ИЛМ-МАЪРИФАТНИ ТАРҚАЛИШИДА МАРКАЗИЙ ОСИЁ АЛЛОМАЛАРИНИНГ БУЮК ХИЗМАТЛАРИ
Жаҳон илм-фан цивилизацияси ҳамда ислом маърифати ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган, умумжаҳон эътироф этган кўплаб туркий қавмларга мансуб алломалар ва уларнинг нодир маънавий-илмий мероси мавжуд. Уларнинг нодир асарлари ўз давридан ҳозирги вақтгача ўз аҳамиятини йўқотмасдан илм-фан тараққиёти учун муҳим манба сифатида эътироф этиб келинмоқда. Бу аждодларимиз: Мусо ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Абу Носир Форобий, Мирзо Улуғбек каби алломалар ер, коинот, фалакиёт, риёзат, табобат фанларига асос солган бўлса, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий, Имом Кеший, Имом Мотуридий, Маҳмуд Замаҳшарий, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбандий каби алломалар диний фанлар асосини яратган.
Тарихда алломалар яратган турли диний-дунёвий фан соҳалари ва илм-маърифат тараққиётидаги буюк хизматлари учун етарли шароит яратиш, уларни моддий ва маънавий ҳимоя қилиш, диний-маданий меросни сақлаш, ислом динига оид нодир асарлар, қўлёзма ва осори-атиқаларни сақлаб, шу кунга қадар етиб келишида буюк аждодларимизнинг катта хизматлари бор.
Зеро, мусулмон олимлари илм-фанга ислом назарияси асосида ёндошган ва бу назарияни илм-фан тараққиётида амалиётга тадбиқ этиш билан буюк кашфиётларни ихтиро этишган. Жумладан, Қуръони каримда коинот (фалак) лафзи 26 бор, осмон (само) лафзи 310 бор, Қуёш (шамс) лафзи 32 бор, ой (қамар) лафзи 27 бор, юлдузлар (нужм) лафзи 13 бор, ер (арз) лафзи 451 ўринда зикр қилинган[1].
Илоҳий мўъжиза бўлган Қуръони каримда келган хабарлар асосида коинот сайёралари бўлган Сатурн (Зуҳайл), Юпитер (Муштарий), Марс (Миррих), Қуёш (Шамс), Венера (Зуҳро), Меркурий (Аторид) ва Ой (Қамар) илми буюк шарқ мутафаккирлари томонидан ўрганилган.
Буюк турон алломалари ҳаёти ва ижодий фаолиятига назар солсак уларнинг нафақат диний фанлар, ўз ўрнида дунёвий фанларни ҳам мустаҳкам ўрганишганлигини гувоҳи бўламиз. Бу алломалар билан бутун ислом уммати мусулмонлардан чиққан буюк олимлар деб ифтихор қилишади.
Шундай улуғ мутафаккир, алломаларимиздан Мирзо Улуғбек буюк истеъдод соҳиби, коинотни ўрганиш ҳақидаги илмни эгаллаш билан бирга фиқҳ, усул, маъоний (Қуръон, тафсир маъноларини чуқур билиш), араб тили, луғат, баён, тарих каби билимларни мукаммал ўзлаштирган ва бу соҳада ҳам у киши етук шахс бўлган. Мазкур нодир ёзма манбалардан, Мирзо Улуғбек на фақат илми нужум ёки дунёвий илмларда, балки диний билимни ҳам мукаммал эгаллаган, давлат арбоби, моҳир саркарда, серқирра олим ва ислом динининг муҳофазини қилган буюк султонлиги маълум бўлади.
Номи жаҳоннинг буюк сиймолари қаторидан жой олган яна бир алломаларимиздан Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад Беруний ўрта асрнинг буюк даҳоларидан бири сифатида шуҳрат қозонган.
Беруний ҳақида “Машоҳиру аълому-л-муслимийн” (Мусулмон олимларининг машҳурлари) номли тарихий асарда шундай таъриф берилган, “Беруний машҳур риёзатчи олим, унинг илмий-фазилати нақадар буюклигига шарқда ҳам ғарбда ҳам барча бирдек гувоҳлик беради. Унинг кашфиётлари ва асарларидан бутун дунё аҳли бирдай фойдаланади. У ўз номини тарих саҳифаларига олтин ҳарфлар билан ёзиб кетган буюк олимдир”[2] .
Беруний ўз замондоши Ибн Сино (980 –1037) билан илмий баҳс мунозараларга оид қизиқарли мавзуларда савол-жавоблар олиб борган.
Берунийнинг кенг дунёқараши ва чуқур илмий салоҳиятидан Ибн Сино ҳайратланган ва икки олим ўртасидаги илмий алоқалар беш йилга яқин давом этган кейин икки олимнинг ҳаёт йўллари ажралиб кетиб, улар хат орқали илмий суҳбатни давом эттиришган[3].
Беруний риёзат, нужум, тиб ва бошқа илмлар билан бир қаторда ислом динида муҳим манба саналган фиқҳ, ҳадис, Қуръон, тафсир, араб тили, луғат, баён, тарих каби билимларни ҳам эгаллаган[4].
Али ибн Ноиф аш-Шуҳуднинг “Машоҳиру аълому-л-муслимийн” асарида баён қилинган ушбу маълумотда, Беруний Қуроъни Каримни мукаммал ёд олиб, ҳофизу Қуръон бўлганлиги келтирилган[5].
Машҳур олим Беруний турли соҳага оид бўлган 150 дан зиёд асар ёзган ва таржимонликда ҳам энг керакли бўлган муҳим асарлардан 22 та асарни бошқа тиллардан араб тилига таржима қилган.
Берунийнинг илмга бўлган яна бир улуғ фазилати ҳақида “ат-Тарих ва-л-вафоёт” номли тарихи асарда шундай кетирилади, Аллома “ал-Қонуну-л-Масъудий” асарини Султон Масъудга атаб ёзиб бўлгандан сўнг, Султон бир филга жойланган кумуш ва қимматбаҳо бойликларни ҳадя сифатида беради. Шунда Беруний уларни хазинага қайтариб бериб, уларга ҳожати йўқлигини билдириб: “Илм, илм учун хизмат қилиш керак молу-дунё учун эмас ” деб жавоб беради.
Дунёдаги нуфузли кутубхона ва қўлёзма фондларида энг нодир манба сифатида сақланиб келинаётган маънавий мерослар қаторида қомусий аллома Муҳамммад ибн Мусо Хоразмий асарларининг қўлёзма ва тошбосма нусхаларини келтириб ўтишимиз мумкин бўлади.
Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий VIII-IX асрларда яшаган улуғ аллома фаннинг кўплаб турлари бўйича ўзининг ноёб асарларини қолдирган мовароуннаҳрлик буюк алломалардан ҳисобланади. Алломанинг буюк истеъдоди ва кашфиётидан дунё оламида барча бирдек баҳраманд бўлган. ғарбликлар алломани мусулмонлар ичидан чиққан етук аллома сифатида эътироф этса, дунё мусумонларининг барчаси Муҳаммад ибн Мусо Хоразмийни мусулмонлардан етишиб чиққан биринчи қомусий аллома эканлиги билан фахрланадилар.
Муҳамммад ибн Мусо Хоразмий халифа Маъмуннинг энг ишончли вакили сифатида ислом Шарқининг Фанлар академияси-“Байт-л-ҳикма” (Донишмандлар уйи)да “Раису-л-уламо” яъни уламолар раиси лавозимида фаолият олиб борган. Халифа алломага “Байту-л-ҳикма”нинг китоблар хазинасини ҳам топширган ва бу ишонч алломанинг барча манбалар билан кенг миқёсда илмий-тадқиқотлар олиб боришида катта имконият яратган.
Муҳамммад ибн Мусо Хоразмийнинг “Ал жабр ва муқобала”, “Китоб сурати-л-арз”, «Астрономик жадваллар», «Қуёш соати тўғрисида рисола», «Ҳинд ҳисоби хақида рисола», «Устурлаб олати ҳасида рисола», «Зиж» («Астрономик жадвал»), «Тарих бўйича рисола» ва бошка кўплаб нодир асарлари мавжуд.
Марказий Осиё халқлари маданиятини Ўрта асрларда дунё маданиятининг олдинги қаторига олиб чиққан яна бир буюк мутафаккир Абу Али ибн Сино бўлиб, у Ғарбда Авиценна номи билан машҳурдир. Ибн Сино (асл исми Ҳусайн, отасининг исми Абдуллоҳ) Бухоронинг Афшона қишлоғида, ҳижрий 370 (980) йилнинг сафар ойида, амаддор оиласида туғилган.
Ибн Сино 10 ёшида-ёқ Қуъони каримни тўлиқ ёд олган. Аллома 13 ёшларидан бошланғич математика, мантиқ, фиқҳ, фалсафа илмлари билан шуғуллана бошлайди. 16-17 ёшидаёқ ибн Сино машҳур табиб - ҳаким бўлиб танилади. Ибн Сино Беруний, ибн Мискавайҳ, Абу Саҳл Масиҳий, Абулхайр Ҳаммор, Абу Наср ибн Ироқ каби етук олимлар билан яқиндан танишади.
Ибн Сино асарларининг умумий сони 450 дан ошади, лекин бизгача фақат 160 га яқин асари етиб келган, холос.
Мазкур тўрт Шарқ алломалари коинот, ер, табобат ва риёзат илмига асос солган. Бу алломаларимиз қолдирган бой илмий-маънавий меросни ўрганиш ва уларни кенг тадбиқ этиш хусусида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев шундай таъкидлаганлар: “Имом Бухорий ва Бурҳониддин Марғиноний, Исо ва Ҳаким Термизийлар, Маҳмуд Замахшарий ва Қаффол Шоший, Баҳоуддин Нақшбанд ва Хожа Аҳрор Валий, Муҳаммад Хоразмий ва Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний ва Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий каби кўплаб даҳолар номи жаҳон цивилизацияси тарихида олтин ҳарфлар билан битилган... Уларнинг ҳаёти ва маънавий меросини кенг ўрганиш ва ҳаётга тадбиқ этишда бугунги кунда ҳам инсоният катта эҳтиёж сезмоқда”[6] .
VIII-X асрларда Мовароуннаҳрда дунёвий фанлар асоси яратилиши билан бирга диний соҳа хусусан, ҳадис, тафсир, фиқҳ, тасаввуф, калом илмлари ҳам тараққий этган. Бу даврда Мовароуннаҳрнинг ўзида 3000 дан ортиқ фақат ҳадис йўналишида муҳаддислар фаолият олиб боришган. Айнан бу даврларда Самарқанд, Шош, Кеш, Бухоро, Термиз ва Насаф шаҳарлари ислом оламидаги нуфузли илм марказлари қаторидан саналган[7].
Тарихий асар ҳисобланган “Зафарнома”да дунёга машҳур муҳаддисларнинг бир вақтда Кеш шаҳрида жам бўлиб, ҳадис, тафсир, Қуръон, араб тили ва бошқа фан соҳалари билан машғул бўлган. Имом Кеший, Имом Бухорий, Имом Доримий, Имом Муслим каби машҳур муҳаддислар учрашиб, Кешда бир муддат яшаб, ҳамкорликда фаолият олиб боришган. Кеш шаҳрига дунёнинг кўплаб ислом динига эътиқод қиладиган давлатларидан талабалар келиб, мазкур муҳаддислардан илм ўрганишган[8].
VIII-IX асрларда Мовароуннаҳрнинг Шош, Кеш, Самарқанд, Насаф, Бухоро, Термиз ва бошқа шаҳарларида илм-маърифат марказлари бўлган. Бу шаҳарларда ислом динининг асосини ташкил этадиган ҳадис, тафсир, калом, фиқҳ каби илмлар ривожланди ва ислом дунёсига етук алломаларни етиштириб берди.
Қутайба ибн Саъд: “Агар Термизга борсангизлар, Аҳмад ибн ал-Ҳасандан, Кешга борсангизлар, Абд ибн Ҳумайд Кешийдан, Самарқандга борсангизлар, Абдуллоҳ ибн Абдураҳмондан ва агар Шошга борсангизлар, Абдуллоҳ ибн Абу Аробанинг суҳбатини ўзларингизга лозим тутингизлар, яъни улар айтган ҳадисларни маҳкам тутингизлар”дедилар[9].
Мазкур манбада келган кишиларнинг барчаси етук муҳаддислар силсиласига киритилган. Ушбу манба бу муҳаддисларнинг ҳадис илмида тенги йўқ муҳаддис эканлигини эътироф этиш билан бирга, айнан манбада зикр қилинган маконлар Термиз, Кеш, Самарқанд ва Шошнинг ўша даврдаги илм-маърифат марказига айланганлигига ҳам ёрқин бир ишорат ҳисобланади.
Юқоридаги маълумотлардан илмий хулоса оладиган бўлсак, ўрта асрларда Мовароуннаҳр диёрида ўзига хос ҳадис, тафсир ва калом мактабига асос солинган.
Буюк муҳаддислар Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий, Имом Муслим, Имом Кешийларнинг илмий мероси ҳадис илми ва Имом Мотуридий, Имом Насафий, Абу Муин Насафий, Имом Баздавийларнинг маънавий мероси калом илми тараққиётининг манбавий асосини ташкил этган. Бундан ташқари диёримиздан кўплаб муфассир, фақиҳ, олиму мутафаккирлар етишиб чиқиб, дин ва дунё илм-фан равнақига катта ҳисса қўшган.
Хулоса ўрнида бугун бутун дунё илм аҳли эътироф этганидек: “Дунё илм-фан цивилизацияси тараққиётида ўзбекистонлик олимларнинг буюк хизматлари бор. Мусо ал-Хоразмийсиз математикани, Абу Али ибн Синосиз тиббиётни, Берунийсиз фалакиёт илмини, Имом Мотурудийсиз ақида илмини, Имом Бухорий ва Имом Термизийларсиз ҳадис илмини тасаввур этиб бўлмайди”. Бу мутафаккир алломалар ҳаёти ва маънавий меросини ўрганиш ва кенг тадбиқ этиш бугун бутун инсоният олдида турган муҳим вазифалардан бўлиб, илм-фан тараққиётида муҳим аҳамият касб этади.
Соф эътиқод тушунчасини ҳамда илм-маърифатнинг асл мазмун моҳиятини ҳам биз буюк аждодларимиз маънавий мероси орқала теран англаймиз. Зеро, дунёда бутун миллат ва элатларни, турли дин ва миллат вакилларини бирлаштирадиган ягона омил ҳам холис ёндашилган илм-маърифатдир.
Шукурилло Умаров - Имом Термизий халқаро илмий-адқиқот маркази директори, тарих фанлари фалсафа доктори
[1] Муъжам ал-муфаҳрис ал- алфоз ал-Қуръон ал-карим. Байрут, Ливан 2005 йил. – Б. 302.
[2] Али ибн Ноиф аш-Шуҳуд. Машоҳиру аълому-л-муслимийн. (Мусулмон олимларининг машҳурлари). Ливан. 1998. – Б. 71.
[3] Мазкур асар. – Б. 70.
[4] Тақийу-л-Ғузий. Табақоту-с-суннийа фи тарожими-л-Ҳанафийа. http: // www. alwarraq .
[5] Али ибн Ноиф аш-Шуҳуд. Машоҳиру аълому-л-муслимийн. (Мусулмон олимларининг машҳурлари). Ливан. 1998. – Б. 74.
[6] Президент Ш.М. Мирзиёевнинг 2016 йилнинг 18-19 октябрь кунлари Тошкентдаги Симпозиумлар саройида “Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик йўли” мавзуида бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессиясида сўзлаган нутқи. Халқ сўзи, 2016 йил, 19 октябрь.
[7] Умаров Ш. Кешлик алломалар. Т.: Ғ.Ғулом, 2019. –Б. 63.
[8] Шарипов А. Малаизвезтные страницы периписки между Беруни и Ибн Синой. Общественные науки в Узбекистане. Т.: 1965. – Б. 345.
[9] Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулғани Бағдодий. ат-Тақйид ли-л-маърифати равоти-с-сунани ва -л-асонид. Миср. 2000. – Б. 83.
Izoh qoldirish