28.11.2024

САМАРҚАНД ВА БУХОРОДА ФИҚҲ МАКТАБЛАРИГА АСОС СОЛИНИШИ ВА РИВОЖЛАНИШИ

Резюме

IХ–XII асрларда Самарқанд ва Бухорода маҳаллий фиқҳ мактаби шаклланди. Бухорода Аҳмад ибн Ҳафс Абу Ҳафс ал-Бухорий (в. 832 й.) нинг хизмати катта бўлди. У ўзидан кўпгина шогирдлар қолдирди ҳамда асарлар ёзди. Мовароуннаҳрда ҳанафий мазҳабининг тарқалишида катта хизмати қилди. Самарқандда Дорул Жузжония ва Дорул Иёдия мактаблари фаолият кўрсатиб, ҳанафия мазҳабида фаолият кўрсатган муҳим илмий марказларга айланди. Иккинчидан, Самарқандда қозилик мансабларига ҳанафий уламолари тайинланди. Ўшбу омиллар сабабли IХ–XII асрларда Мовароуннаҳрда фиқҳнинг Ҳанафия мазҳабига асосланган йўналиши устувор бўлди.

Resume

In the 9th-12th centuries, a local school of jurisprudence was formed in Samarkand and Bukhara. Ahmad ibn Hafs Abu Hafs al-Bukhari (d. 832) performed great service in Bukhara. He left behind many students and wrote works. He rendered great service to the spread of the Hanafi sect in Movarunnahr. Darul Juzhoniya and Darul Iyodia schools operated in Samarkand, which became important scientific centers operating in the Hanafi sect. Secondly, Hanafi scholars were appointed to the positions of judges in Samarkand. Thanks to these factors, in the 9th-12th centuries, the direction of jurisprudence based on the Hanafi school became a priority in Movarunnahr.

Резюме

В IX-XII веках в Самарканде и Бухаре сформировалась местная школа правоведения. Ахмад ибн Хафс Абу Хафс аль-Бухари (ум. 832) совершил большое служение в Бухаре. Он оставил после себя множество учеников и написал произведения. Он оказал большую услугу распространению ханафитской секты в Моваруннахре. В Самарканде действовали школы Дарул Джужония и Дарул Иёдия, которые стали важными научными центрами, действовавшими в секте Ханафии. Во-вторых, на должности судей в Самарканде были назначены ханафитские учёные. Благодаря этим факторам в IX-XII веках приоритетным в Моваруннахре стало направление юриспруденции, основанное на ханафитской школе.

 

Калит сўзлар: Мовароуннаҳр, Самарқанд, Бухоро, фиқҳ, Абу Ҳафс Кабир, Мотурудий, Дорул Жузжония, Дорул Иёдия, қози, фақиҳ.

Keywords: Mavarunnahr, Samarkand, Bukhara, jurisprudence, Abu Hafs Kabir, Maturudi, Darul Juzhjoniya, Darul Iodia, judge, jurist.

Ключевые слова: Маваруннахр, Самарканд, Бухара, юриспруденция, Абу Хафс Кабир, Матуруди, Дарул Джузджония, Дарул Иодия, судья, правовед.

 

Фиқҳнинг шариат истилоҳидаги маъноси Қуръони Карим ва ҳадиси шарифлар асосида шаръий ҳукумларни чиқаришдир, яъни Ислом ҳуқуқи демакдир. Одатда фиқҳ “фуруъ ал- фиқҳ” шариатнинг конкрит тор доирадаги соҳаларга тадбиқ қилиш ва “усул ал-фиқҳ” Қуръони Карим ва ҳадиси шарифлардан олинадиган ҳукмларни илмий ишлаб чиқишдир[1].

Расулуллоҳ (с.а.в.) вафотидан сўнг Ислом дини дунё бўйлаб кенг тарқалиб, араб бўлмаган бошқа халқлар Ислом динини қабул қила бошладилар. Натижада, саҳобалр Расулуллоҳ (с.а.в.) даврларида учрамаган, Қуръони Карим ва пайғамбар суннатларида ҳукми келмаган масалаларга дуч кела бошладилар. Шунда улар бу масалаларни Расулуллоҳ (с.а.в.) ўргатганларидек ўз ижтиҳодлари билан ҳал қилардилар. Ёки бўлмаса Қуръони Карим ва суннатни яхши билган саҳобалар билан ўз ижтиҳодларида маслаҳатлашиб, ижмо йули билан ҳукм чиқара бошладилар[2].

Саҳобалар даврида ҳам фиқҳ илми кенг тарқалиб, улар орасида кўплаб талабалари мавжуд бўлган фақиҳлар бўлган эди. Уларнинг шогирдлари – тобеъинлар илм, хусусан, фиқҳ илмида катта хизмат қилдилар. Бирор муаммони ҳал этишда оғзаки фатво бериш билан бирга ёзма усулда ҳам қолдирдилар[3]. Жумладан, Урва ибн Зубайр (в. 712 й.), Аш-Шаъбий (в. 721 й.), унинг “Садоқот вал-фароиз” “Садақалар ва фарзлар” асари маълум[4]. Ўз даврида машҳур фақиҳларидан саналган Абу Зийдон аз-Зуҳрий (в. 748 й.) ҳақида манбаларда: “Биз ҳалол ва ҳаром ҳақида ёздик, фақат аз-Зуҳрий ҳамма эшитганларини ёзди” яъни оғзаки ҳолдаги илмни ёзма ҳолатда сақлаб қолди деб келтирилади[5].

Тобеъинлар даври фиқҳ мактабларининг таълим йўналишлари бевосита ўша ўлка маданияти, урф-одатларига боғлиқ бўлгани учун бир-биридан фақ қиларди. Шунингдек, ибодат ва муомила масаларидаги ижтиҳодлар ҳар турли эди. Бу нарса маълум ўлкаларда турли мазҳабларннинг пайдо бўлишига, шунингдек, бу даврда улуғ мужтаҳидлар етишиб чиқишига сабаб бўлди[6].

Тобеъинлар ва таба тобеъинлар даврида бошқа халқларнинг маданияти, урф-одатлари аралашуви натижасида мусулмонлар кўплаб ҳодисалар, мушкилотлар, ақлий ва назарий баҳсларга дуч келдилар. Бу нарса мужтаҳидларни кенг доирада ижтиҳод қилишга, кўпгина нарсаларни шариат нуқтаи назаридан ҳал қилишга ундади. Бу эса баҳс ва мунозараларнинг кўп қирраларини очиб берди. Фиқҳий ҳукмларни ёйиш майдони кенгайди. Фиқҳий ҳукмларнинг мажмуалари Аллоҳ ва унинг расулининг ҳукмлари, саҳобалар, мужтаҳидларнинг фатво ва ҳукмларидан эборат эди[7].

Бу вақтга келиб, Абу Ҳанифа, Молик ибн Анас, Муҳаммад ибн Идрис аш-Шофиъий, Аҳмад ибн Ҳанбал каби буюк фақиҳлар етишиб чиқиб, фиқҳда ўз фикр ва йўналишларига эга бўлдилар. Уларнинг даврида Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳадисларини тўплаш билан бирга фиқҳий ҳукмларни ҳам тўплаш бошланди. Бу мажмуалар олдингилардан фарқли улароқ илмий тус олди[8]. Ҳар бир масала ўз далили, иллати ва келиб чиқиш ўзаги усули билан бирга келтирилар, бундай кишилар фақихлар ва уларни илмини эса фиқҳ илми деб аталарди[9].

Мовароуннаҳрда фиқҳнинг Ҳанафия мазҳабига асосланган йўналиши устувор эди. Бунинг сабаби, IХ асрда бу ерда маҳаллий фиқҳ мактаби шаклланишида мазҳаб асосчисининг шогирди Имом Муҳаммад аш-Шайбонийнинг шогирди Аҳмад ибн Ҳафс Абу Ҳафс ал-Бухорий (в. 832 й.) нинг хизмати биқиёсдир[10]. Академик В.В.Бартолд у кишининг қабри устида “Мовароуннах уломолар устози” деган ёзув бўлганини ёзади. Иккинчидан бу мазҳабнинг мезон ва тамоиллари маҳаллий шарт шароитларга кўпроқ мос келарди. Бундан ташқари маҳалий фиқҳ мактабининг шакилланишига Балхда мавжуд йирик ҳанафийлик марказининг ҳам таъсири катта бўлди[11].

Абу Ҳафс Кабир Аҳмад ибн Ҳафс Бухорий хижрий 150 ( милодий 767) йилда Бухоро шаҳрининг Фағсодара маҳалласида туғилиб, хижрий 216 (мил. 832) йилда ўша ерда вафот этади. Аҳмад ибн Ҳафс илм излаб Бағдодга боради. У ерда Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний билан учрашади ва ундан дарс ола бошлайди. Ҳанафий мазҳаби фикхини ўрганиб, бошка диний илмларда ҳам камолга етганидан кейин Бухорога қайтиб келади. Бухоро шу киши туфайли “Куббат-ул Ислом” (“Ислом дини гумбази”) деб аталган. Самъонийнинг айтишича, Абу Ҳафс Кабир кўплаб фақиҳларни тарбиялаб етиштирган. Абу Ҳафс Кабир ҳанафий мазҳабининг Мовароуннаҳрда тарқалишида хизмати катта бўлган.

Олим фиқҳнинг турли масалаларига доир кўплаб асарлар ёзган. Булардан “Фатавои Абу Ҳафс Кабир”, “Китаб ул-имон” айникса машҳур бўлган. Абдулкарим Самъонийнинг айтишича, Абу Амр Аҳмад ибн Абу Бакр ал-Хузоий ал-Мохий: “Мен Абу Ҳафс Кабирнинг “Китаб ул-имон” китобларидан таълим олганман[12], деган. Абу Ҳафс Кабирнинг фикҳга доир турли масалалар ёритилган “Ал-Аҳвоъ вал ихтилоф” (“Ҳавоий гаплар ва келишмовчиликлар”), “Ар-Радду алал лафзия” (“Юзаки қаровчиларга раддия”) каби асарлари ҳам бор.

Ривоят қилишларича, Имом Абу Ҳафс Кабир Бухорода ҳанафий мазҳаби асосида таълим бериладиган илк мадрасани қурдирган. Бу мадраса ҳозирги “Пойи Калон” мавзеида бўлган.

Абу Ҳафс Кабирнинг илмда забардаст ўнлаб шогирди бўлган. Улардан Абу Жаъфар Ризвон ибн Салим Бадакорий Бухоронинг Бадакор қишлоғидан эди. Яна шогирдларидан Абул Ҳасан Муқотил ибн Саид Байдарий, Абу Солиҳ Тоййиб ибн Муқотил, Муҳаммад ибн Ҳотам, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ, Абу Заҳҳок Фазл ибн Ҳассон, Абу Усмон Саид ибн Сулаймон Шарғий, бу кишининг отаси Абу Саид Сулаймон ибн Довуд Шарғий ҳам Абу Ҳафс Кабирдан таълим олган.

Бу фиқх мактабининг вужудга келиши Сомонийлар ҳукмронлиги даври (819 – 1005 йй.) га тўғри келади. Чунки бу даврда Балх билан Мовароуннах ўртасида мустаҳкам маданий алоқалар ривожланган эди. Шу сабабли ҳам маҳаллий фикҳ мактаби шаклланган дастлабки даврларда Балх, Боғдод ва бошка ҳанафия мазҳаби марказларининг таъсири сезилиб турарди[13].

Қорахонийлар даврида ҳам Бухоро ва Самарқандда қатор йирик фақиҳлар яшаб ижод этганлар. Улар маҳаллий урф-одатлар ва ҳуқуқий мезонлар ичидан ҳанафия мазҳаби талабларига мувофиқ келадиганини ажратиб, уларни ёзма фатволарда акс эттирганлар. Улар сарасига Шамс ул- Аимма Ҳалвоний, Шамс ул-Аимма ас-Сарахсий (в. 1097 й.), Фахрул Ислом ал- Баздавий (1010-1090 йй.), Ифтихор ад-дин ал-Бухорий (в.1174 й.), Фахриддин Қозихон (в. 1196 й.), Бурҳониддин Марғиноний кабиларни киритиш мумкин. Энг эътиборлиси, улар каби Мовароуннахрда фатво чикаришга салоҳиятли фақиҳлар кўпчиликни ташкил этган. Бу борада Ҳисом ад-дин Умар ибн Абдул Азиз ал-Бухорий (в.1141 й.), Бурҳон ад-дин Бухорий, Абу Ҳафс ан-Насафий (в.1142 й.), Абдуллоҳ ибн Мухаммад ибн Ёкуб ас-Сабзамуний, Исхок ибн Муҳаммад ас-Самаркандий, Абул Ҳасан Али ибн Саид ар- Рустағфурий, Абдул Азиз ибн Абдур Раззақ ал-Марғиноний, Захир ад-дин Марғиноний ва бошқалар номини келтириш мумкин.

Балхлик ва Самарқандлик ҳанафия алломаларининг мустаҳкам алоқалари натижасида Самарқанд ҳанафия мактабининг ақоидга оид таълимоти юзага келди[14].

Бағдодга бориб Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Муҳаммад аш-Шайбонийдан таълим олган Хуросонлик ва Мавароуннаҳрлик фақиҳлар устозларининг таълимотини Балх ва Райдан ташқари, Самарқанд ва Бухоро каби шаҳарларда ҳам тарқатишга ҳаракат қилдилар. Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан таълим олган ва у зотнинг мазҳабини Самарқандда ёйган уламолар Абу Муқотил Ҳафс ибн Салим Фаззорий, Наср ибн Абу Абдулмалик Атакий, Шарик ибн Абу Муқотил (ваф. 150/767 йилдан сўнг), Маъруф ибн Абу Ҳасан, Юнус ибн Собиқ ва Исҳоқ ибн Иброҳим Ҳанзалий (203-209/818-824 йй.) лардир. Булар орасида энг машҳури шубҳасиз, Абу Муқотил Самарқандийдир.

Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг шогирдлари Мовароуннаҳрнинг йирик шаҳарларидан бири Самарқандда таълим ва қозиликда олиб борган, фаолиятлари ҳижрий 150 (милодий 767 й.) ва ҳижрий 300 (мил. 912) йиллар оралиғида (тахминан бир ярим аср мобайнида) давом этди. Бу орада Самарқандда муҳим илмий ривожланишлар қайд этилди ва натижада мазкур ўлкада Самарқанд калом мактаби каби муҳим йўналишлар пайдо бўлди. Бошка шаҳарларда бўлгани каби Самарқандда ҳам қозилик мансабларига ҳанафий уламолари тайинланди.

Сомонийлар ва Қорахонийлар давлатида Самарқанд қозилари бутунлай ҳанафий уламоларидан тайинланган. Қозилик лавозимига тайинланган уламолар расмий ишлари билан бирга, қизғин илмий фаолиятлар олиб бориб, Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг мазҳабини тарқатишга ҳаракат қилганлар. Булардан ташқари, расмий мансабда бўлмаган бошқа уламолар хам кенг кўламда илмий фаолиятлар олиб борган. Бу хусусда Абу Муин Насафии бундай дейди: “Марв, Балх ва бошқа бутун Хуросон ва Мавароуннаҳ ўлкасидаги Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ тарафдорлари эътиқодий ва фиқҳий масалаларда у зотнинг мазҳабида бўлганлар”[15].

Ибн Яҳёнинг “Шарҳу жумали усулид дин” асарида Самарқандда ҳанафий мазҳабининг Дорул Жузжония ва Дорул Иёдия икки мактаби кенг кўламда фаолият кўрсатгани маълум бўлади. III/IX асрда Самарқандда ҳанафийларнинг энг муҳим таълим маркази Дорул Жузжония бўлган. Бунда Абу Мансур Мотуридий, у зотнинг устозлари ва шогирдлари фаолият юритган. Дорул Иёдия – Абу Аҳмад Иёдий ва Абу Бакр Иёдий каби уламолар фаолият юритган таълим маркази бўлган. Ўша вақтда Хуросон, Сурия, Ироқ ва Онадўли каби ўлкалардан талабалар Самарқандга илм таҳсил қилиш учун келганлар[16].

Дорул Жузжония Самарқандда Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг мазҳабида фаолият кўрсатган муҳим илмий марказ бўлган IV/X аср ўрталарига қадар аҳли раъй (ҳанафий мазҳаби) йўналишида, ундан сўнг асҳобул ҳадис (шофиъий мазҳаби) йўналишида фаолият кўрсатган бу марказдан Абу Мансур Мотуридий ва кўплаб уламолар етишиб чиққан. Дорул Жузжония илм даргоҳи ҳижрий III асрда Абу Мукотил Самарқандий томонидан қурилгани эҳтимол қилинади. Ундан кейин бу мактабни Абу Сулаймон Жузжоний ва Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Сабиҳ Жузжоний ривожлантирган. Абу Муқотил Самарқандий Абу Ханифа раҳимаҳуллоҳнинг ёнида таълим олгандан сўнг Самарқандга қайтиб келиб, устозининг мазҳабини ёйди[17].

Абу Насрдан олдин Дорул Жузжония таълим марказига раҳбарлик қилган уламолар расмий лавозимлардан узоқ бўлган ва Самарқанд чеккасида қурилган ғозийлар работида (ғарибхона, карвонсаройда) фаолият кўрсатганлар. Абу Наср Иёдий эса устозларидан фарқли равишда сомонийлар амири Наср ибн Аҳмад (913-942 йй.) билан яқин алоқада бўлган.

Қорахонийлар даврида Мовароуннаҳрда қатор йирик фақиҳлар яшаб ижод этганлар. Улар маҳалий урф-одатлар ва ҳукукий мезонлар ичидан ҳанафия мазҳаби талабларига мувофиқ келадиганини ажратиб, уларни ёзма фатволарда акс эттирганлар. Улар сарасига Шамс ул-Аимма Ҳалвоий, Шамс ул-Аимма ас-Сарахсий (в. 1097), Фахрул Ислом ал-Баздавий (1010-1090 йй.), Ифтихор ад-дин ал-Бухорий (в. 1174 й.), Фахриддин Қозихон (в.1196 й.), Бурҳониддин Марғиноний кабиларни киритиш мумкин. Энг эътиборлиси, улар каби Мовароуннаҳрда фатво чиқаришга салоҳиятли фақиҳлар кўпчиликни ташкил этган. Бу борада Ҳисом ад-дин Умар ибн Абдул-Азиз ал-Бухорий (в. 1141 й.), Бурҳон ад-дин Бухорий, Абу Ҳафс ан-Насафий (в.1142 й.), Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Ёқуб ас- Сабзамуний, Исҳоқ ибн Муҳаммад ас-Самарқандий, Абул Ҳасан Али ибн Саид ар-Рустағфурий, Абдул Азиз ибн Абдур Раззақ ал-Марғиноний, Заҳир ад-дин Марғиноний ва бошқалар номини келтириш мумкин.

Мовароуннаҳр фиқҳ мактабининг Ислом тарихида тўтган ўрнининг Яна бир характерли томони шундаки, бу ерда шакилланган бой илмий мерос ва амалий тажриба бошқа мусулмон ўлкаларига ҳам етиб бориб, у мамлакатларда ҳанафия мазҳаби ривожига салмоқли ҳисса қўшдилар. Қатор мусулмон мамлакатлари амалдорлари аҳли сунна вал-жамоа мавқейни кўчайтириш мақсадида Мовароуннаҳрлик фақиҳларга мурожат қилдилар. Айниқса, Боғдод ва Нишопурда Ҳанафия мазҳаби нуфузи сусайиб кетгач, бунга эҳтиёж кўчайди. Мовароуннаҳрлик алломалар Миср, Шом мамлакатларида фаолият кўрсатиб, Ҳанафия оқими нуфизини оширдилар. Бундай ҳолатни кўпроқ мўғиллар босқини ва ундан кийнги даврда кўзатиш мумкин[18].

Умуман, ІХ-ХII асрларда Мовароуннаҳрда яшаб ижод қилган алломаларни сони анча кўп бўлган. Мовароуннаҳрда ІХ асрда шаклланган фиқҳ мактаблари минтақадаги Самарқанд, Бухора каби йирик илм марказлардан ташқари Кеш, Насаф, Марғилон, Ўзган каби шаҳарлардан етишиб чиққан алломалар тамонидан ривожлантирилиб, XII асрда ўзининг энг юксак чўққисига кўтарилди ва айни ўша даврда бутун Ислом оламида фиқҳ илми ривожига улкан ҳисса қўшган асарлар яратилди.

Хулоса қилиб айтганда, Мовароуннаҳр фақиҳлари ўрта асрларда илму маърифат ва маданият ривожига улкан ҳисса қўшдилар. Ушбу маҳаллий халк анъаналари, урф-одатларини Ислом дини шариати нуқтаи назаридан таҳлил этиб, бу соҳада ўзига хос мактаб яратдилар. Бу мактаб вакиллари қатор мусулмон минтақаларида маҳаллий фиқҳ мактаблари шакилланиши ва ривожида муҳим ўрин тутиб, мусулмон маданияти равнақига катта ҳисса қўшдилар.

 

МАМАШИКУРОВ БЕКНАЗАР БОБОМУРАДОВИЧ,

ЎзР ФАШИ мустақил тадқиқотчиси

 

[1] Ислам справочник М.1991 254-б.

[2] Ўша асар.15-б.

[3] М. Комилов. Тарих фанлари номзодини олишга тақдим қилинган диссертация. 46-бет.

[4] М. Комилов.Тарих фанлари номзодини олишга тақдим қилинган диссертация. 47-бет.

[5] М. Комилов. Тарих фанлари номзодини олишга тақдим қилинган диссертация. 39, 40-бетлар.

[6] Абду Ваххоб Халлоф Усулул фиқх.

[7] Абду Ваххоб Халлоф Усулул фиқх 16-б.

[8] Абду Ваххоб Халлоф Усулул фиқх 16-б.

[9] Абду Ваххоб Халлоф Усулул фиқх 16-б.

[10] Ҳамидуллох Аминов ва Соатмурод Примов. Ҳанафий фикхи тарихи, манбалари ва истилохлари. 47-6.

[11] О. Қориев. “Бурҳониддин Марғиноний”. Тарих фанлари номзодини олишга тақдим қилинган диссертация. 2001. 51-бет.

[12] Абдулхай Лакнавий. Ат-Таьлик ал-мумажжад. 199-66. Кафавий. Катанб Аълам ал-ахер. 1-жилд, 398-407-66. Самъоний. Насабнома.

[13] О. Қориев. “Бурҳониддин Марғиноний”. Тарих фанлари номзодини олишга тақдим қилинган диссертация. 2001. 52-бет.

[14] О. Қориев. “Бурҳониддин Марғиноний”. Тарих фанлари номзодини олишга тақдим қилинган диссертация. 2001. 52-бет.

[15] Абул Муин Насафий. Табсира. 1-жилд, 356-б.

[16] Ибн Яҳё. Шарху жумали усулид-дин. 120a-121а -вв.

[17] Кафавий. Катанб Аълам ал-ахер. 1-жилд, - 407 б.

[18] (Батафси Маҳмуд Сулаймон ал-Кафавий ва Абдулҳай Лакнивийларнинг табоқотига қаранг.)

Izoh qoldirish