ИМОМ БУХОРИЙНИНГ “АТ-ТАРИХ АЛ-КАБИР” АСАРИДА РОВИЙЛАР ТАЪДИЛИГА ОИД МЕТОД (САБОТЛИ РОВИЙЛАР МИСОЛИДА)
“Aт-тарих ал-кабир” Имом Бухорийнинг ўзида ҳадис илмларининг аксариятини қамраб олган ҳамда узоқ йиллик меҳнат натижаси сифатида дунёга келган муҳим асари ҳисобланади. Ушбу асарда ровийлар тўғрисидаги қисқача биографик маълумотлар билан биргаликда, уларнинг “жарҳ ва таъдил” (ровийларнинг айб-нуқсон ҳамда шахсий ижобий сифатлари) илми уламолари наздидаги даражалари ҳақидаги қайдлар ҳам берилган.
“Сабт” (собит, саботли, қатъий) атамаси ровийнинг таъдилига, яъни уларнинг хотираси мадҳига тааллуқли иборалардан ҳисобланиб, ушбу атама билан таъдил қилинган ровийларнинг ривоятлари саҳиҳ ҳадис даражасига кўтарилиши мумкин.
Мақолада “Aт-тарих ал-кабир” да мазкур атаманинг ишлатилиш ўринлари ва Имом Бухорий наздидаги даражаси ҳамда муаллиф қарашларининг бошқа муҳаддислар томонидан қабул қилиниши таҳлилий ўрганилади. Шу билан бирга, асарда ушбу атама билан мадҳ этилган ровийларнинг ривоятлари Имом Бухорий ҳамда бошқа машҳур муҳаддисларнинг тўпламларида келтирилганлиги масаласи ҳам ўрганилади. Ушбу икки жиҳат Имом Бухорийнинг ўзига хос методини билиш, шунингдек унинг бошқа муҳаддислар томонидан эътироф этилишини аниқлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
“Сабт” (собит, саботли, қатъий) атамаси асарда “сабт” шаклида 3 нафар, “асбату мин” (дан кўра сабтлироқ) шаклида 3 нафар, “асбату” шаклида эса 4 нафар ровийга, жами 10 нафар ровийларга нисбатан ишлатилган.
“Сабт” сўзи араб тилида кишининг қалби, тили ва сўзи бирлигига нисбатан ишлатилади. Ушбу иборага берилган таърифлар орасида муҳаддис Саховийнинг таърифи энг мукаммали ҳисобланиб, у “Фатҳ ал-муғис” да “сабт” ни қалб, тил, китоба (ёзув) ва ҳужжатнинг ўзаро мувофиқлигига нисбатан ишлатилишини, “сабат” сўзи эса, ровийнинг ривоят эшитаётганда у билан бирга бўлган кишилар исмларини ҳам айтиб, ўзининг тўғри айтаётганини далиллашини билдиришини таъкидлайди[1]. Ушбу атама Ибн Абу Ҳотим, Ибн Салоҳ ҳамда Имом Нававий наздида “таъдил” нинг 1-даражаси ҳисобланса, Заҳабий ва Ироқийлар уни иккинчи даражага қўйишади. Ибн Ҳажар ва Суютийлар “сабт” ни учинчи, Саховий ва Синдийлар эса тўртинчи даражадаги “таъдил” иборалари қаторига қўйишган[2].
“Ат-тарих ал-кабир” да 10 нафар “сабт” атамаси билан таърифланган бўлиб[3], улардан 1 нафари тўғрисида муаллифнинг ўзи “сабт” ҳукмини берган бўлиб, қолган 9 нафар ровийларнинг 6 нафари тўғрисида Яҳё ибн Саид Қаттоннинг, 2 нафари тўғрисида Абдураҳмон ибн Маҳдийнинг, 1 нафари тўғрисида эса Суфённинг қарашларини қўллаб қувватлаган. Муҳаммад ибн Муалло тўғрисида муаллифнинг ўз ҳукмини берганига сабаб у билан учрашиб, ундан тўғридан-тўғри ривоят қабул қилганлигидир. Қолган ўринларда эса, асосан Яҳё Қаттоннинг қарашларига суянган.
“Ат-тарих ал-кабир” да Муҳаммад ибн Муалло ибн Абдулкарим тўғрисида “сабт” ибораси ишлатилиб, унинг Муҳаммад ибн Исҳоқдан қилган ривояти ҳам келтирилган. Ибн Абу Ҳотим ҳам Муҳаммад ибн Муалло тўғрисида тўхталиб, Абу Ҳотим Розий у ҳақда “садуқ”, “ла баъса биҳи”, - деган бўлса, Абу Зуръа Розий “садуқ фил-ҳадис” ҳукмини берганини ривоят қилади[4]. Ибн Ҳиббон эса, Муҳаммад ибн Муаллони “сиқа” ровийлар қаторида зикр этган[5]. Маълум бўладики, ушбу ровий тўғрисида аксар муҳаддислар “таъдил” ҳукмларини беришган. Ҳадис тўпламларида унинг бир нечта ривоятлари келтирилган бўлса-да, “Ат-тарих ал-кабир” да келтирилган ҳадис[6] бошқа тўпламларда аниқланмади. Бунинг сабаби Имом Бухорий қайд этганидек, исноддаги Муҳаммад ибн Исҳоқ Муҳаммад ибн Мункадирдан ҳадис эшитмагани тўғрисида баъзи муҳаддисларнинг қарашлари бўлиши мумкин. Имом Термизий Муҳаммаднинг Зиёд ибн Хафсамадан, унинг Абу Довуддан, унинг Абдуллоҳ ибн Сахбарадан, унинг Сахбарадан, унинг Набий (с.а.в.) дан илм ўрганишнинг фазилати тўғрисидаги ҳадисини келтириб, унинг исноди заиф эканини таъкидлайди. Имом Термизийга кўра, исноддаги Абу Довуд ҳадисда заиф ҳисобланади[7]. Ушбу ривоят Абу Довуд ҳамда Доримийлар томонидан ҳам “Сунан” ларга киритилганини кўриш мумкин[8].
Асарда Ашъас ибн Саввор Киндий ҳақда Абдураҳмон ибн Маҳдийнинг “Ашъас асбату мин Мужолид” (“Ашъас Мужолиддан кўра сабтлироқ”) дегани келтирилган. Бундан келиб чиқиб, Ашъаснинг ўзи заиф ровий бўлишига қарамасдан, Мужолид исмли ровийдан кўра “сабтли” ҳисобланган, дейиш мумкин. Ушбу ровий тўғрисида муҳаддислар томонидан бир-бирига зид бўлган ҳукмлар мавжуд бўлиб, уларнинг биринчисида – Ашъас “заиф” ровий деб баҳоланган бўлса, иккинчисида – унинг ривоятлари қабул қилиниши таъкидланади. Жумладан, Ибн Ҳиббоннинг уни “ал-Мажруҳин” га киритиб, у ҳақда “фаҳиш ал-хато” ва “касир ал-ваҳм” деган “жарҳ” атамаларини ишлатган. Шунингдек, Яҳё ибн Маин ва Абдураҳмонлар ундан ҳадис ривоят қилишмагани ҳамда Яҳё ибн Маиннинг у ҳақда “заиф ал-ҳадис” ҳукмини бергани тўғрисидаги ривоятлар ҳам мавжуд бўлиб, бу Ашъас тўғрисида юқорида келтирилган биринчи гуруҳ муҳаддислар қарашларини қувватлайди[9]. Аммо Ибн Адийнинг Ашъас тўғрисида Яҳё ибн Маиндан келтирилган иккита ривояти ҳам мавжуд бўлиб, уларнинг бирида Ашъас “заиф” деб баҳоланган бўлса, бошқасида “сиқа” деб мадҳ этилган[10]. Абу Жаъфар Таҳовий “Шарҳ Мушкил ал-осор” да Ашъаснинг ривоятини келтириб, уни шарҳлаш баробарида, ушбу ҳадисни Ашъас сабабли инкор қилувчи кишиларга қарата “Албатта, Ашъас “матрук ал-ҳадис” эмас. Ўз замонида муҳаддислар у ҳақда ихтилоф қилишмаган. Ҳаттоки, ундан Шуъба ва Саврийлар ривоят қилишган. Улардан Абу Исҳоқ Сабиъий каби юқори табақадаги ровийлар ҳадис ривоят қилишган”ини айтади. Шу билан бирга, “Ат-тарих ал-кабир” да келтирилган ҳукмни ҳам келтириб, ушбу ҳукм ровийнинг катта рутба соҳиби эканига далолат қилишини таъкидлайди[11]. Имом Бухорий, Муслимлар Ашъаснинг ривоятларини ўз тўпламларида келтиришмаган бўлсада, Термизий, Ибн Можалар [12] уларга “ҳасан”, “саҳиҳ” баҳоларини беришган. Насоий эса, унинг 2 та ривоятини келтириб, улардан бирини шарҳлаб “Ашъас ибн Саввор заифдир” деган[13]. Имом Бухорий ва Имом Муслимларнинг “Саҳиҳ” ларида Ашъаснинг ривояти келтирилмагани сабаби у ҳақда мавжуд бўлган баъзи “жарҳ” лар бўлиши мумкин. Шундай бўлсада, Имом Термизий ва Ибн Можжаларнинг унинг ривоятларига “ҳасан”, “саҳиҳ” баҳоларини беришгани, “асбату мин” ибораси ровийнинг ривоятлари қабул қилиниши учун етарли асос бўлиши мумкинлигини англатади.
Имом Бухорий Мисъар ибн Кидом ибн Заҳир ҳакда тўхталиб, Яҳё Қаттоннинг “Мисъарга ўхшаганини кўрмадим. У кишилар орасида энг сабтлиларидан эди” деганини келтириб ўтган[14]. Ибн Ҳиббон эса, уни ишончли ровийлардан ҳисоблаб, “ас-Сиқот” да зикр қилади[15]. Муҳаддислар орасида Миззий Мисъар тўғрисида батафсил тўхталиб, Муҳаммад ибн Бишрдан унинг мингта ёки ундан камроқ ривояти борлиги, аммо улардан 10 тасинигина ёзиб олганини ривоят қилади. Шунингдек, Яҳё ибн Маин ва Аҳмад ибн Ҳанбалларнинг у ҳақда “сиқа” ҳукмини беришгани, Суфён ибн Уяйна эса, “ростгўйлик маъданларидан” деб айтгани ҳам зикр этган. Миззийнинг ривоят қилишича, Саврий ва бошқалар бирор масалада ихтилоф қилишса, Мисъардан ёрдам сўрашар эди. Шуъба эса, уни “Мусҳаф” га қиёслар эди[16]. “Жарҳ ва таъдил” га оид бошқа манбаларда Али ибн Мадинийнинг у ҳақда “сиқа”, “саҳиҳ ал-ҳадис”, “мутасаббит” баҳоларини бергани зикр қилинади[17]. Маълум бўладики, аксарият муҳаддислар Мисъар тўғрисида “таъдил” атамаларини ишлатишган. Ҳадис тўпламларида унинг бир нечта ривоятлари келтирилган. Имом Бухорий Мисъардан ҳадис ривоят қилмаган бўлса-да, Имом Муслим “ас-Саҳиҳ” да унинг бир нечта ривоятларини келтириб ўтган. Жумладан, “Шафоат” тўғрисидаги ҳадиснинг ривоят занжирларидан бирида унинг Қатодадан ривоят қилганини кўриш мумкин[18].
Юқоридагилардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, Имом Бухорий “сабт” атамасини ҳадиси қабул қилиниб, ишончли тўпламларга киритилиши мумкин бўлган ровийларга нисбатан ишлатган.
Баъзи ровийларга нисбатан бир ёки бир нечта муҳаддислар томонидан билдирилган “жарҳ” ҳукмлари мавжуд бўлганда, уларнинг ривоятлари “Саҳиҳайн”га киритилмаган.
“Асбату мин” шаклида ишлатилганда ровийнинг “сабт” соҳиби ва ишончли кишилардан эканини англатмасдан, ровийнинг бошқа ровийга нисбатан афзал эканини кўрсатади.
НЎЪМОНЖОН ТЎРАЕВ,
ЎзХИА, Исломшунослик ва ислом цивилизatsiясини
ўрганиш ICESCO кафедраси доценти в.б.
[1] Қаранг: Саховий, Муҳаммад ибн Абдурраҳмон. Фатҳ ал-муғис бишарҳ алфия ал-ҳадис лил-Ироқий. Миср: Мактаба ас-сунна, 2003. – Ж. 2. – Б. 115.
[2] Қаранг: Саййид Абдулмажид ал-Ғаврий. Мавсуъа улум ал-ҳадис ва фунунуҳ. - Дамашқ: Дoр Ибн Касир, 2007. – Ж. 1. – Б. 575-576.
[3] Бухорий, Муҳаммад ибн Исмоил. Ат-Тарих ал-кабир. Ҳайдаробод: Доира ал-маориф ал-усмонийя, нашр йили кўрсатилмаган. – Ж. 1. – Б. 244; – Ж. 3. – Б. 148; – Ж. 6. – Б. 213; – Ж. 1. – Б. 430, 431; – Ж. 4. – Б. 135; – Ж. 4. – Б. 74; – Ж. 7. – Б. 183, 346; – Ж. 8. – Б. 13.
[4] Қаранг: Ибн Абу Ҳотим, Абдураҳмон ибн Муҳаммад ибн Идрис ибн Мунзир Тамимий Ҳанзалий Розий. Ал-Жарҳ ва ат-таъдил. Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмийя, 1953. – Ж. 8. – Б. 101-102.
[5] Қаранг: Ибн Ҳиббон, Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Аҳмад Бустий. Ас-Сиқот. Ҳайдаробод: Доиратул-маориф ал-Усмонийя, 1973. – Ж. 9. – Б. 43.
[6] Қаранг: Бухорий, Муҳаммад ибн Исмоил. Ат-Тарих ал-кабир. – Ж. 1. – Б. 244.
[7] Термизий, Абу Исо Муҳаммад ибн Исо. Сунан. Миср: Мустафо Бобий Ҳалабий, 1975. – Ж. 5. – Б. 29.
[8] Абу Довуд, Сулаймон ибн Ашъас Ибн Исҳоқ Аздий Сижистоний. Сунан Абу Довуд. Дор ар-рисола ал-оламийя, 2009. – Ж. 1. – Б. 463. Доримий, Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ибн Фазл Доримий Тамимий Самарқандий. Муснад ал-Имом ад-Доримий. Нашр жойи кўрсатилмаган. 2015. – Ж. 1. – Б. 214.
[9] Ибн Ҳиббон, Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Аҳмад Бустий. Китоб ал-мажруҳин мин ал-муҳаддисин ва аз-зуафо ва ал-матрукин. Байрут: Дор ал-маърифа, 1992. – Ж. 1. – Б. 171.
[10] Ибн Адий, Абу Аҳмад Абдуллоҳ ибн Абдуллоҳ Журжоний. Ал-Комил фий зуафо ар-рижол. Байрут: Дор ал-фикр, 1984. – Ж. 2. – Б. 40.
[11] Қаранг: Абу Жаъфар Таҳовий. Шарҳ Мушкил ал-осор. Байрут: Муассасатур-рисола, 1494. – Ж. 6. – Б. 155.
[12] Қаранг: Термизий, Абу Исо Муҳаммад ибн Исо. Сунан. Миср: Мустафо Бобий Ҳалабий, 1975. – Ж. 3. – Б. 257, 341, - Ж. 4. – Б. 701, - Ж. 5. – Б. 212. Ибн Можжа, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Язид Қазвиний. Сунани Ибн Можжа. Ҳалаб: Дор иҳё ал-кутуб ал-ъарабийя, нашр йили кўрсатилмаган. – Ж. 1. – Б. 96.
[13] Насоий, Аҳмад ибн Шуайб ибн Али Хуросоний Насоий. Ас-Сунан ас-суғро. Ҳалаб: Мактаба ал-матбуот ал-исломийя, 1986. – Ж. 8. – Б. 69, 89.
[14] 8/13.
[15] Қаранг: Ибн Ҳиббон, Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Аҳмад Бустий. Китоб ал-мажруҳин мин ал-муҳаддисин ва аз-зуафо ва ал-матрукин. Байрут: Дор ал-маърифа, 1992. – Ж. 7. – Б. 507.
[16] Миззий, Юсуф ибн Абдураҳмон ибн Юсуф. Таҳзиб ал-камол фий асмоир-рижол. Байрут: Муассаса ар-рисола, 1980. – Ж. 27. – Б. 461-467.
[17] Қаранг: Саййид Абу Муотий Нурий ва бошқ. Ал-Жомеъ фий ал-жарҳ ва ат-таъдил (ли ақвол ал-Бухорий ва Муслим ва ал-Ижлий ва Аби Зуръа ар-Розий ва Аби Довуд ва Яъқуб ал-Фасавий ва Аби Ҳотим ар-Розий ва ат-Тирмизий ва Аби Зуръа ад-Димашқий ва ан-Насоий ва ал-Баззор ва ад-Дорақутний). Байрут: Олам ал-кутуб, 1992. – Ж. 3. – Б. 120-124.
[18] Қаранг: Муслим Ибн Ҳажжож Абулҳасан Қушайрий Найсобурий. Саҳиҳ. Байрут: Дор ат-турос ал-арабий. – Ж. 1. – Б. 190, 207, 220, 245, 258 ва бошқа ўринларда.
Izoh qoldirish