26.10.2022

“МАЪДУН УЛ-ҲОЛ” АСАРИДА ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙ ТАВСИФИ

Мавлавий Жунуний XVIII асрнинг  охири ва XIX асрнинг иккинчи ярмидаги Мовароуннаҳр тасаввуф мактабининг йирик вакилларидандир. Бу зот ўзиниинг маънавий мероси билан халқ ичида “Мавлавий”, Жунуний”, “Нодирий”, “Ҳисорий” тахаллуслари билан танилган. Тариқат аҳлининг йирик арбоби сифатида кўплаб асарлар соҳибидир. Жунуний бутун умри давомида қодирия ва нақшбандия тариқатларига эргашиш билан бирга шу тариқатлар таъсири остида орифона ва сўфиёна шеърлар ёзади. «Маъдан ул-ҳол» асари бошқа асарларидан кўра машҳурдир. «Маъдан ул-ҳол»нибиринчи марта тожикистонлик матншунос олим Асадулло Абдухон томонидан 2009 йил форсий настаълиқ ёзувидан кирилл ёзувига угирилиб “Сафват” нашриётидан босиб чиқарилди. Иккинчи марта 1376 ҳижрий-шамсий йили  Теҳронда нашр этилган. 

Асар маъно мазмуни жиҳатидан Ислом тарихи, тасаввуф рукнлари, валий зотлар маноқибига бағишланган. Китоб анъанавий тарзда дастлаб ҳамду наът билан бошланиб, бутун Ислом оламида машҳур бўлган зотлар ҳақида маълумот беради. 

«Маъдан ул-ҳол» асарида маснавий жанри ғазал жанридан кўра ҳажм жиҳатидан кўпдир. Муаллиф ҳар бир бобни ҳамду наът мазмунидаги шеърлар билан бошлайди. Китобнинг ҳар бир боби Пайғамбаримизнинг Чорёрлари номига  (Абу Бакр, Умар, Усмон, Алий) бағишлагани эътиборга моликдир. 

Пайғамбарлар тарихи ва сийратидан кейин валий зотлар маноқиби ва ибратли ҳаётидан намуна келтирилади. Жумладан Термизийлар маноқибига алоҳида урғу берилган. Мавлавий Жунуний Ҳаким Термизий ва Абу Бакр Варроқ Термизий каби буюк зотларга атаб халқона тилда маноқиб мазмунли шеърлар ёзган алоҳида аҳамиятга эга. 

Маълумки, маноқиб мазмунли асарлар ёзиш Шарқ адабиёти вакиллари ичида кенг тарқалган. Шу нуқтаи назардан Одам алайҳиссаломдан бошлаб ўз давирининг тариқат арбоблари ҳаёти борасида Мавлавий Жунуний маноқибнома мазмунли шеърлар ёзган. Ҳаким Термизий маноқиби ва у кишининг шариат ва тасаввуф илмларида етук олим бўлганлигини қуйидагича изоҳлайди. 

Азизе буд, хоҷа Булҳаким ном,

Паёпай нуш кардӣ, ҷуръаи ҷом.

 

Бинӯшӣ бодаҳои ҷоми лабрез,

Муқими шаръи дин дар шаҳри Тирмиз.

 

Аз ӯ равшан чароғи дину миллат,

Гузашт аз ошиқон дар боби хиллат.

 

Муқаддам з-авлиёи асри худ буд,

Зи маймуни нафас ҳар уқда бикшуд.

 

Мақомаш ёфта айну-л-яқинро,

Бикушта ҳимматаш деви лаъинро.

 

Ҳамеша пешааш эҳёи дин буд,

Чи хур пурнур з-ӯ рӯи замин буд.

 

Ба шайх Бутуробӣ карда суҳбат,

Зи Хузравия басе нушида шарбат.

 

Ба Яҳёи Маъодӣ баҳри маънӣ,

Чунон кушид дар гуфтор яъне.

 

Ки ӯ ҳайрон бимонд аз гуфтаи ӯ,

Гуҳар борид ганҷи суфтаи ӯ.

 

Дари маънӣ гар аз ваҳдат кушояд,

Ба касрат роҳи хомушӣ намояд.

 

Агар дилро муҳаббат кард оғуш,

Аз ӯ илми ладунӣ мезанад ҷуш.

 

Дар ин раҳ тифли мактабхони маҳвӣ,

Ҳамебандад забони пири маҳвӣ.

 

Биё, маҳвӣ шав, ӯ наҳвӣ маҳҷур,

Барой аз ин сиёҳӣ ҷониби нур.[1]

 

(Мазмуни: Булҳаким номи билан танилган бир азиз зот доимо илоҳий муҳаббат шаробидан сероб эди. Тўлиб тошган муҳаббат шаробидан доимо ичарди, Термиз шаҳрида Ислом шариатига мустаҳкам ва собитқадам зотлардан эди. Миллат ва дин чироғи унинг баракотидан ёруғ эди. Хиллат (ишқнинг бир мартабаси) бобида барча ошиқлардан ўтганди. Ўз асрининг пешқадам валийларидан бўлиб, пок нафаси баракотидан кўплаб мушкулларга имкон топарди. У айнуляқин мақомини топган зотлардан эди. Ҳиммати эса шайтонни мағлуб этганди. Доимо касбу кори динни ривожлантириш бўлганлиги учун ер юзи унинг нури билан тўлганди. У Абу Туроб Нахшабий билан суҳбатдош бўлган, Аҳмад Хазравия маърифатидан эса баҳраманд бўлганди. Маънолар денгизи номини олган Яҳё ибн Муъоз билан  ҳамсуҳбат бўлганида уни ҳайратга қолдирганди. Ҳар бир сўзи қиммат дур каби оғзидан чиқарди, гавҳардек уни оро берарди. Агар бу зот ваҳдат (Аллоҳ таолонинг якка ягоналигини тўғри билиш борасидаги илм)дан сўз очса, касрат (кўплик, дунёдаги инсон зотига зарар берадиган маънавий ва моддий тўсиқлар) йўқликга юз тутади. Агар қалбни муҳаббат ўз бағрига олса, мана шундай қалбдан ладуний илм тошиб чиқади. Сен ҳали бу йўлда мактабда ўқийдиган ва ҳали ҳеч нарсани билмайдиган, фанога йўлиққан болага ўхшайсан, мана шу маҳв (йўқ) бўлишинг наҳвни – зоҳирни фано этади. Кел эй маҳвий, наҳвий ранж тортган, уни бу зулматсаройдан чиқартирайлик). 

Юқоридаги маснавийдан маълум бўладики, Ҳаким Термизий “Булҳаким”, “Муқими шаръи дин”, “Чароғи дину миллат”, “Муқаддам аз авлиёи асри худ”, “Соҳибҳиммат”, “Пурнур” каби сифатларга соҳиб бўлган. 

Валийлик Аллоҳ таоло томонидан баъзи бандаларига бериладиган каромат ва ладуний илмдан иборат. Ҳаким Термизий Аллоҳнинг валийси бўлганлиги учун Мавлавий Жунуний бу зотни “соҳибвалоят” деб таъкидлайди. Шайх Фаридудддин Аттор “Тазкирату-л-авлиё” асарида бу кишини “Суннат ҳакими, миллат азими, шайхи олам, машойихларнинг муҳташамларидан, валийларнинг муҳтарамларидан, барча кунгилларда таниқли, барча тилларда таърифли...”[2] деб узун тавсифни тилга олиши Ҳаким Термизийнинг нақадар улуғ зот бўлганини исботлайди. Мутасаввуф шоирлар валий зотларга бўлган эҳтироми ҳар бир асарида жой олгани сир эмас. Зеро Аллоҳнинг валийларини севган киши, унинг маърифати ва файзидан баҳраманд бўлишига олиб келади. Валийнинг кўплиги “авлиё” бўлади. “Валий” луғатда “яқин”, “дўст” каби маъноларни билдириб, истилоҳда эса: “Имкон қадар Аллоҳ таолони танигувчи, тоатларда бардавом бўлувчи, ёмонликлардан сақланувчи, шаҳватларга берилишдан ўзини олиб қочувчи, дунёдан юз ўгирувчи, охиратга юзланувчи доимий равишда Роббисининг зикрида бўлувчи зот валий дейилади”.[3]

Уламолар валийликни ўз даражасига кўра икки хилга бўлишини таъкидлаганлар: Умумий ва хос. Умумий валийлик – барча ихлосли мўминлар эришиши мумкин бўлган даража. Хос валийлик – юқори мақомларга эришган суфийларнинг даражаси. Мана шундай мақомга эришган Ҳаким Термизийни Мавлавий Жунуний “соҳибвалоят”лиги борасида кўплаб тавсифларни баён этади. Шеърнинг сиёқи – Ҳаким Термизийнинг каромат борасидаги ҳолати тушунтирилган. Нафс тарбияси валий зотлар учун жиҳоддан ҳам муҳим бир амал бўлганлигини юқоридаги шеърдан билиш мумкин. 

Хулоса Мавлавий Жунуний «Маъдан ул-ҳол» асари тасаввуф илмлари бўйича муҳим манба бўлиши билан бирга, валий зотлар маноқибини ўрганишда илмий аҳамиятга молик манбалардандир. 

 

Жамаҳматов Каромиддин - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий тадқиқот бўлимининг катта илмий ходими


 

[1] Мавлавӣ Ҷунунӣ. Маъдану-л-ҳол. – Душанбе: Сафват, 2009. – С. 830-831.

[2]  Фаридуддин Аттор. Тазкирату-л-авлиё. Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи,  2013. – Б. 402.

[3] Абу Ҳафс Сирожиддин Умар ибн Исҳоқ Ғазнавий. Шарҳу ақидати имом Таҳовий. – Қоҳира: “Даротул Караз”, 2009. – Б.170.

Izoh qoldirish