03.11.2022

ТАРИХИЙ МАНБАЛАРДА ТЕРМИЗ (I қисм)

Термиз шаҳри ҳақида кўплаб тарихчилар ўз асарларида маълумот қолдиришган. Қуйида манбашунослик нуқтаи назаридан ва Термизийлар макони ҳақида умумий тасаввур ҳосил бўлиши учун уларнинг асосийларини келтириб ўтамиз.

Тадқиқотларда Термиз сўзи Тармита, у эса қадимги бақтр тилидаги “тарамастха” (taro maetha) сўзидан олинган бўлиб, "дарёни нариги қирғоғидаги манзилгоҳ” маъносида эканлиги асосий фикрлардан бири саналади. Аммо баъзи манбаларда Термизнинг ушбу ном билан аталишидан ҳам олдинги номи ҳақида сўз юритилади. Масалан, VII/ХIII аср муаллифи Сафийиддин Балхийнинг келтиришича, бир маълумотга кўра, Термизни қадимги Эрон шоҳларидан бўлган Гуштасп Балх шаҳридан ҳам олдин бино қилган. У пайғам- бар Айюб алайҳиссалом даврида “Термиз шаҳрини бино қилди ва уни муҳофаза қилиш учун унга лашкар тайин қилди. Термиз шаҳрининг номи қадимда Авориҳ бўлган, Аллоҳ билувчироқ. Уни “Оброҳа” дейиш ҳам мумкин. Ушбу сўз кўп истеъмол қилиниши натижасида ўзгарган. Зеро, у шаҳар доимо ўтув ва кечув жойи бўлган”.

Ушбу Авориҳ ёки Оброҳа ҳали Термиз шаҳри ташкил этилишидан анча олдин ташкил топган Пардагви кечуви бўлиши мумкин. Бунга қуйидагилар асос бўлади.

Баъзи муаллифлар, жумладан, Масъудий (ваф. 346/957) дейди: “Дейиладики, Филип подшо ўғли Искандар (Амударёдан) Термиз кечуви (ибр ут-Тирмиз) орқали ўз қўшини ва одамларининг кўплигидан ўзи қурдирган кўприк ва беш юз кема ёрдамида беш ойда кечиб ўтган”. Яна Масъудийга кўра, Термиз кечуви кечувларнинг энг тори ва суви энг кўпидир. Унда дарё сувининг кенглиги икки мил (4 км), баъзида бундан кенгроқ ҳам бўлади. Ушбу кечувни Ҳофизи Абру (IХ/ХV аср) ҳам қайд этган бўлиб, у Аму кечувларининг энг қадимгиси ҳисобланадиган, археологик маълумотларга кўра, бронза давридаёқ фойдаланилган ва Искандар ундан ўтгани тахмин қилинадиган Термиз яқинидаги Бурдагуй ёки Пардагви кечувидир. Бу борада Ҳофизи Абрунинг “...айтишларича, Пардагви Термиз шаҳридан аввал пайдо бўлган” деган сўзи ҳам муҳим аҳмиятга эга. Ана шу кечув ўрта асрларда ХI/ХVII асрларда Яргоҳ номи билан аталган. Бу ерда кейинчалик Искандар Мақдуний қалъа қурдиргани ва бу шаҳар IХ/ХV асрда ҳам Термиз билан рақобатлаша оладиган даражада бўлгани қайд этилади. “Яргоҳ” номи юқоридаги “Авориҳ”нинг ўзгарган шакли бўлиши мумкин. Қолаверса, Сафийиддин Балхий ҳам ушбу маънонинг кечув эканлигига алоҳида эътибор қаратган.

 Ҳозимий (548-584/1153-1188) номи адаш шаҳарлар ҳақидаги “Ал-амокин ма-т-тафақо лафзуҳу ва-ф-тароқо мусам-маҳу мина-л-амкина” (Жой номларидан лафзи бир ва номи турлича бўлганлари) асарида Термизнинг отдоши бўлган “Тармуз" ва ”С(Т)армад” деган жой номларини ҳам қайд этади. У Термизни Жайҳун бўйидаги машҳур шаҳар эканлигини айтади ва ёзилиш шаклини “Тирмиз’' шаклида келтиради. Сўнг Тармузга ўтади. У Арабистон ярим ороли- да бўлиб, бани Асад диёридаги жой номи, уни Пайғамбар алайҳиссалом Хусайн ибн Назлага иқтоъ қилиб берганлар. Ушбу иқтоънинг матни ҳам келтирилади: “Бисмиллаҳи-р-роҳмани-р-роҳим. Бу Аллоҳнинг Расули Муҳаммаддан Ҳусайн ибн Назла Асадийга унга Тармуз ва Кунайна берилгани ҳақидаги китоб (васийқа) бўлиб, бу иккиси борасида у хеч кимдан хавф қилмайди. Буни Муғира ёзди”.

 Ибн Ҳиббоннинг (ваф. 354/965) келтиришича, саҳобалиги айтиладиган Абу Фотима Амр Иёдийни Ислом футуҳотлари даврида Термизда “Ал-Ҳаққа'" сурасини бомдод намозида одамларга имом бўлиб қироат қилаётганини кўришган. У бу сурани бир ойда ҳам тугата олмаган, чунки ундаги баъзи оятлар, таъсиридан ҳушидан кетиб колаверган. Кўриниб турибдики, Термизда мусулмонларнинг ойлаб жамоат бўлиб ибодатларни адо этишлари учун ҳам имкон ва эминлик бўлган. Бу Термиз аҳолиси ва мусулмонлар ўртасидаги ўзаро муносабатнинг кескин бўлмаганлигини ҳам ифодалайди. Бу Мовароуннаҳр диёридаги шунга ўхшаган ҳодисанинг энг аввалгиларидандир. Бу омиллар шаҳарда Ислом дининг эртароқ тарқалишида муҳим ўрин тутганлигини ҳам мулоҳаза қилиш мумкин. Келтирилганидек, шаҳарда саҳобанинг бўлиши унинг тарихида алоҳида ўрин тутади.

Гарчи Самарқандга яқинлашув ва Бухорога юришлар 54/673 йилдан Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг Жайҳунни кесиб ўтиши билан бошланган бўлса-да, манбаларда келишича, 56/675 йилда Муъовия ибн Абу Суфён томонидан Хуросон волийси этиб тайинланган Саъид ибн Усмои ибн Аффон Самарқандда Балх, Термиз ва Кеш йўли орқали борган ва уларни енгиб, сўнг сулҳ, тузиб, Термизга қайтган ва унда турган. Бошқа манбаларда келишича, у 56/675 йилдаги ушбу воқеалардан сўнг Термизга қайтган, Бухоро маликаси Хотун унга сулҳни шу ерда турганида келтирган ва Убайдуллох унда турган вақтида шаҳарни сулҳ билан фатҳ этган. Шундан сўнг кўплаб манбаларда Термиз 70/689 йилда Хуросон волийси Абдуллоҳ ибн Хозимнинг уғли Мусо ибн Абдуллоҳ Хозимнинг шаҳарни эгаллаши ва уни ўн беш йил давомида халифаликдан мустақил шаҳар сифатида тутиб тургани ва бу воқеаларнинг турли тафсилотлари муносабати билан тилга олинади. Заҳабий (673-728/1274-1348) эса “У Термиз ва Мовароуннаҳрга йиллар давомида ғалаба - ҳукмронлик қилганини” айтади.

Ибн Хўрдодбеҳ (205-тахм.280/820-тахм.893) ва Ибн Фақиҳга (ваф.340/951) кўра, Термиз Балхнинг шарқ тарафида бўлиб, дарё бўйида - деворларига дарё суви уриб туради. Унинг қалъаси (матнда: мадина- шаҳар) Чағониён йўлидаги қоя устида. Бу ҳудди Табарийнинг (224-310/839-923) Мусо ибн Хозим давридаги Термизни “дарё четида дарё узра бўй чўзиб турган қалъа” деб таърифлашига ўхшайди. Ибн Хўрдодбеҳга кўра, Тоҳирийлар (205-259/821-873) вакили Абулаббос Абдуллоҳ ибн Тоҳирга (213-230/828-845 йилларда ҳукмронлик қилган) Хуросон ва унга яқин жойларнинг 211-212/826-827 йиллар харожи учун белгиланган вазифа доирасида Термиз харожи"" қирқ етти минг юз (47,100), С(Ч) ағониёиники эса қирқ саккиз минг (48.000) дирҳам этиб белгиланган. 
У “Хуросон ва машриқ подшоҳлари лақаблари” бобида Термиз шоҳининг Термизшоҳ унвонига эгалигини ҳам қайд этади. Унга кўра, Термиздан Сарминжонгача 6 фарсах (тахм. 30-35 км.). Эътиборга сазовор жиҳати, Ибн Хўрдодбеҳ Ат-Термиз ва Термиз орасини ажратган. У юқорида келтирилган харож миқдори ат-Термизга тегишли бўлиб, Термизга тегишли харож эса икки минг (12000) дирҳамдир. Бундан эса ат-Термизнинг кенгроқ ҳуддики вилоят маъносидаги ҳудудий бирликни англатгани, Термизнинг ўзи эса шаҳар маъносини англатганини хулоса қилса бўлади. Шунингдек, Термиз шаҳрининг номи бутун ноҳияга қўлланганлиги унинг ушбу ҳудудлар учун марказ мақомида бўлганлигини билдириши мумкин. “Вилояти Тирмиз" жумласини кейинчалик Адиб Собир Термизий (тахм. 471-542/1087-1147) ҳам қўллаган.

Табарий (224-310/839-923) ва Балазурий (ваф. 279/892 й.) Термиз ёнидаги орол ҳақида маълумот беради ва унга Мусо ибн Хозимга қарши курашиш учун юборилган Усмон нбн Масъуд ўн беш минг аскари билан жойлашганлиги учун у шу кунларда “Усмон ороли” деб номланишини айтади ҳамда Табарий ҳам “Термизшоҳ” унвонини қайд этади. Бугунги кунда қўриқхонага айлантирилган ушбу жой Пайғамбар орол деб номланади. Турли манбаларда келишича, кейинчалик Қутайба ибн Муслим (49-96/669-715) Термизга иниси Солиҳни волий этиб тайинлаган.

Яъкубийга (ваф. тахм. 292/905) кўра, Термиз улуғ Балх (Аму) дарёни бўйида, унинг шарқий қисмидаги шонли шаҳардир.

давоми бор....

Жўрабек Чўтматовнинг "Термизнинг безавол қалъалари ёхуд Термиз тарихи" китобидан

Izoh qoldirish