АНВАРШОҲ КАШМИРИЙ (Р.Ҳ.) ПАЙҒАМБАРИМИЗ АЛАЙҲИССАЛОМ ЗИЁРАТЛАРИ ҲАҚИДА ЁЗГАНЛАРИ
Ҳиндистоннинг таниқли олими Анваршоҳ ал-Кашмирий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Саҳиҳ ал-Бухорий”га ёзган шарҳи “Файз ал-Борий”да ваҳҳобийларга қарши ўлароқ Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари зиёратига узоқ-узоқлардан махсус ният қилиб боришнинг жоизлигини айтганлар:
“Ҳофиз Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ Шомда ушбу ҳадис сабабли икки марта фитнага йўлиққан. Ҳадис мана бу: “Кўч боғлаб чиқиш фақат учта масжидга жоиз бўлади: масжиди ҳаром, масжиди набий ва масжиди ақсо”дир. Бир марта у ўз шогирди Ибн ал-Қаййим раҳимаҳуллоҳ билан бирга ҳибс қилинган. Кейинги сафар битта ўзи то вафот қилгунча маҳбус бўлган. Унинг фикрича, ушбу ҳадис мазмунига кўра Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари зиёрати ниятида Мадинага сафар қилиш жоиз бўлмайди. Тўғри, унинг фикрича ҳам Масжиди набавий зиёратини ният қилиб йўлга чиқиш мустаҳаб бўлади. У қурбатларнинг энг каттасидир. Сўнг Мадинага етганидан сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари зиёрати ҳам мустаҳаб бўлади. Чунки, бу вақтда у шаҳар атрофида бўлади. Бу ҳолатда унинг фикрига кўра ҳам қабрлар зиёрати мустаҳабдир. Ушбу масала бўйича у билан Сирожиддин ал-Ҳиндий ал-Ҳанафий раҳимаҳуллоҳ мунозара қилганди. Унинг тақрир ва ҳужжат келтиришлари гўзал бўлган. У зот мунозарага киришар эканлар, Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ унинг гапини бўлиб қўйган. (Ибн Таймияга ихлос қўйган ҳозирги издошлари ҳам худди шундайдир). Шунда Сирожиддин ал-Ҳиндий ал-Ҳанафий раҳимаҳуллоҳ унга: “Эй, Ибн Таймия! Сен чумчуқдан бошқа нарса эмас экансанку?!”, деганлар.
Шайх Камолиддин ибн ал-Ҳумом раҳимаҳуллоҳ: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларининг зиёрати мустаҳаб, балки вожибга яқиндир!”, деганлар. У зот “вожига яқин” деган гапларини ушбу низога назар қилиб айтган бўлсалар керак. Ҳақиқат ҳам менимча шудир! Чунки, ўтган минг-минг (миллионлаб) уламо ва оддий мусулмонлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг зиёратларига кўч боғлаб йўлга чиққанлар ва уни қурбатларнинг энг каттаси деб билганлар. Уларни равзаи муборакани қўйиб фақат масжиди набавий зиёратини ният қилган, дейиш ботил (пуч) гапдир. Балки улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари зиёратини қатъий ният қилганлар.
Менимча жавобларнинг энг яхшиси юқоридаги ҳадис қабрлар масаласи борасида келган эмас. Чунки, Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳнинг “Муснад”ларида ушбу ҳадис матни: “Намоз ўқиш учун фақат учта масжидга кўч боғлаб сафар уюштирилмайди”, деб келтирилган. Демак, сафарга чиқиш фақатгина масжидларга чеклангандир. Унинг қабрлар зиёратига мутлақо алоқаси йўқ. Масжидлар ҳақидаги ҳадисни мақбаралар борасига тортиш тўғри эмас, албатта. Шофиъий мазҳабли бир олим Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳни кўч боғлаб сафарга чиқишдан қайтарган, кўч боғламасдан борса, уни жоиз деган, деб айтди. Аслида, у кўч боғлаб сафарга чиқса ҳам, боғламасдан чиқса ҳам – мутлақо сафардан қайтарган”. (У қанчалар нотўғри ҳукм қилган!).
(Анваршоҳ Кашмирий. Файз ал-Борий ъала Саҳиҳ ал-Бухорий. 2-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2005. – Б. 588-589).
Ҳамидуллоҳ Беруний – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Izoh qoldirish