05.11.2024

МАШҲУР МУҲАДДИС ИМОМ ДОРИМИЙ

 

Резюме

Милодий тўққизинчи асрнинг бошларида Ислом оламида ҳадисларни тўплаб, китоб қилиш кенг ривож топди. Бу ишда олти буюк муҳаддис етакчи бўлди. Улар орасида Имом Доримийнинг алоҳида ўрни бор. Имом Доримий ҳам ҳаётининг асосий қисмини илм талабида сафар қилиш билан ўтказди. У ҳадисларни тўплаш билан чекланмай, иснодларининг ишончлилигига, узлуксизлигига ва ровийлар сонига ҳам катта эътибор берди.

Резюме

В начале девятого века нашей эры в исламском мире было широко развито собирание хадисов и изготовление книг. Шесть великих мухаддисов возглавили эту работу. Имам Дорими занимает среди них особое место. Имам Дорими также провел большую часть своей жизни, путешествуя в поисках знаний. Он не ограничивался сбором хадисов, но также уделял большое внимание достоверности, преемственности и количеству передатчиков своих иснадов.

Resume

At the beginning of the ninth century AD, collecting hadiths and making books was widely developed in the Islamic world. Six great Muhaddiths were the leaders in this work. Imam Dorimi has a special place among them. Imam Dorimi also spent most of his life traveling in pursuit of knowledge. He did not limit himself to the collection of hadiths, but also paid great attention to the reliability, continuity and number of narrators of his isnads.

Калит сўзлар: Ҳадис, ҳофиз, Самарқанд, ровий Доримий, Хуросон, Сунан, Жомиъ, Тарих ал-кабир, Бағдод.

Key words: Hadith, hafiz, Samarkand, narrator Dorimi, Khurasan, Sunan, Jami', Tarikh al-kabir, Baghdad.

Ключевые слова: Хадис, хафиз, Самарканд, рассказчик Дорими, Хорасан, Сунан, Джами, Тарих аль-Кабир, Багдад.

 

Ҳофиз ул-кабир Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Фазл ибн Баҳром ибн Абдуссамад Тамимий Самарқандий ад-Доримий 182 ҳижрий санада Самарқанд шаҳрида дунёга келдилар. У зотнинг боболари асли араб бўлиб, фатҳ сабабли Хуросонга кўчиб келган ва шу ерни ватан қилиб қолганлар.

Имом Доримий ҳам ҳаётининг асосий қисмини илм талабида сафар қилиш билан ўтказди. У ҳадисларни тўплаш билан чекланмай, иснодларининг ишончлилигига, узлуксизлигига ва ровийлар сонига ҳам катта эътибор берди. Олим илмий сафарларини Хуросон шаҳарларидан бошлайди. Жумладан, машҳур ҳофиз Назр ибн Шумайлдан (ваф. 203/818 й.) Марв шаҳрида кўп ҳадис тинглайди. Сўнгра Ироққа бориб, Бағдод, Восит, Куфа, Ҳийт каби шаҳарларда етук олимлардан ҳадис ўрганади. Имом Доримий ўзининг “Сунан” асарида икки юз элликдан ортиқ устоздан ҳадис ривоят қилган[1].

Имом Доримий тахминан қирқ ёшида ҳаж ибодатини адо этиб, Самарқандга қайтиб келиб, бир мунча вақт шайхулислом лавозимида ишлайди.

Имом ад-Доримий ҳадис илмининг турли йўналишлари бўйича муҳим асарлар ёзиб, ўз илмий мактабини яратди. Имом ад-Доримий ўз даврининг кўпдан-кўп етук муҳаддисларидан ҳадис илмини ўрганган ва ўзининг “Сунан” асарида 250 дан ортиқ ровий-шайхлардан ҳадис ривоят қилган. Устозларининг асосий қисмини Бағдод, Басра, Куфа, Дамашқ, Марв, Рай, Ҳумс, Мадина шаҳридан чиққан ровийлар ташкил этади. Аксарият манбаларда унинг устозлари сифатида Муҳаммад ибн Башшор, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф ал-Форёбий, Абу Мусаххар Димашқий, Марвон ибн Муҳаммад, Абулваҳҳоб ибн Саид, Назр ибн Шумаййил, Язид ибн Ҳорун ал-Воситий, Саид ибн Омир Забъий, Жаъфар ибн Авн, Зайд ибн Яҳё ибн Убайд Димашқий, Ваҳб ибн Жарир, Холид ибн Муҳаммад, Ҳаббон ибн Ҳилол, Ашҳол ибн Ҳотам Жумаҳий, Заҳҳок ибн Муҳаммад, Убайдуллоҳ ибн Мусо, Абул-Муғийра ал-Форёбий, Абдуссамад ибн Абдулворис, Яҳё ибн Ҳассон, ал-Асвад ибн Омир, Бишр ибн Умар аз-Заҳроний кабилар тилга зикр қилинади.

Имом ад-Доримий устоз-ровийларининг яшаган йиллари, вафот саналари ҳамда шаҳарлари ҳақида кўплаб маълумотлар бор. Имом ад-Доримий “Сунан” да бевосита устоз-ровийси Руҳ ибн Аслам (ваф. 815 й.)дан 3 та ҳадис ривоят қилган. Руҳ ибн Аслам Басра шаҳрида туғилиб, ўша ерда вафот этган. Агар Имом ад-Доримийнинг ушбу ровийдан ҳадислар эшитганлиги ва уларни “Сунан” га киритганлигини инобатга олсак, устози умрининг охирги йилларида Доримий 19 ёш бўлганлиги маълум бўлади. Демак, Имом ад-Доримий 17-18 ёшларида Басра шаҳрида бўлиб, турли ровийлардан ҳадис танглаган. Шунингдек, таҳминан 20 ёшида ан-Назр ибн Шумайлдан ( ваф. 818 й.) ҳадис ривоят қилган[2].

Имом ад-Доримийнинг яна бир машҳур устози – Абу Холид Язид ибн Ҳорун ибн Зодий (Зодон ибн Собит) ас-Суламий ал-Воситийдир (735-822 йиллар). Манбаларда Язид ибн Ҳорун ўта тақводор, ақлли, зукко, қувваи ҳофизаси жуда кучли шайхлардан бўлганлиги, унинг дарсларида 70 мингдан ортиқ кишилар йиғилиши, 25 мингта ҳадисни исноди билан ёддан айтиб бериши ҳақидаги маълумотлар келтирилган. Яна бир гуруҳ олимлар уни фақиҳлардан санаган. Ибн ан-Надим унинг “Китобу-л-Фароиз” номли китобини зикр этган.

Имом ад-Доримий “Сунан”ида энг кўп - 300 та ҳадисни Муҳаммад ибн Юсуф ал-Фирёбийдан ривоят қилган. Ҳадисларнинг сонидан унинг устози билан яқин мулоқотда бўлганини англаш мумкин.

Имом ал-Бухорий “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” асарининг турли бобларида, жумладан, VIII асрда баҳс-мунозараларга сабаб бўлган масалаларга бағишланган ҳадисларни “Имом орқасида қироат қилиш” бобида ҳам Абдуллоҳ ибн Солиҳдан ҳадислар ривоят қилган. Шунингдек, Абу Довуд, ат-Термизий, Ибн Можа (ал-Ҳасан ибн Али ал-Ҳалол орқали), Муҳаммад ибн Яҳё аз-Зуҳлий, Али ибн Довуд ал-Канторий, Мактум ибн ал-Аббос ал-Марвазий, Муҳаммад ибн Абу ал-Ҳусайн ас-Самъоний, Абу Ҳотам ар-Розий, Абу ал-Азҳар ан- Найсобурий, Абу Убайд ал-Қосим ибн Салом, Яҳё ибн Маъийн, Абу Масъуд ар-Розий, Аҳмад ибн ал-Ҳасан ат-Термизий, Аҳмад ибн Мансур ар-Рамодий, Ражоъ ибн Муражжо, Муҳаммад ибн Исмоил ат-Термизий, Абу Зуръа ад-Димашқий, Яҳё ибн Усмон ибн Солиҳ ас-Саҳмий ва бошқалар ундан ҳадис ривоят қилганлар. Имом ад-Доримий ушбу устозидан 83 та ҳадис ривоят қилган.

Имом ад-Доримий машҳур муҳаддис, ҳофиз Абу Закариё Яҳё ибн Маъин ибн Авф ал-Ғатафоний (ваф. 847 й.) дан ҳадис ривоят қилмаган бўлсада, ундан “Илм ар-рижол" ни ўрганган. Лекин ўз навбатида ундан “Сиҳоҳ сита” имомларининг барчалари ўз асарларида ҳадислар ривоят қилганлар. Муҳаддислар Яҳё ибн Маъинни “жарҳ ва таъдил илмияти” имоми, деб билганлар. Самъонийнинг берган маълумотларига кўра, кўплаб муҳаддислар унга ровийлар ҳақидаги маълумотларга аниқлик киритиш, туғилган ва вафотлари саналари, насаблари, ишончлилик даражасини билиш учун мурожаат қилганлар. Имом ад-Доримий ҳам ундан айнан шу соҳада илм ўрганган. Яҳё ибн Маъин узоқ муддат Бағдодда яшаб, Мадинада вафот этган[3].

Абдуллоҳ ал-Киндий ҳақида кўплаб буюк алломалар ўз фикрларни билдирганлар. Жумладан, Яҳё ибн Маъийн: “Кучли хотира эгаларидан бўлиб, лекин баъзида заиф кишилардан ҳам ҳадис ривоят қилган”, - деган бўлса, Абу Ҳотам: “Жуда ишончли ва ўз замонасининг имомларидан эди”, -дейди. Имом ан-Насоий уни ишончли, қувваи ҳофизаси кучли бўлганлигини эътироф қилган. Имом Муслим ундан 70 та ҳадис ривоят қилган.

Мовароуннахр ҳадис илми ривожида Имом ад-Доримийнинг яқин сафдоши Абу Муҳаммад Абдулҳамид ибн Ҳумайд ибн Наср ал-Киссий - “Абд ибн Ҳумайд” номи билан машҳур бўлган муҳаддис ҳам катта ўрин тутади. Манбаларда унинг ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақида кўплаб маълумотлар келтирилган. Олим “ал-Муснад ал-кабир”, “ат-Тафсир”, “ас-Сулосиййот” каби асарлар муаллифи бўлиб, у 55 дан ортиқ шайхлардан ҳадис ривоят қилган. Энг машҳур устози Язид ибн Ҳорун, Абдураззоқ ибн Ҳумом ас-Санъонийдир.

Абу ибн Ҳумайднинг Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг турли шаҳарларидан чиққан кўп шогирдлари бўлиб, энг машҳур шогирлари Имом Муслим - 372 та ҳамда Имом ат-Термизий - 180 та, шунингдек, Имом ал-Бухорий ҳам ундан бир неча ҳадис ривоят қилган.

Имом ал-Бухорий “Саҳиҳ”ида ундан бевосита ҳадис ривоят қилмаган бўлса-да, 3318-рақамли ҳадисини бошқа иснод билан Абд ибн Ҳумайд ривоят қилганлигини айтиб ўтади. Нажмиддин Умар ан-Насафий Имом ал-Бухорий “Тарих ал-кабир” асарида Абд ибн Ҳумайд ҳақида эслатиб ўтиб, ундан ҳадис ривоят қилганлигини қайд этади.

Олим Имом ад-Доримий билан бирга Самарқанд қозиси (825-833 йй.) Абу Ҳафс Умар ибн Ҳафс ибн Салм ал-Физорий ас-Самарқандийнинг китобларини тасниф қилинишига бошчилик қилган. Шунингдек, хар икки муҳаддис ҳам айнан бир устозлардан ҳадислар тинглаб, бир хил шогирдларга ҳадислар ривоят қилганлар. Демак, Имом ад-Доримий ва Абд ибн Ҳумайд яқиндан таниш, ҳамфикр бўлганлар. Имом ад-Доримий Самарқандда, Абд ибн Ҳумайд Кешда ҳадис илмининг ривожига катта ҳисса қўшганлар. Насафий берган маълумотига кўра, Абд ибн Ҳумайднинг ўғли Муҳаммаднинг айтишича, Қутайба ибн Саъид: “Агар Термизга борсангиз, Аҳмад ибн ал-Ҳасандан, Кешга борсангиз Абд ибн Ҳумайддан, Самарқандга борсангиз Абдуллоҳ ибн Абдураҳмондан, Шошда бўлсангиз Абдуллоҳ ибн Абу Аробадан ҳадис тингланглар!”, - деб айтган. Шу маълумотдан ҳам муҳаддисларнинг мавқелари нақадар юксак даражада бўлганлигини англаш мумкин[4].

Имом ад-Доримийдан кейин ўтган кўплаб муҳаддислар ўзларидан аввал яшаган машҳур муҳаддисларнинг асарларини тўлиқ ёд олиб, уларни ривоят қилишлари билан танилганлар. Ҳадис тўпламлари орасида асосан Имом ал-Бухорийнинг “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” и, Имом ад-Доримийнинг “Сунан” и ҳамда Абд ибн Ҳумайд нинг “Муснад” и ва унинг “Мунтаҳаб” асари алоҳида аҳамиятга эга бўлган. Шамсиддин аз-Заҳабий “Ислом тарихи” асарида келтиришича, Абу ал-Вақт Абдулаввал ибн Исо ас-Сижзий Имом ал-Бухорийнинг “Саҳиҳ” и, Имом ад-Доримийнинг “Муснад” и, Абд ибн Ҳумайднинг “Мунтаҳаб” и, Имом Шофеъийнинг “Муснад” ини ривоят қилганлиги билан шуҳрат қозонган. Абу Саъд ас-Самъоний Хиротлик Абдуллоҳ ибн Аҳмад ас-Сарахсийнинг Мовароуннаҳр шаҳарлари бўйлаб сафар қилганлиги ҳамда Форёб шаҳрида Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф ал-Форёбийдан саҳиҳ ривоятларни, Самарқандда Абу Умар ал-Аббос ибн Умар ас-Самарқандийдан Имом ад-Доримий ҳадисларини, Харашкатдан Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Ҳузайм аш-Шошийдан Абд ибн Ҳамид ал-Кешшийнинг ҳадисларини эшитганлиги ҳақидаги маълумотларни келтиради. Абд ибн Ҳумайд нинг “Мунтаҳаб”и Мустафо ал-Адавий томонидан тадқиқ қилиниб, 3 жилдда нашр этилган.

Манбаларда Имом ад-Доримий ўз даврида кўплаб шогирдлар тарбиялаганлиги ҳақида маълумотлар келтирилади. Улар нафақат Мовароуннаҳр, балки бутун ислом оламида кўзга кўринган олимлар бўлиб, ўз мамлакатлари маънавий тараққиётида катта ўрин тутганлар. Имом ад- Доримийдан ҳадис ривоят қилган муҳаддисларни 2 гуруҳга бўлиш мумкин.

Биринчи гуруҳга устозлари, тенгдошлари, машҳур ҳадис тўпламлари муаллифлари – Муҳаммад ибн Башшор Бундор, Муҳаммад ибн Яҳё аз-Зуҳдий, Ҳасан ибн Саббоҳ ал-Баззор аз-Зуҳдий (ваф. 863 й.), Имом ал-Бухорий, Имом Муслим, Имом ат-Термизий, Имом Насаий, Абу Довуд, Абу Бакр Жаъфар ибн Муҳаммад ибн ал-Ҳасан ал-Форёбий (ваф. 914 й.), Абу Зуръа Димашқий (ваф. 894 й.), Абу Ҳотам Умар ибн Муҳаммад Бужайрий каби буюк мухадцислар кирадилар[5].

Бу гуруҳ вакилларидан Имом ал-Бухорий “Ат-тарих ал-кабир” асарида Имом ад-Доримийдан Абу Ҳурайра орқали ривоят қилинган жанозада қатнашган кишига бир қийрот савоб берилиши ҳақидаги ҳадисни ривоят қилган. Ушбу маълумотни Имом ат-Термизий ҳам тасдиқлаб, “Муҳаммад ибн Исмоил бу ҳадисни Абдуллоҳ ибн Абдураҳмондан ривоят қилганини эшитганман” деб таъкидлайди. Шунингдек, ат-Термизий ал-Бухорийнинг Имом ад-Доримийдан Ато ал-Хуросоний исмли ровий ҳақида сўрагани ҳамда саволга тўлиқ жавоб олганлигини ҳам қайд этиб ўтади. Бу эса Имом ад- Доримийнинг ҳадис ровийларини билиш бўйича чуқур билимга эгалиги ва Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизийлар ундан ушбу илм бўйича таҳсил олганликларидан далолатдир.

“Саҳиҳ” ҳадис тўпламларининг бошқа муаллифлари ҳам бевосита Имом ад-Доримийнинг шогирди бўлганлар. Имом Муслим ҳадис илмларининг турли йўналишлари бўйича таҳсил олиши билан бир қаторда, шох асарига Имом ад -Доримийдан ривоят қилинган 73 та ҳадисни киритган. Имом Абу Довуд “Сунан” ига устозидан ривоят қилинган - 3 та, Имом ат-Термизий эса “Сунан” ига - 68 та ҳадисни киритган. Имом ан-Насоий “Сиҳоҳ ситта” га кирган “Сунан”идан бошқа асарларида Имом ад-Доримий ҳадисларидан ривоят қилган. Жумладан, у Куръон оятларини қироат қилишнинг фазилатлари ҳақидаги ҳадисни Имом ад-Доримийдан олган[6].

Иккинчи гурухга эса айнан Имом ад-Доримийдан ҳадис ривоят қилиши билан танилган уламолар - Исо ибн Умар ибн ал-Аббос ас-Самарқандий ал- Ҳофиз, Абу Абдураҳмон Абдуллоҳ ибн Убайдуллоҳ аш-Шайбоний ал- Бухорий (ваф. 922 й.), Абдуллоҳ ибн Восил ал-Бухорий, Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳанбал (ваф. 909 й.), Журжон шаҳрида ҳадислар ривоят қилган машҳур Муҳаддис Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Омир ас-Самарқандий , Абу Аҳмад Солиҳ ибн Яздод ал-Каробийсий ас-Самарқандий, Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Солиҳ ибн Мусовир ал-Баззоз ал-Бакрий ал-Мадиний ас-Самарқандий (ваф. 911 й.), Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн ал-Ҳасан ал-Қассом ал-Мадиний ас-Самарқандий (ваф. 933 й.), Абу Муҳаммад Абд ибн Аҳмад ал-Аттор ас-Самарқандий, Абу Лайс Убайдуллоҳ ибн Сурайж ибн Ҳужр ибн Убайдуллоҳ ибн ал-Фазл ибн Таҳмон ар-Рубъий аз-Зарийр ал-Бухорий (ваф. 871 й.), Абулҳусайн Убайдуллоҳ ибн ал-Марзбон ибн Туркиш Тақий ибн Касийр ибн Тархун ибн Банойжур ибн Ғурак, Абу Наср ал-Фатҳ ибн Муҳаммад ас-Самарқандий каби Муҳаддислар кирадилар. Булардан ташқари Абу Саъд ас-Самъонийнинг асарида 24 та, Нубайл ибн Ҳошим ўз тадқиқотида 32 та Имом ад-Доримийдан ҳадислар ривоят қилган ровийлар ҳақида маълумот берган[7].

Имом ад-Доримийдан ривоят қилган энг яқин шогирди, айнан “Абдуллоҳ ад-Доримий “Сунан” ининг ровийси сифатида танилган машҳур Муҳаддис Абу Имрои Исо ибн Умар ас-Самарқандий (ваф. тахм. 932 й.) дир. Имом ад-Доримнйнинг ҳамшаҳри бўлган Исо ибн Умардан Абу ал-Ҳасан Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Коғадий ва Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳамвайҳ (ваф. 991 й.) лар ривоят қилганлар.

Имом ад-Доримийдан шунингдек, устози, ҳам замондоши бўлган Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ўғли, машҳур Муҳаддис Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳанбал (828-909 йй.) ҳам илм олган ва ҳадислар ривоят қилган. Шаҳобуддин ал-Асқалоний ўз асарида Абдуллоҳ ибн Аҳмад ҳақида уламоларнинг фикрларини келтириб, уни ишончли, туғрисўз ровийлардан бўлганлигини таъкидлайди. Жумладан, Абу Бакр ал-Хилол: “Абдуллоҳ ҳар томонлама тўғрисўз ва солиҳ киши”, - деб таърифлаган.

Абу Бакр ал-Фирёбийнинг дарсларида минглаб кишилар қатнашар эди. Ҳижрий 301 йили Бағдодда вафот этган. Унинг ўғли Абу ал-Ҳасан Муҳаммад ибн Жаъфар ал-Форёбий (861 йилда туғилган) ҳам буюк Муҳаддислардаи бўлган. Ибн ан-Надим ушбу Муҳаддисни - “Кичик Форёбий” деб атаб, 50 та китобни ўзида жамлаган “Китоб ас-Сунан” асари ҳақида маълумот беради. Шу билан бирга уни ҳижрий 300 йилнинг охирги куни вафот этган, деб кайд этади.

Имом Доримийнинг энг машҳур китоби “Сунану доримий” бўлиб, бу китоб “Сиҳоҳи ситта” га даъвогар китоблардан саналади. Уламолар сиҳоҳи ситта соҳибларидан бештасига иттифоқ қилишган. Булар: Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий. Олтинчисида ихтилоф бор. Баъзилар олтинчи китоб сифатида “Сунану ибн можа”, бошқалар “Муваттоъ молик”, яна бошқа тоифалар “Сунану доримий”ни тан олишган.

“Сунану доримий” да заиф ровийлар кам, инкор қилинган гаплар ва ноаниқ сўзлар деярли учрамайди. “Сунан” даги ҳадисларнинг кўп қисми фиқҳга оиддир. Бу ҳадис тўплами 3465 та ривоятни ўз ичига олган.

Доримийнинг “Сунан” китоби номи ҳақида турли фикрлар айтилган. Имом Заҳабий, Ибн Салоҳ, Мулла Али Қорий уни “Муснад”, Алоуддин Муғлтой эса “Саҳиҳ”, деб номлаган. Бироқ Ибн Ҳажар Асқалоний ва Жалолиддин Суютийдек машҳур муҳаддислар бу китоб кишилар орасида “Сунан” номи билан танилганини айтишган.

Имом Доримий ҳадис илми билан чекланмай, тафсир, фиқҳ каби илмларда ҳам етук олим бўлган.

Имом Муслим, Абу Довуд, Термизий, Абд ибн Ҳумайд имом Доримийдан ҳадис ривоят қилишган. У зот ишончли ровий, ҳофиз, мукаммал илм соҳиби бўлган.

Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Мансур Шерозий айтадилар: “Имом Доримий ақлда, фаҳмда, фазлда, динда етук эдилар. У зотнинг ёдлашлик зеҳнлари, ҳалимликлари, босиқликлари, тиришқоқликлари, дунёда зоҳидликлари, ибодатлари зарбулмасал қилингандир”.

Имом Доримий “Сунан” китобларидаги ҳадисларни кўп қисми, фиқҳга оид эканлиги маълум бўлди. Бу китоб бошқалардан ажрамаганлиги, ноаниқ сўзларни топилмаслиги билан машҳурдир. Бу китобнинг исми тўғрисида уламолар орасида бироз ихтилофлар бўлди. Имом Заҳабий, Ибн Салоҳ, Мулла Али Қори каби улуғ зотлар “Муснад” деб, Алоуддин Мағлатойдек зотлар эса “Саҳиҳ” ҳам деб ном беришди. Лекин Имом Ибн Ҳажар, Суютий таъкидлганидек, бу китоб кишилар орасида “Сунан” деб номланган. Имом Доримийнинг ушбу “Сунан” китоблари 3465 та ҳадисни ўз ичига олгандир[8].

Имом Доримийнинг устозлари кўп, шулардан Абу Мусаҳҳар Димашқий, Марвон ибн Муҳаммад, Абулваҳҳоб ибн Саид, Назр ибн Шумаййил, Язид ибн Ҳорун, Саид ибн Омир Забъий, Жаъфар ибн Авн, Зайд ибн Яҳё ибн Абийд Димашқий, Ваҳб ибн Ҳарир, Холид ибн Муҳаммад, Ҳаббон ибн Ҳилол, Ашҳол ибн Ҳотам Жумаҳий, Ҳаҳҳок ибн Муҳамадлардир.

У зотнинг шогирдлари ва у зотдан ривоят қилган имомлар: Имом Бухорий (“Саҳиҳ”ларидан ташқари китобларида ривоят қилдилар), Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Насаий, Абу Довуд, Ҳасан ибн Саббоҳ, Абу Заръата Димашқий, Умар ибн Муҳаммад Бужайрий, Жаъфар ибн Муҳаммад Фарёбий, Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқалардир.

Манбаларда олимнинг “Китоб ут-тафсир”, “Ал-жомеъ”, “ас-Сулосиййот фил ҳадис”, “Китобус сунна фил ҳадис”, “Китоб савм ал-мустаҳозот вал мутаҳаййирот” каби асарлари борлиги қайд этилади. “Сунан” номи билан танилган “Муснад” и (луғавий маъноси “Таянч” ёки “Иснодли ҳадислар тўплами”) олимнинг шоҳ асари ҳисобланади. Ибн Ҳажар Асқалоний каби баъзи олимлар Имом Доримийнинг “Сунан” ини “Сиҳоҳ ситта” нинг олтинчи китоби сифатида қабул қилишса, бошқа бирлари уни энг ишончли деб топилган тўққиз ҳадис тўплами (“Кутубут тисъа”) сирасига киритишади. Уч ярим мингдан кўп ҳадис тўплаган бу “Сунан” муқаддима ва йигирма уч китоб, 1403 бобдан иборат. Асарда бўлим ва бобларнинг фиқҳий тартибда берилиши муаллифнинг фиқҳий салоҳияти юксак даражада эканини исботлайди.

Бугунги кунда Имом Доримийнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш бўйича ибратли ишлар қилишяпти. 2009 йилда “Имом Доримий” рисоласи чоп этилди. Шунингдек, Тошкент ислом университети илмий-тадқиқот маркази ходимлари 1996 йилда Муҳаммад Абдулазиз Холидий Байрутда чоп эттирган нусха асосида “Сунан” нинг ўзбекча илк таржимасини тайёрлашди.

 Имом Доримий Марв шаҳрида 255 ҳижрий сана, Зулҳижжа ойининг саккизинчи куни вафот этдилар. Арафа – Жума кунида дафн қилиндилар.

Табаъ тобеъинлардан илм олган улуғ муҳаддис Доримий Самарқандий ҳижрий 255 йил (милодий 869 й.), Зулҳижжа ойининг 8-куни асрдан сўнг Марв шаҳрида вафот этган, Арафа – жума кунида дафн қилинган.

ЖЎРАБОЕВ ИКРОМЖОН АБДУЛЛАЖОН ЎҒЛИ,

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти

 “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедра ўқитувчиси

 

 

 


 

[1] Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Олтин силсила. Ҳилол нашр. 2013.

[2] Абу Довуд. Сунан. – Байрут. Дорул китаб ал­арабий, 1346 ҳ.

[3] Абу Довуд. Сунан. – Байрут. Дорул китаб ал­арабий, 1346 ҳ.

[4] Алимов У. Суннат ва Ҳадис. – Тошкент. Шарқ, 2012.

[5] Алимов У. Суннат ва Ҳадис. – Тошкент. Шарқ, 2012.

[6] Ибн Касир. Албидоя ван Ниҳоя. –Байрут. Мактабатул маъориф.1966.

[7] Ибн Можа. Сунан. – Байрут. Дорул фикр. 2001.

[8] Ибн Можа. Сунан. – Байрут. Дорул фикр. 2001.

Izoh qoldirish