01.12.2021

Илмий адабий алоқалар- аждодлар анъанасининг пойдевори

Ўзбек-тожик адабий алоқалари ўта ранг-баранг ва серқирра бўлиб, қардош халқ тилида яратилган адабиёт намуналаридан илҳомланиб асарлар ёзиш, қардош халқ адабиётидаги анъаналар, мавзулар, образлар, бадиий тасвир воситалари ва шу каби бошқа унсурларни қабул қилиш, адабий таржима каби турли кўринишларда намоён бўлади. Айтиб ўтиш лозимки, икки қардош халқ ўртасидаги тарихий-маданий муштараклик, урф-одатлар ва турмуш тарзидаги ўхшашлик, қолаверса, ўзаро яқин муносабатлар заминида юзага келган бундай адабий алоқалар ўз навбатида халқларимиз ўртасидаги дўстлик муносабатларининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилган ва хизмат қилиб келмоқда. 

2021-йил 30-ноябр куни Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида “Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги адабий-маданий алоқаларни ривожлантириш: ҳолати ва истиқболлари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференсия бўлиб ўтди. Таниқли ижодкорлар ва адабиётшунос олимлар, тадқиқотчилар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида қизғин ва кўтаринки руҳда ўтган халқаро илмий-амалий анжуманда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази манбашунослик бўлими бошлиғи Каромиддин Жамаҳматов иштирок этиб, "Илмий адабий робиталар - аждодлар анъанасининг пойдевори" мавзусида маъруза қилиб, ўзбек-тожик адабий алоқаларининг узоқ тарихга эгалиги, асрла оша икки халқ ҳар жабҳада ўзаро маслакдош бўлиб, бир-бирларига эҳтиром кўрсатиб, қадрлаб келганлигини таъкидлаб ўтди.

Айтиш мумкинки, тожик ва ўзбек халқининг биродарлик муносабатлари ХV асрнинг буюк тарихий шахслари тимсолида янада мустаҳкамланиб, Мавлоно Абдураҳмон Жомий ва Мир Алишер Навоий ўртасидаги адабий ва дўстона ҳамкорликлар замирида янги саҳифани бошлаб берди. Буюк шахслар ўртасидаги ҳурмату эҳтиром шу қадар самимий бўлганки, замондошлари бу муошират ва алоқаларни кўп марта яхшилик билан ёдга олганлар.

Конференция давомида маърузачилар томонидан ҳам икки халқ адабиётидаги ўзаро яқинлик икки буюк сиймо - Мавлоно Абдураҳмон Жомий ва Мир Алишер Навоий ўртасидаги пиру муршидлик ва устоз-шогирдлик муносабатларида яққол кўзга ташланганлигини алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Маълумот ўрнида айтадиган бўлсак, тожик халқининг буюк фарзанди Садриддин Айний "Тожик адабиёти амуналари" асарида форс шоирлари қаторида Алишер Навоийни ҳам ёдга олиб, форс тилида шеър ёзишда унинг "кўплаб форс шоирлари билан тенглаша олиши, қолаверса, устунлиги"ни ҳам алоҳида таъкидлаб, форсча ашъоридан намуналар келтирган. Кейинчалик Садриддин Айний шоирнинг тожик тилида ёзган шеърлари, таржимаи ҳоли, унинг асарлари ва шеърларидаги луғатлар шарҳини чопга тайёрлашда катта заҳмат чекиб, "Алишер Навоий ва тожик адабиёти" мақоласи ва "Алишер Навоий" монографиясини ёзади. Бу билан тожик ва ўзбек халқлари адабий алоқаларининг тарихий илдизларини исботлаб, навоийшунослик илмининг амалий ривожига муносиб ҳисса қўшди. 

Бир сўз билан айтганда, бугунги кунда икки томонлама амалга оширилаётган ўзаро ҳамкорлик ва истиқболли режалар ўзбек-тожик халқлари адабий муносабатларида ҳам янги давр бошланганидан дарак беради. Ушбу халқлар меросхўрлари эса, шарафли аждодлари сингари ўзларининг бор куч ва заковатини халқлар дўстлигини мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро ибратли ҳаёт кечириш сари йўналтиришади. 

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Матбуот хизмати

 

Izoh qoldirish