05.11.2021

“Одобинг - офтобинг”


Ғоя муаллифи: Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шукурилло Умаров.
Нашрга тайёрловчилар: Ҳадис илми мактаби ректори Олимхон Юсупов, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари Отабек Муҳаммадиев, Муҳаммадиқбол Шукуров, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Олим Жўраев.
Китоб ҳажми: 64 бет.
Китобнинг қисқача мазмуни: Рисолада одоб-ахлоққа чорловчи кўплаб ҳикоялар, ҳадислар, панд-насиҳат ва мақоллар ўрин олган. Асар асосан кичик ёшдаги болаларга мўлжалланган.
Китоб Имом Бухорий ривоят қилган ҳадислар асосида тузилган. Ёшлар яхши тушуна олишлари учун китобда илмий сўзлардан қочилди. Рисолада илм ва ҳунар ўрганишнинг фазилати, салом бериш одоби, она дуоси, устоз ўгити, бемор зиёрати, дўстлик, мазах қилиш ва ёлғончиликнинг салбий оқибатлари каби мавзулар кенг баён этилди.
Рисолада ибратли ҳикоялар келтирилган. Ҳикоя воқеликларига мос саҳиҳ ҳадислардан зикр этилган. Шунга мос бўлган мақол ва панд-насиҳатлар берилган.
Масалан, ота-онани ҳурмат қилиш ҳақидаги ҳикоя сўнгидан “Аллоҳнинг норозилиги ота-онанинг норозилигидадир”, деган ҳадис сўнгидан “Ота-она ҳақини ҳамиша адо эт”, “Отангга қилганингни болангдан кўрасан” деганга ўхшаш мақол ва панд-насиҳатлар келтирилган.
Китобча дизайни ҳам ўзига хос. Болажонларни жалб қилиши учун ҳикоя моҳиятини ўзида акс эттирувчи суратлар берилди. Боғча ёшидаги болаларга ўқиб бериш асносида ёки мактаб ёшидаги болалар мутолаа қилаётганда китоб дизайни ўқувчидан зерикиш ҳиссини узоқлаштиради.
Китобчада танланган услуб фарзандларимизни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш, ота-боболаримиз панд-насиҳатлари асосида камол топтириш йўлида бир восита бўлишига умид қиламиз.
 

Izoh qoldirish