02.11.2022

“РИСОЛАТУС САҲОБА” АСАРИ АББОСИЙЛАР ДАВРИ СИЁСАТИНИ ЎРГАНИШДА МУҲИМ МАНБА

Ибн ал-Муқаффа давлат сиёсатига бағишлаб битилган бир қанча асарлар, шунингдек кимнидир табриклаб ёки унга тасалли бериш мақсадида ёзилган дўстона мактублари билан ҳам машҳурдир. Ушбу соҳага бағишлаб яратилган энг машҳур асари “Рисолатус саҳоба”дир. Ушбу асарни ибн ал-Муқаффа халифа Абу Жаъфар ал-Мансурга бағишлаб ёзган. Ушбу рисолада бир қанча мураккаб жумлалар учрайдики, улар муаллифнинг асарни ёзишда форс манбаларидан ҳамда форсларга хос услубидан фойдаланганлигини тасдиқлайди. Ушбу асарнинг “Рисолатус саҳоба” деб аталишига келсак, унда ибн ал-Муқаффа халифалар ва уларнинг яқин сафдошларига, уларнинг маслаҳатчилари ва яқин сирдошларига мурожаат қилиши асос қилиб олинган.

Ушбу асар мавжуд ҳокимият тизимини танқид қилувчи ғояларни ўзида жамлаган бўлиб, муаллиф мавжуд сиёсий тизимни Форс давлатчилик қурилишини намуна сифатида қабул қилган ҳолда, ислоҳ қилишга чақиради. Асар унинг асосий мазмун-моҳиятини идрок қилишга халифанинг ақли ва руҳини тайёрлашга интилувчи мавзу муқаддимаси билан бошланади. Бу жойда муаллиф халифани кўкларга кўтариб мақтайди, унинг панд-насиҳат ва маслаҳатларни кандай диққат билан тинглаши ҳақида сўзлайди. Сўнгра бошқарув системасидаги у ёки бу камчиликлар тадқиқ этилиб, уларни ислоҳ қилиш йўллари кўрсатиб ўтилган алоҳида боблар келтирилган.

Биринчи боб – “Қўшин” – асарнинг катта қисмини ташкил этади. Муаллиф катта ҳудудга эга бўлган Аббосийлар давлати учун ушбу масаланинг қанчалик муҳим эканлигига ўз диққат-эътиборини қаратади. Муаллиф асосан халифанинг таянчи ҳисобланган, форслардан ташкил топган Хуросон қўшини ҳақида сўз юритади. Ибн ал-Муқаффа аскарларнинг мажбуриятлари ва ўзини тутиш қоидаларини белгилаб берувчи қонун қабул қилиш, жангчиларни жангга тайёрлаш ва уларнинг анжомлари каби масалаларга ҳам батафсил тўхталади. Сўнгра у халифага қўшинни молиявий масалалардан четтлаштиришни маслаҳат беради. Чунки хирож ундиришнинг аскарлар ихтиёрига топширилиши уларнинг оддий халққа нисбатан зулм ўтказишига ва марказий ҳокимиятга бўйсунмаслигига олиб келади. Шунингдек ҳарбий амалдорларни тайинлашда улардаги ташкилотчилик қобилиятини ҳисобга олишнинг муҳимлигини, аскарларнинг тарбияси, маданияти ва ахлоқий фазилатлари борасида маслаҳатлар беради. Ибн ал-Муқаффа ҳарбий хизматчиларни аниқ белгиланган муддатларда моддий таъминот билан таъминлашни таклиф этади. Бундай тадбир қўшинда тартиб-интизом ва осойишталик ўрнатилишида муҳим аҳамият касб этади. Ва ниҳоят мутафаккир аскарларнинг аҳволи билан доимий тарзда қизиқиш лозимлигини, уларнинг кайфияти ва руҳий ҳолатларини билиш зарурлигини, улар ўртасида юзага келадиган турли тартибсизликларни ривожланмасдан туриб, қатъият билан яксон қилиш кераклигини таъкидлайди.

Халифанинг яқин мулозимларини таърифлар экан, уни танқид қилади ҳамда яқин хизматчиларни ўта синчковлик билан танлашни маслаҳат беради. Чунки ҳукмдорга яқин бўлган салтанат хизматчилари ҳукмдорга савлат бағишлаши, уни зийнатлаши лозим. Фақат тўғри танланган мулозимлар халққа керакли ёрдамни кўрсатиши мумкин, давлат ишлари ҳам уларнинг қўлида бўлса, давлат ҳар томонлама тараққий этади. Ибн ал-Муқаффа форсий дунёқарашига таянган ҳолда сарой мулозимларини танлашда икки асосий талабни илгари суради

1.    Сарой мулозимлари садоқатли ва адолатли бўлиши лозим.

2.    Сарой мулозимлари аслзода ва олийжаноб авлоддан келиб чиққан бўлиши лозим.

Ўз рисоласини тугатишдан олдин Ибн ал-Муқаффа халифа Жаъфар ал-Мансурга мурожаат қилиб, Арабистон яримороли аҳолисига алоҳида эътибор қаратишни маслаҳат беради. Рисола якунида Ибн ал-Муқаффа халифанинг ўз-ўзини мукаммаллаштиришининг қанчалик аҳамиятли эканлигини таъкидлайди: жамият ҳеч қачон уни идора қилувчи шахслар баркамол бўлмагунча, мукаммалликка эриша олмайди, ўз навбатида жамиятни идора қилувчилар ҳам уларнинг тепасида турган ҳукмдор баркамол бўлмагунча, комилликка етиша олмайди.

Ушбу рисолада таклиф қилинган ислоҳотларнинг бошқа асарлардан асосий фарқи шундаки, ундаги ғоялар форс давлатчилиги тарихи, уларнинг сиёсий анъаналари ва бошқарув тизимига таянади. Бундан ташқари ибн ал-Муқаффа ўз дунёқарашида юнон маданиятининг ютуқларидан ва Юстинианнинг қонунлар тўпламидан ҳам фойдаланган.

Ибн ал-Муқаффанинг ислоҳотларга даъват этувчи таклифлари катта аҳамиятга эга бўлиб, Аҳмад Амин ибн ал-Муқаффанинг суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ва ягона расмий қонунлар тизимини яратиш борасидаги таклифига шундай муносабат билдиради: “Ушбу фикрлар ғоят қимматли ва муҳим бўлиб, уларда илгари сурилган кўплаб қарашлар замонавий қонунчилик тамойилларига мос келади. Агар мусулмонлар улардан фойдаланганида эди, жамият ҳаётида, айниқса ҳуқуқий масалаларда кўпроқ муваффақият ва таъсирга эга бўлган бўлар эдилар”.

Ибн ал-Муқаффа ўз мулоҳазаларини билдириш жараёнида ҳеч бир фикрини исботсиз қолдирмайди. Ҳар бир вазиятда у ишончли далил ва исботлар билан фикрини тасдиқлашга интилади. Шу туфайли ҳам унинг хулосалари ўзаро бир-бири билан боғланган ва мантиқий изчилликка таянади.

 

Сарвар Саидов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

 

 Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатиб боринг!

Izoh qoldirish