27.10.2021

“Ҳаким Термизий”

Нашрга тайёрловчи: Тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватов, Олим Жўраев
Китоб ҳажми: 84 бет.
Китобнинг қисқача мазмуни: Китоб Сурхон заминидан етишиб чиққан буюк аллома Ҳаким Термизий (820-932 йй.) ҳаёти ва илмий меросига бағишланган.
Ҳаким Термизийнинг тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али Термизийдир. У сўфийликнинг йирик вакили ҳисобланади.
Аллома 820 йили Термиз шаҳрида туғилган.
Ҳаким Термизийнинг тасаввуфга оид асарларида жон, унинг ҳолатлари ва ҳаракатлари, инсоннинг ўзини такомиллаштириши, тубан* туйғуларини жиловлаб, ўз-ўзини поклаши зарурлиги ҳақидаги фикрлар баён этилган. Термизий фикрича, ақл-заковат ўзлаштира оладиган энг олий билим - маърифат ёки ҳикматдир, бу - инсон қалбини ёритувчи “илоҳий нур”дир. Турли илмларни ўқиб-ўрганиш жараёнида уни эгаллаш мумкин, аммо асл маърифат Аллоҳнинг ўзи ярлақаган зотларгагина насиб бўлади. Термизий авлиёларни айни шундай зотлар сирасига киритади.
Пайғамбар (с.а.в.)нинг ҳадисларига бағишланган “Наводир ал-усул фи маърифат ахбор Расул” (Расулуллоҳ хабарларини билишда нодир усуллар) номли асар ёзган. Аллома танлаб олган 291 ҳадисдан иборат ушбу китобда Ҳаким Термизий ўз қарашларини муфассал ҳолда шарҳлаган.
Унинг “Адабун нафс” (Инсон одоби), “Китоб манозилул ибод минал ибода” (Бандаларнинг ибодатдаги даражалари), “Ал-ҳаж ва асроруҳу” (Ҳаж ва унинг сирлари) каби асарлари ҳам мавжуд.
Ҳаким Термизий асарларининг бош ғояси нафсни поклаш йўли билан инсон руҳининг маънавий камолотини юксалтириш, гўзал хислат ва фазилатлар эгаси бўлиш, илм олиш ва ҳалол меҳнат қилишга ундашдан иборатдир. Ижтимоий ҳаётда кишилар ўртасидаги зиддиятларни аҳиллик, саховат, яхшилик билан ҳал этиб, хасислик, бахиллик, жаҳолатни илм-маърифат билан бартараф этишга даъват этади.
Ушбу рисолада яна аллома меросининг юртимиз ва жаҳон миқёсида ўрганилиши ҳам акс эттирилган. Ҳаким Термизийнинг 50 га яқин асарлари рўйхати келтирилиши билан биргаликда, у зотнинг 20 га яқин китобларига қисқача изоҳлар ҳам берилган ва ушбу асарлар мавзу бўйича таснифланган. Аллома асарларидан намуналар берилиши эса ўқувчиларни ушбу олимнинг илм дунёсига олиб киришда ўзига хос аҳамият касб этади.

* тубан- пасткаш, ёмон

Izoh qoldirish