлар, метафизика. Амалий ва маданий илмлар эса иккига бўлинади: ахлоқ ва сиёсат. 

“Иҳса ал-улум” Ал-Форобийнинг фанлар таснифига оид энг машҳур асаридир. Бу асарда эса файласуф илмларни беш гуруҳга ажратган: 1. Тил илми (7 та илм); 2. Мантиқ илми (8 та илм); 3. Риёзий илмлар (7 та илм); 4. Табиий (8 та илм) ва илоҳий (3 та илм) илмлар; 5. Фиқҳ (2 та илм), калом (2 та илм) ва маданий (2 та илм) илмлар. 

Ал-Форобийнинг фанлар таснифида табиий ва ижтимоий фанлар ўз вазифасига кўра бир-биридан фарқ қилади. Масалан, математика, табиатшунослик ва метафизика илмлари инсон ақл-заковатини бойитишга хизмат қилади, грамматика, шеърият ва мантиқ эса фанлардан тўғри фойдаланишни, билимларни бошқаларга тўғри тушунтириш, яъни ақлий тарбия учун хизмат қилади. Сиёсат, ахлоқшунослик ва педагогикага оид билимлар кишиларнинг жамоага бирлашуви, ижтимоий ҳаётнинг қонун ва қоидаларини ўргатади. 

Ал-Форобий кўплаб рисолаларида инсоннинг маънавий ривожланишида билимнинг ролига қайта-қайта тўхталди, фаннинг предмети, мазмуни, вазифалари ва тузилиши ҳақидаги масалаларни ишлаб чиқди. Ал-Форобий иш турининг маълум амалий усуллар билан боғлиқлигини назарда тутиб (тўқимачилик, табиблик, дурадгорлик ва бошқалар), уларни “ҳунармандлик” ва “санъат”, деб атайди[3]. Ал-Форобийнинг фанлар таснифи Шарқда ҳам, Европада ҳам, келгусидаги фанлар таснифига кучли таъсир ўтказиб, улар тараққиётида катта ўрин тутди.

Яқин ва Ўрта Шарқда яратилган энциклопедиялардан бири бўлган Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий (780–850)нинг “Мафотиҳ ал-улум” (“Илмлар таснифи”) асари ўша даврдаги илм-фаннинг ҳолати ҳақида тўла тасаввур беради. Асарда ҳуқуқ, фалсафа, мантиқ, шеърият, астрономия, риёзиёт, табобат, мусиқа асослари ва бошқа фанлар таснифини ҳам берган. Ал-Хоразмий барча илмларни “араб” ва “араб бўлмаган”ларга бўлади. “Араб” яъни “шариат” илмлари устун даражада дин билан ҳамда араб тилида гаплашувчи жамиятнинг тил муаммолари билан боғлиқ бўлса, “араб бўлмаган”[4]лар эса, ўша замоннинг барча билимлар мажмуасини ўз ичига олади. Дунёвий илмлар у томонидан динга тобеликдан ташқарида қараб чиқилади[5]. Ал-Хоразмийнинг фанлар таснифининг умумий шакли қуйидагича бўлган:

I. Шариат ва у билан боғлиқ “араб” илмлари: Фиқҳ; Калом;  Грамматика; Иш юргизиш, Шеърият ва аруз, Тарих. 

II. “Араб бўлмаган” илмлар:

1. Назарий фалсафа: а) табиий илмлар – таббиёт (самовий ҳодисалар – метеорология, минералогия, ал-кимё, механика) – қуйи; б) риёзиёт илми (арифметика, ҳандаса, илму-нужум, мусиқа) – ўрта; в) илоҳиёт илми, яъни метафизика – олий; г) мантиқ. 

2. Амалий фалсафа: а) ахлоқ (одам) ўз-ўзини бошқариши; б) уй юргизиш (уй хўжалигини бошқариш); в) сиёсат (шаҳарни, мамлакатни бошқариш)[6].

Абу Али ибн Сино (980–1037)нинг “Ат-табиият мин уюн ал-ҳикмат” ва “Ақсом ал-улум ал-ақлия” (“Ақлий фанлар таснифи”) номли икки асари фанлар таснифига бағишланган. Ибн Синонинг бу икки асаридаги фанлар таснифи бир-бирларидан фарқланмайди. Фақат биринчи асардаги таснифлаш мухтасар, иккинчи асарда эса муфассал баён этилган. Ибн Сино фанлар таснифини фалсафанинг асосида ишлаб чиққан. Унга кўра шариат билан фалсафий илмлар ўртасида ҳеч қандай зидлик йўқ[7].

“Ақсом ал-улум ал-ақлия” номли асарида ақлий илмларни ҳикмат – фалсафа илмлари деб олиб, уларни назарий ва амалий қисмларга бўлди. Назарий илмлар ҳақиқатни билишга, амалий илмлар яхши ишларни бажаришга қаратилган. Назарий фалсафа 3 га бўлинади: 

1) Қуйи даражадаги илм, яъни табиатшунослик (тиббиёт, кимё, астрология ва бошқалар); 

2) Ўрта даражадаги илм – математика (геометрия, арифметика, астрономия, мусиқа); 

3) Олий даражадаги илм – метафизика (илоҳиёт). 

Амалий фалсафа ҳам уч қисм: ахлоқ, иқтисод ва сиёсатга бўлиниб, биринчисида битта шахс, унинг феъл-атвори қандай бўлиши ҳақида; иккинчисида инсонларнинг оилада, хўжалик ишларида бир-бири билан муносабатлари қандай бўлиши ва учинчисида шаҳар ёки ўлка миқёсида кишиларнинг бир-бири билан муносабати қандай бўлиши, давлатни идора қилиш ҳақида гап боради. Бу туркумлар ҳам майда тармоқларга бўлиниб кетади. Мутафаккир табиий илмларни таснифлашда Арестотель ва Aл-Форобийнинг қарашларидан фойдаланган. Амалий илмларни таснифлашида эса Платон ва Арестотель қарашлари таъсир этган. Мантиқ илмини назарий ва амалий фалсафадан алоҳида тур сифатида таснифлаган. Мантиқни 9 қисмга таснифлаган Ибн Сино бу илмда ҳам Арестотель таъсирида қолган. 

Ибн Синонинг “Ақсом ал-улум ал-ақлия” номли асарида 29 илм тармоғи тилга олинади, унинг айниқса табиатшунослик ва математикага оид қисмлари ўзининг материалистик характери билан диққатга сазовордир. Асар ўз даври илмий қизиқишларини акс эттириши, турли фалсафий терминлар таърифини бериши билан кўзга ташланиб туради.[8]

Энди Абу Ҳомид ал-Ғаззолий (1058–1111)нинг фанлар таснифи соҳасидаги баҳс юритсак. Ал-Ғаззолийнинг “Ар-рисола ал-ладуний” асарида илмлар қуйидагича таснифланган:

I. Шаръий илмлар: аслий бўлган тавҳид илми; илм-и фуру[9].

II. Ақлий илмлар: риёзий ва мантиқий илмлар; табиий илмлар; илоҳий илмлар.

Ал-Ғаззолий “Ал-мустасфамин илми-усул” асарида эса илмларни уч қисмга ажратган ҳолда таснифлашга ҳаракат қилган. Булар: I. Фақат ақлий бўлган илмлар (ҳисоб, ҳандаса ва нужум); II. Фақат нақлий бўлган илмлар (тафсир ва ҳадис); III. Ҳам ақлий, ҳам нақлий бўлган илмлар (фиқҳ ва усули фиқҳ)[10]

Ал-Ғаззолий борлиқ (вужуд илми ёки биринчи фалсафа)нинг  умумий асосларини ўрганади. Ўз таснифида унга таъриф бермайди, аммо унинг баҳолашига кўра илоҳий илм “учинчи босқич – энг олий борлиқ (вужуд)ни ва унинг лозим бўлган ва мумкин бўлган (вожиб ул-вужуд ва мумкин ул-вужуд)га бўлиниши, сўнг яратувчи ва унинг моҳияти, сифатлари ва унинг амалларини кўриб чиқади”[11].

Илоҳий илмлар пайғамбарлик илми, унинг кароматлари ва мўъжизалари билан якунланади. Ушбу охирги учта қоида (фикр) юнон анъанасида мавжуд эмас. Ал-Ғаззолий бу фикрларни фақатгина араблар ва мусулмонлар тасаввурида мавжудлигини исботловчи далиллар сифатида кўрсатиб ўтган. Илмлар тармоқларига у туморлар ва сеҳргарлик илмини ҳамда уларга тегишлиларни қўшган. 

Ал-Ғаззолийнинг таснифи яққол кўриниб турадиган, диний йўналишнинг кучайишига кўмаклашадиган диний-идеалистик тусга эга бўлган. Ўзининг тузилиши бўйича турли хил бўлган таснифлар Ал-Ғаззолийнинг илмларга бўлган муносабатини акс эттиради. Асосан, унинг нуқтаи назарлари  ўзига хос, бошқа олимларнинг таснифларидан фарқ қиладиган хусусиятларга эга. Ал-Ғаззолийнинг фикрига кўра, “илм билан шуғулланиш инсонни билим билан бойитмаса, бундай илм танбеҳга лойиқ деб, рад этилиши лозим”.

Ал-Ғаззолий Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмийдан фарқли равишда илмларни икки гуруҳга ажратилишини бошқача талқин қилган. Кейинчалик бундай тақсимлаш материалистик йўналишларни ривожлантирган Ибн Рушд, Тусий ва бошқа олимлар томонидан қаттиқ танқидга учраган.

Шарқда фанлар таснифи соҳасидаги кўплаб тадқиқотларни ўрганиш асносида Марказий Осиёлик қомусий олимлар – Ал-Форобий, Ал-Хоразмий ва Ибн Синоларнинг шу соҳадаги илмий ижодлари бошқа кўплаб Шарқ ва Ғарб олимларининг дунёқарашига самарали таъсир кўрсатганлигини алоҳида такидлаб ўтиш жоиз.

Биргина Ал-Форобийнинг “Иҳса ал-улум” номли асарини олайлик. Ушбу асар лотин тилига икки марта ҳар икки галда ҳам ўша даврнинг йирик илмий марказларидан бири – Толедода араб тилидан машҳур таржимонлар Иоан Севильский (1157 йилда вафот этган) ва Герард Кремонский (1187 йилда вафот этган) томонидан таржима қилинган. Кейинчалик XV аср олими Доминико Гундиссалина томонидан лотин тилига қилинган таржима “Иҳса ал-улум”нинг аниқ таржимасидир. Унинг қўлёзмаси кейинчалик Ироқ ва Мадридда топилган ва эълон қилинган. Асарнинг асл нусҳаси шу пайтгача топилмаган. 

Шунингдек, ушбу асар қадимий яҳудий, сўнгроқ немис, испан, инглиз, француз, турк, қисман рус тилларига таржима қилинган[12]. Булардан ташқари Шарқда фанлар таснифига бағишланган яна кўплаб асарлар бизгача етиб келган. Даврлар ўтиши билан ушбу соҳадаги тадқиқотлар ҳам ривожланиб, бугунги кун кўринишига етиб келган.

Марказий Осиёда фанлар таснифи масаласидаги тадқиқотларнинг мунтазам олиб борилганлиги фуқароларнинг илмий дунёқарашини шакллантиришда муҳим туртки бўлиб хизмат қилди. Шарқда фанлар таснифи масаласига антик давр юнон файласуфлари қарашлари самарали таъсир кўрсатган. Айниқса, Афлотун, Аристотел, Пифогорчилар мактаби вакиллари томонидан ишлаб чиқилган фанлар таснифининг аҳамияти юқори бўлган. Ўрта асрларда мусулмон Шарқида яшаган кўпгина олимларнинг фанлар таснифи соҳасидаги ишлари асосида зиёли халқнинг илмий дунёқараши ривожланиб борди. 

 

Эргашев Уролбек Беркинович,

“ТИҚХММИ” Миллий тадқиқот университети 

“Гуманитар фанлар” кафедраси таянч докторанти. Тошкент ш, Ўзбекистон

 

Фойдаланилган адабиётлар:


 

[1] Хайруллаев М. Уйғониш даври ва Шарқ мутафаккирлари. – Тошкент: Ўзбекистон, 1971. – Б. 165.

[2] Хоразмий бу ерда юнонлар, сурияликлар, форслар, ҳиндлар ва бошқа халқларни назарда тутган.

[3] Аҳмедова М.А. (умумий муҳаррирлиги остида) Фалсафа. – Тошкент: Ўзбекистон файласуфлари миллий жамияти, 2006. – Б. 64.

[4] Бахадиров Р.М. Из истории классификации наук на средневековом мусульманском Востоке. –Ташкент: Академия, 2000. – С. 74-83.

[5] Çubukçu İbrahim Agah, İslam müelliflerine göre ilimlerin taksimi ve bunlar arasında Gazzalinin yerı, İlmi dergisi, İstanbül. – S. 124.

[6] Хайруллаев М. Уйғониш даври ва Шарқ мутафаккирлари. –Тошкент: “Ўзбекистон”, 1971. – б. 187.

[7] Илм-и фуру – фиқҳ ва ахлоқ каби илмлар бу иккинчи қисмга оиддир.

[8] Çubukçu İbrahim Agah, İslam müelliflerine göre ilimlerin taksimi ve bunlar arasında Gazzalinin yerı, İlmi dergisi, İstanbül. – s. 126.

[9] Абу Ҳомид ал-Ғаззолий. Ар-рисола ал-ладуний. Миср. 1328/1910. – s. 21.

[10] Хайруллаев М. Уйғониш даври ва Шарқ мутафаккирлари. –Тошкент: “Ўзбекистон”, 1971. – б. 175.

145 Дала ёзувлари. Туман ўзбек-туркман ва тожикларига хос гилам тўқиш анъаналари ҳақида Фориш тумани Ўхум ҚФЙ 14 мактаб тарих фани ўқитувчиси Баратов Охундан ёзиб олинди. 2020 йил.

146 Давлатова С.Т. Ҳунармандчилик ривожида меҳнат тақсимотининг ўрни:  назарий жиҳатлари ва ривожланиш йўллари // “Тарихий манбашунослик, тарихнавислик, тарих тадқиқотлари методлари ва методологиясининг долзарб масалалари”.  Республика илмий-назарий конференцияси материаллари. 12-китоб. – Тошкент, 2020. – Б. 24.

Izoh qoldirish