04.11.2022

ТАРИХИЙ МАНБАЛАРДА ТЕРМИЗ (II-қисм)

Истахрий (ваф. тахм. 346/957) Термиз ҳақида ёзади: “Чағониён Термиздан каттароқ бўлган шаҳар. Фақат Термизнинг аҳолиси ва бойлиги мўлроқ". “Термиз Жайҳун водийсидаги шаҳар. Унинг қалъа, шаҳар ва работи бор. Работи ҳам девор билан ўралган. Дор ул-иморат (ҳокимият) қалъада. Зиндон қўҳандизнинг ташқарисидаги шаҳар бозорида. Жомеъ масжиди ҳам шаҳарда. Мусалло (ийд намозлари ўқиладиган жой) работда бўлиб, деворнинг ичкари тарафида. Шаҳари бозорлари ва бинолари лойдан. Кўпгина кўчалари ва бозорларига ғишт тўшалган. Шаҳар обод ва аҳолиси кўп. У бу ноҳиядаги жойларнинг Амударё бўйидаги бандаргоҳидир. Унга энг яқин тоғ тахминан бир марҳала. Шаҳарнинг суви Жайҳун ва Чағониёндан келувчи дарёдан. Аҳолининг ичадиган суви Жайҳундан эмас, балки фақат Чағониёндан келувчи дарёдандир. Унинг Сармингон ва Ҳошимгирд каби шаҳарлари бор”.

Ибн Ҳавқал (ваф. 367/977) ҳам Термиз ҳақида деярли шу маълумотларни келтиради. Чағониёндан келувчи дарё (у ҳозирги Сурхондарё) шаҳар тагидан ўтади ва Амударёга қуйилади. Аммо Ибн Ҳавқал баъзи ўринларда Жарманқон (Сарминжон) ва Сарминжининг орасини ажратади ва икки жой сифатида тасвирлайди.

У солиқлар хақида сўз юритганда ушбу икки ноҳия ва Термизнииг солиғини уч юз дирҳамдан эканлигини қайд этади. Термиздан Чағониёнга борадиган йўлни тасвирлар экан, бир марҳаладан (тахм. 30-50 км.) сўнг Жарманкон, ундан бир мараҳала юрилгач, Сарминжий келишини айтади. У гўзал шаҳар ва унда Абу Ҳасан ибн Ҳасан Моҳнинг работи бўлиб, унга ҳар куни бир динорлик нон садақа қилиб туради. Ундан Дарозанжийгача бир марҳала. Юқоридаги шахснинг бу ерда ҳам работи бор. Сўнг ундан Чағониёнгача икки марҳала. Чағониён Оли Муҳтож (Муҳтожийлар оиласи)га тегишли бўлиб, уларнинг вакили Абу Али Аҳмад ибн Музаффар сомонийлар амири Нуҳ ибн Наср ибн Аҳмаднинг (ваф. 343/954) лашкарбошиси бўлган. Аммо Ибн Ҳавкал Термиз хақида сўз юритнлган ўринда унинг шаҳарлари сифатида Сарминжий ва Ҳошимгирдларни санайди. Унга кўра Ҳозимгирдан Термизгача бир марҳала.

Мақдисий (396-тахм. 380/947-тахм.990) Термизнинг тузилишини қуйидагича келтиради: ҳовли-ю майдонлари тоза, аксар кўчалари ва бозорларига ғишт тўшалган.

Икки тарафи сувга туташ. Шаҳарнннг қальаси ва кўҳандизи бор. Кемалар ҳамма тарафдан келиб-кетиб туради. Жомеъ масжиди қалъанинг ичида, кўҳандизи эса ундан ташқарида бўлиб, унинг эшиги бор. Шаҳарнинг уч дарвозаси бор. Яна унда рабод (шаҳар атрофи, ташқариси) ва сурадикатлар бор. У дарёнинг юқори қисмидаги шаҳарларнинг энг аввалгисидир. Четга ҳам чиқариладиган маҳсулотлари совун, елим ва қайиқ кабилардир.

“Ҳудуд ул-олам” муаллифига (III-IV/IХ-Х) кўра, “Термиз кўркам шаҳар. Жайҳун дарёси бўйида, унинг дарё бўйида жойлашган бир кўҳандизи бор. Бу шаҳар Хутталон ва Чағониённнг марказидир. Унда яхши совун, яшил бўйра ва елпиғич ишлаб чиқарилади". Шунингдек, Ҳошимгирд қўй ва чорваси кўп шаҳарча. Жарминкон ҳам қўй ва чорваси кўп шаҳарчадир. Ш.Пидаев тадқиқотларга кўра ушбу даврда Термиз ҳудудининг умумий майдони 5 кв. км. дан ортиқроқ, шаҳар атрофи билан биргаликда эса тахминан 10 кв. км. бўлган.

Идрисий (493-560/1100-1165) VI-XII аср географик қомуси ҳам дейиладиган “Нузҳат ул-муштоқ, фий ихтироқи-л-офоқ” (Муштоқ кишининг дунёнинг турли бурчакларига етиш йўлидаги саёҳати) номли асарида Термиз борасида юқоридаги муаллифлар фикрларни келтиради: “У Жайҳун дарёсида жойлашган шаҳар (ат-Тирмиз мадинату фи нафси Жайҳун) ва унинг деворларига дарё суви уриб туради. Унинг девор билан ўралган работи катта. Дор ул-имора — ҳокимият қасрда, бозор шаҳарда, иморатлари лойдан. Унинг бозорлари ва иморатлари бор, гўзал, обод ва аҳолиси кўп, катта ва кичик  кўчаларига ғишт тўшалган. У ушбу Жайҳун бўйидаги жойлар учун бандаргоҳ вазифасини бажаради. Ахолиси Жайҳун дарёси ва Чағониёндан оқиб келувчи Куро ал-жоий дарёсидан сув ичади, Ушбу дарё шаҳарнинг остидан оқиб ўтади ва ўша ерда Жайҳун дарёсига қуйилади. Унинг шаҳарларидан Сарминжий ва Ҳошимжирдларни қайд этиш мумкин. Термиздан Балхгача икки катта марҳала масофани ташкил этади”. Шунингдек, Термиздан Қубодиёнгача икки марҳала, Чағониёнга борадиган йўл тўрт марҳала, Бухорогача йигирма бир марҳала. Идрисий Термизнинг баъзи ноҳияларини ҳам таърифлайди. Унга кўра, Жарманкон кичик шаҳар бўлиб, унинг бир-бирига туташ рустоқ ва кишлоқлари гўзал бинолари, бозори ҳамда оқар сувлари бор. Сарминжий эса ўз қадр-қимматига эга бўлган салоҳиятли шаҳар. У одамлар ва савдогарлар билан обод. Бозор ва тижоратлари унга келувчи ва четга чиқувчи молларни ўз ичига олади. Унда турли манфаатлар жамланган. Буларнинг ораси бир марҳала ва улар бир йўналишда. Бошқа бир йуналиш эса қуйидагича: Термиз, Хошимгирд, у кичик шаҳарча бўлиб, Термиздан бир марҳала масофада, сўнг, Даронг, сўнг Боб ул-ҳадийд. Идрисий марҳалани 21 мил деб кўрсатади (42 км.).

давоми бор....

Жўрабек Чўтматовнинг "Термизнинг безавол қалъалари ёхуд Термиз тарихи" китобидан

Izoh qoldirish