МУТАШОБИҲ ОЯТЛАРДА СИНОВ БОР
Ҳозирги кунимизда баъзи адашган тоифалар, ислом динининг асли бўлган Қуръони каримдаги “Муҳкам” оятлари асосида баён қилинган ҳадис, ақийда ва фиқҳий илмларни холис ўрганиб, илм талаб қилиш ўрнига, кўп ҳолларда муташобиҳ (бир неча маънода) бўлган ихтилофли масалалар билан шуғулланиб, ўзларига берилган қимматли вақтларини қадрини билишмаяпти. Энг ёмони улар муташобиҳ оятларни ўзлари билганча таъвил қилиб, аҳли сунна вал жамоа эътиқодида бўлган мўминлар қалбига фитна солмоқдалар. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло бу ҳолат ҳақида ўзининг китобида шундай дейди:
“У сенга китобни туширган зотдир. Унда муҳкам оятлар ҳам бор ва улар китобнинг аслидир ва муташобиҳ (оят)лар ҳам бор. Қалбларида ҳидоятдан оғиш борлар фитна мақсадида ва уни таъвил қилиш мақсадида ундан муташобиҳ бўлганига эргашади. Унинг таъвилини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмас. Илмда собит бўлганлар эса, унга иймон келтирдик, барчаси Раббимиз ҳузуридандир, дерлар. Ва фақат ақл эгаларигина эслайдилар”. (Оли Имрон, 7)
Аҳли сунна вал жамоа эътиқодида собит бўлган мазҳаб имомлари ва уларга эргашган уламолар муташобиҳ оятларларни таъвил қилишда ғоятда эҳтиёткор бўлишган. Аксарият ҳолда бу каби муташобиҳ оятларни таъвил қилишдан тийилиб, “Унинг таъвилини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмас” оятига мувофиқ сукут сақлашган. Лекин, оятда айтилгандек “қалбларида ҳидоятдан оғиш бор кимсалар” ҳадеб муташобиҳ оятларни таъвил қилишга ошиқаверадилар. Аслида муташобиҳ оятлар, Аллоҳ таолони бир синови бўлиб, “қалбларида ҳидоятдан оғиш бор кимсалар” уни таъвил қилиб, ўзларини ким эканлигини билдириб қўядилар. Демак, аслида эътиқоди бузуқ кимсаларни муташобиҳ оятлар фош қилиб қўяркан. “Илмда собит бўлганлар эса, унга иймон келтирдик, барчаси Раббимиз ҳузуридандир, дерлар”. Аллоҳ таоло мўмин бандаларини ҳақ йўлдан тойдирмасин.
Умарали Улжаев - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Izoh qoldirish