20.12.2024

МОВАРОУННАҲРДА ҲАДИС ИЛМИ, ТАЪЛИМИ ВА ТАҲСИЛИ

VII асрнинг биринчи ярмида Арабистон ярим оролида Ислом дини вужудга келди. Ислом Марказий Осиёга мазкур юз йилликнинг ўрталаридан бошлаб босқичма‐босқич, турли йўллар билан кириб келди.

651 йилда, халифа Усмон розияллоҳу анҳу даврида Хуросон ўлкасининг пойтахти Марв (Туркманистон) шаҳри фатҳ этилди. Шу ердан туриб Амударёнинг нариги қирғоғидаги жойлар, яъни араб тилида “Мовароуннаҳр” деб ном олган бугунги Ўзбекистон заминини фатҳ қилиш ҳаракатлари бошланган.

Шу тариқа, Aмударё ва Сирдарё оралиғидаги ерлар арабча – “Мовароуннаҳр” – “дарёнинг нариги томони” номини олди. Сирдарёнинг шимолидаги ҳудудлар “Арози ат-турк” (“Турклар ерлари”) деб номланди. Мазкур икки ҳудудда исломлашув жараёнлари турли хилда кеча бошлади.

Биринчи босқичда қадимги Хуросон ва Мовароуннаҳр воҳаларидаги ўтроқ аҳоли, кейинги босқичда, Туркистоннинг чўл ва дашт ҳудудларида истиқомат қилувчи кўчманчи аҳоли исломни қабул қилди.

Халифа Усмон розияллоҳу анҳунинг ўғли, уммавийлар халифалигининг Хуросон волийси Саъид ибн Усмон 676 йилда дарёни кечиб, Мовароуннаҳрни эгаллашга киришди. Пайғамбар алайҳиссалом амакисининг ўғли Қусам ибн Аббос розияллоҳу анҳу Самарқандни қамал қилган мусулмонлар қўшини сафида иштирок этган. У 677 йилда Афросиёб қалъаси ҳудудида суғдийлар билан бўлган жангда шаҳид бўлган.

Мовароуннаҳрга ислом дини кириб келиши билан диний таълим ва у билан боғлиқ илмлар ҳам ривожлана бошлади. Айниқса, диний ва дунёвий илмлар узвий ҳолда тараққий этди. Айнан, шу даврдан бошлаб, ҳудудларда мактаблар ва мадрасалар пайдо бўла бошлади.

Мовароуннаҳр диёридаги дастлабки ҳижрий илк уч асрда таълим масканлари сифатида куттоб (мактаб) лар, масжидлар, мадрасалар, мунозара мажлислари, работлар ва хонақоҳлар фаолият юритганини кўришимиз мумкин.

Масжидларда ҳадис таълими

Тарихдан маълумки, масжидлардан фақатгина ибодат қилиш учунгина эмас, балки илм таҳсил қилинадиган илмий марказ сифатида ҳам фойдаланилган. Ислом тарихи пайдо бўлганидан эътиборан Қуръон, ҳадис ва фиқҳ каби диний илмлар ҳижрий биринчи асрдан бошлаб, аста-секин масжидларда ўқитила бошланиб, ҳижрий иккинчи ва учинчи асрларга келиб етуклик даражасига етди. Бухоро ва Самарқанддаги жомеъ ва масжидлар ҳадис таҳсили ва таълими амалга ошириладиган масканлар эди. Бу жойларда муҳаддислар ҳадис ривояти билан шуғулланарди. Шу тариқа жомеъ ва масжидлар бу ҳудудда ҳадис илмининг ривожланишига ҳисса қўшган эди[1].

Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий ундан махсус ҳадис ривоят этишини сўраган маъмурият ходимига одамларнинг эшиги олдида дарс бермаслигини, агар улар ҳадис дарсини олишни хоҳласалар, масжидга келишлари кераклигини айтганди[2].

Абул Ҳасан Али ибн Аҳмад ибн Муҳаммад Аттор Самарқандий муҳаддис олимлардан бўлиб, Самарқанддаги Салм кўчасида жойлашган Абу Аббос масжидининг масъул (бошқарувчиси) и эди. 994 йилда Абу Асмар Ҳасан ибн Салм билан бирга мазкур масжидда ҳадис ривояти билан шуғулланган эди[3].

923 йилда туғилиб, 1013 йилда вафот этган Абул Фазл Аҳмад ибн Али Умар ибн Аҳмад Сулаймоний Пойкандий ҳам муҳаддис эди. Пойканд – Жайҳун дарёси ва Бухоро орасидаги катта бир шаҳар эди[4]. Абул Фазл Пойканддаги Бухоро жомеъ-масжидида ҳадисдан сабоқ бериб, ҳадис ривояти билан машғул эди[5].

Ҳофиз Абу Ҳасан Али ибн Аҳмад ибн Жаъфар ибн Муҳаммад ҳанафий эса 971-1015 йиллар давомида Самарқанддаги Изза масжидида ҳадисдан сабоқ олиб, ҳадис ривояти билан танилган олим эди[6].

978 йилда Бухоро жомеъ-масжидида жума кунлари ҳадисдан сабоқ бериларди[7]. Абул Қосим Абдуллоҳ ибн Ҳусайн Журжоний 1023 йилдан олдин ва кейин Самарқанддаги Минора масжидида ҳадис ривояти ва таълими билан шуғулланар эди[8].

Абу Мазоҳим Сиба ибн Надр ибн Масъада Бакрий Вазорий Самарқанддан 4 фарсах узоқликда жойлашган Вазор номли катта бир қишлоқда туғилган бўлиб, кўпгина олимлар ундан ҳадис ривоят қилган. 882 йилда вафот этган Абу Мазоҳим бу қишлоқда катта бир масжид қурдирган эди[9].

Самъоний “Адабул имло” асарини ёзаётганида масжидларда муҳаддислар томонидан берилган сабоқларга эътибор қаратиб, дарслар вақтини, дарс давомида нималарга рухсат берилиб, нима ман этилгани, дарс давомида устоз-шогирд ўртасидаги одоб-ахлоқ нормаларини ривоятлар билан бирга алоҳида бир боб ажратган[10]. Бундан ташқари, Бухоро ва самарқандлик ҳадис олимлари орасида муаззинларнинг мавжудлиги, бу ҳудуддаги жомеъ ва масжидларда ҳадис илми таълими ва ривоятининг нақадар муҳимлигини кўрсатади.

Абд ибн Амбар ҳадис ривоят қилган олим эди. Айни замонда, Самарқанддаги Бакриййин масжидида муаззинлик билан ҳам шуғулланарди[11]. Муҳаддис олим Абу Ҳафс Умар ибн Ҳаннод бир неча муҳаддисдан ҳадис эшитган, ўз навбатида, ундан Халаф ибн Муҳаммад ибн Исмоил ҳадис ривоят қилган. Абу Ҳафс Бухородаги Суфр масжидининг муаззини эди[12]. Абу Саҳл Сурайё ибн Мусо, Исо ибн Мусо Ғунжорийдан ҳадис ривоят қилган, Бухорода истиқомат қилган бир муаззин бўлган[13].

Олимларнинг уйларида ҳадис таълими

Бухоро ва Самарқанд шаҳарларидаги баъзи олимларнинг уйларида ҳам ҳадис илмидан сабоқ берилар эди. Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий ўн ёшлигида мактабдаги таҳсилни тамомлаб, устози Дохилий ва Бухородаги бошқа муҳаддис олимлардан дарс олган. Унинг ўзи ҳам ундан ҳадис бўйича алоҳида дарс олишни истаганларга масжид ёки уйида дарс бергани ҳақида айтган[14]. Абул Ҳасан Али ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Иброҳим Туркатий ҳам бухоролик муҳаддис олим эди. 964 йилда Бухородаги олимларнинг уйларида таҳсил олган эди[15].

Абу Саҳл Ҳорун ибн Аҳмад ибн Ҳорун ибн Бундарий Истиробозий Бухорога келиб, кўп йиллар бу ерда ҳадис илми билан машғул бўлиб, 984 йилда шу ерда вафот этган муҳаддис олим эди. У Мовароуннаҳр ҳудудида Абу Қосим Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Идриснинг уйида ҳадисдан сабоқ олганди[16].

Абу Аҳмад Муҳаммад ибн Сулаймон ибн Форис Даллол (ваф. 924 й.) асли Нишопур аҳлидан бўлиб, илм талабида Бухорога келганида Имом Бухорийнинг уйида меҳмон бўлган эди. У ерда қолган муддатда Бухорийнинг “Тарих” асарини ўқиган эди[17].

Ҳукмдорлар саройида ҳадис таълими

Мовароуннаҳрда Сомоний амирлари илм аҳлига катта иззат-икром кўрсатиб, доим саройларда илмий мунозаралар ташкил этилган. Илмий масалалар бу ерда бемалол тортишилар эди. Олимлар ва устозлар саройда таълим ва сабоқ фаолияти билан шуғулланиши учун барча шароит яратиб берилган эди.

Сомоний ҳукмдорлар илм аҳлига ҳурмат кўрсатибгина қолмай, ўзлари ҳам ҳадис илми билан машғул бўлар эди. Сомонийлар амири Аҳмад ибн Асад, Суфён ибн Уяйна, Исмоил ибн Алуйя Язид ибн Ҳорун ва Мансур ибн Аммордан ҳадис ривоят қилган, ўз навбатида, ўғли Амир Исмоил ҳам ҳадис ривоят қилган. Аҳмад ибн Асаднинг бошқа ўғли Исҳоқ ибн Аҳмад Сомоний ҳам отасидан ва Абдуллоҳ ибн Абдураҳмондан ҳадис ривоят қилган. Солиҳ ибн Абу Румай, Абдуллоҳ ибн Яҳё ибн Мусо эса Исҳоқ ибн Аҳмад Сомонийдан ҳадис ривоят қилган. Сомонийлар амири Наср ибн Аҳмад ибн Асад ибн Нуҳ эса отасидан, Салим ибн Ғолиб Самарқандийдан ва Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Наср Марвазийдан ҳадис тинглаган. Саҳл ибн Шадуя эса амири Наср ибн Аҳмад ибн Асад ибн Нуҳдан ҳадис ривоят қилган[18]. Сомоний амирларининг бу қадар ҳадис илмига қизиқиб, эътибор қаратиши саройларида ҳадис бўйича таълим ва дарс сабоқлари олиб борилганига далолат қилади.

Работларда ҳадис таълими

Мовароуннаҳрда илм марказлари орасида Работлар ҳам алоҳида ўринга эга бўлганини таъкидлаш жоиз. Работлар ҳадис илми таълими нуқтаи назаридан ҳам муҳим бир маскан бўлган. Муҳаддис олимларнинг баъзилари, шахсан, работлар қурдиришга алоҳида эътибор қаратган. Мовароуннаҳр ҳудудидан ташқаридаги муҳаддис олимлар Бухоро ва Самарқандга келганида работларда истиқомат қилиб, яшаш муддати давомида ҳадис илми билан машғул бўлиб, ҳадис ривоят қилганлар.

Самъоний ўзининг “ал-Ансоб” асарида “мураббий” нисбати билан танилган олимларни санаб ўтган. Бу нисбат Самарқанддаги Мураббий работида истиқомат қилган олимларга берилган. Абу Мансур Наср ибн Фатҳ ибн Язид ибн Салим Мураббий (Мураттий) (ваф. 928 й.) Самарқанд аҳлидан бўлган муҳаддис олимдир. Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Аттоб Мураббий (ваф. 899 й.) ҳам асли бағдодлик ҳадис олими бўлган. Мазкур икки олим ҳам Самарқанддаги Мураббий работида истиқомат қилгани учун мураббий нисбатини олган[19].

Абул Ҳасан ибн Ашъас Жаҳзаний Самарқандий (ваф. 965 й.) ҳам ҳадис илми билан шуғулланган олим бўлиб, Кеш (Шаҳрисабз) йўли ёқасида бир работ қурдирган ва мол-давлатини шу работга бағишлаган[20].

Нишопурлик муҳаддис олим Абдуллоҳ ибн Башир ибн Умайра Бакрий Талқоний (ваф. 878 й.) 874 йилда Самарқандга келиб, Мураббий работига ҳадис ривоят қилган.

Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Фазл Сарахсий 945 йилда Самарқанддаги Касурғ работида самарқандлик ҳадис аҳлига ҳадис ривоят қилиб, ҳудудда ҳадис илми ривожига ҳисса қўшган[21]. Муҳаддис олим Абу Салама Наср ибн Муҳаммад ибн Ғариб Шоший Илоқий 980 йилда ҳаж зиёратини адо этиш мақсадида Шош шаҳридан йўлга чиқиб, Самарқандга келган. Самарқанддаги Бобу достон мавзеидаги Амир работида тўхталган. Мазкур работда тўхталиши давомида ҳадис ривояти билан шуғулланган[22].

Имом Бухорийнинг шогирди Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий (ваф. 932 й.) 845 йилда Фирабрда туғилган муҳаддис олим бўлиб, 872 йилда Фирабрий работида Али ибн Ҳашрамдан ҳадис тинглаган[23].

Мадрасаларда ҳадис таълими

Бухоро ва Самарқанддаги мадрасалар ҳадис илмининг Мовароуннаҳр ҳудудида кенг ёйилишида асосий ўрин тутади. Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Шоҳувайҳ (ваф. 965 й.) Нишопурда яшаб ижод қилган фақиҳ ва муҳаддис олимдир. Бухорога келгач, Абу Ҳафс мадрасасида сабоқ берган[24]. Қози Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳумайд ибн Абдуллоҳ ибн Ашъас Кушоний (ваф. 1051 й.) бир юз йигирма йил умр кўрган муҳаддис олим эди. Самарқандга келганида Дорул Жузжонияда ҳадис ривоят қилиб, ҳадисдан сабоқ берган эди[25].

Имло мажлисларида ҳадис таълими

Бухоро ва Самарқанд шаҳарларидаги ҳадис илми учун муҳим марказлардан бири имло мажлислари эди. Имло – ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) нинг ёздиришлари ва саҳобаларнинг тасодифан ҳадис ёзишларидан ташқари[26], ҳадисларни қабул қилиш (самоъ) нинг энг юқори усули ҳисобланади. Самоъ қуйидагича бўлади: устоз ҳадисларни ўқийди, талабалар эшитган ҳадисларини ё ёзиб олади ёки фақат тинглайди. Талаба томонидан устоздан эшитган ҳадисни ёзиб олиши – имло бўлади. Имлонинг устунлиги шундан иборатки, устоз ёздирадиган ҳадисни диққат билан ёздиради, талаба ҳам эшитганларини айни шаклда ёзиш билан машғул бўлгани учун хато ёзиш эҳтимоли камроқ бўлади[27].

Имло мажлисларининг низоми ва тартиби, бу мажлислардаги қоидалар ҳақида ёзган Самъоний, ўзининг “Адаб ул-имло” (“Имло одоби”) номли асарида ҳадис илмини ўрганиш йўлларининг энг тўғриси – устознинг талабага ҳадис айтиши, талаба эса эшитган ҳадис лафзини ёзиши эканини таъкидлаган. Бунинг сабабини эса бундай изоҳлаган: талаба ҳадисни устозига ўқиб берганида устози паришон, чарчаган бўлиши ёки талабанинг ўқиганини тингламаслиги мумкин. Агар устоз ҳадисни ўқиб берса, бу ҳолда талаба устозини тинглашдан ғафлатда қолиб, ўзини ташлаб қўймаслиги мумкин[28].

Имло сўзидан имлони амалга оширувчи киши, яъни ёздирган киши маъносида келган “мумлий” имло мажлисларида ҳадис тинглаш ёки ёзиш мақсадида тўпланган жамоатга китоби ёки хотирасидан ўқиган ҳолда ҳадис ёздирган муҳаддис учун қўлланган таъбирдир. Ҳадис ёзадиган жамоа сонининг кўп бўлиши ёки кенг бир соҳани қамраб олиши сабабидан мумлийнинг овозини узоқдагиларга эшиттириш учун имло давомида “мустамлий” деб аталган овози баланд ёрдамчилардан ҳам фойдаланилган. Имло мажлислари иштирокчилар сонига кўра масжид, жомеъ масжиди каби ёпиқ жойлар ёки кенг майдонларда амалга оширилган[29].

Абу Бакр Муҳаммад ибн Яҳё ибн Ҳилол Бардаий (ваф. 965 й) ҳадис илми талабида йўлга чиқиб, 961 йилда Самарқандга келган. У Озарбайжоннинг энг узоқ шаҳри бўлган Бардадан эди. Самарқандда истиқомат қилган муддатда ҳадис ривоят қилган ва имло мажлисида жам бўлган олимлар билан ҳадис имлоси билан шуғулланган[30].

Абу Бакр ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Варасний фақиҳ, муҳаддис ва буюк мунозарачи олим эди. Самарқандда ўзининг имло мажлиси бор эди. 963 йилда Самарқандда вафот этган[31]. Абу Ҳасан Али ибн Ҳасан ибн Наср ибн Хуросон ибн Абдуллоҳ Бобудостон (ваф. 978 й.) Самарқанднинг кўп олимларини етиштирган Бобудостон маҳалласида яшаб ижод қилган машҳур ҳадис олимларидан бири бўлган. Бу маҳаллада Абу Ҳасанга тегишли имло мажлиси фаолият олиб борган. Олимлар кўп вақтини бу жойда ўтказарди. Абу Ҳасан ҳам Самарқандда вафот этиб, шу ерга дафн этилган[32].

Ҳасан ибн Абдумалик ибн Ҳасан ибн Аҳмад Ансорий Мустамлий бухоролик олимлардан бўлиб, Бухородаги ҳадис олимларининг имло мажлисларида мустамлийлик билан шуғулланган эди. 1003 йилда Бухорода вафот этди[33].

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Мовароуннаҳрда илм таҳсили ва таълими, хусусан, ҳадисларни тинглаш имло қилиш, ривоят қилиш фаолияти фақатгина мадрасаларда эмас, балки масжидларда, олимларнинг уйларида, ҳукмдорларнинг саройлари, работлар ва имло мажлисларида амалга оширилган.

 

ОТАБЕК МУҲАММАДИЕВ,

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази

директор ўринбосари, катта илмий ходим

 

[1] Насафий. Қанд. – Б. 408.

[2] Заҳабий. Сияр. Ж. XII. – Б. 464.

[3] Насафий. Қанд. – Б. 408.

[4] Ҳамавий. Муъжамул булдон. – Б. 53.

[5] Самъоний. Ансоб. Ж. III. – Б. 286-287; Насафий. Қанд. – Б. 234.

[6] Насафий. Қанд. – Б. 404.

[7] Насафий. Қанд. – Б. 136.

[8] Насафий. Қанд. – Б. 214.

[9] Самъоний. Ансоб. Ж. V. – Б. 581; Насафий. Қанд. – Б. 115-116.

[10] Самъоний. Адабул имло вал истимло. – Б. 252.

[11] Насафий. Қанд. – Б. 318-319.

[12] Ибн Макула. Икмал. Ж. VII. – Б. 404.

[13] Ибн Макула. Икмал. Ж. IV. – Б. 272.

[14] Заҳабий. Сияр. Ж. XII. – Б. 393, 464.

[15] Насафий. Қанд. – Б. 397-398.

[16] Самъоний. Ансоб. Ж. I. – Б. 131-132.

[17] Самъоний. Ансоб. Ж. II. – Б. 519. (Самъонийнинг “Китоб ут-тарих” дея таъкидлаган асари, “Ат-тaрих фий маърифати руввотил ҳадис” номли асар бўлиши мумкин. Aъзамий. Бухорий. ТДВ Ислом энциклопедияси. Ж. VI. –Б. 371).

[18] Муқаддасий. – Б. 259; Насафий. Қанд. – Б. 446; Самъоний. Ансоб. Ж. III. –Б. 200-201.

[19] Самъоний. Ансоб. Ж. V. –Б. 252.

[20] Самъоний. Ансоб. Ж. II. –Б. 27.

[21] Насафий. Қанд. –Б. 171.

[22] Самъоний. Ансоб. Ж. I. –Б. 239.

[23] Самъоний. Ансоб. Ж. IV. –Б. 359.

[24] Самъоний. Ансоб. Ж. III. –Б. 394.

[25] Самъоний. Ансоб. Ж. V. –Б. 73.

[26] Муҳаммад Мустафо Аъзамий. Илк давр ҳадис адабиёти. Хулуси Явуз таржимаси. – Истанбул: Из нашриёти, 1993. –Б. 171.

[27] Хатиб Бағдодий. ал-Kифоя фий илмир ривоя. –Байрут: Дорул кутубил илмийя, 2006. –Б. 74-75; Ибнус Салоҳ. Улумул ҳадис. –Дамашқ: Дорул фикр, 1998. –Б. 132; Суютий. Тадрибур ровий. –Байрут: Дорул китабил иззи, 1999. Ж. II. –Б. 9.

[28] Самъоний. Адабул имло вал истимло. Аҳмад Маҳмуд Абдурраҳмон таҳқиқи. –Жидда: Матбаатул Маҳмудийя, 1993. –Б. 122.

[29] Koçyiğit. Hadis Istılahları. –Б. 167, 279-282; Azami. Ilk devir Hadis Edebiyatı. –Б. 173.

[30] Самъоний. Ансоб. Ж. I. –Б. 313- 314.

[31] Самъоний. Ансоб. Ж. V. –Б. 590.

[32] Самъоний. Ансоб. Ж. I. –Б. 240.

[33] Самъоний. Ансоб. Ж. V. –Б. 288.

 

 

Izoh qoldirish