01.11.2024

“ОЛТИН СИЛСИЛА” – МУҲАДДИС АЖДОДЛАР ИЗИДАН БОСИЛГАН ҚАДАМ

 Аллоҳ таолога шукрлар бўлсинки, она Ватанимиз Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг азиз юртимиз заминидан етишиб чиққан буюк алломаларнинг табаррук номларини тиклаш, муборак қадамжоларини обод қилиш, уларнинг улкан илмий-маънавий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш ҳамда миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш имкони туғилди. Ўтган давр мобайнида мамлакатимизда шу йўлда илгари тасаввур этиш ҳам қийин бўлган, том маънода, тарихий ишлар амалга оширилди.

Бу ҳақда сўз юритганда, бутун Ислом оламида тан олинган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳонуддин Марғиноний, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд сингари буюк алломаларимизнинг ҳаёти ва илмий меросининг кенг ўрганилиши, юзлаб диний-тарихий ёдгорликлар, меъморий обида ва мажмуалар обод қилингани, Қуръони карим маъноларининг, аллома аждодларимизнинг бебаҳо илмий-маънавий мероси она тилимизга таржима қилингани ва бошқа кўплаб ишларни таъкидлашимиз ўринлидир.

Маълумки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари Ислом динининг Қуръони каримдан кейинги иккинчи асосий манбаи ҳисобланади. Суннат эса айнан ҳадис китобларида жамланган. Ҳадиси шарифлар Ислом асосларини, унинг инсонпарварлик моҳиятини, маънавий-маърифий, ахлоқий-тарбиявий омилларнинг инсон ҳаётидаги ўрнини теранроқ англашга хизмат қилади. Уларни тўплаш, саралаш ва китоб ҳолига келтириш кишидан чуқур билим, улкан салоҳият, юксак ақл-заковат ва маънавий жасоратни талаб этади.

Ислом дини ва маданияти ривожида алоҳида ўрин тутиб келган ҳадисларни ўзбек тилига тўлиқ ва мукаммал тарзда таржима қилиш ва юксак матбаа сифати билан чоп этиш, ҳеч шубҳасиз, динимизни маърифий асосда ўрганиш ва тарғиб этиш, ёш авлодимизни Ватанга муҳаббат, буюк аждодларимиз анъаналарига садоқат, ҳалоллик, поклик, маънавий-ахлоқий баркамоллик руҳида тарбиялашдек эзгу мақсадларга хизмат қилади.

Шу мақсадда, 2009 йилда ўзбек халқининг атоқли фарзанди, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг бевосита раҳбарликлари остида “Олтин силсила” номли кенг кўламли илмий лойиҳани амалга оширишга киришилди.

“Олтин силсила” туркуми Ислом олами эътироф этган тўққизта муҳаддиснинг ҳадис тўпламларидан иборат улкан академик нашридир. Ушбу фундаментал илмий лойиҳага “Кутуби ситта” (“Олти китоб”) ҳамда яна уч буюк муҳаддиснинг ҳадислар тўплами киритилди. Улар қуйидагилардир:

“Саҳиҳи Бухорий”

“Саҳиҳи Муслим”

“Сунани Абу Довуд”

“Сунани Термизий”

“Сунани Насоий”

“Сунани Ибн Можа”

“Муваттои Молик”

“Сунани Доримий”

“Саҳиҳи Ибн Ҳиббон”

Мазкур муҳаддисларнинг бештаси буюк алломалар юрти бўлмиш она Ватанимиз – қадим Мовароуннаҳр фарзанди экани халқимиз учун чинакам фахрдир.

Лойиҳанинг халқаро миқёсдаги аҳамиятли жиҳати шундаки, бу тўпламнинг муқаддима сонига Ислом оламидаги нуфузли ташкилотлар ва йирик уламолардан тақризлар олинган. Жумладан, Бутун дунё мусулмон уламолари уюшмасидан, марҳум аллома Рамазон Бутий, Мисрнинг собиқ муфтийси Алий Жумъа, Покистон муфтийси Муҳаммад Тақий Усмоний ва бошқалардан қутлов ва тақризлар келган. 2014 йилнинг охирида Мисрдаги “Ал-Азҳар” дорилфунуни шайхи Аҳмад Тоййиб ушбу лойиҳа доирасида кенг кўламли илмий ҳамкорликка тайёр эканини изҳор қилган.

“Олтин силсила” лойиҳасига юртимизда ва хорижий мамлакатлардаги нуфузли Ислом олий ўқув юртларида таҳсил олган йигирмага яқин тажрибали мутахассислар, таржимонлар, муҳаррирлар ва бошқа илмий ходимлар жалб қилинган. Туркумга киритилган тўққиз китобнинг матни шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг бевосита раҳбарликлари остида тўлиқ таржима қилинган, туркумнинг дастлабки китоби – буюк ватандошимиз, ҳадис илмининг султони имом Бухорий роҳматуллоҳи алайҳнинг “Саҳиҳ ул-Бухорий” китобининг таҳқиқ ва таҳрир ишлари ҳам у кишининг шахсий назоратлари остида якунига етказилган.

“Олтин силсила” туркумининг ўзига хос юксак илмий аҳамияти шундаки, ундаги барча ҳадислар Ислом дунёсида умум қабул қилинган қоидаларга, хусусан, ҳадис тўпламларига қўйилган шарт ва талабларга тўла риоя қилинган ҳолда берилган. Аввал мўътамад нусхалардан олинган асл матн, сўнгра илмий омонатга қатъий риоя қилинган ҳолда асл матнга имкон қадар сўзма-сўз мосланган, ҳозирги замон ўзбек адабий тилидаги таржимаси берилган. Алоҳида таъкидлаш жоизки, зарур ҳолларда айрим истилоҳларга, нотаниш сўзларга, баъзи шаръий ҳукмларга доир изоҳ ва иловалар келтирилган. Ушбу изоҳ ва иловалар ҳадис матнларини ўқиш давомида турли ихтилоф ва англашилмовчиликлар келиб чиқишининг олдини олишга қаратилган бўлиб, улар юртимизда асрлар оша жорий бўлиб келаётган – аҳли сунна эътиқоди ҳамда ҳанафий мазҳабига мувофиқ равишда берилган. Ҳадисларнинг бундай илмий изоҳлар билан тақдим қилиниши динимизнинг асл моҳиятини очиб беришга хизмат қилади ва ҳадисларни турли оқимлар томонидан ғаразли мақсадларга буриш ҳолларининг олдини олади, бундай адашган, радикал кайфиятдаги гуруҳларга қарши курашда самарали қурол вазифасини ҳам ўтайди.

Ҳозирги кунда имом Бухорий роҳматуллоҳи алайҳнинг “Жомеъ ас-саҳиҳ” асари ҳамда имом Муслим роҳматуллоҳи алайҳнинг “Саҳиҳи Муслим” тўпламлари, “Ҳилол-нашр” матбаа-нашриётида тўлиқ чоп қилинди. Шунингдек, имом Абу Довуд роҳматуллоҳи алайҳнинг “Сунани Абу Довуд” тўпламининг дастлабки уч жузи ҳам нашрдан чиқди. Айни кунларда имом Термизий роҳматуллоҳи алайҳнинг “Сунани Термизий” тўпламини нашрга тайёрлаш ишлари якунига етмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Имом Термизий халқаро илмий – тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Қарор”[1] ида Ислом дини ‎ривожига улкан ҳисса қўшган буюк ватандошларимизнинг беназир меросини илмий ‎асосда чуқур ўрганиш, уларни юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик ўртасида ‎кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш, уларнинг ‎қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш кўзда тутилган.

Шунингдек, Қарорда ҳадис илмининг асл моҳиятини, илмий-‎маънавий асосларини, юртимиздан етишиб чиққан мутафаккир зотлар меросини ҳар ‎томонлама чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш, турли мафкуравий хуружлар авж олаётган бугунги кунда ушбу мероснинг эзгу ғоя ва таълимотларини кенг халқ ‎оммасига етказиш ва шу асосда ёшларда соғлом дунёқарашни кучайтириш, уларни ‎азалий қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш лозимлиги алоҳида таъкидлаб ўтилган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбаридан туриб сўзлаган тарихий нутқидан[2] сўнг бутун дунё афкор оммасининг диққат-эътибори юртимизга қаратилди. Юртбошимиз Ислом динининг асл моҳияти ҳақида сўзлаб, ушбу нуфузли анжуман тарихида биринчи бор, айнан, буюк ватандошимиз Имом Бухорий ҳазратларини, у зотнинг “Жомеъ ас-саҳих” тўпламларини тилга олдилар, унинг Ислом оламида Қуръони Каримдан кейинги иккинчи мўътабар манба эканини эслатиб ўтдилар.

Шундан келиб чиққан ҳолда, “Олтин силсила” туркумининг чоп қилиб, ҳақли эгалари, яъни мўмин-мусулмон халқимизга етказиш – қадим ва навқирон Мовароуннаҳр юртида ҳадис илми анъаналарининг тикланишида, ривожланишида муҳим ўрин тутишини эътироф қилиш жоиздир. Буюк муҳаддис уламоларимизнинг асарларини халқимизга тақдим қилиш энг долзарб, кечиктириб бўлмас вазифаларимиздан биридир.

Аллоҳ насиб этган бу имконият ва ғанимат фурсатдан дунё ва охиратимиз учун фойдаланиб қолсак, иншааллоҳ, динимизнинг ривожи, Ватанимизнинг равнақи, халқимизнинг бахт-саодати йўлида қилган саъй-ҳаракатларимиз учун улкан ажру мукофотларга сазовор бўламиз, буюк бобокалонларимиз олдида ҳам, келажак авлод олдида ҳам юзимиз ёруғ, виждонимиз пок бўлади.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 18 октябрь куни пойтахтимизда ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессиясидаги нутқида[3] илгари сурилган ташаббус асосида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи қошида Ислом маданияти, умумбашарий цивилизatsiя ривожига беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой меросини ўрганишга ихтисослашган халқаро илмий – тадқиқот марказини қуриш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилди. Бинобарин, “Саҳиҳ ул-Бухорий” китобининг тўлиқ чоп қилиниши Имом Бухорий халқаро илмий – тадқиқот марказининг очилишига муносиб тўёна бўлди.

“Олтин силсила” туркумининг чоп этила бошлагани ўзбек халқи тарихида, Ватанимизнинг диний, илмий ва маданий ҳаётида муҳим воқеа бўлди. “Олтин силсила” туркуми 2014 йилда “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” га бағишланган тантанали маросимда “Йилнинг энг яхши муқоваси” номинatsiяси бўйича ғолиб деб топилгани, “Жамиятнинг маънавий-маърифий тараққиётида китобнинг ўрни” илмий-амалий семинари доирасидаги Республика V танловида “Ижтимоий-сиёсий адабиёт” номинatsiяси бўйича “Йилнинг энг яхши китоби” деб топилиб, иккинчи даражали диплом билан тақдирлангани фикримизнинг ёрқин далилидир.

 

ИСМОИЛ МУҲАММАД ЮСУФ,

“Ҳилол-нашр” матбаа-нашриёти раҳбари

 

 

[1] https://lex.uz/docs/3113645

[2] https://president.uz/uz/lists/view/1063

[3] https://president.uz/uz/lists/view/34

Izoh qoldirish