МАВЛИДДА ТИК ТУРИШ ХОСИЯТИ
Саййид Алавий ал-Моликий раҳимаҳуллоҳ ҳикоя қилишича, ушбу воқеани унинг оталари Саййид Аббос ал-Моликий раҳимаҳуллоҳ хабар берган эканлар. У Байтулмуққаддасда бир мавлиди набавий маросимида иштирок қилган эканлар. Унда “Мавлид ал-Барзанжий” ўқилган. Сочлари оқарган бир қари кимса мавлиднинг бошидан охиригача ниҳоятда одоб-икром билан турганлиги унинг эътиборини тортибди. Анча ёши улуғ бўлишига қарамасдан, фақатгина маҳалли қиём (мавлиднинг тик туриб солату саломлар айтиладиган жойи)да эмас, балки унинг қийналиб бўлса-да, бутун мавлид давомида тик турганлигининг сабабини сўрабди. У бундай дебди:
Ўша кимса ёшлигида мавлиди набавий маросимларида турмас экан. Уни бидъати саййиъа (ёмон бидъат) деб эътиқод қиларкан. У бир куни туш кўрибди. Тушида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг истиқболларига мунтазир турган бир жамоанинг орасида ўзини кўрибди. Ул Зоти шариф ўн тўрт кунлик Ой каби бўлиб улар олдига чиқиб келибдилар. Одамлар ул Зоти бобаракотнинг истиқболларига дарҳол ўринларидан туриб, кутиб олибдилар. Шунда, ҳалиги йигит ўрнидан тура олмай қолибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сен тура олмайсан-да!”, деб ўтиб кетибдилар.
Ўша кимса уйғониб кетибди, лекин оёқлари ишламайдиган шол ҳолда экан. Бу ҳолатда бир йилни аранг ўтказибди. У ўзига-ўзи қасд қилиб, назр қилибди. Агар Аллоҳ таоло бу касаллигидан шифо берса, мавлид китоблари ўқилишининг бошидан то охиригача тик турадиган бўлибди. Шунда, Аллоҳ таоло унга шифо берибди.
Ана шу назрига вафо қилиб, у мавлидда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга таъзим қилиб, бошдан-охиригача тик турадиган бўлган экан.
Ҳамидуллоҳ Беруний – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Izoh qoldirish