20.12.2024

XIX–XX АСР БОШЛАРИДА ЎЗБЕКИСТОНДА ҲАДИС ИЛМИ

Қадим Турон диёри ислом тарихи даврида Моварауннахр номи билан дунёга кўплаб олим ва мутафаккирларни етиштириб берган ва юртимиз тарихида ўчмас ном қолдирган. Илм ва маърифат йўлидаги юртимиз олимлари Қуръони Каримдаги илмга буюрувчи оятлар ва Расули акрам (с.а.в) нинг илмга буюрувчи хадисларига амал қилган ҳолда диний илмлардан Қуръон, Хадис, Ақида, Фиқҳ ва Тасаввуф илмлари ривожига ўз ҳиссаларини қўшган бўлишса, аниқ ва табиий фанлар йўналишида алгебра, тиббиёт, ҳандаса, доришунослик илмлари ривожига ўз ҳиссаларини қўшишган.

Илк ўрта асрларда ривожланган ҳадис илмлари XIX–XX аср бошларида ҳам ривожланишда давом этди. Хусусан, кўпгина муаллифлар ўзлари ёзган асарларига ўз исмларини ҳам ёзишмаган. 1816 йилда муаллифи ёзилмаган катта бўлмаган ҳадислар тўплами араб тилида ёзилган[1].

Хадислар тўпламидан парчалар ёзиш ҳам урф тусини олган бўлиб, 1816 йилда араб ва тожик тилларида ёзилган “Ҳадислар тўпламидан парча” (کتاب األحادیث) асарининг муаллифи ҳам асар қўлёзмасида ўз исмини келтирмаган[2].

1818 йилда форс тилида хадислардан парчалар ёзилган асарнинг номи ҳам келтирилмаган ҳолда муаллифнинг ҳам номи келтирилмаган[3].

1839 йилда араб ва тожик тилларида ёзилган “Ҳадиси шарифларнинг шарҳи ва ваъзлари” асарининг ҳам муалифи асарда ўз номини келтирмаган[4].

1865 йилда “Ҳадиси қудсийлар” тўпламининг муаллифи ўз номини келтирмаган[5].

1878 йили Қўқонда ёзилган қирқта саҳиҳ ҳадислар асари ўзбек ва тожик тилларида ёзилган бўлиб, асар муаллифи ҳам ўз асарида номини қайд қилмаган[6].

Яна бир ҳадислар тўплами араб тилида 1887 йилда ёзилган бўлиб, ушбу асар муаллифи ҳам ўз номини келтирмаган[7].

Ушбу асарлар каби XIX асрда ёзилган ҳадислар мажмуаси 1891 йилда араб тилида[8], 29 та араб тилидаги ҳадислар матни[9], араб тилида ёзилган қирқ ҳадис[10], араб тилида ёзилган ҳадис китоби[11], араб тилида ёзилган ҳадислар тўплам[12]лари ёзилган.

Бу каби асарлар муаллифлик аҳамиятига эга бўлмасдан балки ёзилган асарлардан маълум бир қисмларини кўчириб ёзишган котиблар ўз номларни ҳам келтиришмаган. Бу каби мажмуаларни кўчириб ёзувчи котиблар китобхонлар ўқиши учун қулай бўлишини ва маълум бир мавзудаги ҳадисларни жамлашга ўз эътиборларини қаратишган. Мажмуалар тузилган даврда мажмуа тузувчи котиблар бу ишни қилишдан катта савоб умидида бўлишиб, мажмуада ўз номларни қайд қилишса нокамтарлик бўлади ва савобдан бебаҳра қолинади деган эътиқодий қарашда бўлишган.

XIX–XX аср бошларида ҳадисларга бағишланган асарлар қайта кўчирилган ва араб тилидан форс тилига ёки форс тилидан туркий тилга таржима қилинган. Ушбу усулдаги асарлар ёзилиши натижасида бир қанча муаллифлик асарлари кўпайган.

1815-1816 йилларда араб ва форс тилларида ёзилган ҳадислар таржимасининг муаллифи IIIайх Сулаймон Турбатийдир[13].

“Фақирларнинг фазилати” тўғрисидаги қирқта ҳадисни тўплаган муаллиф Али бин Шаҳоб ал-Ҳамадоний 1829 йилда асарни тожик тилли ўқувчиларга мўлжаллаб таржима қилган[14].

Яна Али бин Шаҳоб ал-Ҳамадоний тарафидан ҳадисларга бағишланган мажмуа “Қирқ жавоҳир” деб номланиб, 1829 йилда араб ва тожик тилида ёзилган[15]. Ушбу муаллиф томонидан яна ўша йилда тожик тилида қирқ ҳадис мажмуаси ёзилган[16].

Араб-тожик тилида 1839 йилда ёзилган “Ваъз ва ҳадиси шарифлар шарҳи” деб номланган асар муаллифи ҳам ўз номини келтирмаган[17].

Мир шайх ибн Нуриддин Муҳаммад Пуроний тарафидан 1878 йилда қирқ ҳадис мажуаси ҳам тожик тилида ёзилган[18].

Ундан ташқари Саййид Аҳмад Васлий Самарқандий тарафидан 1908 йилда араб ва тожик тилида “Мағрурга танбеҳ”[19] номли ҳадислар тўплами ва Боситхон Зоҳиджон ўғли тарафидан 1910 йилда ўзбек тилида “Нурлар чироғи”[20] номли ҳадислар мажмуаси ёзилган.

XIX–XX аср бошларида хадисларни ёдлашга қизиқиш катта бўлганлиги Расулуллоҳ (с.а.в.) нинг суннатларини тирилтиришга бўлган эътиборни билдиради. Ушбу эҳтиёжни қондириш орқали савоб умидида бўлган саводли инсонлар ҳадислардан бирор мавзудагисини ажратиб, кўчириб, ёзишган.

Ундан ташқари Расулуллоҳ (с.а.в.) нинг ҳадиси шарифларига амал қилиш мақсадида қирқта ҳадисни ёдлашга ва унга амал қилишга интилувчиларнинг эҳтиёжини инобатга олиб, қирқ хадис мажмуасини ёзиш анъанаси бўлган. Қирқ ҳадис ёзиш анъанасини биз IX–XII асрлардаги Ўзбекистоннинг илм ва фан тараққиёти даврида кузатиш билан бирга, А.Навоий ва З.М. Бобур ижодида ҳам кузатишимиз мумкин. Ушбу анъана сўнгги ўрта асрларда ҳам давом этган ва ҳадис илми ва амалиётига қизиқиш юқори бўлган.

Биз томонимиздан аниқланган бундай асарларнинг қўлёзма жамғармаларида сақланиши, ҳадисларга оид мажмуалар ўз даврида эҳтиёждан келиб чиқиб кўплаб миқдорда ёзилганидан далолат беради.

Юртимиз аҳолисининг тожик ва ўзбек тилли эканлиги инобатга олиниб, кўплаб бошланғич мактаб битирувчилари араб тилини билмаганлиги сабабли, ҳадиссевар китобхонлар учун ҳадислар араб тилидан тожик ва ўзбек тилига таржима қилинган, баъзи тушуниш қийин бўлган ҳадисларга шарҳлар ёзилган.

Бухоро амирлиги таълим тизимида ҳам ҳадис илми ва ҳадис ёдлаш фан сифатида ҳам қўйилиб, мадраса битирувчилари битирганлик ҳақидаги гувоҳномани олиш учун ҳадислардан, хусусан, ҳадис илмининг султони имом ал муҳадиссийн бўлган ютрдошимиз Имом Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийнинг “Ал-жомеъ ал-Саҳиҳ” асаридан имтиҳон топширишган.

Бунинг далилини Бухоро амирлигига тегишли ҳужжатларда кўришимиз мумкин. Амирликда қози, раис, муфтий ва мударрислар таъйинланганда уларнинг илмларига, бошқа салоҳият ва иқтидорларига баҳо беришда ҳадис илмини қанчалик яхши эгаллаганликларига ҳам баҳо берилиб, лавозимга тавсия қилинган.

XIX-XX аср бошларига тегишли Бухоро амирлигига оид ёрлиқларда амирликдаги бир қанча мансабларга таъйинлаш юзасидан Бухоро амирларининг буйруқлари ўз аксини топган. Жумладан, муфтий, раис ва қозиларни турли ҳудудларга таъйинлаш юзасидан Бухоро амирлари бўлган амир Хайдар, амир Музаффархон, амир Абдулаҳадхон ва амир Олимхонларнинг ёрлиқларини кўришимиз мумкин. Ушбу мансаблардаги мансабдорлар амирликдаги ҳуқуқий тизимни бошқариш ва назорат қилиш вазифаларига масъул бўлган.

Жумладан, муфтий (арабча - “фатво берувчи”) ларнинг диний-ҳуқуқий масалаларни изоҳлаш, талқин қилиш, шариат (ислом қонунчилиги ва мусулмон ҳуқуқи) ни амалиётга татбиқ этиш вазифасини бажарган. Бухоро амирлигидаги муфтийларнинг вазифасига даъво қилувчи ва жавобгарнинг қилган хатти-ҳаракати юзасидан шариат манбалари бўлган Қуръони Карим, Ҳадиси Шариф, ижмоъ ва қиёсда келган баёни асосида ривоят тайёрлаш бўлган. Даъвогар ва жавобгар муфтий тарафидан тайёрланган, ривоят ёзилган ҳужжатни тавсия қилишган ва ушбу ривоят асосида суд қарорини эълон қилган. Бухоро амирлигида муфтий – қонуншунослар ҳузурида фаолият олиб боришиб, улардан бири ҳузурида муҳаррир (котиб) фаолият олиб борган. Муҳаррирлар ҳам қозихоналар қошидаги махсус хона (муфтийхона) да навбат билан ишлашган. Муҳаррирлар шариатнинг асосий меъёрлари билан таниш бўлган. Уларнинг вазифаларидан бири маҳзар-ривоят тузиш бўлган, яъни даъвогар ва жавобгарнинг мурожаатларига муфтийнинг шариат ҳукмига кўра берган ёзма хулосаларини тузиб берган. Амирликда кўплаб муфтийлар бир вақтнинг ўзида мударрислик ёки муфтийлик билан бирга, раислик вазифасини ҳам бажаришган.

Жумоду алаввал ойининг 6-куни, 1245 ҳижрий сана (1829 йил 3 ноябрь) да Абу Алмузаффар ва Алмансур Саййид Амир Насруллоҳ Баҳодур Султон номидан дору алфохираи Бухорои Шарифдаги “Ситораи мохи хоса” мадрасасида мударрислик ва муфтийлик мансабида бўлган охунд мулло Давлат муфтийнинг ўрнига фазилат ва фақоҳатпаноҳ охунд Муҳаммадшариф Махзум Судурни устозлардан фатво (муфтийлик) ёзишлик вазифаси мамурлигидан қайтариб, “Ситораи мохи хоса” мадрасасига мударрис ва ўша ҳудуд муфтийлигига мансуб кўрилгани тўғрисида ёрлиқ чиқарилган[21]. Ушбу ҳужжатда мадраса мударрислиги ва ўша ҳудуд муфтийсини ўз вазифасидан озод қилиш ва унинг ўрнига бошқа муносиброқ мутахассис тайинлангани маълум бўлади. Янги тайинланган номзод то “Ситораи моҳи хоса” мадрасасига мударрис ва ўша ҳудудга муфтий қилиб тайинлангунча ҳам муфтий вазифасида фаолият олиб борган.

Ҳуқуқшунос мутахассислардан яна бири раис бўлиб, у “шаръий мурофаъа”, яъни масжидлар ва бозорларни текшириб, шу ўлка аҳлидан бўлмиш мусулмонлар аҳволини назорат қилган. Ўнлаб мирзолар, муҳаррирлар, ноиб ва хизматкорлар доим қишлоқ ва бозорларда юриб, маъмурият ишларини ижро этган. Раис ҳам ривоят ҳозирлаб, низо ва баҳсли масалаларни амир номидан ҳал қилган[22]. Раислар муҳтасиб вазифасини амалга оширган. Муҳтасиб ўрта асрларда мусулмон давлатларида ислом тартиблари, урф-одатлари ва шариат қонунларининг бажарилиши, одамларнинг жамоат жойларида юриш-туриши устидан назорат қилувчи амалдор. Муҳтасиб қонун тизимига хос мансабдор шахслар тоифасига кирган. Ўрта Осиёда улар раис деб аталган. Муҳтасиблар бозорлардаги нарх-наво ва ўлчов асбобларининг тўғрилиги устидан назорат қилиш, урф-одатларнинг бажарилишини кузатиш, диний вазифаларини бажармаган кишиларни жазолашга хукм чиқариш кабилар билан шуғулланган. Бухоро амирлигида бош муҳтасиб, яъни раиси калон (амирликдаги бош раис бўлиб, вилоятлардаги барча раислар унга бўйсунган) шайх ул-ислом ва муфтийдан кейин учинчи мансаб ҳисобланган. Раислар мусулмонларнинг беш маҳал намоз учун масжидга боришини, сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг ҳалолллигини ва ҳалол маҳсулотдан шариат белгилаган тартиблар асосида тайёрланишини, мактаб ва мадрасаларда дарс жараёнини, рўза ойларида одамларнинг рўзадорлигини, рўза ойларида овқатланаётганларнинг узрли сабаби борлигини, шомдан кейин аёлларнинг маҳрамсиз кўчага чиқишига шаръий сабаби борлигини, бозорлардаги тарозиларнинг тўғрилигини, бозорларни ношаръий маҳсулотлар сотилишини олдини олишни, шариат тақиқлаган наркотик каби маҳсулотлар сотилмаслигини, шариат таъқиқлаган баччалар рақсини томошаси уюштирмаслигини, хонадонларда қиморбозлик, маст қилувчи ичимликлар ичиш учун яширинча йиғилганларни топиш, бола ва ўсмирларни мактаб ва мадрасаларда ўқишга даъват қилиш, мадрасани тамомлаган ўқувчиларни йиғиб дарс беришга даъват қилиш ва шароит яратиш каби вазифалар билан шуғулланган.

Ҳижрий 1288 сана (1871 й.) нинг Муҳаррам ойида амир Музаффархон тарафидан эълон қилинган ёрлиқда фазилатпаноҳ мулло Самиъ Хатирчи вилоятига муҳтасиб (раис) этиб тайинланган. Ёрлиқ матнида мулло Самиъ Хатирчи вилоятидаги кичик, ўрта ва катталарига бир хил муносабатда бўлиши, раъоя (фуқаро) ни ҳолидан хабардор бўлишлиги таъкидланган. Шу билан бирга, вилоят аҳолиси ҳам мулло Самиъни давлат даражасидаги амалдор сифатида ҳурматини жойига қўйиб, мансабига яраша муомала қилиши, давлат амалдори сифатида итоат қилишлари, шариат доирасида муаммо юзага келганда ушбу таъйинланган муҳтасибга мурожаат қилишлари ҳам таъкидланган[23]. Ушбу ҳужжатда расиларнинг касб этикаси билан бирга, фуқароларнинг ҳам давлат хизматчисига унинг мансабига яраша ҳурмат билдириши уқтирилган.

Ҳижрий 1311 сана (1894 йил) нинг Ражаб ойида Абдуллоҳ амир Саййид Абдулаҳад Баҳодур Султон номидан чиқарилган ёрлиқ мазмунидан фазилатпаноҳ дуогўй мулло Муҳаммадзарифни раисликка лойиқ киши бўлгани учун Бухоро амирлиги Қарши вилоятига ихтисоб (ишки ишлар бошқармаси) ва ифто (фатво бериш) ишларини бажариш учун тайинлангани маълум бўлади. Ёрлиқда ушбу шахс вилоят аҳолисини барча шаръий яхшиликларга буюриши ва ёмонликлардан очиқчасига қайтариши, хусусан, инсонларни жамоат намозига ва болаларни мактабга тарғиб қилиши, жамоат намози ва мактабларни жорий ва барпо қилиши, шарафлиларни, ўртаҳолларни ва кичикларни шариатга яхшилик билан риоя қилишини таъминлаши, никоҳда ўзи гувоҳ бўлиши ёки муллоларни гувоҳликка юбориши, шариатга тажовуз қилса (қонунни бузса) амалидан бўшатилиши уқтирилган[24]. Ушбу ёрлиқда раиснинг вазифалари давлат раҳбари тарафидан аниқ кўрсатиб берилган. Мухтасибнинг вазифасига тайинланган ҳудудда қонун бузилишини олдини олиш, аҳоли тинчлигини таъминлаш ва ношаръий ишлар бўлишига йўл қўймаслик ишларига масъул бўлиш билан бирга, ижтимоий тарғиботни ҳам амалга ошириши лозим бўлганлиги билинади. Шу билан бирга, икки мансабга бир киши тайинланиши ва касб этикаси ҳақида маълумотлар олиш мумкин.

Бухоро амирлигида баъзи этник жамоалар ўзлари учун алоҳида раис талаб қилишган. Бунга бу этник жамоалар чорвадорлик билан кўчманчи, ярим кўчманчи ёки ярим ўтроқ ҳаёт тарзини кечиришганликлари сабабли тақозо қилган бўлиши мумкин. Давлат раҳбари ҳам бу этник жамоаларнинг талабини доимий равишда қондириб келган. Бунинг ўзи ҳам давлатда адолатли ва тенгҳуқуқли бошқарув ва сиёсат юргизилганлигидан далолат беради. Масалан, амирга бир неча қозилик ва раислик мансабларига мутахассисларнинг номзоди тавсия қилинган аризада Қўнуш жамоасига раислик қилиш учун Карки вилояти раиси фазилатпаноҳ мулло Абдуисломнинг номзоди тавсия қилинган. Мулло Абдуислом Карки вилоятида раислик вазифаси билан ушбу Қўнуш жамоасига ҳам раислик вазифасини биргаликда бажариши тавсия қилинган[25].

Ҳуқуқшунос мутахассислардан яна бири қози бўлиб, амирликдаги ҳар бир вилоятга алоҳида вилоят қозиси тайинланган. Ундан ташқари, катта туманларнинг бир нечтасига алоҳида қози тайинлаш усули ҳам бўлган. Қози (араб. – “ижро этувчи, ҳукм чиқарувчи”) лар ўз мутахассисликларига кўра мусулмон давлатларида ҳукмдор томонидан тайинланиб, шариат асосида суд вазифасини бажарувчи, судья, шаръий маҳкама раиси вазифасини бажаришган. Дастлаб қозиларни Муҳаммад (с.а.в.) Пайғамбар, ундан кейин халифа Умар (р.а.) тайинлаган. Хулофои рошидин даврида қозилар фақат фуқаролик ишларини кўриб чиқган, жиноий ишларни ҳал қилиш халифа ёки вилоят ҳокимларининг ваколатига кирган. Жавобгар юксак мақом эгаси ва иқтидорли киши бўлганда унга тегишли иш мазолим қозиси (мазолим волиси) га топширилган. Шикоятлар билан шуғулланувчи бу идорага давлат раҳбари ёки у тайинлаган обрўли киши бошчилик қилган. Мазолим судида даъвогар ва жавобгардан ташқари қозилар, муфтийлар, салоҳиятли котиб, ички ишлар раҳбарлари, хавфсизлик ходимлари иштирок этган. Мазолим қозиси ҳокимлар, давлат мулозимлари, солиқчилардан шикоятлар бўйича ишларни, зўравонлик билан тортиб олинган шахсий мулк ёки вақф мулкларига оид ишларни, бошқа қозилар чиқарган қарорларнинг бажарилмаслиги ҳоллари, кўпчилик манфаатига қарши қилинган тажовузларга доир ишларни кўриб чиқган. Исломнинг илк даврларида қозилар мусулмон бўлмаган фуқароларнинг ишларини уларнинг диний китоблари (Таврот, Инжил) асосида ҳал қилган. Қозининг ҳукми устидан халифага шикоят қилиш мумкин бўлган. VIII асрнинг 2-ярмида аббосийлар давлатида олий қози - “ал-қуззот” лавозими жорий қилинган. Бу юқори лавозимга ханафийлик мазҳаббошиси Абу Ханифанинг шогирди Абу Юсуф Яқуб ибн Ибрахим аль-Ансорий аль-Куфий тайинланган.

Амалда қози лавозимини ўз обрўсига доғ туширмаган, илмли, идрокли ва шариат қонунларини етарлича биладиган, яққол кўриниб турган жисмоний нуқсони бўлмаган соғлом ва одил ҳар бир эркин (қул бўлмаган) мусулмон эгаллаши мумкин эди. Қози давлат ғазнасидан таъминлаб турилган. Баъзан қози умумий ваколатга эга бўлиб, бутун мамлакат бўйича ҳукм чиқара олган, баъзан унинг ваколати бир вилоят ёки шаҳар ҳудуди билан чекланган. Қози ўз шаҳри ёки вилоятидаги барча фуқаролик ва жиноий ишларни олиб бориш, жамоатчилик ахлоқи сақланишини назорат қилиш, зарур бўлган тақдирда одамлар ва мулкка васийликни тайинлаш, вақф мулкларини назорат қилиш, жамоат бинолари ва иншоотлар, йўллар, кўчалар ва майдонларнинг ҳолатини кузатиб туриш, мерос бўлинишини ва васиятга риоя қилинишини, қозилик ҳукмлари тўғри бажарилиши ва тўғри жазо белгиланишини кузатиш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва қамоқхона нозирларини назорат килиш, закот, садақа ва бошқа жамоат маблағлари тўғри йиғилиши ҳамда тақсимланишини кузатиб бориш, зарбхона, байтулмол (давлат хазинаси) ни назорат қилиш каби ишларни бажарган. Қўшинлар қозиси қўлга киритилган ҳарбий ўлжани баҳолаши ва унинг тўғри тақсимланишини кузатиши керак бўлган. Бунинг учун у ҳарбий ҳуқуқни яхши билиши лозим эди. Айрим ҳолларни ҳисобга олмаганда қозилар асосан фақиҳлар орасидан чиққан.

Қози мансаби Бухоро амирлигида ҳам муҳим лавозим бўлиб, қозилар ҳуқуқшунос сифатида суд ишларини амалга оширган. Амирликда қози тайинлаш тўғрисидаги амир ёрлиғида қозиларнинг вазифалари, уларнинг касб этикалари, фуқаролар қозини давлат тарафидан тайинланган судя сифатида кўришлари ва ўз касбини суиистеъмол қилмаслик тўғрисида кўрсатмалар уқтирилган.

Амир Саййид Абдулаҳад Баҳодур Султон номидан 1318 ҳижрий сана (1900 йил) нинг Ражаб ал-Маржаб ойида чиқарилган фазилатпаноҳ мулло Саъдуллоҳ Судурни Комот туманида қозилик ишларини бажаришга буюрилгани тўғрисидаги ёрлиқда, туман аҳолиси ушбу шахсни нофиз алҳукм қозиси деб билишлари, барча ишларни шаръий ҳал қилишда дору ал-қазога боришлари, қози ҳам ўз навбатида, вазифасини бажаришда шариъатга мувофиқ иш кўриши, никоҳ, мерос тақсимлаши, мусулмондан мусулмонни ҳаққини ундириб бериши, барча ишларни китобга расмийлаштириши, мажнун ва етимнинг мулкини сақлашда васиқа бериши, ижарани расмийлаштирганда 1000 тангалик ишдан 5 танга олиши жоизлиги ва ортиқча талаб қилмаслиги, лақта[26] ва тарака (мерос тақсимоти) байт ул-мол (давлат хазинаси) га келса, байт ул-молнинг вакилига етказиши, никоҳ бўлган жойда ўзи мубошир (бошлиқ; бу ерга иштирок этиб расмий қайд қилиш маъносида келган) бўлиши ёки толиби илмлардан никоҳга тааллуқли масалаларда олим бўлса, уни юбориши, никоҳда 2 шарт маълум бўлса ортиқча шарт қўймаслиги, кимса агар 2 шартдан ортиқча талаб қилса, уни ман қилиши, никоҳонани беришга қодир бўлса, никоҳда манкуҳа (келин) бокира бўлса, ноких (куёв) дан 10 танга олиши, барча ишларда шариатга тажовуз қилмаслиги, агар тажовуз қилса, азл (бўшатилиши) қилиниши таъкидланган[27].

Қозилик мансабига бирор бир шахснинг номзоди тавсия қилинаётганда, амалда ўз вазифасини бажараётган қозининг ишдан бўшатилиши сабаблари ҳам келтирилган.

Кўлоб вилояти раҳбарияти тарафидан амирга юборилган тавсинома аризасида Кўлоб вилояти қозиси мулло Мирфатхуллоҳхўжанинг соғлиги ёмонлиги, касалликдан шишганлиги ва қулоғи оғирлашганлиги, уни икки киши зўрға кўтариб қийналиб қолинганлиги, вилоятда қозилик ишлари қолиб кетаётганлиги сабабли қозининг мулозими ғиждувонлик шогирди мирзо Тош исмли шахсни барча ишларни ўз жойида бажараётганлиги сабабли ушбу шахсни қозилик вазифаси учун номзоди амирга тақдим қилинган[28]. Ушбу ҳолатда Кўлоб вилояти маъмурияти сифатида вилоят ҳокими ва вилоят раиси амирга ариза билан мурожаат қилиб қозиликка тавсия қилинаётган номзодни тавсия қилиши мумкин ва қозиликка тавсия қилинаётган шахс ҳақида имкон қадар тўлиқ маълумот бериши лозим бўлган.

Одатда, қозилик мансабига тайинланиш учун мадраса битирувчилари бирор қози ёки раис ҳузурида шогирдпеша сифатида амалиёт ўташи лозим бўлган. Аммо, қозиларни тайинлаш амалиётида кичик ҳудудларга мадрасанинг битирувчилари (амалиёт ўтамаган) ҳам қозилик мансабига тайинланган.

Мулло Мирбадриддин қози калон тарафидан тавсиянома аризасида Қарнаб мавзесига қозилик мансабига муносиб номзодлар сўралгани учун Кармана олий мадрасаси битирувчиси мулло Мирикромни номзоди тавсия қилинган[29].

Қози калоннинг амирга ёзган тавсиянома аризасига кўра, Парвардий жамоасига мулло Одина Назар, Кўнуш жамоасига мулло Чаҳорёқул, Қизилоёғ жамоасига мулло Назир Қилични қозилик мансабига, Карки вилояти раиси фазилатпаноҳ мулло Абдуисломга Кўнуш жамоаси раислик мансабини ҳам қўшиб топширишни тавсия қилинган[30]. Ушбу ҳужжат мазмунидан баъзи этник жамоаларга алоҳида ва жамоа вакиллари маъқуллаган шахсларнинг номзодлари қозилик вазифасини бажариш учун тавсия қилингани маълум бўлади. Бу ҳудудлардаги жамоаларнинг хоҳишидан келиб чиққан ва амир ҳам уларнинг хоҳишини инобатга олиб ёрлиқ билан тасдиқлаб берган.

Бухоро амиридан Қоракўл туманига раис мансабига уч нафар номзоддан бир нафар номзодни тавсия қилиш учун кўрсатма олган Бухоро амирлиги қози калони мулло Абдушукур Бухоро амирлигининг олий аркида хизмат қилаётган сахиҳхонлардан ёши каттароғи, ақиллиси, қадами зоҳир алислоҳ, камтарин, давлат хизматига пайваста бўлган мулло Юнуснинг номзодини тавсия қилиб, амирнинг ихтиёрига ҳавола қилган[31].

Ушбу ҳужжат мазмунини таҳлил қиладиган бўлсак бир неча қозиликка тавсия қилинаётган номзодларнинг барчаси саҳиҳхон (ҳадис илмида айнан имом Бухорийнинг “Ал жомеъ ас-Сахиҳ” асари юзасидан билимдон) эканлиги ва уларнинг ёши улуғи бирламчи номзод сифатида раислик мансабига тавсия қилинган.

Мадраса мударрислигига тавсия қилинувчи мутахассисларнинг ҳам ҳадис илмида маълум мавқеъни эгаллаганини муҳим бўлганлиги сабабли мударрисликка номзодларга берилган тавсияномаларда мутахассисларнинг саҳиҳхон эканлиги қайд этилган.

Бухоро амирлиги қози калони амирга ариза билан мурожаат қилиб, таълим муассасаларига мударрисликка номзодлар номини тавсия қилган. Гўрхона ҳудудида жойлашган ҳужралар мударриси мулло Азимхўжа бошқа мадрасага мударрисликка муносиб кўрилганлиги сабабли унинг жойига мударрисликка саҳиҳхон мулло Абдулбоқийнинг номзодини тавсия қилган. Мулло Абдулбоқий ушбу лавозимда ишласа унга 3 тилло маош белгиланиши қайд этилган. Бунга қадар, мулло Абдулбоқий 18 тилло эвазига мударрислик қилган. Мулло Абдулбоқий саҳиҳхоннинг ўрнига ишдан бўшатилган раис мулло Довудхўжа умид қилганлиги сабабли унинг ўрнига тавсия қиинган[32].

Ушбу ҳужжат мазмуни таҳлил қилинганда саҳиҳхон мулло Абдулбоқий олти баравар кам маош эвазига ўз лавозимини ўзгартиргани маълум бўлади.

Умуман олганда, XIX–XX аср бошларида ҳадисларга бўлган қизиқиш ва унга амал қилиш тўхтамасдан, ривожланишда давом этган. Амирликда қози, раис, муфтий ва мадраса мударрислигига тавсия қилинувчилар ҳадис илмида энг юқори турувчи “Ал-жомеъ ас-Сахиҳ” асари билимдони бўлиши талаб қилинган.

 

ИКРОМЖОН АЗИЗОВ,

Perfect университети

гуманитар фанлар кафедраси доценти

 

[1] Қўлёзма. ЎзР ФА Абу Райхон Беруний номидаги Шарқшунослик институти. №1494/VII.

[2] کتاب األحادیث (Ҳадислар тўпламидан парча). Қўлёзма. ЎзР ФА Абу Райхон Беруний номидаги Шарқшунослик институти. №1494/VIII.

[3] Қўлёзма. ЎзР ФА Абу Райхон Беруний номидаги Шарқшунослик институти. №3211/V.

[4] مواعظ و شرح احادیث شریفة. (Ҳадиси шарифларнинг шарҳи ва ваъзлари). Қўлёзма. ЎзР ФА Абу Райхон Беруний номидаги Шарқшунослик институти. № 8419/II.

[5] احادیث قدسية . (Қудсий ҳадислар). Қўлёзма. ЎзР ФА Абу Райхон Беруний номидаги Шарқшунослик институти. №1756/V.

[6] Қирқта саҳиҳ ҳадис. Қўлёзма. ЎзР ФА Абу Райхон Беруний номидаги Шарқшунослик институти. №4535/V.

[7] األحادیث. (Ҳадислар). Қўлёзма. ЎзР ФА Абу Райхон Беруний номидаги Шарқшунослик институти. №2745/VIII.

[8] 1873/IX.

[9] متن الحادیث . Қўлёзма. ЎзР ФА Абу Райхон Беруний номидаги Шарқшунослик институти. №4535/IV.

[10] کتاب الحدیث. Қўлёзма. ЎзР ФА Абу Райхон Беруний номидаги Шарқшунослик институти. №2694/XIV.

[11] کتاب الحدیث. Қўлёзма. ЎзР ФА Абу Райхон Беруний номидаги Шарқшунослик институти. №2694/XV.

[12] مجموعة الحدیث. Қўлёзма. ЎзР ФА Абу Райхон Беруний номидаги Шарқшунослик институти. №79/III.

[13] ترجمة االحدیث. (Ҳадислар таржимаси). Қўлёзма. ЎзР ФА Абу Райхон Беруний номидаги Шарқшунослик институти. №10174/I.

[14] Али бин Шаҳоб ал-Ҳамадоний. اربعون حدیثا فى فضل الفقراء الصادقين. (Фақирларнинг фазилати тўғрисида қирқ ҳадис). Қўлёзма. ЎзР ФА Абу Райхон Беруний номидаги Шарқшунослик институти. №480/XXVIII.

[15] Али бин Шаҳоб ал-Ҳамадоний. اربعون الآللى. (Қирқ жавоҳир). Қўлёзма. ЎзР ФА Абу Райхон Беруний номидаги Шарқшунослик институти. №480/XXIX.

[16] Али бин Шаҳоб ал-Ҳамадоний. چهل حدیث. (Қирқ ҳадис). Қўлёзма. ЎзР ФА Абу Райхон Беруний номидаги Шарқшунослик институти. №480/XXX354.

[17] مواعظ و شرح احادیث شریفة. Қўлёзма. ЎзР ФА Абу Райхон Беруний номидаги Шарқшунослик институти. №8419/II.

[18] چهل حدیث. (Қирқ ҳадис). Қўлёзма. ЎзР ФА Абу Райхон Беруний номидаги Шарқшунослик институти. №4535/II.

[19] زجر المغرور. (Мағрурга танбеҳ). Қўлёзма. Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси. №КП 5667/II.

[20] مصباح االنوار. (Нурлар чироғи). Қўлёзма. ЎзР ФА Абу Райхон Беруний номидаги Шарқшунослик институти. №604.

[21] Ўзбекистон Миллий архиви. И 126-жамғарма, 1-рўйхат, 4-йиғма жилд, 11-варақ.

[22] Муҳаммадали Балжувоний. Тарихи Нофеъий. Тожик тилидан таржима, сўзбоши ва изоҳлар муаллифлари Шодмон Воҳидов, Зоир Чориев. – Тошкент: Академия, 2001. 29-бет.

[23] Ўзбекистон Миллий архиви. И-126-жамғарма. 1-рўйхат. 5-йиғма жилд. 1-варақ.

[24] Ўзбекистон Миллий архиви. И-126-жамғарма. 1-рўйхат. 6-йиғма жилд. 14-варақ.

[25] Ўзбекистон Миллий архиви. И 126-жамғарма. 1-рўйхат. 10-йиғма жилд. 5-варақ.

[26] Лақта – меросхўри бўлмаган ҳолатда марҳумнинг мулкини маҳаллий аҳоли вакиллари билан биргаликда ҳисоблаб, мулкни хазинага топширган. Меросхури бўлмаган кишиларнинг мулки шариъатга кўра давлатга тегишли бўлади. Меросхўри бўлмаганда марҳумнинг мулки лақта ҳисобида хазинага топширилганлиги ҳолати мусулмонларга ҳам баробар қўлланилиши ушбу бобдаги тўловлар бўлимида келтирилган.

[27] Ўзбекистон Миллий архиви. И 126-жамғарма. 1-рўйхат. 6-йиғма жилд. 21-варақ.

[28] Ўзбекистон Миллий архиви. И 126-жамғарма. 1-рўйхат. 10-йиғма жилд. 1-варақ.

[29] Ўзбекистон Миллий архиви. И 126-жамғарма. 1-рўйхат. 10-йиғма жилд. 4-варақ.

[30] Ўзбекистон Миллий архиви. И 126-жамғарма. 1-рўйхат. 10-йиғма жилд. 5-варақ.

[31] Ўзбекистон Миллий архиви. И 126-жамғарма. 1-рўйхат. 11-йиғма жилд. 7-варақ.

[32] Ўзбекистон Миллий архиви. И 126-жамғарма. 1-рўйхат. 1990-йиғма жилд. 18-варақ.

 

Izoh qoldirish