АБУ ҲАСАН СAҒОНИЙ ИЛМИЙ ФАОЛИЯТИ
(“САҲИҲ УЛ-БУХОРИЙ” НИНГ “БАҒДОДИЙ”
НУСХАСИ КОДИКОЛОГИК ТАВСИФИ)
Резюме
Мақолада мовароуннаҳрлик муҳаддис, каломшунос, тилшунос аллома Абу Ҳасан Сaғонийнинг ҳаёти, илмий мероси ва “Бағдодия” (“Сағоний”) нусхасининг аҳамиятли жиҳатлари ёритилган. Шунингдек, “Бағдодия” (“Сағоний”) қўлёзма ҳошиясида келган тарихий сана, изоҳларга кодикологик тавсиф берилган.
Resume
The article analyses significant features of the "Baghdadi" ("Sagani") copy as well as the life and scientific legacy of the Movarounnahr-born muhaddith, lexicographer, and linguist Abu Hassan Sagani. In addition, the codicological description of the annotations and the historical dating of the manuscript "Baghdadiya" ("Sagani") are provided.
Резюме
В статье описывается о жизни и научном наследии мухаддиса, лексикографа и лингвиста учёный Абу Хасана Сагани из Мовароуннахра, а также о важных аспектах «Багдадийской» («Сагани») копии. Также даны историческая дата рукописи «Багдадия» («Сагани») и кодикологическое описание аннотatsiй.
Ислом оламида мовароуннаҳрлик муҳаддис олимларнинг ўрни беқиёсдир. Ўрта аср араб тилидаги манбаларида уларнинг ҳаёти ва илмий мероси ҳақида қимматли маълумотлар келтирилган. Улар Хатиб Бағдодий[1], Нажмиддин Умар Насафий[2], Абу Саъд Самъоний[3], Шамсиддин Заҳабий[4], Ҳожи Халифа[5] асарларини зикр этиш лозим.
Тилшунос, муҳаддис ва фақиҳ Абу Ҳасан Сaғоний “Шайхул имом”, “Имомул луға” илмий мартабаларига сазовор бўлган. 1181 йил 25 июнда Лоҳурда туғилган. Асли Қурайш қабиласи Адий ибн Каъб қавмига мансублиги ва халифа Умар розияллоҳу анҳу наслидан бўлган учун аллома Адавий ва Умарий нисбалари билан берилган[6]. Тўлиқ исми – Абу Ҳасан ибн Муҳаммад ибн Ҳасан ибн Ҳайдар ибн Али ибн Исмоил Адавий Умарий Сaғоний. Оиласи Сағониён (Чағониён – Вахш дарёси бўйида жойлашган қадим шаҳарлардан бири бўлиб, араблар уни “Сағониён” деб атаган. Чағониён атрофи тоғ билан ўралган, табиати чиройли, халқаро савдо-сотиқ ривожланган марказлардан бўлган.)[7]дан Лоҳурга, кейинчалик Ғазнага кўчиб ўтган.
Абу Ҳасан Сaғоний дастлабки таълимни отасидан олган. Фиқҳ илмини Ғазнадаги уламолардан ўрганган. Ўн йил Макка, Мадина, Яман, Бағдод каби илм марказларида сафарда бўлган[8]. Ёшлигидан араб тили ва адабиётга ихлоси кучли бўлгани учун грамматика ва луғат илмини чуқурроқ ўзлаштириш мақсадида 1208-1209 йилларда Деҳли, Лоҳур, Жоил (Алигарҳ) ва Ҳижозга борган. Ҳижозда беш йил яшаган. Маккада Бурҳонуддин Абуфутуҳ Наср Ҳусрий, Яманда Наззом Муҳаммад ибн Ҳасан Марғиноний, Қози Саъдиддин Ҳалаф ибн Муҳаммад Кардарий, Абу Муҳаммад ибн Жавзийдан ҳадис, фиқҳ, грамматика ва аруз илмларини ўрганган[9].
Аллома Ҳижоздан Аданага бориб, Қози Абу Исҳоқ Иброҳим Қурайзий, Ибн Баттол ва унинг ўғли Сулаймон каби устозлардан дарс олган. 1216 йили Бағдодга борганда Ёқут Ҳамавий билан кўришган. Бу шаҳарда асосан ҳадис илми билан шуғулланган ва қисқа фурсатда (икки йил) ўтар-ўтмас машҳурликка эришган. Халифа Носириддуниллаҳ 1220 йилда уни Деҳли подшоҳи Элтутмиш саройига элчи қилиб юборган[10].
Абу Ҳасан Сағоний 1227 йилда Ҳиндистондан қайтаётиб, Маккада тўхтаган ва ҳаж амалини адо этган, кейин Бағдодга борган. Аммо у ерда кўп вақт қолмаган, янги аббосий халифа Мустаншир Биллаҳнинг илтимосига билан Элтутмиш саройига иккинчи марта элчи бўлиб кетган. 1240 йили Бағдодга қайтиб келган. Кейин умрининг охирига қадар шу ерда яшаган. 1252 йили 73 ёшида вафот этган. Васиятига биноан ўғли ва шогирдлари уни Маккада сўфий Фузайл ибн Иёзнинг қабри ёнига дафн этган[11].
Абу Ҳасан Сағонийнинг Қози Сулаймон ибн Ҳамза, Солиҳ ибн Абдуллоҳ Куфий ибн Сабоҳ, Ҳофиз Шарифуддин Димятий, Изиддин Абуфазл ибн Вазир ибн Алқамий каби шогирдлари ундан ҳадис ривоят қилган. Ҳофиз Домиятий: “Устозим солиҳ, ростгўй, ҳадис, фиқҳ ва тилшунослик илмида имом эди. Абу Ҳасан Сaғонийдан кўп йиллар сабоқ олдим ва ундан ҳадис тингладим. Аллома вафот этганида, уни Ҳаромут тоҳирий қабристонига дафн қилдик”, - деган[12].
Алломанинг луғат, араб тили, ҳадис илмига оид асарлари мавжуд ва улар бугунги кунда дунё кутубхона фондларида сақланмоқда. Ўн икки жилдли “Мажмаъул баҳрайн” луғат китоби, “Ат-Такмила ваз зайл вас сила ли китоби тожи луғат ва сиҳоҳул арабия” асари луғатшуносликка оид бўлиб, у Исмоил ибн Ҳаммод Жавҳарийнинг “Тож ул-луға” асарига қўшимча олтмиш мингта сўз киритиш натижасида юзага келган. Асар 1970-1979 йиллари Қоҳирада Муҳаммад Абуфазл Иброҳим ва Абдуҳалим Таҳовий томонидан тадқиқ қилиниб, нашр этилган.
Сағонийнинг “Ал-Убаб уз-зоҳир вал лубаб ул-фаҳир” йигирма жилддан иборат бўлиб, уни муаллиф аббосийлар вазири Ибн Алқамийнинг топшириғига биноан бошлаб, фақат “мим” ҳарфигача ёзишга улгурган. Бу асарни тасниф этишда Исмоил ибн Ҳаммод Жавҳарийнинг “Тож ул-луға” асаридаги луғат услубидан фойдаланиб, сўзларни алифбо кетма-кетлигида жойлаштирган[13]. Асарни Муҳаммад Ҳасан Алу Ёсин 1977 йили Бағдодда, Пир Муҳаммад Ҳасан 1994 йили Исломободда нашр қилдирган.
Абу Ҳасан Сағонийнинг ҳадис илмига оид “Машориқ ул-анвор”, “Таъзиз байтил Ҳаририй”, “Китоб ул-масобиҳуд даж”, “Шамс ул-мунир”, “Шарҳ ул- Бухорий”, “Дуррус саҳоба фи баяни мавази вафаятис саҳоба”, “Китоб уз-зуафо”, “Китуб ул-фароиз”, “Шарҳу абйат ул-муфассал”, “Такмилат ул-азиз”, “Китоб ут-тасриф”, “Маносик ул-ҳаж”[14] каби асарлари мавжуд. Мазкур асарлар Туркия, Сурия, Франция, Буюк Британия, Ҳиндистон, Эрон, Миср кутубхона фондларида сақланади.
Бундан ташқари алломанинг тилшуносликка доир “Шаворид фил луға”, “Тавшиҳид дурайдия”, “Китоб ул-аздод”, “Китоб фиан” , “Китоб ул-ифтиал”, “Китоб ул-аруз”, “Китоб ул-мафъул”, “Китоб ул-ғадод”, “Асмо ул-асад”, “Асма уз-зиъб”[15] каби асарлар ёзган.
Шунингдек, “Саҳиҳ ул-Бухорий” нинг “Бағдодий” (“Сaғоний”) нусхаси Абу Ҳасан Сaғоний томонидан кўчирилган бўлиб, тўрт жилдли қўлёзма Туркиядаги Сулаймония кутубхона фондининг Домод Иброҳим Пошо бўлимида сақланмоқда.
№266 рақамдаги нусханинг тавсифи
Насх ёзуви, хаттот – Ҳусайн ибн Юсуф ибн Али Вастоний. Қўлёзманинг 1а - варағида “Бу нусха вақфи Домод Иброҳим Пошоники”, “Ҳаза ... фима вақфуҳу би ихлосин ан-нияти сиҳҳатил хойр вал ҳасанотис садрил аъзам вал муҳри ма яшаул афҳам Иброҳим Пошо ... бил хойри вазирил ҳазратис Султон Шозамий Аҳмадхон холладат хулафо ила инқаразад даврон” сўзлари ёзилган иккита муҳр бор.
Асар “Ваҳий китоби” (Китобул ваҳий) билан бошланиб, “Эътикоф китоби” (“Китоб ул-эътикоф”) боби билан тугалланган. Колофон қисмида хаттот Ҳусайн ибн Юсуф ибн Али Вастоний: “Имом аллома Розиддин Ҳасан ибн Муҳаммад Сағоний хати билан ёзилган нусхадан ҳижрий 832/1429 йилда рабиус сани/январь ойининг охирги жума куни Табриз шаҳрида кўчирдим”[16], - деб ёзган.
№267 рақамдаги нусханинг тавсифи
Насх ёзуви, хаттот – Ҳусайн ибн Юсуф ибн Али Вастоний. Қўлёзманинг 1а - варағида юқорида келтирилган муҳрлар мавжуд.[17] Асар “Савдо-сотиқ китоби” (“Китоб ул-буйуъ”) билан бошланиб, “Саҳобаларнинг фазилати” (Китоб ул- фазоил ас-саҳоба) билан тугалланган. Колофон қисмида хаттот Ҳусайн ибн Юсуф ибн Али Вастоний: “Имом аллома Розиддин Ҳасан ибн Муҳаммад Сағоний хати билан ёзилган нусхасидан ҳижрий 831/1428 йилнинг муборак Рамазон ойида “Саҳиҳ ул-Бухорий” асарининг биринчи жилдини ёзишни бошладим. Иккинчи жилди – “Саҳобаларнинг фазилати” китобини эса 32/1429 йилнинг зулҳижжа ойида Табриз шаҳрида кўчирдим”[18], - деб ёзган.
Қўлёзманинг 268а - варағида Ҳусайн ибн Юсуф ибн Али Вастонийнинг бундай эслатмаси бор: “Саҳиҳ ул-Бухорий” нинг бу нусхаси Имом Бухорий ҳаётлик пайтида аллома Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий томонидан кўчирилган. Қўлёзманинг аҳамиятли жиҳати шундаки, нусхада келтирилган ҳадислар махсус белгилар билан ажратилган. Масалан, Фирабрий кўчирган нусхаси ف (ф) ҳарфи билан кўрсатилган. Унинг нусхасига мувофиқ келмайдиган ҳадисларга ْ (нуқта) белгиси қўйилган. Агар ҳадис матнида чўзиқ فا(фа ҳарф устига нуқта белгиси) билан бўлса, Фирабрий нусхасига тўғри келганини англатган. Абдуллоҳ ибн Аҳмад Ҳамавий кўчирган нусхадан ح(ҳ) ҳарфи қўйилган. Абу Ҳайсам Муҳаммад ибн Маккий Кушмиҳоний кўчирган нусхага ه (ҳ), Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Аҳмад Мустамлийникига س (с) ҳарфи қўйилган. Абуҳайсам ва Абу Исҳоқ Мустамлийнинг нусхаларидаги ҳадислар سه (с ва ҳ) ҳарфлари билан белгиланган.
Абу Ҳасан Сағоний “Саҳиҳ ул-Бухорий” нусхасини кўчирган пайти доим таҳоратли, рўзадор бўлган. У ҳар бир ҳадисни киритганидан кейин икки ракат шукр намозини адо қилиб, Аллоҳдан диний ва дунёвий ишлари учун паноҳ сўраган. Кейин Қуръони каримдан ўн оят тиловат қилиб, Пайғамбар алайҳиссаломга ўн марта ёки ундан кўп саловат айтган. Шундан сўнггина навбатдаги ҳадисни киритган. Аллома бу нусхани кўчиришда шу риёзатни ўзига шарт қилиб олган. Шунингдек, Абу Ҳасан Сағоний махсус қаламдан фойдаланган ва уни бошқа китобларни учун ишлатмаган. Ҳатто қаламтарошдан тушган чиқиндини ҳам сақлаб қўйган ва чиқиндиларни вафот этганида маййит ювиладиган сувни иситиш учун ишлатишни васият қилган.
Аллома китобнинг ярмига келганида кофирлар қўлига асир тушган. Маҳбуслик пайти унга фақат икки ҳайит ва жума намозларини ўқиш учун рухсат бериб, бир ғайридинни вакил қилиб зиндондан чиқаришган. Аллома бу нусхани асирликда 625/1228 йилнинг Қурбон ҳайити, жума куни аср намозидан кейин тугатган. Тутқунликда кўчиришнинг ўзи учун белгилаб олган барча шартларини тўлиқ бажара олмаган, ҳаммавақт ҳам яъни, таҳоратли ва рўзадор бўлмаган. Асирликдан қутулиш ва нусхани кўчириб тугатиш бир вақтга тўғри келиб, бу воқеа Коимбатур[19] (Ҳиндистон жанубидаги) шаҳрида содир бўлган”[20].
Шайх Жалил Абу Ҳасан Али ибн Мординий: “Оламларни яратган Парвардигорга ҳамду санолар бўлсин! “Имом Бухорийнинг “Жомиъус саҳиҳ” асарини 899/1494 йилнинг Рамазон ойининг 27-куни Масжид ул-Ақсода ўқиб тугатдим”[21], - деб изоҳ келтирган.
№268 рақамдаги нусханинг тавсифи
Насх ёзувида. Хаттот – Ҳусайн ибн Юсуф ибн Али Вастоний. Қўлёзманинг 1а - варағида юқорида келтирилган муҳрлар мавжуд. “Саҳобаларнинг фазилати” (“Китоб ул-фазоилис саҳоба”) боби билан бошланиб, “Ақиқа китоби” (“Китоб ул-ақиқа”) боби билан тугалланган.[22] Колофон қисмида хаттот Ҳусайн ибн Юсуф ибн Али Вастоний: “Имом аллома Розиддин Ҳасан ибн Муҳаммад Сағоний хати билан ёзилган нусхадан ҳижрий 833/1429 йилнинг жумодул аввал ойи йигирма саккизинчи кунида Табриз шаҳрида кўчирдим”[23], - деб ёзган.
№269 рақамдаги нусханинг тавсифи
Насх ёзувида. Хаттот – Ҳусайн ибн Юсуф ибн Али Вастоний. Қўлёзманинг 1а - варағида юқорида келтирилган муҳрлар мавжуд “Ов ва қурбонлик китоби” (“Китоб уз-забоиҳ вас сайду”) боби билан бошланиб, “Тавҳид китоби” (“Китоб ут-тавҳид”) боби билан тугалланган. Колофон қисмида хаттот Ҳусайн ибн Юсуф ибн Али Вастоний: “Имом аллома Розиддин Ҳасан ибн Муҳаммад Сағоний хати билан ёзилган нусхасидан ҳижрий 833/1430 йилнинг шаввол ойи охирида, Табриз шаҳрида кўчирдим”[24], - деб ёзган.
Шунингдек, асарнинг 267 варағида “Дарҳақиқат ушбу “Саҳиҳ ул-Бухорий” Абу Абдуллоҳ Бухорийга (Аллоҳ таоло ундан рози бўлсин) тегишлидир. Саййидимиз ва мавломиз, шайхул имом, олимул аллома, муфтийул муслимийн Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Шамсиддин ибн Шайхино Саид шайхул муборак сафарда олимул аллома Абу Исҳоқ Карим ибн Лазиз ибн Аҳмад Ансорий Жалилий Мақдисийга бу асарни тўлиқ ўқиб берди. Шунингдек, Абу Ҳасан Али Аълоул Барр ибн Амир Ҳасан ибн Аълоул Моридий Мақдисий: “Бу “Саҳиҳ ул- Бухорий” нинг ривояти тўғри экани ва санадининг муттасиллиги таҳсинга лойиқлиги ҳақидаги хабар бизга ва ўттизта шайхнинг барчасига етказилди”.[25] Мазкур нусханинг 266б-268б варақларида Шайх Жалил Абу Ҳасан Али ибн Мординий ўн уч йил давомида фақат Рамазон ойининг қадр кечаларида ўқиб тугатгани ҳақида қайдлар мавжуд[26].
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Абу Ҳасан Сағоний Маккада Бурҳонуддин Абуфутуҳ Наср Ҳусрий, Яманда Наззом Муҳаммад ибн Ҳасан Марғиноний, Қози Саъдиддин Ҳалаф ибн Муҳаммад Кардарий, Абу Муҳаммад ибн Жавзийдан ҳадис, фиқҳ, грамматика ва аруз илмидан сабоқ олиб камолга етгач, “Саҳиҳ ул-Бухорий” ни кўчирган. Ундан Қози Сулаймон ибн Ҳамза, Солиҳ ибн Абдуллоҳ Кўфий ибн Собаҳ, Ҳофиз Шарифиддин Димятий, Изиддин Абуфазл ибн Вазир ибн Аълқамий дарс олган ва ҳадис ривоят қилган.
Абу Ҳасан Сағонийнинг луғат, араб тили, ҳадис илмига оид асарлари бугунги кунда Туркия, Сурия, Франция, Буюк Британия, Ҳиндистон, Эрон, Мисрнинг кутубхона фондларида сақланмоқда.
ИРОДА ДАУРБЕКОВА, ИХТИЁР ҚУШШАҚОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот
маркази илмий ходимлари
[1] Абу Бакр Аҳмад ибн Али Хатиб Ҳофиз Бағдодий. “Тарих Бағдод ав Мадинатус-Салом”. 14 жилдли. – Байрут: Дарул кутубил-илмиййа, 1997.
[2] Нажмиддин Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Насафий. “Китобул қанд фи зикр уламо Самарқанд” / Назар Муҳаммад Фарёбий таҳрири остида. – “Ал-Мамлакатул арабийаати Саудиййа”: Мактабатул Кавсар, 1991.
[3] Абу Саъд Абдукарим ибн Муҳаммад ибн Мансур Самъоний Тамимий. “Ал-Ансоб” 5 жилдли. Абдуллоҳ Умар Борудий таҳрири остида. – Байрут: Дорул фикр,1998.
[4] Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад Заҳабий. “Аъломин нубало” 23 жилдли. – Байрут: Муассасатур рисола, 1992.
[5] Ҳожи Халифа. “Кашфуз зунун ан асами Кутуб вал фунун” 2 жилдли. – Истанбул, 1941-43.
[6] Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон Заҳабий “Аъломин нубало” Ж.23, - Б. 282-283. Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий Ҳиндий “ал-Фавоид ал-баҳия фи тарожими ал-ҳанафия” Ҳуқуқул матбаа маҳфуза, - Миср.: 1906 й. - Б. 63.
[7] Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий Ҳиндий “ал-Фавоид ал-баҳия фи тарожими ал-ҳанафия” Ҳуқуқул матбаа маҳфуза. Миср.: 1906 й. Б-53. Абулфидо Зайниддин Қосим ибн Қутлубуғо Судуний “Тожут тарожим” Дорул қалам матбаа. – Байрут.: 1992. - Б. 155.
[8] Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий Ҳиндий “Ал-Фавоидул баҳия фи тарожимил ҳанафия”. Ҳуқуқул матбаа маҳфуза. –Миср.: 1906 й. Б-53.
[9] Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон Заҳабий “Сийра аъламун нубало” Ж.23, - Б. 441.
[10] Ибн Саи “Ад-Дурут тамин” Б-344, Ибн Фувати “Талхис мажмуатил адаб фи муъжамил алқоб” - Б. 490.
[11] Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон Заҳабий “Сийра аъломин нубало” Ж.23, - Б. 284.
[12] Абулфидо Зайниддин Қосим ибн Қутлубуғо Судуний “Тожут тарожим” Дорул қолам матбаа, Байрут.: 1992. - Б. 155. Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон Заҳабий “Аъломин нубало” Ж.23, - Б. 284.
[13] Абулфидо Зайниддин Қосим ибн Қутлубуғо Судуний “Тожут тарожим” Дорул қалам матбаа, Байрут.: 1992. – Б. 155-156.
[14] Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий Ҳиндий “ал-Фавоид ал-баҳия фи тарожими ал-ҳанафия” Ҳуқуқул матбаа маҳфуза. Миср.: 1906 й. – Б. 63.
[15] Абулфидо Зайниддин Қосим ибн Қутлубуғо Судуний “Тожут тарожим” Дорул қалам матбаа, Байрут.: 1992. – Б. 155-156.
[16] №266 Домод Иброҳим Пошо фонди. Б. 238а варақ.
[17] №267 Домод Иброҳим Пошо фонди. Б. 1а варақ.
[18] №267 Домод Иброҳим Пошо фонди. Б. 268б варақ.
[19] https://ru.wikipedia.org/wiki83%D1%80
[20] №267 Домод Иброҳим Пошо фонди. Б. 268а варақ.
[21] №267 Домод Иброҳим Пошо фонди. Б. 269а варақ.
[22] №268 Домод Иброҳим Пошо фонди. Б. 280а варақ.
[23] №268 Домод Иброҳим Пошо фонди. Б. 280а варақ.
[24] №269 Домод Иброҳим Пошо фонди. Б. 266б варақ.
[25] №269 Домод Иброҳим Пошо фонди. Б. 267а варақ.
[26] №269 Домод Иброҳим Пошо фонди. Б. 266б -268б варақ.
Izoh qoldirish