19.11.2024

ИМОМ ТЕРМИЗИЙНИНГ ИБРАТЛИ ҲАЁТ ЙЎЛИ

Биз қачон олимлар ҳаёти тўғрисида ўқир эканмиз, бизга ибрат бўлгулик ҳаётий дарслик, ҳужжат ва тарихий сатрлардан баҳраманд бўламиз ва уларнинг ҳаётидан маънавий озиқа оламиз. Бизнинг Термизий боболаримиз ҳаётлари ҳам асрларга таътугидек маъноли ва фойдали ўтганлигига шубҳа қилмаймиз. Жумладан, Имом Термизий ҳаёти ўзининг мазмун ва моҳияти билан кўпчиликни ҳайратга солиб, ёзган асарлари қанчадан-қанча дарсликлар орқати талабалар йўлини ёритиб келган. 17-18 октябрь кунлари ўтказилган анжуманда  йигирмага яқин мамлакатлар уламо ва фузалолар Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот марказида меҳмон бўлиб, Имом Термизи ва Ҳаким Термизий ҳақларида маърузалар қилишар экан, ўз нутқларида ушбу алломалар бой маънавий меросининг юксак аҳамиятини эътироф этишди. Улар ёзган асарлар дунё олимлари йўлларини ёрутувчи ёғду каби бўлган экан, биз ҳам Термизийлар ҳаёти ҳақида маълумотлар келтиришимиз мақсадга мувофиқ бўлади.

Имом Тетмизий ҳадис учун яшади, барча саёҳатларини ҳадис илмига бағишлай олди. У Хуросон,   Ироқ ва Ҳижоз олимларидан сабоқ олди. У муҳаддислар имоми бўлмиш Имом Бухорийнинг шогирди сифатида ўзининг ҳадис фиқҳидаги баҳслари ва мулоҳазалари билан устозининг эътирофига сазовор бўлган.

Алломанинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн аз-Заҳҳок, бошқа манбада Муҳаммад ибн Исо ибн Язид ибн Савра ибн ас-Сакан сифатида келтирилган. У 209/630 йил зулҳижжа ойида Термиз шаҳридан олти фарсах узоқда жойлашган Буғ қишлоғида таваллуд топган.

Имом Термизийнинг бобоси Савра Марвазий Марвлик эди. Ўша бобоси Лайс ибн Ясор даврида Буғ қишлоғига борган. Аммо Саламий нисбаси Ғайлон қабиласининг бани Салама сулоласидан эканлиги учундир.

Имом Термизийнинг ўзига хос имтиёз ва ахлоқлари:

  1. Имом Термизий илмни яхши кўрган, шу йулда кўп сафар қилган, олимлар билан суҳбат қилган, уларнинг суҳбати учун масофа кезган ҳамда уларнинг илмидан фойда олган.
  2. Ёдлаш қобилияти кучли бўлган.

Имом Термизийнинг ёзган китоблари:

  1. “Ал-жомеъ ли ас-сунан”.
  2. “Ал-илал ас-суғро”. Бу “Ал-жомеъ” китобининг таркибида кириш қисмидан иборат бўлиб, китоб йўриқномаси вазифасини ўтайди. Имом Термизийнинг “Жомеъ”сидан олимлар ҳамда фақиҳлар бирдек фойдаланишган. Шу китоб билан бу инсон ер юзига танилди. Термизийнинг ўзи шу китоб ҳақида гапирар экан шундай дейди: “Мен бу китобни ёзиб бўлгач, уни Ҳижоз олимларига кўрсатганимда, уларга маъқул бўлди. Мен уни Ироқлик олимларга кўрсатдим, улар ҳам маъқуллашди. Уни Хуросон олимларига кўрсатдим, уларнинг қарашлари ҳам бу китобга нисбатан яхши бўлди. Ушбу китоб кимнинг уйида бўлар экан, гўё унинг уйида пайғамбар гапириб тургандекдир”.
  3. “Шамоил ал-Муҳаммадия”.

“Ал-жомеъ” ҳамда Имом Темизийнинг имтиёзли йўли:

“Жомеъ ат-Термизий” асари муаллифи унга ҳадисшунослик илми қоидалари келтириши билан бошқа жомеълардан ажралиб туради. Ушбу қоидалар кўп меҳнат ва дид билан ишлангандир. Муаллиф уни “Китоб ал-илал” номи билан “Ал-Жомеъ” боблари ичида китобнинг бошида келтирган. 

“Ал-Жомеъ”ни бошқа ҳадис китоблардан ажратиб турадиган имтиёз ва хусусиятлари: Имом Термизий ушбу китобда ҳадиснинг ҳолатига қараб, унинг даражаси саҳиҳ, ҳасан, ғариб ёки заиф эканига қарор қилади.

Имом Термизий ҳақида олимларнинг фикрлари:

Абу Яъло ал-Халил ибн Абдуллоҳ ўзининг “Улум ал-ҳадис” китобида: “Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Шаддодни уламолар ҳофизи Қуръон эканига иттифоқ қилишаган, унинг “Сунан”, “Ал-Жарҳ ва ат-таълил” китоблари бор. Абу Маҳмуд ва улуғлар ундан ривоят қилганлар. У омонатдорлик, имомлик ҳамда олимлик билан машҳурдир”, – деган.

Ибн Асир: “Термизий имом ва ҳофиз эди. У яхши китоблар муаллифи бўлиб, улардан бири “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”дир. У китоблар ичида яхшисидир”, – деган.

Имом Заҳабий: “У олим, ҳофиз ва “Ал-Жомеъ”нинг эгаси ҳамда ишончли эканига иттифоқ қилингандир”, – дейди.

Ибн ал-Имод ал-Ҳанбалий: “У тенгдошларидан ўзиб кетган, ёдлаш ва пишиқ билишда ҳужжат эди”, – деган.

Имом Самъоний: “Уни ўз асрининг имоми эди десак, тўғри баҳо берган бўламиз”, – дейди.

Имом Термизий илм ва амалга тўла ҳаётни ўтаб бўлгач, 279/892 йил ражаб ойида ўзининг қишлоғи Буғда вафот этди. Аллома бутун умрини илмга бағишлаб, авлодларга ўзидан беназир маънавий мерос қолдирди. Ушбу бетакрор мерос бугунги кунда ҳам бутун дунё алломаларининг ҳайратига сабаб бўлиб келаётган бебаҳо хазинадир.

https://surxontongi.uz/2024/11/18/imom-termiziyning-ibratli-hayot-yoli/

Аббосхон Абдуллаев – Имом Термизий халқаро 

илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

 

Izoh qoldirish