20.12.2024

МОВАРОУННАҲРДАГИ ИЛК ҲАДИС МАКТАБЛАРИ ТАРИХИ

Буюк муҳаддислар ватани бўлган Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан улуғ олиму фозиллар, муҳаддису муфассирлар, фақиҳу мутакаллимлар, муарриху мутасаввуфлар ҳаёти ва илмий мероси тарихда ўз ўрнига эга.

Алломаларимиз қолдирган бой илмий-маънавий меросни ўрганиш ва уларни кенг тадбиқ этиш хусусида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев шундай таъкидлаганлар: “Имом Бухорий ва Бурҳониддин Марғиноний, Исо ва Ҳаким Термизийлар, Маҳмуд Замахшарий ва Қаффол Шоший, Баҳоуддин Нақшбанд ва Хожа Аҳрор Валий, Муҳаммад Хоразмий ва Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний ва Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий каби кўплаб даҳолар номи жаҳон цивилизatsiяси тарихида олтин ҳарфлар билан битилган... Уларнинг ҳаёти ва маънавий меросини кенг ўрганиш ва ҳаётга тадбиқ этишда бугунги кунда ҳам инсоният катта эҳтиёж сезмоқда”[1].

VIII-X асрларда Мовароуннаҳрда барча диний илмлар ривожланганлиги каби, ҳадис илми ҳам тараққий этган. Бу даврда Мовароуннаҳрнинг ўзида 3000 дан ортиқ таниқли муҳаддислар фаолият олиб боришган. Айнан бу даврларда Самарқанд, Шош, Кеш, Бухоро ва Насаф шаҳарлари ислом оламидаги нуфузли илм-маърифат марказлари қаторида саналган. Тарихий манбаларда юртимиз алломалари ва муҳаддислари ўртасида яқин илмий алоқалар, ижодий ҳамкорлик ва устоз-шогирдлик муносабатлари яхши йўлга қўйилганлигини кўриш мумкин.

Мовароуннаҳр ва Хуросонга ҳадис илмининг кириб келиши ва кенг тарқалишида бу юртдан етишиб чиққан машҳур муҳаддислар Абдуллоҳ ибн Муборак (в. 181/797 й.) ва Абдулҳамид Кеший (786-863 йй.) лар томонидан тасниф этилган муснад асарларини аҳамияти катта бўлган. Айниқса, Мовароуннаҳр ҳадис илми ривожида Абдулҳамид Кешийнинг илмий-маънавий хизмати алоҳида аҳамият касб этади. Дунё ҳадис илми устозлари саналган – Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий, Имом Муслим каби муҳаддисларни етишиб чиқишида ҳам Абдулҳамид Кешийнинг буюк хизматлари, муҳаддислар билан ҳамкорликда олиб борган катта илмий-амалий ишлари ҳамда устоз-шогирдлик анъаналари йўлга қўйилганлиги ҳам бу илмнинг юртимизда тараққий этишида муҳим омил бўлган.

Мовароуннаҳрда ҳадис илмининг кенг ривожланиши юртимиздан етишиб чиққан буюк муҳаддислар томонидан олиб борилган илмий-маърифий хизматлари самараси бўлган. Муҳаддисларнинг буюк хизматлари натижасида ҳадис илми босқичма-босқич ривожланиб борган ва ҳар бир даврда ўзига хос ҳадис асарлари тасниф этилган. Ҳадис илми борасида илк тасниф этилган асарлар муснад кўринишида бўлиб, Мовароуннаҳрда бу йўналишда илк асар тасниф этган муҳаддислардан Абдулҳамид Кеший бўлади.

Тарихий асар ҳисобланган “Зафарнома” да дунёга машҳур муҳаддисларнинг бир вақтда жам бўлиб, ҳадис, тафсир, Қуръон, араб тили ва бошқа фанлар билан машғул бўлганлиги келтирилади. Имом Кеший, Имом Бухорий, Имом Доримий, Имом Муслим каби машҳур муҳаддислар учрашиб, Кешда бир муддат яшаб, ҳамкорликда фаолият олиб боришган ва шу даврда дунёнинг кўплаб ислом динига эътиқод қиладиган ўлкаларидан талабалар келиб, мазкур муҳаддислардан илм ўрганган[2].

Имом Бухорий билан Абдулҳамид Кеший ўртасида устоз ва шогирдлик муносабати бўлган. Бу ҳақда қўйидаги манбаларни келтириб ўтиш мумкин. “Сийар аъломи-н-нубало” асарида Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Муслимлар муҳаддис Абдулҳамид Кешийдан ҳадис ривоят қилганликлари келтирилган[3].

Шарқшунос С.Прозоров: “Абдулҳамид Кеший Кешда яшаган муҳаддис. У Имом Бухорийнинг устозларидан бири бўлган. Кеший кунларини масжидда ибодат билан ўтказиб, фақат кечасигина масжидни тарк этишни одат қилиб олган тақволи муҳаддислардан саналган”[4], - деб келтиради.

Абдулҳамид Кеший ҳақида Имом Бухорий “Аълому-н-нубувват” асарида қўйидаги маълумотни келтириб ўтади: “Абд ибн Ҳумайд, у Абдулҳамид Абу Муҳаммад бўлиб, Муслим ибн Ҳажжожнинг улуғ устозларидан бўлган”[5].

Икки муҳаддис Имом Доримий ва Имом Кешийлар улуғ муҳаддис ва муфассир бўлиб, бирга яқин илмий-амалий алоқада бўлишган. Икки муҳаддис китобларни хаттотлик йўли билан кўпайтириш, ҳадисларни ёзиб сақлаб қолиш ишларида ҳамкорлик қилишган. Имом Доримий ўзининг “Сунан” асарида Абдулҳамид Кешийдан ҳадис ривоят қилган[6]. Бу илмий ҳамкорликлар ҳақида Самарқанд қозиси Абу Ҳафс Умар ибн Ҳафс ибн Салим Самарқандийнинг Абдулҳамид Кеший ҳамда Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ад-Доримийлар билан ҳамкорликда китобларни қўлёзма шаклга келтириб, тасниф этишга ҳомийлик қилиб турганлиги тарихий манбаларда таъкидлаб ўтилган[7].

“Сиҳоҳу ситта” (“Олти саҳиҳ”) асари муаллифларининг барчаси муштаракликда кўплаб ровийлардан ҳадис ривоят қилган. Машҳур муҳаддислардан Абдулҳамид Кеший, Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий, Ибн Можжа, Абу Довуд ва Имом Насоийлар шерикликда 47 нафар машҳур муҳаддис ва ровийлардан ҳадис келтирган бўлиб, улар ўртасида кучли илмий-амалий алоқалар йўлга қўйилган[8].

 Имом Бухорий ўзидан кўп ҳадис тинглаб истифода олган шогирди Термизийга қараб, “Сен мендан фойдаланганингдан кўра, мен сендан кўпроқ фойдаландим”, – деб айтган эканлар. Улуғ муҳаддислардан Имом Муслим ҳар қачон Бухорийни ҳузурларига кирган вақтда: “Эй ҳадислар табиби! Эй ҳадис уламоларининг саййиди! Ижозат берсангиз оёғингизни ўпсам”, – деб ҳурмат кўрсатган. Бу каби муносабатлар буюк муҳаддисларнинг бир-бирига нисбатан юксак эҳтироми сабабидан бўлган.

VIII-IX асрларда Мовароуннаҳрнинг Шош, Кеш, Самарқанд, Насаф, Бухоро, Термиз шаҳарлари илм-маърифат марказларидан саналган. Бунга асос тариқасида қуйидаги тарихий манбани келтириб ўтиш мумкин. Абдулҳамид Кешийнинг ўғли Муҳаммад ибн Абддан Ҳусайн ибн Исмоил ушбу маълумотни эшитганини келтириб ўтади.

 Қутайба ибн Саъд: “Агар Термизга борсангизлар, Аҳмад ибн ал-Ҳасандан, Кешга борсангизлар, Абд ибн Ҳумайд Кешийдан, Самарқандга борсангизлар, Абдуллоҳ ибн Абдураҳмондан ва агар Шошга борсангизлар, Абдуллоҳ ибн Абу Аробанинг суҳбатини ўзларингизга лозим тутингизлар, яъни улар айтган ҳадисларни маҳкам тутингизлар”[9], - дедилар.

Мазкур манбада келган кишиларнинг барчаси етук муҳаддислар силсиласига киритилган. Ушбу манба бу муҳаддисларнинг ҳадис илмида тенги йўқ муҳаддис эканлигини эътироф этиш билан бирга, айнан манбада зикр қилинган маконлар – Термиз, Кеш, Самарқанд ва Шошнинг ўша даврдаги илм-маърифат марказига айланганига ҳам ёрқин бир ишорат ҳисобланади. Шу билан бирга, ҳадис илми олимларини бир-бирларини яхши эътироф этиб, бошқаларни улардан илм ўрганишга жалб қилиш ва улар ўртасидаги илмий-амалий ҳамкорликларни ҳам кўриш мумкин. Мазкур шаҳарларда асос солинган ҳадис мактабларидан кўплаб машҳур муҳаддислар етишиб чиққан.

“Китоб ал-Ансоб” асарида Мовароуннаҳрдаги ҳадис мактаблари ҳақида: “IX-Х асрда Самарқанднинг Иштихон шаҳрида Аҳмад ибн Ҳишом ан-Навқадакий ҳамда Довуд ибн Амр ар-Рустуғфарий ҳадис мактаблари, Нисо шаҳрида Аҳмад ибн Шуайб ан-Нисаий мактаби, Хўжандда – Яҳё ибн ал-Фадл ал-Хўжандий ҳадис мактаблари мавжуд бўлган ва улар ўз фаолиятларини олиб борган”[10], - деб келтириб ўтган.

Самарқандда мавжуд бўлган ҳадис мактабларининг ўрни муҳим бўлиб, бу ерга илм талабида турли ўлкалардан олим ва талабалар келишган. Самарқанд ҳадис илми ривожланиши тарихига назар солинса, бу соҳа анча олдин бошланганини кўришимиз мумкин. Бунга илк ҳадис илми намояндалари сифатида Абу Муқотил ас-Самарқандий, унинг шогирди Абу Бакр Аҳмад ибн Наср ал-Атакий ҳамда унинг икки ўғли – Салм ибн Ҳафс (ваф. 826 й.) ва Умар ибн Ҳафс (ваф. 834 й.) лар алоҳида зикр этилади.

Абу Ҳафс Умар ибн Ҳафс ибн Салим Самарқандий Самарқанд қозиси бўлган ва кўплаб муҳаддислардан ҳадис ўрганган, у ҳанафий йўналишининг улуғ фақиҳ ва муҳаддисларидан бўлган[11]. Ҳафс ибн Салим Самарқандий Имом Мотуридийнинг учинчи силсиладаги устозларидан саналган[12]. Имом Аъзамнинг “Фиқҳу-л-акбар” китоби Имом Мотуридийга қуйидаги санад тартибида етиб келган: Абу Ҳанифадан ўғли Ҳаммод ибн Нуъмон ундан Иъсом ибн Юсуф ундан Ҳафс ибн Салим Самарқандий (Абу Муқотил) ундан Наср ибн Яҳё ундан Алий ибн Аҳмад Форсийлар орқали Имом Мотуридийга етган[13]. Абу Ҳафс Умар ибн Ҳафс ибн Салим Самарқандий икки улуғ муҳаддислар Абдулҳамид Кеший ва Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ад-Доримийлар билан ҳамкорликда китобларни қўлёзма шаклга келтириб, тасниф этишга ҳомийлик қилиб турганлигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим бўлади[14]. Мазкур муҳаддис Самарқанддан чиққан илк муҳаддис сифатида эътироф этилган ва Самарқандда ўз ҳадис мактабига асос солган шахс ҳисобланади. Абу Муқотил Самарқандий, унинг шогирди Абу Бакр Аҳмад ибн Наср Атакий, икки ўғли – Салм ибн Ҳафс (ваф. 211/826 й.) ва Умар ибн Ҳафс (ваф. 219/834 й.) лар Самарқандда фаолият олиб борган илк муҳаддислар сифатида зикр этилади.

Имом Мотуридий таълимотининг устозларидан бўлган фақиҳ ва қози Абу Ҳафс Умар ибн Ҳафс ибн Салим Самарқандий ва Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримийларнинг Самарқанд ҳадис мактабида ва Абдулҳамид Кешийнинг Кешда ҳадис мактабида фаолият олиб бориб, ўзаро илмий-амалий муносабатларни олиб боришлиги икки мактаб ўртасидаги яқинлик ва ҳамкорликда иш олиб борган деб хулоса чиқаришга асос бўлади. Шунингдек, Самарқанддаги мотуридийлик таълимотининг тарихий илдизи ҳам шу даврда ташкил топган мазкур мактаблар фаолияти билан боғлиқ. Имом Мотуридий ҳам ўзининг ақидавий масалаларини ёритиш ҳамда далиллар билан исботлашда Имом Бухорий, Абдулҳамид Кеший ва Имом Доримийлар келтирган ҳадислардан кенг фойдаланган[15].

Самарқанд ҳадис ва калом илми ривожланган марказ сифатида эътироф этилади. Имом Бухорий Самарқандга келган вақтда тўрт юз ҳадис уламолари бор бўлиб, муҳаддисни имтиҳон қилиш учун тўпланишган. Ҳадис матни ва иснодини чалкаштириб саволлар беришган аммо улар ҳарчанд ўринишмасин на санад ва на матн хусусида муҳаддисни заррача чалкаштира олишмаган[16]. Имом Бухорий Самарқандга келган вақтда бу шаҳарда Имом Бухорийни имтиҳон қилиб, буюк муҳаддис билан тенглаша оладиган, ёки тенглашишга ҳаракат қилган тўрт юз муҳаддиснинг Самарқандда истиқомат қилишининг ўзи ҳам бу жойда ҳадис илмининг ривожланганлигига ишончли мисол бўла олади.

Юқоридаги маълумотлардан илмий хулоса оладиган бўлсак, ўрта асрларда Мовароуннаҳр диёрида ўзига хос ҳадис мактабига асос солиниб, ҳадислар матни, санади ва ровийлари тарихи кенг ўрганилган. Буюк муҳаддислар – Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий, Имом Муслим, Имом Кешийлар ўртасида доимий илмий ва амалий алоқалар яхши йўлга қўйилган ва уларнинг илм-маърифати сабаб, Мовароуннаҳрда ҳадис илми кенг ривожланган. Бунинг натижасида, диёримиздан кўплаб муҳаддис, муфассир, фақиҳ, олиму мутафаккирлар етишиб чиқиб, дунё илм-фани равнақига катта ҳисса қўшган.

Хулоса қилиб айтганда, юртимиздан етишиб чиққан буюк муҳаддислар Имом Бухорий, Имом Кеший, Имом Доримий, Имом Термизий, Абу Ароба Шошийларнинг муҳаддис сифатида эътироф этилишида маҳаллий олимлар, фақиҳлар ва муҳаддисларнинг хизматлари нақадар буюк эканлиги маълум бўлади. Шунингдек, юртимизнинг Самарқанд, Бухоро, Кеш, Шош, Иштихон, Термиз каби шаҳарлари маърифат марказига айланиб, мазкур ҳудудларда ҳадис мактаблари ташкил этилган. Бу ҳадис мактабларидан тарихий манбаларда таъкидланганидек, Ўзбекистон диёридан уч мингдан зиёд муҳаддислар етишиб чиққан.

Юртимизда фаолият олиб борган илк ҳадис мактаблари тарихи, муҳаддислар ўртасидаги алоқаларни ўрганиш, юртимиздан етишиб чиқиб, бир даврда яшаган буюк мутафаккир ҳамда алломалар ҳаёти ва маънавий меросини тадқиқ этиш бугунги кунда долзарб аҳамиятга эга. Шу билан бирга, алломаларимиз ҳаёти ва маънавий меросини кенг ўрганиб, ижтимоий ҳаётга тадбиқ этиб бориш, на фақат ўзбек халқи ва ёшлари, қолаверса, дунё мусулмон олами учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.

 

ШУКУРИЛЛО УМАРОВ,

Имом Бухорий халқаро илмий

тадқиқот маркази бўлим бошлиғи, т.ф.б.

 (PhD)

 

[1] Президент Ш.М. Мирзиёевнинг 2016 йилнинг 18-19 октябрь кунлари Тошкентдаги Симпозиумлар саройида “Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик йўли” мавзуида бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессиясида сўзлаган нутқи. Халқ сўзи, 2016 йил, 19 октябрь.

[2] Шарафуддин Али Яздий. Зафарнома. Нашрга тайёрлаш, сўз боши, изоҳ ва кўрсаткичлар А.Ўринбоевники. Масъул муҳаррир ф.ф.д. А.К.Арендс. – Т.: Фан, 1972. – Б. 345/163 а.

[3] Қаранг: Шамсуддин Заҳабий. Сийар аъломи-н-нубало. Ж. 12. – Б. 235.

[4] Прозоров С. Ал-Бухари //Ислам на территории бывшей Российской империи. Энцеклопедический словарь. Вып. 3. – Москва: Восточная литература, 2001. – С. 26.

[5] Жайёний Андалусий. Алқобу-л-саҳобати ва-т-тобиин фи муснадайни саҳиҳайни. Ж.1. –Б. 10.

[6] Доримий. Сунан. Байрут, Доу-л-Китоб. 1408 ҳ. 311-ҳадис.

[7] Нажмиддин ан-Насафий. Ал-қанд фий зикри уламои Самарқанд. / Самарқанд уламолари хотирасига доир қанд(дек ширин китоб)/. У. Темирхон ўғли ва Б.Набихон ўғли таржимаси. Т.: “ЎМЭ”. 2001.– Б.132.

[8] Умаров Ш. Абдулҳамид Кеший ҳаёти ва илмий мероси. Т.: Имом Бухорий нашриёти, 2013. – Б. 89.

[9] Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулғани Бағдодий. ат-Тақйид ли-л-маърифати равоти-с-сунани ва -л-асонид. Ж.1. –Б. 83.

[10] Камалиддинов Ш.С. Китоб ал-ансаб. - Б. 155.

[11] Абу Мансур Мотуридий. Китобу-т-тавҳид / Таҳқиқ Фатҳуллоҳ Халиф. – Искандария: Дору-л-жомияти Мисрия, 2008. – Б. 8. 383. (Бундан кейин: Мотуридий. Китобу-т-тавҳид.).

[12]Ўша асар. – Б. 10.

[13] Имом Аъзам. “Фиқҳу-л-Акбар” қўлёзма асарининг № 226 рақам остида Мадина шаҳри “Шайху-л-ислом” мактабасида сақланадиган нусхаси.

[14]Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад Насафий. Ал-қанд фий зикри уламои Самарқанд (Самарқанд уламолари хотирасига доир қанд(дек ширин китоб). – Б. 132.

[15] Uluslerarasi Sheyh Shaban Veli simpozyumu. Hanafeylik-Maturidiylik. – Turkey, Kastsmonu universiteti. 05-07 Mayis, 2017. Cilt 1. – S. 564.

[16] Алимов У. Имом ал-Бухорий баракоти. Мовароуннаҳр 2007. –Б.26-27.

 

 

Izoh qoldirish