19.12.2024

СУНАН ДОРИМИЙ АСАРИ – ҲАДИС ИЛМИДАГИ МУҲИМ МАНБА

Резюме

Сунан Доримий асари ҳадис илмидаги муҳим манба бўлиб, умумий таркибий тузилиши жиҳатдан турли масалаларга бағишланган китоблар ва бобларга ажратилган. Ибн Ҳажар Асқалоний ҳам мазкур асарни Сиҳоҳ ситтанинг олтинчи китоби сифатида қабул қилади. “Сунан” икки жилддан иборат бўлиб, китобларга, улар ўз навбатида, бобларга бўлинади. Асар арабларнинг исломдан аввалги баъзи одатлари, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари, ҳадисларнинг ёзилиш даври ва илм фазилатига оид жами 163 саҳифалик муқаддима ҳамда 23 та китобдан ташкил топган. “Сунан” 3465 ҳадисни ўз ичига олган 1403 бобдан иборат.

Resume

The work of Sunan Dorimi is an important source in the science of hadith, and it is divided into books and chapters dedicated to various issues in terms of general structure. Ibn Hajar Asqalani also accepts this work as the sixth book of "Sihah sitta". "Sunan" consists of two volumes, which are divided into books, which in turn are divided into chapters. The work consists of a total of 163 pages of preface and 23 books on some pre-Islamic customs of the Arabs, the sayings of the Prophet, may God bless him and grant him peace, the period of writing of hadiths and the virtue of knowledge. "Sunan" consists of 1403 chapters containing 3465 hadiths.

Резюме

Труд Сунан Дорими является важным источником в науке о хадисах и по общей структуре разделен на книги и главы, посвященные различным вопросам. Ибн Хаджар Аскалани также считает эту работу шестой книгой «Сихах ситта». «Сунан» состоит из двух томов, которые разделены на книги, которые, в свою очередь, разделены на главы. Работа состоит в общей сложности из 163 страниц предисловия и 23 книг, посвященных некоторым доисламским обычаям арабов, высказываниям Пророка, да благословит его Бог и дарует ему мир, периоду написания хадисов и достоинству знания. . «Сунан» состоит из 1403 глав, содержащих 3465 хадисов.

 

Калит сўзлар: Ҳадис, мавқуф, сулосиййот, марфуъ, “Абодила”, ровий Доримий, мақтуъ, сунан, жомиъ, маноқиб, иснод, жарҳ.

 

Ҳадис илмини олтин даври бўлмиш IX асрда фаолият юритган самарқандлик муҳаддислардан бири Имом Доримий ҳадис илмида алоҳида ўрин эгаллайди. Алломанинг тўлиқ исми Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ибн Фазл ибн Баҳром ибн Абдуссамад Тамимий Самарқандий Доримий бўлиб, 798 йилда таваллуд топган. Худди шу йили йирик муҳаддис Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазий вафот этган. Манбаларда шу тарихий воқеа сабаб Имом Доримийга “Абдуллоҳ” деб исм қўйилгани қайд этилади. Муҳаддиснинг бобоси Бану Тамим қабиласи мавлоси ҳамда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг котибларидан бири бўлган Дорим ибн Молик ибн Ҳанзала ибн Зайд Манот ибн Тамимга боғланган ҳолда алломага “Доримий” нисбаси қўлланган. Шу билан бирга, Имом Доримийни “Дорамий” нисбаси билан атаганлар ҳам бор[1].

Имом Доримий ҳадис илми ва бошқа илмларда кўплаб асарлар битганлар. Манбаларда Имом Доримийнинг “Китоб ат-Тафсир”,”Ал-жомеъ” фиқҳий масалаларга бағишланган “Китоб ас-сунна фи-л-ҳадис” (“Ҳадисдаги суннат амаллар ҳақида китоб”), “Китоб савм ал-мустаҳозот ва-л-мутаҳаййирот” (“Узрли аёлларнинг рўзаси ҳақидаги китоб”) каби асарлари бўлгани ҳақида манбаларда зикр этилади. Имом Доримийнинг “ас-Сулосиййот фи-л-ҳадис” – “Уч ровийли ҳадислар тўплами” номли асари ҳам мавжуд. Муҳаддиснинг ушбу асари “Сунан” нинг таркибига киритилган ўн беш ҳадисдан иборат бўлган тўплам бўлиб, уч ровийли иснодга эга бўлган ҳадислардан таркиб топган[2].

Алломанинг Сунан Доримий асари ҳадис илмидаги муҳим манба бўлиб IX асрда тасниф этилган сунан туркумидаги ҳадис тўпламларини умумий тўзилиши бир-бирига ўхшаш бўлган. Уларнинг ҳаммаси ибодат ва муомалот масалалари акс этган китоблар, ҳар бир китоб эса боблардан ташкил топган. Бобларнинг таркибига мавзуга оид бўлган иснодли ҳадислар муаллиф муҳаддисларнинг ўз қарашларидан келиб чиққан ҳолда киритилган. Муҳаддисларнинг услубини таҳлил қилиш учун Имом ад-Доримий ва Имом ат-Термизийнинг “Сунан” лари қиёсий ўрганилади. Бунда ҳар икки “Сунан”нинг таркибий тўзилиши, ҳадисларнинг иснодига кўра турлари, бобларга ажратиш ва уларга ном беришдаги услублари эътиборга олинади[3].

Асарлар умумий таркибий тўзилиши жиҳатдан турли масалаларга бағишланган китоблар ва бобларга ажратилган. Ибн Ҳажар Асқалоний ҳам мазкур асарни Сиҳоҳ ситтанинг олтинчи китоби сифатида қабул қилади. «Сунан» икки жилддан иборат бўлиб, китобларга, улар ўз навбатида бобларга бўлинади. Асар арабларнинг исломдан аввалги баъзи одатлари, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари, ҳадисларнинг ёзилиш даври ва илм фазилатига оид жами 163 саҳифалик муқаддима ҳамда 23 та китобдан ташкил топган. “Сунан” 3465 ҳадисни ўз ичига олган 1403 бобдан иборат[4].

Имом ат-Термизийнинг “Сунан” и эса муқаддима қисмисиз, тўғридан тўғри “Таҳорат китоби” дан бошланиб, “Маноқиб китоби” билан якунланган. Унда жами 46 китоб, 2036 бобда, 3965 та ҳадис берилган. Имом ат-Термизий “Сунан” ининг охирги китобидан сўнг муаллиф томонидан “Иллатлар” (“Иллатли ҳадислар”) китоби қўшимча қилинган. Ушбу китоб бобларга ажратилмаган, ривоят қилинган ҳадислар рақамланмаган[5].

Имом ат-Термизий асарни китобларга ажратишда масалаларга кенгроқ батафсилроқ ёндошган. Жумладан, “Жумъа” китобини “Намоз” китобидан алоҳида, “Жиҳоднинг фазилатлари” ҳамда “Жиҳод” китоби алоҳида, “Фароиз” китобидан “Қулнинг мероси” га бағишланган китоб алоҳида ажратиб берилган. Имом ад-Доримий эса масалаларга нисбатан аниқроқ ёндошиб, ушбу масалаларни умумий ном билан аталган бир китобга жамлаган. Шу билан бирга, Имом ат-Термизийда келтирилган “Зуҳд”, “Қиёматнинг сифатлари, нозик масалалар ва тақво”, “Жаннатнинг тавсифи”, “Жаҳаннам тавсифи” каби китобларни Имом ад-Доримий бирлаштириб “Нозик масалалар китоби” деб номлаган[6].

Имом ад-Доримийнинг “Сунан” ида жомиъ туркумидаги ҳадис тўпламларига хос бўлган мавзулардаги 4 та китоб (“Сиярлар”, “Изн сўраш”, “Нозик масалалар”, “Қуръон фазилатлари”) ўрин олган бўлса, Имом ат- Термизий асарида фиқҳий масалаларга алоқаси бўлмаган 16 та китоб (“Эзгулик ва қариндошлик алоқалари”, “Тиб”, “Қадар”, “Зуҳд”, “Қиёматнинг сифатлари, нозик масалалар ва тақво”, “Жаннатнинг тавсифи”, “Жаҳаннам тавсифи”, “Имон”, “Илм”, “Изн сўраш ва одоб”, “Ахлоқ-одоб”, “Қуръон фазилатлари”, “Қироатлар”, “Қуръон тафсири”, “Даъватлар”, “Маноқиблар”) киритилган. Имом ат-Термизийнинг “Сунан” и жомеъ туркумидаги ҳадис тўпламларда мавжуд барча масалаларни қамраб олганлиги боис “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” номи билан ҳам танилган. Ушбу асарни тадқиқ қилган, шарҳ ёзган уламолар уни “Жомеъ ат-Термизий”, “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” деб номлаганлар.

“Сунан” даги ҳадисларнинг исноди бўйича турларига кўра, Имом ад- Доримийнинг асарида 23 та, Имом ат-Термизийда 55 та қудсий ҳадис ривоят қилинган. Имом ад-Доримийнинг “Сунан” ида 238 та мутавотир, 1983 та марфуъ, 571 та мавқуф, 790 та мақтуъ ҳадислар, Имом ат-Термизийнинг асарида 309 та мутавотир, 3736 та марфуъ 84 та мавқуф, 16 та мақтуъ ҳадис келтирилган. Ушбу маълумотлардан кўриниб турибдики, Имом ат-Термизийнинг юқоридаги ҳадисларнинг асосий қисми марфуъ ҳадислардан ташкил топган. Мавқуф ҳадисларнинг аксариятини “Абодила” томонидан ривоят қилинган ҳадислар бўлиб, улар орасидан Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ҳадислари аксариятини ташкил этади. Сўнгра Абу Ҳурайра, Али, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳумлардан қилинган ривоятлар туради. Демак, Имом ат-Термизий асосий эътиборни айнан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадисларга қаратган. Имом ад-Доримий эса ишончли иснод билан саҳобий ва тобеъинлардан ривоят қилинган, фиқҳий масалалар акс этган саҳобий ва тобеъинларнинг ривоятлар (осор)ига ҳам катта аҳамият берган. Эҳтимол, шунинг учун уламолар Имом ад-Доримийни “Самарқандда осор илмининг асосчиси” деган шарафли ном билан тавсифлаганлар[7].

Асарни бобларга ажратиш ва уларга ном беришда муҳаддисларнинг услублари, уларнинг ўзаро фарқли ва ўхшаш жиҳатларини аниқлаш учун қуйидаги усулларга ажратилди;

а) умумий хабар кўринишида – бунда муҳаддислар муайян масалани очишда далил сифатида бир ёки ундан кўп ҳадисларни ўзида жамлаган бобларни ўзига хос умумий ном билан аталган. Масалан, “Закотнинг фазилати ҳақидаги боб”, “Садақанинг фазилатига оид боб”.

б) махсус хабар кўринишида – номланган боблар кўпинча умумий хабар кўринишида номланган боблардан сўнг келиб, масалага янада чуқурроқ ёндошилган ҳолда, уни аниқроқ ифодалаган ҳадислар жамланган бўлади. Масалан, “Бомдод намозининг азон вақти ҳақидаги боб”, “Икки ракат тавофда ўқиладиган суралар ҳақидаги боб”.

в) савол кўринишида – ушбу ҳолатларда бобларнинг номи савол тарзида ифода этилади. Масалан, “Қандай садақа энг афзал садақа эканлиги ҳақидаги боб” “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам неча марта ҳаж қилганликлари ҳақидаги боб.

г) бобдаги ҳадисдан иқтибос келтириш билан – бундай ҳолларда ҳадис тўлалигича ёки бир қисми (бўлаги) боб номида келтирилади. Масалан, “Киши мажлисдан чиқиб кетиб, сўнгра қайтса, у ўз жойига ўтиришга ҳақли”,“Тонг отгандан сўнг икки ракатдан бошқа намоз йўқ”.

д) ҳукм кўринишида – бунда шариатда тақиқланган ёки аксинча амал қилиш шарт бўлган масалаларга оид ҳадислар жамланган, шунингдек, бобларнинг номи буйруқ тарзида ифодаланган. Кўп ҳолларда уларни ифодалашда “ман этиш, таъқиқдаш”, “қайтариш” ва бошқа сўзлар ишлатилган. Масалан “Кишининг жами мол-дунёсини садақа қилиб юборишдан қайтариш боби”, “Ўнг қўл билан овқатланиш ҳақидаги боб”, “Ҳаж қилишни ният қилиб, (уни амалга оширишда) шошилишлик ҳақидаги боб” “Руку ва саждада қироат қилмаслик ҳақидаги боб”.

е) номаълум кишини назарда тутиш йўли билан – бу ҳолларда боб кўпинча “...киши ҳақидаги боб” иборалари билан бошланади. Масалан, “Киши фалончига васият қилса-ю, у вафот этса, бошқага васият қилиши ҳақидаги боб”, “Намозни унутиб қўйган киши ҳақидаги боб”.

ж) Қуръон оятларидан парча келтириш билан бобни номлаш. Масалан, Таҳорат китобининг Аллоҳ таолонинг (Моида, 6-оятидан): “Намоз (ўкиш) га турар экансиз...” деган калимаси ҳақидаги боб” “Мадори етмайдиганлар зиммасида...” (Бақара, 184-ояти) ҳақидаги боб”.

з) фақатгина “боб” сўзини келтириш билан – унда бобга ҳеч қандай ном берилмай, ўзидан аввалги бобда келган ҳадисларнинг мазмунига боғланмасада, умумий маъноси шу бўлимга тегишли бўлган ҳадислар келтирилган боблар шу тарзда номланган. Имом ад-Доримий ушбу услубни асарида фақат бир маротаба қўллаган. Имом ат-Термизийда “боб” сўзи, шу билан бирга, “аввалги бобдан” (ўзидан аввал келган бобда кўрилган масалага яқин бўлган ҳадислар жамланган боб) деб номлаш кўпроқ учрайди.

Имом ад-Доримийнинг бобларни номлашда бирон изоҳ лозим бўлса, ҳадис охирида “Қола Абдуллоҳ”, “Қола Абу Муҳаммад” деб ўз фикрини билдириб ўтган. Бундай изоҳлар Имом ад-Доримийнинг “Сунан” ида 231 маротаба, деярли ҳар бир китоб (Муқаддима, таҳорат, намоз, закот ва ҳ.к. ) да учрайди. Унинг бу услубини шогирди Имом ат-Термизий ривожлантириш мақсадида, “Сунан” ида ривоят қилинган ҳадислардан кейин “Қола Абу Исо” деб, ҳадисларнинг даражалари ҳамда ровийларни жарҳ ва таъдил илми бўйича таҳлил этиб, ўз фикрларини келтириб ўтган[8].

Ҳадисларнинг иснодлари ва матнларига кўра солиштиришда ровийлар силсиласи, силсиланинг узлуксизлиги, ровийларининг сони, матнларнинг ўхшаш ва фарқли томонлари, фарқларнинг жиддийлиги, уларнинг ҳадис мазмунига қанчалик таъсир этганлиги, ҳадиснинг саҳиҳлиги, матннинг муфассал ёки мужмал баёни, шу мазмундаги ҳадисларнинг тартиби, сони ва бошқа жиҳатларга кўра илмий-қиёсий таҳлил қилинди.

Мисол тариқасида ҳар икки асарда келтирилган ибодат масалаларидан бўлмиш намоз масаласидаги ҳадислардан бирини оламиз. Сабаби ислом дини арконларидан бўлган намоз масаласи буйича кўплаб ҳадислар ривоят қилинган бўлиб, улар ҳажм жиҳатдан барча ҳадис тўпламларида асосий ўринни эгаллайдилар[9].

Имом ад-Доримий Намоз китобининг “Жума кунидаги (Аллоҳ зикр қилинадиган) вақт ҳақидаги боб” деб аталган бобида келтирган ҳадисни Имом ат-Термизий бобни Жума китобининг “Жума кунидаги дуо ижобат бўладиган вақт ҳақидаги боб” деб номланган бобида келтиради. Имом ад-Доримий ушбу бобда мавзуга оид фақат битта ҳадис ривоят қилган бўлса, Имом ат-Термизий турли иснодли ва мазмунида фарқ бўлган учта ҳадисни келтирган. Бу уч ҳадис орасидан Имом ад-Доримийда келтирилган ҳадиснинг мазмунига монанд бўлганини танлаб, қиёслаш учун ҳар икки ҳадис матнини келтирамиз.

Имом ад-Доримийнинг “Сунан” идаги ҳадис:

“Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилишларича, “Мен Каъбни учратиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини айта бошладим. У эса Таврот ҳақидаги ривоятларидан бошлади. Биз жума куни ҳақидаги зикрга етиб келганимизда мен: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: Унда (жума кунида) бир вақт бор, унга (ўша вақтга) мусулмон банданинг намози тўғри келса, Аллоҳдан хайрни сўраса, албатта, Аллоҳ унга ўшани беради (яъни дуоси ижобат бўлади)”, - дедим”[10].

Имом ат-Термизийнинг асаридаги матн эса қуйидагича берилган:

“Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиланади: “Расулуллох саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қуёш чиққан куннинг энг яхшиси жума кунидир. Унда Одам яратилган. Унда (у) жаннатга киритилган. Унда (у) жаннатдан чиқарилган. Унда бир соат борки, қайси мусулмон банда ўша соатда намоз ўқиб, Аллоҳдан бирор нарса сўраса, Аллоҳ, албатта, унга сўраган нарсасини берур”. Абу Ҳурайра: “Абдуллоҳ ибн Саломни учратиб, унга ушбу ҳадисни зикр қилдим. У менга: “Мен ўша вақтни биламан”, - деди. “Менга унинг хабарини бер. Унинг ҳақида менга бахиллик қилма”, - дедим. “У (вақт) асрдан сўнг қуёш ботгунча”, - деди. “Қандоқ қилиб, асрдан кейин бўлиши мумкинми?! Ахир Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмон банда ўша (вақт) ни намоз ўқиган ҳолида топса”, - деганлар-ку?! “Мазкур вақтда эса намоз ўқилмайди”, - дедим. Абдуллоҳ ибн Салом: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким намозга интизор бўлиб, ўтирса, намозда бўлади”, - демаганларми?”, - деди. “Ҳа”, - дедим. “У ҳудди шунинг ўзи”, - деди”.

Юқоридаги икки матндан Имом ат-Термизийнинг ҳадиси Имом ад- Доримий асаридаги ҳадисга нисбатан тўлиқ. Имом ад-Доримий жума куни дуолар ижобат бўладиган соат борлиги ҳақида билдириб ўтиш билан кифояланган. Имом ат-Термизий масалага чуқурроқ ёндошиб, ўша вақтни қайси соатга тўғри келиши ҳақидаги ҳадисларни жамлаган. Чунки ушбу масала юзасидан икки хил мулоҳаза бўлиб, баъзи уламолар бу соат олтмиш дақиқа вақтни ўз ичига олган табиий соатдир, десалар, бошқалар бу соатдан мурод озроқ вақтдир, дейдилар. Бундан ташқари, Имом ат-Термизий ушбу соат ҳақида яна бошқа икки ҳадис ривоятини ҳам келтирган. Бирида юқоридаги мазмундаги, яъни асрдан сўнг қуёш ботгунга қадар бўлган вақт ҳақидаги ҳадис бўлса, иккинчиси жума куни дуо ижобат бўладиган соат имом жума хутбасини қилиш учун минбарга чиққандан бошлаб, то жума намозини ўқиб бўлгунга қадар бўлган вақт ҳақидаги ҳадис ривоятидир[11].

Имом ад-Доримий ва Имом ат-Термизий ривоят қилган юқоридаги икки ҳадис ҳам марфуъ ҳадис бўлиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳобий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу орқали ривоят қилинган. Лекин саҳобийдан кейин келган ровийлар силсиласидаги фарқ катта. Имом ад-Доримий бу ҳадисни устози Муҳаммад ибн Касирдан (ваф. 831 й.), устози эса Махлад ибн Ҳусайн (ваф. 807 й.) дан, у эса Ҳишом ибн Ҳассон (ваф. 765 й.) дан, у эса ўз навбатида Анас ибн Моликнинг мавлоси Ибн Сийриндан, у Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу (ваф. 677 й.) дан ривоят қилган. Имом ат-Термизий эса ушбу ҳадисни устози Исхоқ ибн Мусо ал-Ансорий (ваф. 858 й.) дан, у устози Маънун (ваф. 814 й.) дан, у эса Молик ибн Анас (ваф. 798 й.) дан, у Язид ибн Абдуллоҳ (ваф. 756 й.) дан, у Муҳаммад ибн Иброҳим (ваф. 738 й.) дан, у Абу Салама (ваф. 713 й.) дан, у Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган[12].

Имом ад-Доримий келтирган ҳадис иснодига кўра 5 та ровий орқали муҳаддисга етиб келган бўлса, Имом ат-Термизий иснодида 7 та ровий мавжуд. Бунинг сабаби Имом ад-Доримий Имом ат-Термизийдан 24 ёш катта ҳамда у иснодни иложи борича қисқа (яъни, олий иснодли) бўлишига ҳаракат қилган.

Иснодни аниқ ва қисқалиги ҳадиснинг янада ишончли бўлишини таъминлайди. Барча муҳаддислар ҳам айнан шунга интилишган. Имом ад-Доримийнинг ҳадислари иснодининг қисқалиги билан қадрланган. Масалан, Ан-Назр ибн Шумайл (ваф. 819 й.) дан нафақат Имом ат-Термизий, балки Имом ал-Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадислари бевосита бўлмай, билвосита, яъни занжирида орада яна бир ровий мавжуд. Имом ад-Доримий эса Ан-Назр ибн Шумайлдан бевосита ҳадис ривоят қилган. Шу билан бирга, Имом ад-Доримийнинг Руҳ ибн Аслам (ваф. 816 й.) дан қилган ривоятлари ҳам бевосита бўлиб, олти муҳаддислардан бирортаси ҳам ундан бевосита ҳадис келтирмаганлар[13].

Икки “Сунан” да ҳам шундай боблар борки, улар айнан бир хил номланиб, унда келтирилган ҳадисларнинг матнида фарқ кам. Жумладан, Имом ад- Доримийнинг асаридаги “Намоз” китоби келтирилган қуйидаги:

“Сафнинг орқасида ёлғиз намоз ўқиган кишининг намози ҳақидаги боб”

باب في صلاة الرجل خلف الصف деб номланган бўлиб, Имом ат-Термизийнинг “Сунан” ида “Сафнинг орқаси якка ҳолда ўқилган намоз ҳақида” –

باب ما جاء في صلاة الرجل خلف الصف وحده тарзида ифодаланган. Имом ад-Доримийда учта ҳадис, Термизийда ушбу масала юзасидан 2 та ҳадис келтирилган.

Ҳар икки асарда бир хил бўлган ҳадис турли иснод буйича ривоят қилинган. Ҳадиснинг Имом ад-Доримийда келтирилиши қуйидагича:

“Бизга Мусаддад хабар берди, у Абдуллоҳ ибн Довуддан, у эса Язид ибн Зиёддан, у Убайд ибн Абу Жаъддан, у эса Зиёд ибн Абу Жаъддан, у Вобиса ибн Маъбад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши сафларнинг орқасида ёлғиз ўзи намоз ўқиди” шунда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга (намозни) қайтадан ўқишни буюрдилар”. Абу Муҳаммад деди: “Мен бунга қўшиламан”[14].

Имом ат-Термизийнинг “Сунан” ида келиши эса қуйидагича: “Бизга Муҳаммад ибн Башшор, у Муҳаммад ибн Жаъфардан, у Шуъбадан ривоят қилди, Шуъба Амр ибн Муррадан, у эса Ҳилол ибн Ясофдан, у Амр ибн Рошид, у эса Вобиса ибн Маъбад розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича: “Бир киши сафларнинг орқасида ёлғиз ўзи намоз ўқиди, шунда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга намозни қайтадан ўқишни буюрдилар”. Абу Исо деди: “ал-Жоруддан (шундай деганини) эшитдим: Вакиъ: “Агар киши сафнинг орқасида ёлғиз ўзи намоз ўқиса, у намозини қайтадан ўқийди”, - деганини эшитдим”[15].

Ҳадисларнинг матнида деярли фарқлар йўқ. Фақат Имом ат- Термизийнинг ҳадисида “намоз” сўзи матнда акс этган. Имом ад-Доримийда эса ушбу сўз кўзга ташланмайди, бироқ гапнинг мазмунидан намоз ҳақида гапирилаётганини англаш мумкин. Ҳадисда киши жамоат намози сафининг орқасида ёлғиз ўзи қолиши яхши эмаслиги таъкидланмоқда. Агар киши сафга сиғмай қолса, яна одам келиши эҳтимоли узоқ бўлса, бундай ҳолда охирги сафдан бир кишини секин тортиб, икковлари саф бўлишлари маъқул бўлади. Уламолар бу ҳадисдан мақсад: “сафдан ташқарида ёлғиз ўқилган намоз қабул бўлмайди дегани эмас, яъни ҳадисдаги намозни қайта ўқиш ҳақидаги амр мажбурий эмас, балки нуқсонли бўлишини таъкидлаш учун, холос”, - деганлар.

Келтирилган ҳадисларнинг иккиси ҳам марфуъ ҳадислардан бўлиб, ривояти битта йўл орқали етиб келган. Фақат Имом ад-Доримийда ровийлар занжирида 6 та, Имом ат-Термизийда 7 та ровийдан иборат. Чунки Имом ат-Термизий Имом ад-Доримийнинг шогирди Муҳаммад ибн Башшор (ваф. 866 й.) дан ривоят қилган. Шунингдек, ҳар икки ҳадис матнидан сўнг муҳаддисларнинг ўз фикрлари, қўшимча изоҳлари келтирилган. Имом ад-Доримий ўз фикри, яъни “мен ҳадисдаги ҳукмни қабул қиламан” деб келтирса, Имом ат-Термизий устози ал-Жоруд ибн Муъоз (ваф. 858 й.) орқали Абу Суфён Вакиъ ибн ал-Жаррох (ваф. 813 й.) нинг шу мазмундаги ривояти (мақтуъ ocop) ни келтиради. Имом ат-Термизий шу йўл билан ҳадисдаги ҳукмни маъқуллайди[16].

Имом ат-Термизийнинг “Сунан” ининг ўзига хос томони – унда бошқа ишончли ҳадис тўпламларида мавжуд бўлмаган услуб қўлланилган. Мазкур услубда муаллиф ҳадисларни тўплаб, ривоят қилиш билан чекланмай, уларнинг даражаларини, ровийлари борасида жарҳ ва таъдил уламоларининг фикрларини келтириб ўтган. У.Уватов таъкидлаганидек: “Асарга киритилган ҳадислар ишочлилик даражасига караб, муаллиф томонидан саҳиҳ, ҳасан ва заиф каби гуруҳларга киритилганки, бу ҳадис илми соҳасидаги янгича ёндошиш деб изоҳланади”. Имом ат-Термизийнинг жарҳ ва таъдилнинг барча даражаларига оид қарашлари асарнинг 403 та жойида келтирилган. Бу эса Имом ад-Доримийнинг асарида келтирилган изоҳлари, фиқҳий қарашлари ҳамда жарҳ ва таъдилга оид фикрларидан анча кўп. Демак, Имом ат-Термизий устози Имом ад-Доримийдан иснодларни ўрганиш соҳасида илм олиб, устозининг услубини янада ривожлантирган. Натижада, ҳадис тўпламларини таълиф этиш бўйича янги бир услуб юзага келган[17].

Ушбу келтирилган маълумотлар таҳлили асосида қуйидаги хулосаларни зикр этиш мумкин:

“Сунан” турдош асарлардан ўзининг тузилиши, мавзуларнинг изчил тартибда жойлаштирилиши, ҳадисларнинг ўз мавзуларидаги бобларда тўғри акс этиши билан ажралиб туради;

“Сунан” – кенг қамровли асар бўлиб, ўзида олимнинг тафсир, ҳадис, фиқҳ илмлари бўйича эгаллаган барча билимларини жамлаган. Унда муаллифнинг муфассирлигини кўрсатувчи Қуръон оятларининг тафсири, олий иснодга эришган муҳаддислигини тасдиқловчи уч ровийли ҳадислар, фақиҳлигини таъкидловчи фиқҳий бобларга ажратилганлиги ҳамда фиқҳий қарашларини баён этилганлиги, шунингдек, асарда узрли аёллар билан боғлиқ турли масалаларнинг акс эттирилиши унинг мукаммаллигини, Имом ад-Доримийнинг илмий меросида асосий ўринни эгаллаганлигини исботлайди;

Имом ад-Доримийнинг “Сунан” ида келган ровийларнинг даражалари уламолар томонидан белгиланган жарҳ ва таъдилнинг дастлабки беш мартабасига мос келади. Асарда ривояти келтирилган заиф ровийларнинг ҳадислари эътибор учун, муаллифнинг ўзи бу ҳақда қайд этиб ўтиши орқали бериб ўтилган;

“Сунан” да жами 23 қудсий ҳадис, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга боғланган 1983 та марфуъ ҳадис билан бирга, саҳобий ва тобеъинлар томонидан ривоят қилинган 571 та мавқуф ҳамда 790 та мақтуъ ҳадислар келтирилган. Ушбу маълумот орқали Имом ад-Доримий нафақат, марфуъ ҳадисларга, балки мавқуф ҳамда мақтуъ ҳадисларни ҳам назардан четда қолмаслиги лозимлигига аҳамият берган[18]. Чунки улар турли шаръий масалаларни ечишда, саҳобий ва тобеъинларнинг мусулмонларга ўрнак бўла оладиган амалларини етказишда ўзига хос қимматга эга;

таркибий тузилишига кўра, Имом ат-Термизийнинг асаридаги ҳадислар сон жиҳатдан катта фарқ қилмасада (“Сунан ат-Термизий” да 462 та ҳадис кўп), китоблар ҳамда боблар сони деярли икки баробар кўп. Имом ад-Доримий масалаларга аниқ лўнда ёндошганлиги, кўпроқ фиқҳий масалаларга эътиборини қаратгани боис, унда китоблар ва улардаги боблар нисбатан камроқ;

“Сунан” ларда келтирилган ҳадисларда жомеъларга хос масалалар бўйича Имом ад-Доримий асарида 4 та, Имом ат-Термизийда эса 16 та китоб берилган. Шу боис, “Сунан ат-Термизий” кўпроқ “Жомеъ” номига муносиблигини, Имом ад-Доримийнинг асари эса ўз номи – “Сунан” га кўпрок мувофиқлигини қайд этиш даркор;

Имом ад-Доримий боблар таркибига кирган ҳадислар орқали ифодаланган асосий маънони ёритиш учун сарлавҳаларни қисқа, аниқ лўнда қилиб ном беришда акс эттирган. Имом ад-Доримий ва Имом ат-Термизийнинг бобларга ном беришдаги услублари жуда якин бўлган. Ҳap икки муҳаддис бобларни номлашда масалаларнинг фиқҳий жиҳатларига эътибор қаратганлар[19]. Улар иснодларнинг занжирига эътиборли бўлишдаги услублари бир-бирига жуда якин;

ҳар икки муҳаддис ҳам асарларида бахс-мунозарали ҳадисларга ўз изоҳларини, фикрларини қайд этганлар. Имом ад-Доримий кўпроқ шогирдлари билан савол-жавоб тарзида келтирса, Имом ат-Термизий бу услубни қўлламайди. Аммо ҳар икки муҳаддис ҳам “Абу Муҳаммад деди”, “Абу Исо деди”, деб ўз фикрларини ровийларнинг куняларини келтириш орқали таъкидлаб ўтганлар;

Имом ад-Доримий ҳамда Имом ат-Термизийларнинг ёшларидаги фарқи (24 ёш) ҳадисларининг иснодида акс этган. Бунда “Сунан ад-Доримий” даги ҳадисларнинг ровийлар занжири Имом ат-Термизийникидан кўра кам. Бу эса Имом ад-Доримий ҳадисларининг устун томони, яъни иснодини аниқ ва қисқалиги ҳадиснинг янада ишончли бўлишни таъминлаган[20] лигидан дарак беради.

 

АБДУРАХИМОВ ЮСУФ АНАСОВИЧ,

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти

 “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедра ўқитувчиси

 

[1] Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Олтин силсила. Ҳилол нашр. 2013.

[2] Алимов У. Суннат ва Ҳадис. – Тошкент. Шарқ, 2012.

[3] Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Олтин силсила. Ҳилол нашр. 2013.

[4] Имом Доримий. Сунан. – Байрут. Дорул китаб ар­рисалаҳ, 1341 ҳ.

[5] Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва Ҳаёт.Тошкент-2008.

[6] Имом Термизий. Сунан. – Байрут. Дорул китаб ар­рисалаҳ, 1341 ҳ.

[7] Имом Доримий. Сунан. – Байрут. Дорул китаб ар­рисалаҳ, 1341 ҳ.

[8] Муҳаммад Каттоний. Рисолатул Мустаторрифа. –Байрут. Дорул китоб илмийя.1400ҳ.

[9] Алимов У. Суннат ва Ҳадис. – Тошкент. Шарқ, 2012.

[10] Имом Доримий. Сунан. – Байрут. Дорул китаб ар­рисалаҳ, 1341 ҳ.

[11] Имом Термизий. Сунан. – Байрут. Дорул китаб ар­рисалаҳ, 1341 ҳ.

[12] Имом Термизий. Сунан. – Байрут. Дорул китаб ар­рисалаҳ, 1341 ҳ.

[13] Имом Доримий. Сунан. – Байрут. Дорул китаб ар­рисалаҳ, 1341 ҳ.

[14] Имом Доримий. Сунан. – Байрут. Дорул китаб ар­рисалаҳ, 1341 ҳ.

[15] Имом Термизий. Сунан. – Байрут. Дорул китаб ар­рисалаҳ, 1341 ҳ.

[16] Имом Термизий. Сунан. – Байрут. Дорул китаб ар­рисалаҳ, 1341 ҳ.

[17] Имом Доримий. Сунан. – Байрут. Дорул китаб ар­рисалаҳ, 1341 ҳ.

[18] Имом Доримий. Сунан. – Байрут. Дорул китаб ар­рисалаҳ, 1341 ҳ.

[19] Имом Доримий. Сунан. – Байрут. Дорул китаб ар­рисалаҳ, 1341 ҳ

[20] Имом Доримий. Сунан. – Байрут. Дорул китаб ар­рисалаҳ, 1341 ҳ.

 

 

Izoh qoldirish